12:22 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Стив Свердлоу: “Тинч дипломатия Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари учун курашда мағлуб бўлди”

18.03.2011 12:30 msk

Жылдыз Қараева

Фотосуратда: Стив Свердлоу

Human Rights Watch (HRW) халқаро ҳуқуқ жамиятининг Ўзбекистонга қайтиш ниятлари пучга чиқди, ҳуқуқ ҳимоячилар учун бу мамлакат эшиклари узоқ муддатга ёпилди.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий судига HRW ташкилотининг Тошкентдаги офисини ёпиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилгани ҳақида Олий суд 10 март куни HRW вакилларига ўзининг расмий мактуби билан билдирган. Мактубда Ўзбекистон расмийлари мамлакатда 1996 йилдан бери ишлаб келган офисни тугатиш учун бирорта сабабни келтиргани йўқ.

Human Rights Watch (HRW) офиси Тошкентда 1996 йилда очилган, аммо 2007 йилдан бери мамлакатда фаолият юритиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолган. Шунга қарамай, ташкилот Ўзбекистон Адлия вазирлиги рўйхатида қолишга эриша олди. ваколатхонага 2005 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Андреа Берг 2007 йилда аккредитацияси узайтирилмагани важидан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди, 2008 йилда эса Игорь Воронцов аккредитация олишга эриша олмади. Ўзбекистон расмийлари “жаноб Воронцов ўзбек халқининг менталитетини тушунмайди”, шунинг учун ҳам у “республика президенти Ислом Каримов томонидан амалга оширилган ислоҳотларининг аҳамиятига тўғри баҳо бера олмайди”, дея баҳона қилдилар.

2010 йил декабрда Human Rights Watch ташкилотининг яна бир вакили – Стив Свердлоу (Steve Swerdlow) Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация олиш бўйича мурожаатномага рад жавобини олди. Бугун Стив Свердлоу Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган вазият тўғрисида “Фарғона” муштарийларига сўзлаб бермоқда.

- Стив, Келинг бир чеккадан бошланг. Human Rights Watch Сизнинг Тошкентга боришингизга ҳожат қолмаганини қачон билди?

-Ўзбекистон ҳукумати менга аккредитация бермоқчи эмаслигини 2010 йил декабрда билганмиз. Ўшанда мени Адлия вазирлигига чақириб қўлимга расмий мактуб тутқаздилар. Унда “HRWнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолиятида миллий қонунчиликка риоя қилмаслик кузатилмоқда. Бундан ташқари, Стивен Свердлоунинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш тажрибаси йўқ”, - деб ёзилган эди. Шу ерда мен Ўзбекистон аккредитация беришдан бош тортган ташкилотнинг олтинчи вакилиман. Бу ҳолат Ўзбекистон ҳукуматининг танқидга чидамсизлигини, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган вазиятни қандайдир ҳолда бўлса ҳам ёритилишини истамаслигини яна бир бор тасдиқлаяпти. Халқаро ҳамжамият ва ғарблик дипломатларнинг “Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларининг яхшиланиши ёки фуқаролик жамиятининг ривожланиши учун бирор нарса қилади” деган умидлари яна бир бор чиппакка чиқди. Бунинг акси ўлароқ, мамлакат аввалгига қараганда янада яккаланмоқда, фуқаролик жамиятига босим кўтарилмоқда, расмийларнинг жамиятда мустақил фикрлар изҳор этилишини йўқ қилишга қаратилган интилишлари авжига чиқмоқда.

- Ўзбекистонда ташкилотингиз вакилларига аккредитация бермаслик анъанага айланиб қолган экан, унда нимага умид қилган эдингиз?

- Human Rights Watch ташкилоти 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистонда жиддий муаммоларга дуч кела бошлаган эди, менга аккредитация бериш масаласи кўтарилганда ҳам, рад жавобининг эҳтимоли катта бўлишига қарамай, ҳар ҳолда биз яхшиликка умид қилгандик. Биз доимо, агар Ўзбекистонда бўлсак мамлакатдаги реал воқелик, ҳар куни содир бўладиган инсон ҳуқуқлари бузилишларининг мазмун-моҳиятига тушуниб етамиз дея ҳисоблаб келганмиз... Албатта, агар мамлакатда бўлганимизда, қийноқ ва репрессиялар қурбонлари, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар билан юзма-юз учрашишга, уларнинг аҳволини тушуниб етишга ҳамда бу ҳақдаги ахборотни бутун дунёга тарқатишга имкониятимиз бўларди. Рад жавоби олишимиз мумкинлигига қарамай, биз бир мўъжиза бўлиб қолармикан дея умид қилгандик, негаки бизнинг бу мамлакатда бўлишимиз маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар ва фуқаролик жамияти вакилларига далда бўларди. Бироқ шу билан бирга, биз Human Rights Watch Ўзбекистон раҳбарияти учун энг ёқимсиз ва энг номақбул ташкилотлардан бири эканлигини жуда яхши билардик.

- Агар Human Rights Watch мамлакатдан чиқиб кетса, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонда содир бўлаётган инсон ҳуқуқларига оид воқеалардан бехабар қоладими?

- Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар энг муҳим ишларни бажаришда давом этадилар, уларнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Уларни турмага қамаётганларида, мен ҳеч ким, ҳеч қандай халқаро ташкилотлари уларнинг ўрнини боса олмайди деб ўйлайман. Бизнинг имтиёзимиз ва афзаллигимиз – жаҳон оммавий ахборот воситаларига чиқа олиш имкониятимизда бўлган. Бундай имконият мамлакат ичкарисидаги ҳуқуқ ҳимоячиларда йўқ. Бизнинг мамлакатдан қувилишимиз Ўзбекистон расмийларининг шавқатсизлик даражасини ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазиятнинг ёмон томонга қараб кетишга мойиллигини кўрсатмоқда. Албатта, кўпчилик халқаро ташкилотларнинг мамлакатдан ҳайдалганига анча бўлди, аммо шу йиллар давомида Ўзбекистон расмийлари Human Rights Watch ташкилотини олқишлаётганини таъкидлашда, бизнинг офис Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида эмас, айнан Ўзбекистонда 1996 йилда рўйхатдан ўтганидан фахрланаётгани ҳақида гапиришдан тўхтамадилар, бир неча бора бизнинг қайтишимизга қаршилик кўрсатмасликларини, “ҳамма муаммо HRW мамлакатга жўнатаётган одамларнинг шахсиятида” деб билдирдилар. Албатта бугунга келиб бу гапларнинг бари иккиюзламачилик, Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қачон HRW вакилларини қабул қилиб уларнинг инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазиятни ёритишига йўл қўйиш нияти бўлмагани тушунарли бўлиб қолди. Яъни, Тошкент ўзининг бу ҳаракатлари ортидан ҳеч қандай оқибат бўлмаслигини сезаётгани аниқ ва равшан.

- HRW бундан кейин Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазиятни ўзгартириш бўйича қандайдир чора кўрадими?

- Ўзбекистоннинг изоляция даражаси кўтарилиб кетгани муносабати билан бизнинг ташкилот ва бошқа халқаро институтлар бу мамлакат ичидаги процессларни кузатиб бориши жуда ҳам муҳим. Ўзбекистон бутунлай ёпиқ Эрон, Туркманистон, Шимолий Корея каби мамлакатларнинг қаторига яқинлашиб қолди дейиш мумкин. Бу ердаги фарқ шундаки, кўпчилик ғарб демократик давлатлари мазкур давлатларга қараганда Ўзбекистондаги вазият яхшироқ деб ўйлашдан тўхтагани йўқ. Бироқ ваколатхонамизнинг ёпилиши ҳозирги инсон ҳуқуқларига оид сиёсат ҳеч қандай натижага эришгани йўқлигини, яъни, тинч дипломатия ҳеч нарсага олиб келмаганини, вазият фақат бадтар ёмонлашаётганини яна бир бор тасдиқламоқда. HRW маълумотига кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда кам деганда ўн уч нафар ҳуқуқ ҳимоячи ўзининг фаолияти туфайли турмада ўтирибди. Бу мамлакатда халқаро ташкилотлар у ёқда турсин, ҳатто маҳаллий ташкилотлар ҳам рўйхатдан ўта олмаяптилар. БМТнинг саккизта махсус воизи Ўзбекистонга киришга ижозат ололмай ўтирибди. Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) миссиясига пахта далаларида болалар меҳнати мониторингини ўтказишга рухсат берилгани йўқ.

- Ўтган йили ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева “энг жасоратли ҳуқуқ ҳимоячи” номини олган ва Пер Ангер мукофоти билан тақдирланганди. Нима, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонга жиддий эътибор бера бошладими? Бу билан инсон ҳуқуқларига ва ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан содир этилаётган жиноятларга қарши ташқаридан ёрдам келишига умид пайдо бўлдими?

- Мен Тошкентдалигимда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат тобора яккаланиб қолаётганини ҳис этаётганларини англадим. Афсуски, улар АҚШ ва Европа иттифоқи [Ўзбекистон билан] яқинлашаётганларини ҳамда ўзларини Ўзбекистонда муаммолар йўқ дегандай тутаётганларини кўриб турибдилар. Ўтмишда ҳуқуқ ҳимоячилар билан фаол ҳамкорлик қилган ташкилотлар бундан буёғига расмий Тошкент белгилаб берган қоидага мувофиқ ўйнашга мажбур бўлгани боис, бугунги кунга келиб улардан юз ўгирмоқдалар. Кўпчилик элчихоналар ва халқаро ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг аччиғини чиқармаслик учун ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар билан камроқ ҳамкорлик қилишга ўтиб олдилар. Дипломатларнинг иш жуда мураккаблигини, нафақат инсон ҳуқуқлари, балки давлат манфаатлари деган тушунчанинг мавжудлигини тушунамиз, аммо ҳар ҳолда...

- Сиз Ўзбекистонда аҳвол ёмон томонга ўзгарди, мамлакат тобора ёпиқ бўлиб қоляпти деб айтаясиз, Сизнингча, нега бундай бўлаяпти?

- Чиндан ҳам, бу мамлакатда ишлаш, у ердан ахборот олиш борган сари қийинлашмоқда. Юзлаб, минглаб одамларни ҳимоя қилган бир адвокат менга “халқаро ташкилотлар мамлакатдан чиқиб кетиши билан, Андижон воқеаларидан кейин икки йил ўтиб мамлакатда расмийлар зўравонликларининг гувоҳлари деярли қолмади ва бу ҳолат раҳбариятда ҳеч қандай гувоҳлар, ёки қарши сўзлай оладиган бирор кимса энди йўқ деган ишонч пайдо бўлди”, деб айтди. Мисол учун, расмийлар habeas corpus институти мамлакатда қийноқлар даражасини пасайтиради деб гапирганларида, буни Ўзбекистонда судларга бориб ушбу процедурани судьялар қандай бажараётганини кузатадиган мустақил мониторингчилар йўқ деб тушуниш керак. Бу муаммо абадий бўлиб қолди ва бу расмийлар учун жуда ҳам қулай.

Балки, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларга қандайдир тилакларингиз бордир?

- Айтмоқчиманки, аккредитация ололмаганимиз ва Тошкентдаги офисимиздан айрилганимиз Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоя билан шуғулланишни тўхтатишимизни англатмайди. Аксинча, биз бунданда зўр бериб вазиятни ўрганамиз ва фуқаролик жамияти билан ишлаймиз. Шунингдек, агар ҳукумат ўз зиммасига олган мажбуриятларни ҳурмат қилиб бажарадиган бўлса, биз у билан ҳам ишлашга тайёрмиз. Биз доим ўз принципларимизга содиқ қоламиз ҳамда Ўзбекистонда асосий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини яхшилашга ёрдам берамиз.

Жилдиз Қараева (Бишкеклик журналистнинг тахаллуси) суҳбатлашди. “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги