14:22 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жануби газеталари шарҳи

02.06.2005 10:21 msk

Бахтиёр Нурмуҳаммад

“Ўш оқшоми” ("Ош Шамы", «Вечерний Ош») газетаси

Ўш шаҳри, ўзбек, қирғиз ва рус тилларида 28.05.2005-04.06.2005

Журналист Бақит Ибраимовнинг ёзишича, Қирғизистондаги АҚШ элчиси Стивен Янг Ўш шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф давомида элчи маҳаллий журналистлар билан ўзбекистонлик қочоқлар, фуқаролик жамиятининг ривожланиши, “терроризм таҳдиди ва диний экстремизм хавфи” масалаларини муҳокама қилган. 1-саҳифа

Газетада жорий йилнинг 10-июль куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида овоз бериш учун Ўш шаҳри сайлов участкаларининг тўла рўйхати эълон қилинган. 2-3 саҳифалар

Газета Лондондан олинган хатга асосланган ҳолда, “Бител” уяли алоқа ширкати Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаевнинг ўғли Айдар Ақаевга ва Нурбек Турдуқуловга тегишли эканини ёзади. Мақола мазмунига кўра, “Бител” ширкатининг мулк қиймати 200 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланган. Ушбу уяли алоқа ширкати Ақаевга тегишли бошқа кўплаб ширкатлардан бири саналади. 4-саҳифа.

"Ўш садоси" газетаси

Ўш вилояти, ўзбек тилида 01.06.2005

Мухбир Алишер Тўқсонбоев Ўш вилояти губернаторлиги вазифасини вақтинчалик бажарувчи Анвар Ортиқовнинг сўзларига асосланиб ёзишича, инқилобдан сўнг “мавжуд ҳукуматга халқнинг ишончи ортган”. Анвар Ортиқовга кўра, у биринчилардан бўлиб муаммоларни пора олмай ҳал қилишни бошлаган. Анвар Ортиқовнинг айтишича, Ўзбекистон билан чегараларнинг очилиши қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортининг ривожланиши учун хизмат қилиши керак. 1-саҳифа.

"Эхо Оша" газетаси

Ўш вилояти, рус тилида 01.06.2005

Тўқсонбоевнинг ёзишича, Ўш вилояти губернаторлиги вазифасини вақтинчалик бажарувчи Анвар Ортиқов Марказий Осиё давлатлари бўйича ЕХҲТ раиси Алойс Петерлен билан учрашган ва 10-июль куни Қирғизистонда ўтиши кутилаётган президентлик сайловлари, мамлакатдаги коррупция ва қирғиз-ўзбек чегараси масалаларини муҳокама қилган. 1-саҳифа.

Қирғизистон Марказий Сайлов Комиссиясининг огоҳлантиришига кўра, сайловолди ташвиқот кампанияси давомида “қонунга зид равишда тарғибот-ташвиқот ишларини юритиш, белгиланган қоидаларга мувофиқ келмайдиган ташвиқ варақаларини тарқатиш” номзоднинг сайлов жараёнидан четлаштирилишига сабаб бўлиши мумкин. 1-саҳифа.