07:58 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Урганч марказининг бўлажак реконструкцияси аҳолини ваҳимага солмоқда

29.03.2011 16:08 msk

Ўз ахб.

Расмий Тошкент Урганч шаҳрининг марказий қисмини реконструкция қилинишига “розилик” берди. Ал-Хоразмий кўчасидаги ҳаммомнинг бузилиши турар-жой биноларининг бузилиши тўғрисида икки йилдан бери қайнаб келган миш-мишларнинг тўғрилигини тасдиқлаб қўйди. Шаҳар ҳокимлиги ҳаммом биносини бузишга улгурди, аммо шу билан ишлар тўхтаб қолди. махсус хизмат ходимлари шаҳар ҳокимини ўтган йили бюджет маблағларини ўмаргани учун ҳибсга олганларидан кейин “бузиш” ишлари тўхтаб қолди.

Вилоят марказида бақувват ва сифатли уйларнинг булдозер остида қолиб кетишига ҳеч ким шубҳаланмаганди. Мустақилликнинг 20 йиллиги нишонланганда расмийлар мамлакатнинг тўхтовсиз равнақ топиб бораётганига далил тақдим этишга мажбур эдилар. “Фарғона ва Қўқон шаҳарларини 2008-2012 йилларда реконструкция, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмаларини ривожлантириш чораларининг дастури”дан фарқли ўлароқ, Урганчнинг омади бу борада камроқ экан. Бу шаҳар ҳақида гап гўё кўпчиликдан сир сақланаётган Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарорномасида бўлганмиш, холос.

Йўлнинг икки четидаги уйларнинг бузилишидан не маъно борлиги ҳақида бир-нима дейиш қийин: бу ҳолатда аҳолиси 200 минг кишилик шаҳарда саккиз қаторли кенг проспект пайдо бўлади, холос. Тили аччиқ одамларга кўра, реконструкциядан сўнг Урганч марказини уч километр нарида жойлашган аэропортдан ҳам бемалол кўраверса бўлар экан.


Уяли алоқа операторларидан бири кўчани биринчилардан бўлиб тарк этди. Фото “Фарғона” АА

Вилоятдаги мутасаддилар билан ўзаро суҳбат қуриб қолсангиз, қувғиндаги сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг ватани бўлмиш Хоразмга нисбатан расмий Тошкентнинг нохуш муносабати ҳақида гапиришни яхши кўрадилар. Вилоят оладиган дотация ижтимоий тўловлар ва бюджет соҳасини қўллашга зўрға етади. Марказий майдондан вино заводигача ўнлаб уйлар ва офис биноларининг бузилиши режалаштирилган. 280 та оила шаҳар марказининг реконструкциясидан сўнг қаерда қўним топажаклари борасида аниқ бир тасаввурга эга эмаслар.

Аҳволнинг мутлақо мужмаллиги, турган гап, одамларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда. Бузилажак уйларнинг эгалари бошпанасиз қолишдан хавотирланиб ҳуқуқ ҳимоячиларга мурожаат этдилар. Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) ўзининг Урганчдаги аноним манбасидан олган мактубини ёйинлади.

Унда айтилишича, “бугун, (28 март куни – таҳр.) вилоят ҳокими навбатдан ташқари мажлисини ўтказиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига ва қурилиш идораларига шу йилнинг 10 апрелигача ушбу даҳадаги аҳолининг ҳаммасини бузилажак уйлари эвазига ҳеч қандай компенсация бермай, 300 дан ошиқ оилани кўчага улоқтиришга буйруқ берган. Унга кўра, бу ишларнинг бари республика миқёсида келишилган, гўё улар буларнинг ҳаммасини биладилар, гўё бу ишларнинг бари қонуний ва бу қарор устидан бўлажак шикоятга ўрин йўқ”.

Ҳозирча вилоят ҳокими Оллаберган Оллаберганов шундай оҳангда гапирган-гапирмаганини текшириб бўлмади. Маҳаллий ОАВ ва телевидениеда бу борада ҳеч қандай муайан ахборот йўқ.


Тез орада бу ерда на дарахтлар ва на уйлар қолади. Фото “Фарғона”АА

-“Нега энди бизнинг аҳволимиз нима бўлиши ҳақида ҳеч ким аниқ бир гапни айтмайди?! - дея аччиқланади Анна К. исмли аёл. – Фақат, ҳеч кимни ҳафа қилиб қўймаймиз, дея ваъда берадилар, холос. Ахир Тошкентда нима ишлар қилишганини жуда яхши биламиз, шунча одамларни норози қилдилар! Расмийлар пойтахтда шунчалик ўзбошимчалик қилсалар, бизнинг чекка вилоятда адолатга умуман умид йўқ экан”.

“Фарғона” мухбири уйи бузиладиган одамларнинг келгуси тақдири борасида турли-хил маълумотларни тўплашга эришди. Уларга Урганч четида турар-жой қуришлари учун участкалар таклиф этилиши мумкин. Бу уйлар қанча вақтга берилиши ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Расмийлар кўп қаватли уйлар қуришни режалаштираяптилар, аммо қурилишнинг бошланиши ва тугайдиган муддати ҳам номаълум. Одамларни Гурлан кўчасидаги квартираларга кўчириш варианти ҳам кўрилаяпти. Марказдаги Сержантлар мактабига жойлаштириш эҳтимоли ҳам истисно этилмаяпти. Унинг ёнида уч йилдан бери катта турар-жой комплекси қурилиши режалаштирилган участка ҳамон бўш қолаяпти.

Кеча мухбиримиз Урганч марказида дарахтларнинг кесилаётганига шоҳид бўлди. Шаҳар ободонлаштириш хизматининг ходимлари расмийлар учун суюкли бўлиб қолаётган нимжон арча кўчатларини қолдириб, соя берадиган дарахтларни кесаяптилар.


Кўркам арчадан кўримсиз дарахт яхши. Фото “Фарғона”АА

Минтақада ноёб саналган “Урганч” ресторани олдидаги эман дарахтлари ҳам кесилиб кетиши мумкин. Оқсоқолларнинг айтишича, Оролбўйи минтақасининг бошқа ҳудудларида бунақа дарахтлар йўқ экан.

Вазият кўчмас мулк бозорига ҳам таъсирини ўтказмай қўймади. Деярли бир йил давом этган уйларнинг касод бозори юришиб қолди.


Ўтин бўлган дарахтлар... Фото “Фарғона”АА

Мавжуд маълумотларга кўра, уйларнинг бузилишига тендер эълон қилинган. Иқтисодий жиҳатдан анча пишиб-етилган одамларнинг айтишича, пудратичилар байрамолди реконструкциясига тақдим этажак сметаларига 15-20 фоиз “откатлар” пулини ҳам киритмоқдалар. Уйи бузилаётган одамлар кўриладиган моддий зарарнинг ҳисобига ета олмай турган пайтда, кимдир чўнтагини қаппайтиражак мўмай даромадини ҳисоблаяпти...

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги