08:54 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик аёллар чет элга чиқишдан олдин фоҳишалик билан шуғулланмаслик ҳақида тилхат бераяптилар

24.02.2011 13:34 msk

А.Бенуа

Ўзбекистондан чиққан фоҳишалар сони шунчалик кўпайиб кетганга ўхшайдики, расмийлар чет элга чиқмоқчи бўлаётган 18-35 ёш оралиғидаги аёллардан чет элда фоҳишалик билан шуғулланмаслик ва ўзини қулликка сотмаслик тўғрисида тилхат ёздириб олаяптилар. “Фарғона” ахборот агентлиги мухбирига бу ҳақда Тошкентдаги ОВИР бўлимларига (кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати – муаллиф изоҳи) мурожаат қилиб бундай талаблардан эсанкираб қолган аёллар маълум қилдилар.

Мутасаддилар қандай ҳужжат меъёрларига асосланиб бу каби тилхатларни ёзиб беришни талаб қилаётгани, қандай шартлар асосида ўзбек аёлларига мамлакатдан чиқишга рухсат бераётганлари ҳамда бунинг учун улар нималарни тақдим этишлари зарурлигини аниқлаш мақсадида мен Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ОВИР ходимларига мурожаат қилдим ҳамда вилоятларда рўйхатдан ўтган (прописка) Ўзбекистон фуқаролари мурожаат қиладиган ҳудди шундай вилоят бўлимига бордим.

Менга аёлнинг чет элга чиқиши учун унинг маҳрам қариндошлари (эри, ота-онаси) чет элга олиб чиқиш ва уни ватанига қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олаётганини ҳамда чет эл сафари давомида унинг хулқ одоби борасида кафолат бераётгани ҳақидаги махсус маълумотнома (справка) асосий ҳужжат бўлиб қолаётганини маълум қилдилар.

“Агар аёлда бораётган мамлакатдаги қариндошларидан ёки танишларидан махсус таклифнома бўлмаса ёки иш жойидан, ўқишидан ва бошқалардан умуман ҳеч қандай таклиф бўлмаса, унда аёлни кузатиб борадиган бирор киши бўлиши керак. Бироқ бу ишларнинг бари расмият нуқтаи назаридан қилинади, аёл ҳеч кимнинг йўлкирасини кўтариши ёки мажбуран бирга олиб кетиши шарт эмас, улар аёл учун масъулиятни ўз зиммаларига олсалар бўлди”, - дея тушунтирди вилоят ОВИР ходимаси. – “Бу чора эркаклар ва йигитларга тегишли эмас, бу фақат ёш жувонларга ва қизларга нисбатан қўлланади ҳамда одам савдоси ва фоҳишаликни олдини олишга қаратилган”, - дея қўшиб қўйди у.

ОВИРнинг ўзидаги эълонлар орасида, турли қонунчилик актлари осиб қўйиладиган жойда бу ҳақда тегишли қарорнома ёки буйруқ йўқ, бироқ сафарга тайёргарчилик кўраётган фуқароларнинг ҳаммаси 2011 йил бошида жорий қилинган ушбу қўшимча чорадан хабардорлар. “Кафилларнинг мажбуриятини талаб қилувчи ҳужжатни кўрсата оласизми?” деб сўраганимда, ОВИР ходимаси асабийлашиб “буйруқ юқоридан келган, унинг муаллифини билмайман, бизга бошлиқлардан оғзаки кўрсатма бўлган, холос”, деб, жавоб берди. Эҳтимол, буйруқнинг эгаси Ўзбекистон Ички ишлар вазири бўлиши ҳам мумкин, дея тахмин қилдилар улар, ахир ҳужжат фоҳишаликка қарши курашга тааллуқли.

ОВИР ходималарининг дамдўзлигини тушунса бўлади: бордию, бундай қонунчилик акти мавжуд бўлса ҳам, у Ўзбекистон Конституциясининг фуқароларнинг мамлакатдан эркин чиқиш ва кириш ҳуқуқини берувчи 28-чи моддасига зид келади. Яъни, бунга қандайдир давлат мутасаддиси тўсқинлик қилиши мумкин эмас.

Маълум бўлишича, бундай талаблар кўпроқ пойтахт Тошкентда эмас, балки вилоятда пропискадан ўтган аёлларга қўйилмоқда. Кўринишидан, пойтахтлик аёл ва қизларга ишонч каттароққа ўхшайди. Улардан кафолатчиларни олиб келиш талаб этилмай, фақат қўйидаги мазмундаги тилхат ёздириб олинаяпти: “Мен, ФИО, Ўзбекистон фуқароси 19.. йилда туғилганман, одам савдоси ва фоҳишалик атрофида юзага келган аҳвол билан танишдим. Мамлакатдан ташқарига чиқар эканман, фоҳишалик билан шуғулланмасликка ва ўзимни қулликка сотмасликка сўз бераман”.

“Бемаъни фармон! Наҳотки бу одамларни тўхтата олса? Нима, тилхат ёзиб берган фоҳишалар инсофга келиб танфурушлик қилишдан тўхтайдиларми? Бундай чораларни бошқача ҳал қилиш керак: оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп этиш, таълим муассасаларида суҳбатлар ўтказиш, охир-оқибат, аёлларни ишга жойлаштириш лозим. Яхши ҳаётдан қочиб фоҳишалик билан шуғуллангани чиқиб кетадилар деб ўйлайсизми?” – дея вазиятга шарҳ берди ОВИРга келган аёллардан бири.

Икки йил давомида чет элга чиқиш ҳуқуқини берувчи стикерларнинг паспортларига ёпиштирилишини кутаётганлар орасида мен бир неча курашчи спортчиларни учратдим. Улар бу каби таъқиққа икки йил аввал дуч келганларини айтиб бердилар: “Икки йил аввал ОВИР виза бермагани боис бизнинг кураш бўйича аёл мураббийларимиз Таиландда ўтадиган мусобақаларга зўрға бора олдилар. Сабабини расман тушунтирмасаларда, Таиландда секс-индустрия юқори даражада ривожлангани, шунинг учун у ерга кетаётган аёлларнинг нияти яхшилиги борасида шубҳа-гумонлар мавжудлигини шаъма қилдилар”.

Суҳбатдошларимдан бири – Тошкентдаги олий таълим муассасаси талабаси бўлган қиз шу йили январ ойида сайёҳлик визаси бўйича Дубайга бормоқчи бўлганини, аммо чиқишга рухсат ололмаганини айтиб берди. Бунинг учун қариндошларнинг ёки танишларнинг таклифи бўлиши шарт экан. “Айтишларича, мусулмон давлатларига яхшиси бормаган маъқул, у ерларга мамлакатимиздан фақат ёш фоҳишалар ҳамда телевизор, компютер ва бошқа техника ташувчи тижоратчилар боради, холос”, дея афсусланди талаба қиз.

Аёл чет элда бузуқ ишлар билан машғул бўлса, унинг ҳақиқий ёки қалбаки “ҳамроҳлари” қандай жазога тортилажаклари ҳақида ҳозирча ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Кўринишидан, “кафил ҳамроҳлар” бундай ҳолларда ўзларини ҳеч нарсани билмаганга оладилар, акс ҳолда, уларнинг ўзлари қўшмачиликда ёки фоҳишаликка сотишда шерик сифатида айбланишлари мумкин.

Ўзбекистондан гастарбайтерликка чиқиб кетаётган фуқароларнинг сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Балоғатга етган ёшларнинг Россия Федерациясига ёки Қозоғистонга пул ишлагани чиқиб кетишлари анъанага айланиб бўлди. Иложсизлик маънавият пойдеворларини емираяпти, ижтимоий ҳимоядан маҳрум аёллар ўзларини ва оилаларини тўйғазиш учун кўп ҳолларда ҳеч нарсадан тоймаяптилар, баъзилар била туриб секс-индустрия ривожланган мамлакатларга кетаяптилар. Якка-ёлғиз ёки дугонаси билан ўша мамлакатларга дам олишга ёки жўнгина саёҳатга боришга ботинган ёш аёллар уйларига қайтганида таъна-маломатларга қолиб кетишлари мумкин.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолиси ўртасида фоҳишалик мисли кўрилмаган даражада авж олиб кетганига қатъий тарзда сир тутилаётган криминал стистика ҳам гувоҳлик бермоқда. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 131-чи моддаси бўйича (Қўшмачилик ва исловотхона ташкил этиш) 2007 йилда 1.202 та ҳукм рўйхатга олинган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 1.316 тага етиб, ўсиш 9,5 фоизни ташкил этди.

Албатта, бу муз тоғининг (айсберг) кўриниб турган юқоридаги озгина қисми, холос. Ўзбекистон аэропорти ходимлари Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жануб Кореяга, Малайзияга ва Индонезияга ёлғиз ёки гуруҳ-гуруҳ бўлиб кетаётган ёш аёлларни мунтазам тарзда ушлаб турибдилар. Буни Яккасарой тумани ОВИР ходимаси ҳам тасдиқлади: “Бизнинг туман ички ишлар бўлимига қизларни аэропортдан колонна-колонна қилиб тез-тез олиб келиб туришади. Уларни қандайдир йўл билан аниқлаб тутиб олиб келадилар, аммо бу фоҳишаликка қарши курашнинг услуби дея олмайман”.

Россия Марказий банки маълумотига кўра, 2010 йил давомида биргина Россия Федерациясидан Ўзбекистонга 993 миллион доллар пул жўнатилганини қўшиб қўймоқчиман, 2009 йилда бу кўрсаткич 669 миллион долларни ташкил этганди. Гастарбайтерлардан келаётган пуллар мамлакат иқтисодиётига сезиларли даражада кўмак бераётгани равшан. Бу пулларнинг қанча миқдори ҳалол меҳнат билан топилаётгани борасида эса фақат тахмин қилиш мумкин, холос.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги