23:17 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Мухолифатдаги янги “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” фуқаровий бўйсунмасликка чақирмоқда

27.04.2011 17:35 msk

\\

Шу кунларда “13 май Иттифоқи” негизида янги мухолифатдаги ҳаракат - “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” (ЎХҲ) тузилди. “13 май иттифоқи” 2009 йилда Эрк Демократик партияси, “Андижон – Адолат ва Тикланиш ташкилоти” ва “Таянч” жамияти платформасида тузилганди. “13 май Иттифоқи”нинг баёнотида айтилишича, энди унга Ўзбекистонда яширин фаолият юритаётган иккита мухолиф ташкилот қўшилган. Унда таъкидланишича, мамлакат ичкарисидаги кўплаб фуқаролар “13 май Иттифоқи”га аъзо бўлиш истагини изҳор этган. Янги тузилган “Ўзбекистон Халқ ҳаракати”нинг билдиришича, “юзага келган сиёсий вазият” ҳамда “қўйилган мақсаднинг муҳимлиги” муносабати билан “Ҳаракат Дастурини янгилаш ҳақида қарор қабул қилинди”.

“Ўзбекистон Халқ ҳаракати” дастурида айтилишича, “Дунёда ва хусусан Арабистон мамлакатларида содир бўлаётган воқеалар диктаторларни тинч йўл билан ағдариш даври тугаганини кўрсатмоқда. Золим ҳукмдорларга таъсир ўтказишнинг аввалги усуллари иш бермай қўйди, халқ кучларининг диктаторларга қарши курашининг янги, шавқатсиз даври кириб келди”.

Тақиқланган “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг 2011 йил 31 январь куни “Фарғона” ахборот агентлигига берган интервьюдан:

“Ислом Каримов 20 йиллик иқтидор марофонидан бироз чарчади, аммо ҳали ҳам унинг Ўзбекистонни бу бўҳрондан қутқариш нияти кўринмaяпти. У буни истамайди, чунки унинг учун бўҳрон Ўзбекистонни бу боши берк кўчадан олиб чиқишдан кўра хавфзсизроқ. Чунки Ўзбекистоннинг бўҳрондан қутилиши – Каримовнинг терроридан, унинг истибдодидан қутилиш демакдир. Адолатсизликдан, порахўрликдан, қонунсизликдан – Каримовнинг ғайримашруъ (нолегитим) режимини оёқда тутиб турган нарсалардан қутилиш демакдир. Шу боисдан, Каримов бўҳрондан эмас, вақти-вақти билан маҳаллий раҳбарлардан, вазирлардан, бош вазирлардан қутилиш тадбири билан машғул бўлмоқда. У бу ишларни кўзбўямачилик мақсадида, шу билан гўёки порахўрликка, ўғирликка қарши курашиб, миллий лидер ниқобини янгилаб туради.

Исломий фундаменталистлар демократия йўли билан ҳокимиятни қўлга киритишлари мумкинми? Агар кўпчилик уларга овоз берадиган бўлса, албатта мумкин. Ушбу кўпчилик уларга овоз берадими? Агар Ўзбекистонда демократик сайловлар ўтадиган бўлса, бундай бўлиши эҳтимоли мавжуд. Аммо бу нарса Ўзбекистонга демократия келган тақдирда амалга ошиши мумкин. Яъни, агар кўпчилик диктатураси бир киши диктатурасининг ўрнига келса. Аммо бу ҳақда хавотирланишга ҳали эрта”.
“Кейинги пайтларда жамоатчилик ва сиёсий таҳлил савиясида билдирилган фикрларнинг аксарияти Ўзбекистон каби қаттол бир режим билан курашга бел боғлаган кучларнинг кураш услубининг бошқача бўлиши кераклиги устида айлана бошлади. Сиёсий ва диний мухолифат – ўзбек халқи учун жон куйдирган турли касбдаги кишилар сусткашликда, ортиқча либерализмда айбланди. Кузaтувчилар йигирма йилдир Ғарб демократиясининг сайловлар воситасида ҳокимият учун кураш услубини ўзига дастур этиб келаётган ўзбек мухолифатининг диктатор Каримовнинг тиш-тирноғигача қуролланган қувват тизимларига қарши қандай курашиши мумкинлигини киноя аралаш муҳокама этмоқда”, - дейилади баёнотда.

Ўзбекистондаги вазиятни демоктратик услублар ёрдамида ўзгартиришга интилишлар ҳақида гапира туриб, мухолифат қуйидагиларни қайд этмоқда: “Ғарбда аъло даражада ишлайдиган сайлов институти Ўзбекистонда аянчли масхарабозликдан бошқа нарса эмаслигини англаб етган кўпчилик Каримовни сайлов билан енгишнинг хомхаёл эканлигини очиқ эътироф этмоқда”.

ЎХҲ билдиришича: “Биз ... режимнинг мутажовуз табиатига қарши тура оладиган, унинг хуружларига муқобил шаклда жавоб беришга қодир бир тизим таъсис этишга қарор қилдик. Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) қаттол режимнинг репрессив сиёсатидан азоб чеккан мингларча инсонларнинг истаги ва замон талаби билан дунёга келди. Ўзбекистон Xалқ Ҳаракати (ЎXҲ) майдонга чиқаяпти, барча ватанпарвар кучларни унинг сафларига чорлаймиз”.

Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг платформаси – зулмга қарши кураш.

“Инсон ҳуқуқларининг Умумдекларацияси”дан олинган қуйидаги сўзлар ЎХҲ Дастурига эпиграф бўлиб қолди: “Инсон ҳуқуқлари шунинг учун ҳам Қонун ҳукми билан ҳимояланиши керак-ки, токи инсон зулм ва истибдодга қарши сўнгги чора сифатида қўзғолонга бош урмасин”.

“Ушбу мурожаатимиз бевосита Ўзбекистон халқига ва билвосита бутун Марказий Осиё халқларига қаратилган, - дейилади дастурда. - Араб ўлкаларидаги сиёсий катаклизмалар мутараққий давлатларнинг демократия стандартларини ўз манфаатларига қараб ўзгартириши мумкинлигини кўрсатди. Маълумингиз, диктатор Каддафийга қарши қуролли қўзголон кўтарган аҳолига ёрдам бераётган баъзи давлатлар 2005 йилда диктатор Каримовга қарши намойишга чиққан халқни ҳимоя қилиб қўлига қурол олган ўзбек йигитларини “экстремист” деб атагандилар. Бундай вазиятда ўзбеклар ҳам ким ёрдам бераркан, деб атрофга олазарак боқмасдан, ўз ОЗОДЛИГИНИ қўлга киритиш учун машаққатга кўксини кериши керак, бу фидокорликнинг пайти келди”.

ЎХҲ дастурида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳукмдорлиги остида ўтган йиллар ҳақида қаттиқ сўзлар айтилган. Мухолифатчилар Ўзбекистоннинг бошига тушган барча балоларга битта одам – Каримов айбдорлигига ишонадилар. “Бу йиллар давомида Каримов ҳукумати халқимизга мислсиз азоблар чектирди, уни ақл бовар қилмас усуллар билан қийнади, хўрлади, ҳақоратлади. Халқимиз қашшоқ ва залил аҳволга тушди. Жамиятимизда ахлоқ, ҳаё тушунчалари ўз қийматини йўқотмоқда. Наслу-насабимизга ёт бўлган ўғирлик, зино, фуҳуш каби иллатлар миллатимизга мусаллот бўлди. Мозийдан бери Ўзбек ўз маҳрамини, хотин-қизларини нон топиш учун кўчага юбормаган. Очдан ўлса ўлганки, буни қилмаган!”

ЎХҲ мутафаккирлари амалдаги ҳукуматдан қўрқмасликка чақирмоқдалар: “Биз босқинчиларга қарши курашган Жалолиддин Менгбурнийнинг, Темур Маликнинг, зурриёдларимизку! Биз Чор Русияси истибдодига қарши бош кўтарган Дукчи эшон, Ленин болшевиклар зулмига қарши курашган Мадаминбек каби мужоҳидларнинг авлодларимизку!” ЎХҲ Ўзбекистон президенти лавозимида қолиш учун қандай қонун бузилишларига йўл қўйганини санаб чиқадилар.

“Мухолифат Асосий Қонуннинг бузилганига қарши чиққани учун Жиноят Кодексининг 159 моддаси бўйича “аксилконституциявий жиноят” билан айбланиб, узоқ муддатга қамоқ жазосига хукм қилинди, сургунга маҳкум этилди”. ЎХҲ таъкидлашича, “айни саволни берган мусулмонлар “ислом фундаменталистлари” дея аталиб, “Жаслиқ” каби концлагерларда қийноқларга солинмоқда”.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати “Каримовдан демократия талаб қилиш, ҳужум қилаётган тўнғизга маъруза ўқиш билан тенг”, - дея билдирмоқда.

“Бугунги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун йўқ, қонун бўлса ҳам унга риоя қиладиган ҳукумат йўқ, ҳамма ерда зўровонлик ва адолатсизлик ҳукмрон, шу боис одамларнинг мавжуд истибдодга қарши бош кўтаришдан ўзга чораси йўқ”, - дейилади ЎХҲ дастурида.

ЎХҲ Ўзбекистоннинг бутун халқини Каримов фармонларини писанда қилмасликка, фуқаровий бўйсунмасликка чақирмоқда. “Каримов зулмдан қутилишнинг битта йўли – унга итоат этмасликдир, бутун ўлкада ФУҚОРАВИЙ ИТОАТСИЗЛИК харакатини бошламоқдир”, - дейилади дастурда. “Агар бу ҳолатда Каримов яна Андижондаги каби халқни қатлиом этса, унга қарши муқобил жавоб бериш биз учун она сути каби ҳалолдир ва бунинг учун куч ва салоҳият бизда мавжуддир”.

Шу билан бирга ЎХҲ “Бизнинг курашимиз – террор эмас. Биз,мусулмонлар, Исломда терроризмга ўрин йўқлигига шоҳидлик келтирамиз. Биз терроризмни кураш услуби сифатида рад қиламиз. Аксинча, биз Каримов террорига қарши курашга бел боғладик.

Биз бу курашга халқимизни бошқа ҳур миллатлар қаторида ҳушнуд ва бахтиёр кўриш учун кирдик. Унинг ўз дини ва урф-одатларини ҳур иродаси билан бажо келтиришга ёрдам бериш ниятида, Оллоҳ ризоси учун кирдик.

Биз бу аксилинсоний салтанатни йиқитиб, ўрнига инсон хақлари ва ҳурриятини, унинг маънавий қадриятларини ва юксак аҳлоқни ўзига таъмал қилиб олган бир давлат қуриш каби пок ният билан йўлга чиқяпмиз”.

ЎХҲ ўз олдига қўйган мақсадлари орасида “миллий, ирқий ва диний мансубиятидан қатъий назар,Ўзбекистонда яшаётган бутун халқлар учун тенг ва адолатли шароит яратиб бериш. Халқнинг моддий фаровонлигини ошириш учун бутун имкониятлардан фойдаланиб, порахўрлик, коррупция ва уюшган жиноятчиликни илдизи билан суғуриб олиш, иқтисодда очиқ ва шаффоф сиёсатни таъсис этиш.

Халқнинг танасига зулукдек ёпишиб олган битта оила салтанатини бартараф этиш бизнинг биринчи вазифамиздир”.

ЎХҲ бошқа давлатларнинг ташқи ва ички ишларига аралашиш нияти йўқлигини билдирмоқда. “Биз мавжуд мухолифат партиялари билан ҳам, жорий ҳукумат ичидаги Каримовдан норози маъмурлар билан ҳам алоқадамиз.”, - дейилади ЎХҲ баёнотида.

ЎХҲ фақат “диктатор Каримов” ҳамда унга яқин бир ҳовуч қотил ва қароқчиларни ўзига душман дея атамоқда. “Биз Ўзбекистон давлатининг армиясини ҳам ўзимизга душман деб билмаймиз. Ҳатто бизга зулм қилаётган тартибот тизимларига ҳам душман эмасмиз. Улар Каримовнинг буйруғини бажараётганини яхши биламиз. Бу тизимларда ҳам бизнинг халқимиз вакиллари ишлайди. Улар ҳам аслида Каримов зулмидан безиб бўлган. Биз улар билан ҳам мулоқoтдамиз, бу мулоқотни янада кенгайтирмоқчимиз”, - дейилади дастурда.

ЎХҲ “қардош қўшни малакатларни, Россия, мусулмон ва ғарб давлатларини ўзбек диктаторига қарши курашга чиққанларни қўллашга чақириб, уларни адолат ва хақиқат томонида бўлишга” даъват этмоқда. “Ғарб давлатларига Ўзбек халқига зулм ўтказаётган сиёсий режимни қўллаб қувватламасликларини тавсия қиламиз. Агар уларнинг демократия ҳақидаги гаплари самимий бўлса, улар Каримовнинг қилган жиноятларини хаспўшламасликлари керак, - дейилади баёнотда. - Оллоҳнинг изни билан золимнинг қаршисида турганлар музаффар бўлажак. Оллоҳнинг хоҳиши билан кулган – халқимиз, йиғлаган эса бу халқни йиғлатганлар бўлажак. Ўз фарзандларини қул ўрнида кўришни истамаган ҳар бир ўзбекистонлик бизнинг сафимизга қўшилсин. Ўз юртида тазйиққа учрамасдан эмин эркин ибодат қилишни истаган ҳар мўъминнинг ўрни бизнинг сафимизда. Номус туйғуси ўлмаган ҳар ким бизнинг сафга қўшилсин”.

“Фарғона” ахборот агентлигига маълум бўлишича, ЎХҲ фаоллари ушбу янгиланган дастурни муҳокама қилиш ва тасдиқлаш учун Муассислар кенгашини чақиришга қарор қилган. Қурултой 2011 йил май ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги