21:15 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Санобар Шерматова оламдан ўтди

07.03.2011 23:15 msk

Фарғона.Ру

Санобар Шерматова
Санобар Шерматова (1951-2011)

Санобар Шерматова ўзбекистонда таваллуд топган. Тошкентда Рус тили ва адабиёти институтини ҳамда Москвада Ломоносов номидаги давлат университетининг журналистика фаультетини тамомлаган. Санобар Кавказ ва Марказий Осё бўйича нуфузли эксперт. “Московские новости”, “Газета” , Новости РАА ҳафталик нашрларда ишлаган, “Фарғона” учун мақолалар ёзган.
2011 йил 7 мартга ўтар кечаси ҳамкасабамиз – ажойиб аёл, таниқли журналист Санобар Шерматова бевақт қазо қилди. Агар у ҳаёт бўлганида 13 апрел куни 60 ёшга кирган бўларди. Бугун тунда қўққисдан унинг юраги ишламай қолди.

Санобар Шерматованинг ўлими – авваламбор жуда катта инсоний йўқотишдир. Ёш, фаол одамларнинг ҳаётни тарк этиши оғир кечар экан, ҳар ҳолда Санобар 60 ёшга ҳам кирмаган эди. Санобар жуда раҳмдил, самимий инсон, ажойиб дўст, зийрак суҳбатдош эди.

Ҳақиқий ўзбек аёли бўлганига қарамай, у рус тилида мукаммал ёза оладиган муаллиф бўлган ва бундан фахрланган ҳам. Шу билан бирга, у муаммоларга тўла ватани учун қайғурган ва яқинларини кўриш учун ҳар йили Ўзбекистонга бориб юрган эди.

Ўзбекистон, Ўрта Осиё ва Кавказ бўйича эксперт, журналист сифатида сўнгги пайтларда катта профессионал салмоққа ва нуфузга эга бўлди. Санобарнинг назари кечаётган жараёнларнинг мазмун-моҳиятини чуқур кўра олгани учун кўпчиликдан фарқли ўлароқ энг муҳим нарсалар ҳақида ёзарди.

“Фарғона” ахборот агентлиги таҳририяти ушбу жудоликдан чуқур қайғуда бўлиб, марҳуманинг фарзандларига, қариндошларига ҳамда яқинларига ҳамдарлик билдиради.