14:50 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Капитан Сулаймановни ким ўлдирди ўзи?

10.03.2011 14:00 msk

Илья Лукаш

Жалолобод област Бозорқўрғон районида 2010 йил 13 июнь куни милиция капитани Миқтибек Сулаймановнинг ўлдирилиши Қирғизистон жанубида миллатлараро можароларнинг алангаланишига катализатор сифатида хизмат қилди. Бозорқўрғондаги қотилликдан сўнг 226 та уй ёндириб юборилди, ўзбек қишлоқларида йигирмадан зиёд одамлар ўлдирилди. Тергов натижаси бўйича 8 киши, шу жумладан, таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаров жавобгарликка тортилди.

Миллатлараро муносабатларни бузишда, оммавий тартибсизликларни уюштириш ва уларда иштирок этишда ҳамда милиционерни ўлдириш бўйича Асқаров билан бирга Бозорқўрғоннинг яна етти нафар фуқаросига: Муҳаммадзокир Қўчқоров, Минура Мамадалиева, Санжарбек Муллахунов, Шукуржон Мирзалимов, Дилшобек Рўзибаев, Элмурод Расулов ва Исроилбек Абдураимовга айблов эълон қилинди. Бозорқўрғон район суди 2010 йил 15 сентябрь куни Асқаровни ва яна тўрт нафар судланувчини умрбод қамоқ жазосига, Минура Мамадалиева ва Шукуржон Мирзалимовни 20 йилга озодликдан маҳрум этди. Жалолобод област суди 2011 йил 10 ноябрь куни бу ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Асқаров ҳимояси судга 128 та гувоҳнинг ёзма кўрсатмаларини тақдим этди. Уларда айбланувчиларнинг жиноятга алоқаси йўқлиги таъкидланганди. Суд тингловлари давомида бу гувоҳларнинг ҳаётига таҳдидлар мавжуд бўлгани боис, бирортасини ҳам судга таклиф этиб бўлмади.

Воқеалар қандай кечгани ҳақида

Ўшда 2010 йил 9-чидан 10-чи июнга ўтар тунда содир бўлган ҳодисалардан сўнг Қирғизистон жанубини безгак сингари титрата бошлади. Миллий негизда майда жанжаллар, можаролар, тўқнашувлар одатий ҳолга айланди. Асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган Бозорқўрғон ҳам бундан истисно бўлмади. Одамлар аввалдан келишмаган ҳолда йиғинларга тўпланиб, ўзлари яшаётган қишлоқда Ўш воқеаларининг қайтарилмаслигини муҳокама қила бошладилар.

Ўшанда, Азимжон Асқаровга кўра, Бозорқўрғонда “қирғин” уюштириш учун қишлоққа қурол олиб кирилгани маълум бўлиб қолди. Азимжон Асқаровнинг айтишича, 10 июнь куни Вақтли ҳукуматнинг мамлакат жанубидаги махсус вакили генерал Исмаил Исақовга телефон қилиб шу гапларни етказган. Бу телефон сўзлашуви пайтида ҳуқуқ ҳимоячи Азиза Абдирасулова унинг ёнида турган. Ҳудди шундай хавотирлар телефон орқали Вақтли ҳукумат раисининг муовини Ўмурбек Текебаевга ҳам айтилган. Бироқ Вақтли ҳукуматнинг икки аъзоси ҳуқуқ ҳимоячининг бу кўрсатмаларини оммавий ахборот воситаларида рад этдилар.

Жиноят иши материалларига кўра, 13 июнь куни эрталаб соат 8 да Бишкек-Ўш автотрассасининг 553 километрида, Бозорқўрғон ёнидаги Қора Унқур сойдан ўтган кўприкда ўзбек ёшларидан иборат оламон тўпланган. Улар Бишкек-Ўш трассасини тўсиб автомобиль ҳаракатини тўхтатиб қўйдилар.

Бозорқўрғон милиция бўлимининг 16 нафар қуролланмаган ходими қўлбола қуроллар билан қуролланган 600-700 нафар оламон билан музокара ўтказгани жўнатилди. Милиционерлар орасида бир неча ГАИ ходимлари ҳам бор эди.

Милиционерлар судда берган кўрсатмаларига кўра, улар оламон тўпланган ерга етиб келганларида, бу ерда музокара ўтказиб бўлмаслигини тушуниб етганлар. Милиционерлар машиналаридан чиққанларидан уч дақиқа ўтиши билан уларга ҳужум бўлди. Калтаклар зарбидан ва осмонга отилаётган ўқлардан қоча бошладилар. Айланма йўллар билан улар битта-биттадан кўприкдан бир чақирим нарида жойлашган район милиция бўлимига қайтиб келдилар.

Бир оз вақт ўтганида эса капитан Миқтибек Сулаймановнинг кўприкдан қайтмагани маълум бўлди, милиционерлар 30-40 дақиқадан сўнг шеригини излагани кетдилар. Кўприкда ҳеч ким қолмаган экан, ҳамкасбининг куйган жасади шу ердан 20 метр нарида, буталар орасида ётган экан...

Асқаров қаерда турган эди?

Бўлиб ўтган ҳодисанинг умумий манзараси тушунарли бўлса ҳам, гувоҳлар тафсилотларда, айниқса капитан Сулаймановнинг ўлдирилишига тегишли қисмида бир-бирига зид кўрсатма бердилар. Милиционерларни тушунса бўлади – бундай вазиятда, олти юзта жангавор кайфиятдаги ёш йигитлар қуршовида, уларнинг ҳужумига учраган ҳолатда воқеа тафсилотларини эслаб қолиш осон эмас. Шунинг учун ҳам уларнинг кўрсатмаларидаги фарқ баъзи нарсаларда жуда катта.

Кишини иккилантириб қўядиган биринчи савол –гўёки милиционерларни ўлдиришга чақирган пайтда Азимжон Асқаров қаерда турган эди? Схемадан кўриниб турибдики, бунақа жойлардан учтаси келтирилган.


Схема

Биринчи жой. район ГАИ ходими Советбек Дўсовнинг айтишича, Азимжон Асқаров “кўприкда, оламоннинг ўртасида турган” ҳамда РОВД (район ички ишлар бўлими) бошлиғини ўлдиришга ундаган эди. Гувоҳнинг ўзи Асқаровдан 200 метр нарида, мингга яқин одамлардан иборат гуввиллаган оламон орасида турган. Дўсовга кўра, у машинадан чиққанидан бир дақиқа ўтар-ўтмас калтак ея бошлаган. Шунда у орқасига ўгирилиб қоча бошлаган. Демак, Дўсов бир дақиқадан камроқ вақт давомида айбланувчиларнинг ҳаммасини (!) кўрган ҳамда Азимжон Асқаров нималарни гапирганини гувиллаган оламон ичида туриб эшитган экан.

Иккинчи жой. Бозорқўрғон иши бўйича айбланувчилардан бирининг адвокати Татьяна Томинага кўра, Миллий хавфсизлик хизмати район бўлими ходими Абдугулов Эркин биринчи инстанция судида Азимжон Асқаров “йўлнинг сўл тарафидаги заправка ёнида” турган деб кўрсатма берган. Иккинчи жой биринчисидан унчалик узоқ бўлмаса ҳам, оламоннинг ўртасида туриб одам ўлдиришга чақириш билан четда турганнинг фарқи бор. Бу ҳолатда унинг гапларидан бўладиган таъсир ҳамда айбдорлик даражаси фарқли бўлади.

Учинчи жой. Энг қизиғи шундаки, Бозорқўрғон райони СНБ бошлиғи Жўлдошев ва район ГАИ бошлиғи Эралиев Асқаров Ўш-Бишкек трассасидаги Бегмамат Ўсмонов кўчаси билан кесишган чорраҳада турган деб кўрсатма бердилар. Бу олдин кўрсатилган жойлардан деярли 200 метр масофада жойлашган. Айблов гувоҳларининг кўрсатмаларига кўра, милиционерларга ҳужум ҳамда Сулаймановнинг ўлдирилиши кўприкка яқин жойда содир бўлган!

Агар Асқаров №3 жойда турган бўлса, унақада унинг “одам ўлдиришга ундагани” катта гумон остида қолади. Балки, Асқаровнинг ундови билан милицонерларга ҳужум қилганлари ва Сулаймановни ўлдирганлари ҳақидаги кўрсатмалар тўғри эмасдир?

Сулаймановни ким ўлдирди?

Жиноят иши материаллари бўйича Сулаймановни ўлдиришда асосий айб Дилшодбек Рўзибаевга қўйилган. Тергов давомида берган “кўрсатмага” мувофиқ у Сулайманвонинг бошига “биринчи бўлиб таёқ билан икки марта урган” ҳамда шундан кейин “Соҳил” чойхонаси ёнида уни калтаклашда қатнашган. Яна у берган кўрсатмаларда айтилишича, Муҳаммадзокир Қўчқаров “ўроқ билан Сулаймановнинг белига, бўйнига, орқасига ва товонига бир неча бор урган”. Элмурод Расулов эса гўёки “бензин қуйилган шишага ўт қўйиб, калтакланган милиционернинг устига ташлаган”.

Аммо РОВД бошлиғи Мергентаев ва Сулаймановнинг ёнида турган СНБ ходими Муратали Қўчқаров биринчи инстанция судида “Расуловни кўрмаганини” билдирган. СНБ ходими, гувоҳ Жўлдошев ва жабрланган милиционерлар Айбек Абдуллаев, Қубаничбек Умарахунов, Эмилбек Мантибаев ҳам сўроқ давомида бу гапни тасдиқладилар. Расуловни “кўрган” бошқа гувоҳлар эса биринчи инстанция судида кўрсатма бериш чоғида гапларидан адашавердилар. Улар гоҳ Расуловнинг қўлида “таёқ”, гоҳ “арматура” бор эди, “оқибатда эса” у Сулайманвонинг устига “шишани ташлаб ёндириб юборди” деб айтдилар. РОВД бошлиғининг ҳайдовчиси Эрмеков биринчи инстанция судида “Сулаймановни биринчи бўлиб баланд бўйли малласоч йигит урган” деб кўрсатма берди. Маҳкумлардан бирортаси ҳам таърифланган бу йигитга ўхшамайди, аммо област суди ҳукм чиқараётганида бу каби муҳим “тафсилот”ни эътиборга олмади.


А.Асқаров офисининг ёндирилган биноси

Бозорқўрғон район суди ҳукмида Сулаймановга ўт қўйишнинг кам деганда учта версияси келтирилган. Биринчиси – судланувчи Дилшодбек Рўзубаевнинг кўрсатмалари: “тўртта шиша ташлаган”. Иккинчиси – судланувчи Элмурат Расуловнинг кўрсатмалари: “Мен бензин тўлдирилган шишани олиб, унинг ичига тиқилган латтани ёндирдим ҳамда М. Сулаймановга ўт қўйиш учун унинг устига ташладим. У ўчиб қолди, шунда бензинга оловни Исроил Абдураимов (айтгандек, у тергов давомида яширинишга улгурди) илаштирди”, - дейилади биринчи инстанция суди ҳукмидаги матнда. Учинчи версия иккинчи инстанция судининг ҳукмида келтирилган, аммо бу ўша-ўша Расуловнинг кўрсатмалари: “ёндирувчи қоришма тўлдирилган иккита шиша” ҳақида гапирилган.

Район ва област суди ҳукми матнида баён этилган қотилликнинг асосий версиясида иккита асосий тафсилот шубҳа уйғотади – айбланувчилар “иқрорлик” кўрсатмаларининг объективлиги ҳамда... Расуловнинг ўша пайтда Қирғизистон ҳудудида умуман бўлган-бўлмаганлиги .

Ўзбекистон республикаси Пахтаобод тумани Уйғур қишлоқ фуқаролари йиғини тақдим этган маълумотига кўра, Элмурот Расулов 13 июндан 26 июнгача ўша ерда бўлган экан. Уни 30 июнь куни ҳибсга олдилар. У судда референдумда овоз бераётганида жабрланганлардан бири Дўсов билан кўришганини айтиб берди. Иш материалларига кўра, Расулов ўша вақтда қидирувда бўлган. Дўсов судланувчи билан учрашганини тасдиқламагани тушунарли ҳол.

Асқаров ва Расулов, шунингдек, барча айбланувчиларнинг нисбатан қийноқлар қўллангани борасида тахмин қилишга жиддий асос борлиги туфайли уларнинг берган “иқрорлик” кўрсатмалари шубҳа уйғотмоқда. Биринчидан, уларнинг ҳаммаси биринчи суд инстанциясида тергов давомида ўзларига нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида билдиришганига қарамай, суд бирор марта ҳам бу аризалар бўйича медицина экспертизаси ўтказишга санкция бермади. Иккинчидан, Азимжон Асқаровнинг адвокати Нурбек Тўқтақуновнинг сай-ҳаракати билан ҳуқуқ ҳимоячининг баданидаги калтак зарбаларидан қолган изларнинг фотосурати оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлди, аммо прокуратура бу излар Асқаров камерадошларининг иши деб баҳона қилди. Учинчидан, Расулов судда терговчилар уни калтаклаганини ва “ҳатто ҳушини йўқотгани важидан касалхонага олиб борилганини” маълум қилди. Афсуски, Расуловнинг биринчи адвокати унинг район касалхонасига келтирилганини тасдиқловчи ҳужжат топа олмади.


Бозорқўрғон район Қизил Ой қишлоғидаги кўчалардан бири Миқтибек Сулайманвонинг номига қўйилди

Шубҳаланишга шунча асос бўла туриб, биринчи ва иккинчи инстанция судлари ҳукмида айтилганидек айнан шу айбланувчилар Сулаймановни ўлдирган дея ишонишга жиддий асос борми?

Мисол учун, миллий хавфсизлик хизмати Бозорқўрғон район бўлими бошлиғи Жўлдошев, ўша бўлим катта инспектори Қўчқоров ва Қамчибеков судда асосий версия бўйича тартибсизликларнинг асосий ташкилотчиси Мирзалимовни “кўприкда кўрмаганларини” билдирдилар. Айблов томоннинг бирорта гувоҳи кўприкда айбланувчи Абдураимовни кўрмади.

Шу билан бирга, айблов томонининг баъзи гувоҳлари айблов версиясини тафсилотларда эмас, балки принципиал жиҳатдан бутунлигича инкор этувчи фикрларни изҳор этдилар.

Мисол учун, адвокат Татьяна Томинага кўра, Бозорқўрғон район прокурори Абдулла Бакиров биринчи инстанция судида ҳаммани лол қолдириб: “судланувчилар курсисида ўтирган одамларнинг бирортасини ҳам кўприкда кўрмаганман. У ерда мутлақо бошқа одамлар бўлган” - деб айтган.

Қизиғи шундаки, бу гапни битта Бакиров гапиргани йўқ. Милиционерлардан бири, кўприкда бўлган Замир Қамчибеков ҳам “оламон ичида бўлганлардан бирортаси ҳам судланувчилар орасида йўқ” - деди. Бироқ область судининг ҳукми матнида Бакиров кўприкда “Асқаровни кўргани” айтилган, холос. Бу вазиятда ким ёлғон гапирганини суд аниқлаб ўтиргани йўқ.

Сўнгги марра

People in Need ҳуқуқ ҳимоя ҳамжамияти Азимжон Асқаровга “инсон ҳуқуқлари бўйича толмай иш олиб боргани учун” ўзининг йилда бир топшириладиган Homo Homini (Инсон Инсонга) мукофоти билан тақдирлади. “Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқ ҳимоя маркази маълум қилишича, мукофот Прагада ўтган One World (Якка Дунё) фестивалининг очилиш маросимида Асқаровнинг ўғлига топширилган.
Жиноят иши ҳужжатлари орасида Сулаймановнинг ўлимига сабаб бўлган жароҳатларнинг тиббий экспертизаси йўқ, саккиз нафар маҳкумдан олтитасининг айбини исботлавчи ашёвий далиллар тақдим этилмаган, маҳкумларнинг қийноқлар тўғрисида берган аризалари ҳамда жуда кўп нарсаларга баҳо берилмаган. Мустақил экспертлар ва юристлар иш материалларини ҳамда икки инстанция суди ҳукмларини ўргана туриб, уларнинг ичида жуда кўплаб номутаносибликлар борлигини аниқлаяптилар.

Ҳозир Азимжон Асқаров ва яна 7 айбланувчининг иши Қирғизистон Олий судида кўрилмоқда. Олий суднинг 8 февраль куни бўлиб ўтган сўнгги мажлисида Асқаровнинг адвокати Нурбек Тўқтақуновнинг расмий илтимосномаси кўрилди. Унда Қирғизистон жанубида тергов изоляторларининг йўқлиги муносабати билан хусусий ажрим чиқариш сўралганди. Олий суд бу илтимосномани қондириш учун ишнинг кўриб чиқилишини номаълум муддатга қолдирди.


М.Сулаймановга ўрнатилган ёдгорлик

Шу билан бирга, томонлар охиригача курашиш ниятларидан қайтмаяптилар. Ҳалок бўлган милиционер Сулаймановнинг қариндошлари 2011 йил 3 февраль куни Бишкекда матбуот анжумани ўтказиб, “агар Асқаровни бўшатсалар бутун Бозорқўрғон митингга чиқади” деб билдирдилар.

Асқаровнинг адвокатларидан бири Нурбек Тўқтақунов “халқаро даражада адолат ўрнатиш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига индивидуал мурожаатнома тайёрлаётганини” билдирди.

Илья Лукаш

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги