23:20 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Мемориал” Ўзбекистондаги сиёсий репрессиялар ҳақида навбатдаги ҳисоботини тайёрлади

22.03.2011 09:09 msk

Фарғона.Ру

Фотосуратда: Жаслиқ турмасидаги кузатув минораси. Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти Ўзбекистон турмаларида 6 мингдан зиёд сиёсий маҳбуслар бор дея таъкидламоқда. Фото © Reuters

Ўзбекистонда 2009-2010 йилларда сиёсий сабабларга билан кам деганда 868 киши суд томонидан жазога тортилган. Яна, терроризм ва экстремизмда гумонланган шахсларни қидириш бўйича тадбирларда кам деганда 550-600 киши қисқа муддатли ҳибсга олинган. 2010 йил охирига келиб кам деганда 105 нафар айбланувчи суд бўлишини кутаётган бўлган. Бу маълумотларни Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимоя марказининг Марказий Осиё бўйича дастур директори Виталий Понамарев келтирмоқда.

2009-2010 йилларда ҳуқуқ ҳимоячиларнинг маълумотлари, қўлга тушган тергов ва суд ҳужжатлари, ОАВ материаллари, қочоқлар ва меҳнат муҳожирларини сўровдан ўтказиш йўли билан сиёсий сабаблар билан жазога тортилган 474 кишининг номи аниқланган. Улардан кам деганда 138 таси 2009 йилда ва кам деганда 333 таси 2010 йилда озодликдан маҳрум этилган. 2010 йил 31 декабрь маълумотига кўра, 45 киши суд бўлишини кутиб турган, уч кишига нисбатан жиноят ишлари 2009 йилда амнистия бўйича тўхтатилган, аввал шахси номаълум бўлиб қолаётган етти нафар сиёсий маҳбуснинг номи аниқланган. Аммо улар бўйича чиқарилган ҳукм тўғрисида маълумот йўқ. Кўрилган давр мобайнида Россиядан Ўзбекистонга мажбуран қайтарилган беш кишининг ҳамда 2010 йилда Қозоғистондан экстрадиция қилинган тўрт нафар сиёсий бошпана изловчининг номи маълум.

Ушбу рақамлар олдинги йиллар билан таққосланадиган бўлса, 2009-2010 йилларда репрессиялар кўлами 1999-2001 йилларга қараганда камроқ, аммо 2004-2006 йилларга нисбатан кўпроқ деган хулосага келиш мумкин. 15 фоиз ҳолатда жазо озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган.

Ҳисоботда Ўзбекистон дунёдаги энг репрессив давлат сифатида тақдим этилган. Коммунистлар лидери Ислом Каримов 22 йилдан бери бошқараётган давлатда легал мухолифат ва мустақил ОАВ йўқ. Фуқаролик жамияти ва диний жамоалар расмийларнинг қаттиқ босими остида қолмоқда. Сиёсий репрессиялар давлат сиёсатининг ажралмас қисми бўлиб қолди. Қийноқлар системали характерга эга. Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг сони барча собиқ совет республикаларидаги сиёсий маҳбусларнинг сонидан кўп.

Респупблика жазони ўташ колонияларида бир неча минг сиёсий маҳбуслар сақланмоқда, уларнинг аксарияти терроризм, исломий экстремизм ва ноқонуний диний фаолият каби шубҳали ишлар бўйича қамалган. Ҳудди шундай айбловлар билан 1200 дан ортиқ киши қидирувда, дейилади “Мемориал” ҳисоботида. Мамлакатнинг ўн минглаб аҳолиси “қора рўйхатлар”га тиркалиб бораяпти ва бу рўйхат борган сари семириб кетаяпти, рўйхатга киритилган шахсларнинг ҳаммаси жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, Ўзбекистон Жиноят кодексида фуқаролик ва сиёсий эркинликлар тўғрисидаги Халқаро пакт билан (1966 йил) кафолатланган эркинликларни асоссиз равишда чекловчи низомлар мавжуд. Хусусан, давлат томонидан рухсат берилмаган ҳар қандай диний фаолият қонун бўйича жиноий дея баҳоланади. “Экстремизм” ва “тақиқланган ташкилотларга” аъзо бўлиш 15 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади. Миллий ҳуқуқ қонунчилигида бу икки иборага таъриф берилмагани боис, расмийлар уларни ўз билганича талқин қилиш имкониятига эга. “Терроризм” ибораси ҳам жуда кенг характерга эга бўлиб, бу жиноятда айбланадиган шахслар доирасини ноўрин равишда кенгайтириб юборади. Диффамация (бадном қиладиган маълумотларни матбуотда эълон қилиш), халқни ва Ўзбекистон президентини ҳақорат қилиш ҳақидаги низом бандлари мавжуд режимни танқид қилувчи шахсларни жазолаш учун қўлланилади.

Ҳисобот муаллифлари жиноят ишлари амалиётига таянган ҳолда маълум қилишларича, кўпчилик мусулмонлар, гарчи уларнинг ҳаракатларида жамоатчилик тартибига таҳдид бўлмаса ҳам терроризм ва экстремизм бўйича сохта айбловлар билан қамалган. Иқрорлик кўрсатмаларини олиш учун қийноқлар қўллаш 2009-2010 йилларда ҳам системали характерга эга бўлиб қолишда давом этган. Айбни исботловчи асосий далил тариқасида босим остида олинган иқрорлик кўрсатмалари ҳал қилувчи ролни бажариб келган. Тергов ва суд давомида кўплаб процессуал қонун бузилишлари содир этилган. Адвокат ёрдамига йўл чекланган. Сиёсий ишларнинг аксарияти ёпиқ тартибда ўтган, процессларда иштирок этиш учун асосан давлат томонидан тайинланган адвокатлар қўйилган, холос. Кўп ҳолларда, айбланувчилар ҳибсга олинганидан кейин яқинлари ва қариндошлари билан кўришишга рухсат берилмаган. Ислом динини рухсат берилмаган йўл билан ўрганган, диний материалларни сақлаган ёки Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотлар ва оқимларга мансуб бўлган одамлар суд томонидан узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

“Жиҳодчилар” 2009-2010 йилларда давлат душманлари дея эълон қилинди. Шу билан бирга, “Ҳизбут-Таҳрир”га мансубликда айбланиб қамалганлар сиёсий маҳбусларнинг кўпчилигини ташкил этади. Шунингдек, “тақиқланган ташкилотларга” мансубликда айбловлар билан “нурчилар”, “таблиғчилар”, “ваҳҳобийлар” ҳамда баъзи маҳаллий оқимлар ва гуруҳлар, шу жумладан, акромийлар ва “шоҳидийлар” ҳам таъқиб остига олинди.

“Экстремист”ларга қарши шавқатсиз кураш Ўзбекистон расмийлари томонидан барқарорликни сақлаш ҳамда жамиятга радикал исломий гуруҳларнинг зўравонлик таҳдиди билан изоҳланмоқда. Бироқ репрессииялар нафақат маргинал гуруҳларга нисбатан қўлланаяпти, балки ижтимоий-сиёсий тарангликнинг муҳим манбасига айланиб, Ўзбекистон кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб қолаяпти, дея қайд этадилар “Мемориал” маркази ҳисоботининг муаллифлари. Мамлакат ичкарисида кучли мухолифат йўқлигига қарамай, тизимнинг ўзи фитнакорлик билан мунтазам равишда кризис ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Шу билан бирга, расмийлар терроризмга қарши кураш соҳасидаги ўз ҳаракатларини жамиятга тушунтиришни намойишкорона истамаслиги жамоатчилик томонидан бу ҳаракатларнинг маъқулланишига ишонмаслигини англатади.

Андижонда 2005 йилда содир бўлган фожиавий воқеалардан сўнг фаоллашган фуқаролик жамиятига шавқатсиз босимлар давом этмоқда. “Кўринишидан, расмийлар муқобил ахборот жамиятда норозилик кайфиятларини рағбатлантириши мумкин дея хавотирланаётганга ўхшайди”, дейилади ҳисоботда. Андижон вилояти ва Тошкентда 2009 йил май-сентябрь ойларида содир бўлган зўравонлик ҳодисалари бўйича жиноят ишлари тўғрисида расмий маълумотларнинг мутлақо йўқлигини ҳудди ўша сабаблар билан изоҳлаш мумкин.

“Мемориал”га кўра, Ғарб (Ўзбекистоннинг МДҲ ичидаги шериклари каби) Ўзбекистонда сиёсий репрессиялар билан боғлиқ муаммоларнинг жиддийлиги ва кўламини ҳамда уларнинг минтақавий барқарорликка муҳтамал драматик таъсирини етарли даражада баҳоламаяпти. Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича диалоглар давомида, одатда, фуқаролик жамияти ва демократик мухолифатга мансуб ўттизга яқин фаолларининг тақдири муҳокама этилмоқда, холос. Уларнинг озодликка чиқарилиши “позитив ўзгаришлар”га далил сифатида баҳоланиб келинган. Амалда эса бу маҳбуслар сиёсий бозорда Ғарб билан савдолашувда гаровга олинганлар сифатида фойдаланиб келинган. Шу билан бирга, озодликка чиқарилганларнинг ўрнини дарҳол янги маҳбуслар эгалламоқда.

Шу вақтнинг ўзида минглаб сиёсий маҳбуслар фақатгина мусулмон бўлганлари боис турмаларда қолаяптилар ва камситилаяптилар. Уларнинг кўпчилиги халқаро ҳамжамият вазиятни ўзгартириш учун етарли даражада ҳаракат қилмаётганига ишонадилар. Европа иттифоқи 2009 йил 27 октябрь куни “Андижон воқеаларидан” кейин Ўзбекистонга нисбатан киритилган санкцияларини бекор қилгани Ислом Каримовнинг сиёсатини маъқуллаш сифатида кўрилди. Ўзбекистон президентининг 2011 йил январь ойида Брюсселда Еврокомиссия раиси Жозе Мануэл Баррозу билан учрашуви ҳам ҳудди шундай рамзий маънога эга бўлди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистонга нисбатан АҚШ ва Европа иттифоқи тутган ҳозирги real politiс қайта кўриб чиқилишга муҳтож, бунга Яқин Шарқда яқинда содир бўлган инқилоблар контекстида қараш лозим, чунки бу каби қўзғолонлар Марказий Осиё мамлакатларида ҳам қайтарилиши мумкин, Ўзбекистон учун эса намойишчиларнинг босими остида давлат раҳбари истеъфога чиқиб кетган Миср сценарийсидан кўра, ҳокимият учун зўравонлик ишлатиб курашаётган Ливия сценарийси кўпроқ мос келади. Ҳисобот муаллифлари ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар тақдири тўғрисидаги масала халқаро даражада муҳокама этилиши лозим, деб таъкидламоқдалар. Улар Ўзбекистон АҚШ билан фаол ҳамкорлик даврида, 2001-2003 йилларда ҳар йили мингтагача сиёсий маҳбусларни озод қилиб келганини, бунинг оқибатида ички сиёсий вазиятида ҳеч қандай муаммо чиқмагани ва аксинча, жамиятда таранглик даражасини пасайганини эслатмоқдалар.

“Шунинг учун ҳам, - дея таъкидлайдилар “Мемориал” ходимлари, - Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларга риоя қилиши, индивидул ишларни қайта кўриб чиқиши ҳамда қонунчиликни (Жиноий ва жиноий –процессуал ҳуқуқ, диний фаолиятни тартибга солувчи қонунлар ва терроризмга қарши кураш) ислоҳот қилиши, қийноқларнинг олдини олиши ҳамда процессуал кафолатларга риоя этилишига эришиши лозим. Агар бу ҳаракатлар тез орада самара бермаса ҳам, ноўрин таъқибларнинг қурбонларига ўзларининг ишларини қайта кўриб чиқишга уринаётганларга руҳий кўмак бўлар эди”.

“Ўзбекистонда 2009-201 йилларда сиёсий репрессиялар” ҳисоботининг тўлиқ матнини бу ерда ўқишингиз мумкин (рус тилида).

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги