10:11 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Муҳаммад Солиҳ интервьюсининг II қисми

14.02.2011 00:10 msk

Фарғона

Давоми. Бошланиши- бу ерда

Буюк давлатлар Марказий Осиёда ўз таъсирларини мустаҳкамлаб олиш учун ўзаро рақобат қилаяптилар. Албатта биз ушбу вазиятда бизнинг мустақил демократик давлат сифатида ривожланишимизга амалий ёрдам кўрсата оладиган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қиламиз. Давлатимизни мустаҳкамлашдан манфаатдорлар билан дўст тутинамиз.

Россия ақл билан иш тутса, ўзига тарафкаш кучларга эмас, балки демократик кучларга ёрдам беради. Фақат “халққа тарафкаш” кучларгина аҳолининг кўмагига ва барқарор ҳокимиятга таяниши мумкин. Демак, фақат улар мустақил ва кучли ташқи сиёсат олиб боришлари мумкин.

Яқин ўтмишдаги тарих изларини йўқотишга уринишлар борасида гапирганда, мен буни шу йўл билан иснодини яширса бўлади деган ўй билан ўтказилаётган зотипаст сиёсат деб атаган бўлардим. Ҳа, зотипаст бугун миллатчи бўлиб қолди. У сўнгги кунгача Горбачёвнинг товонини ялаган, кейин бўлса ГКЧПнинг қалтираган қўлларини ўпган. Энди бўлса, уларнинг ҳаммасини “совет оккупантлари” деб атаяпти.

Ўзбек халқи сўқир эмас, у бу муғомбирона томошани кўриб турибди.

Ўзбеклар ўтмиши қандай бўлишидан қатъий назар, ундан воз кечишлари керак эмас. Россия XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонни забт этди, биз учун рус халқи билан биргаликда яшаш кaби тарихий синов бошланди. Яратганнинг иродаси шундай бўлган. Туркистон халқини кучлироқ, уюшганроқ ва пассионар этнос (пассионар - ташқи муҳитга эътибор бермаган ҳолда янгиланиш ва ривожланишга интилган – таҳр.) тенг бўлмаган курашда мағлуб этди. Биз тарихий мағлубиятдан уялмаслигимиз керак, бизни бу мағлубиятга олиб келган иллатларимиздан уялишимиз керак.

Хон ва бекларимизнинг бузуқ фитрати, муллаларимизнинг ҳийлаи-шаръий ишлатиш одатлари, заифларга нисбатан тошбағирлигимиз, мазлумларга xиёнатимиз боис руслар Оллоҳнинг интиқоми бўлиб келдилар. Руслар бизга катта сабоқ бердилар. Кўринишидан, диктаторларимиз буни ҳалигача англаб етмади. Акс ҳолда, улар русларга тегишли бўлган барча нарсаларни шиддат ила ўчириш учун ташланмас эдилар

Бизнинг тарих қандай бўлишидан қатъий назар, бутун излари билан бизнинг тарихимиз бўлиб қолиши керак. Шу жумладан, рус изи билан ҳaм.

- Минтақадаги барқарорликка таҳдид солувчи ва наркотикларни тўхтовсиз етказиб берувчи Афғонистонга нисбатан қандай чора кўриш лозим? Ўртада баланд девор кўтариш керакми?

- Жуда долзарб масала. Бу ерда ҳеч қандай девор ёрдам бермайди. Чунки терроризм ва наркотрафик минтақадаги диктаторлик режимлари учун маблағларнинг жуда муҳим манбалари бўлиб қолди. Муаммога аниқ ташҳис қўйиш лозим: наркотрафикни ОАВ таъкидлаганидек наркобаронлар эмас, давлатлар назорат қиладилар. Наркобаронлар – бор-йўғи югурдак. Бирорта контейнер, бирорта марихуана тўлдирилган қоп расмийлар рухсатисиз ҳаракатлана олмайди.

Собиқ милиционерлардан бири менга Ўзбекистондан тонналаб наркотикларни пахта тойлари орасида аввалига Болтиқбўйи республикаларига, у ёқдан эса Европага юборганлари ҳақида сўзлаб берганди. Унинг гувоҳлик беришича, трафикни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Афғонистон Ислом Республикаси раҳбарларига бевосита алоқадор афғонлар билан ҳамкорликда бошқарган.

Токи, бу мамлакатлар раҳбарлари наркотиклардан келадиган миллиард-миллиард долларлик даромаддан воз кечиб маданиятли давлатлар позициясини эгалламас эканлар, наркотрафикни тугатиб бўлмайди. Бунинг учун раҳбарларнинг ҳозирги авлодини гуманизм ва юксак ахлоқ ғояларида тарбияланган раҳбарларнинг янги генерацияси билан алмаштириш зарур. Аммо ҳозир бундайлар сиёсий саҳнада кўринмаяптилар.


Муҳаммад Солиҳ, 1985 йил

ХОРИЖДАГИ ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ

- Кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ишлаётганлари ҳамда уларнинг сони тобора ўсиб бораётгани боис “Ўзбекистон хориждаги фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керакми?” деган савол айниқса долзарб бўлиб қолмоқда. Расмийларнинг бу йўналишдаги фаолиятини қандай баҳолайсиз? Бу жабҳада нима ишлар қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Биринчидан, МДҲ раҳбарлари миграция масаласида ягона фикрга келишлари керак. Шундан кейин МДҲнинг барча аъзолари миграция процессини тартибга солувчи қонун лойиҳасини муҳокама этишлари лозим. Агар у МДҲ давлатлари парламентлари томонидан тасдиқланса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади. Барча мигрантларда бир хил шароит бўлади ва ҳеч ким шикоят қилмайди.

- “Чиқиш визаларига” муносабатингиз қандай? Улар керакми?

- Чиқиш визалари – феодалларча тафаккур маҳсули, инсонларнинг эркинлиги олдида қўрқув маҳсули бўлиб, бу инсоний қадр-қимматни камситиш демакдир. Янги ҳокимиятнинг биринчи куниёқ ушбу шармандали “визалар” бекор қилинишига ишонаман.

- Қўш фуқароликка муносабатингиз қандай?

- Инсон истаган мамлакатида яшаши ва унинг фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга бўлиш керак.

ДИНИЙ СИЁСАТ

- Дин эркинлигига муносабатингиз қандай: керакми шу нарса? Агар керак бўлса, қай даражада? Қандайдир диний гуруҳларнинг фаолияти ёки дин эркинлиги чекланиши ёки ҳамма учун – ваҳҳобийлар, ҳизбутчилар, иеговачилар, кришнаитларга ўз ғояларини даъват қилишларига тенг ҳуқуқ бериш керакми? Динларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш мумкинми ўзи?

- Диний эркинлик биз учун тараққийпарвар инсоният томонидан декларация қилинган бошқа эркинликлар каби муҳим. Қонун барча конфессия ва диний оқимларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаши, уларнинг хавфсизлигини кафолатлаши керак. Диний гуруҳларга ўз ғояларини, агар улар ғайридинларга қарши урушни, террор ва зўравонликни тарғиб қилмаса, уларга даъват қилишларига ижозат бериш керак.

- Ўзбекистонда исломий экстремизм мавжуд деб ҳисобласизми? Агар мавжуд бўлса, унга қарши қандай қилиб курашиш керак? Экстремистларни кўнглини овлаш йўли биланми ёки таъқиб ва босим йўли биланми? Кўпинча шундай фикр билдирадилар: бошқа йўл йўқ – уларни йўқ қилмасанг, улар сени йўқ қиладилар. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

- Экстремизм ҳамма жойда, шу жумладан, мусулмонлар ва Ислом номидан чиқаётганлар орасида ҳам бор. Аслида, мусулмонлар шариат бўйича экстремизмни қўлламасликлари ва экстремистик акцияларда иштирок этмасликлари керак. Бу ерда масала терминологияда. Ислом Каримов учун номоз ўқийдиган, масжидга қатнайдиган ёки Қуръонни қироат қиладиган ва болаларини ўргатадиган ҳар бир соқолли одам эктремист саналади. Ўзбекистон турмаларида ўтирган мусулмонларнинг 99 фоизи айнан шунақа “экстремистлар”дир.

Ўзбекистонда диний гуруҳлар фаоллари пайдо бўлган вақтдан бошлаб мен уларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий елпозасига (спектрига) киритиш, босқичма-босқич демократик жараёнга интеграция қилиш таклифи билан чиққанман. Ўзбекистондаги илк исломий партия етакчиси Абдулла Ўтаевни бир неча бор ўзим билан конференцияларга олиб бордим ва биз омма олдида бирга нутқ сўзладик. Ҳаммаси меъёрида эди, ҳеч қандай таҳдидлар сезилмади. Аммо диктаторлар диндан ва диндорлардан қўрқадилар. Ислом фундаментализми ҳақида эшитмаган чин мусулмон, юмшоқ кўнгилли инсон Абдулла Ўтаев диктаторнинг биринчи қурбони бўлди.

Агар турмалар ва ўлим лагерлари расмийларга экстремизмдан қутилишга ёрдам берганида, Ўзбекистонда йигирма йил давомида ўтазилган интенсив репрессиялар натижасида бирорта ҳам экстремист қолмаган бўларди. Биз эса бунинг аксини кузатаяпмиз: радикал кайфиятдаги диндорлар сони борган сари ўсиб бораяпти. Уларнинг сони репрессияларга пропорционал равишда кўтарилаяпти. Демак, давлат террори сиёсатидан воз кечиш ва диний гуруҳлар билан диалог йўлларини излаш, уларга Конституция кафолатланган эркин ибодат қилиш ҳуқуқини қайтариш керак экан. Ўшанда кўрамиз, мамлакатда барқарорликни ўрнатиш учун қайси услуб афзаллигини.


Норозилик митинги, 1992 йил

- Ҳам сўзи билан ҳам қилаётган иши билан Конституцияни бекор қилишга ҳамда диний теократия ўрнатишга уринаётганлар билан нима қилиш керак? Қамаш керакми ёки улар ўйлаганларини амалга ошириш қудратигга эга бўлгунларича қўйиб бериш керакми?

- Бизнинг идеал – этник ва конфессионал фарқдан қатъий назар жамиятда тотувлик. Бу каби миллий келишувни ўрнатиш мамлакатда узоқ муддатли чинакам истиқрорни англатади. Давлат ушбу келишувга футур етказишга ҳар қандай уринишларнинг олдини олиши зарур. Аммо ушбу келишувга таҳдид солмайдиган, зўравонлик ва террорга, урушга, миллиатлараро низоларга чақирмайдиган тинч ташвиқот давлат томонидан жазоланмаслиги лозим.

ДЕМОКРАТИЯ ХАВФЛИМИ?

- Таҳдидлар қаторига демократияни қўйса бўладими? Мисол учун, аҳолининг аксарият қисми унчалик ўқимишли эмас, шу муносабат билан халқ миллатчи ва экстремистик шиорлардан фойдаланганларга овоз бериши мумкин. Яъни, инсон ҳуқуқлари ва Конституция деган тушунчадан йироқ кишиларнинг тинч йўл билан иқтидорга келишига имконият пайдо бўлади (эҳтимол бу бирданига эмас, бир неча босқичда амалга ошади, аммо натижа ўша-ўша бўлади). Унда нима қилиш керак? Бунга йўл қўйиб бериш керакми ёки бундай гуруҳ ёки оқимлар кучайиб кетмасдан туриб уларга бор куч билан қарши туриш керакми?

- Кўпчилик Гитлернинг 1930-чи йилларда демократия йўли билан иқтидорга келишини қоидадан кўра кўпроқ истисно деб ҳисоблаб келганлар ва шу фикрда қолаяптилар. Шунингдек, демократия бошқарувнинг энг идеал шакли эмас, балки инсоният томонидан синалган бошқарув услубларининг энг чидаса бўладигани деган фикрлар ҳам бор. Шу билан бирга, ақлли одамлар ҳеч қачон демократияни илойҳийлаштирмаганлар, бунга тарихдан мисоллар етарли.

Исломий фундаменталистлар демократия йўли билан ҳокимиятни қўлга киритишлари мумкинми? Агар кўпчилик уларга овоз берадиган бўлса, албатта мумкин. Ушбу кўпчилик уларга овоз берадими? Агар Ўзбекистонда демократик сайловлар ўтадиган бўлса, бундай бўлиши эҳтимоли мавжуд. Аммо бу нарса Ўзбекистонга демократия келган тақдирда амалга ошиши мумкин. Яъни, агар кўпчилик диктатураси бир киши диктатурасининг ўрнига келса. Аммо бу ҳақда хавотирланишга ҳали эрта.

- Ислом Каримовнинг 20 йил давом этган ҳукмдорлигидан қандай ижобий ва салбий сабоқлар олиш мумкин?

- Юқорида мен СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги бошқа республикаларга қараганда ривожланганроқ инфраструктура ва энг кучли иқтисодий база мерос бўлиб теккани ҳақида эслаб ўтгандим. Ислом Каримовнинг биринчи тарихий хатоси – у ушбу воқеликдан фойдалана олмади.

Агар у бир қадам четга чиқишга ботина олганида, Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий вазият бугунги кунда эҳтимол анча яхшироқ кўринишга эга бўлган бўлармиди. Аммо Каримов ўзидаги қўрқувни енга олмади: у ўз халқига сиёсий ва иқтисодий эркинликлар беришдан қўрқди, чунки шу билан у ҳокимиятдан ҳам сиёсий ҳам моддий эркин бўлган одамларнинг пайдо бўлишига шароит яратиб берган бўларди. Президент Каримовнинг бу қўрқуви иқтисоддаги инқироз билан бирга йилдан-йилга чуқурлашиб бормоқда. Ижтимоий-сиёсий барқарорлик кучишлатар структуралар томонидан оммага тўхтатамай ўтказилаётган босими ва репрессиялар тўлқини ёрдамида ушлаб турилибди. Пировардида, Ўзбекистон турмуш тарзи бўйича дунёда сўнгги ўринлардан бирини эгалламоқда, аҳоли билан давлат ўртасидаги адоват эса критик нуқтасига етиб борди.

Каримовнинг иккинчи ҳалокатли хатоси – у тинч мухолифат ва мўътадил мусулмонларга қарши ўзининг давлат террори сиёсати билан жамиятнинг радикаллашувига замин тайёрлади. Натижада, Ўзбекистонда бугун ҳеч ким вазиятни тинч, демократик йўл билан – сайловлар ёрдамида ўзгартириш мумкинлигига ишонмай қўйди. Ҳокимият масаласини куч билан ҳал қилиш тарафдорларининг сони ўсиб бораяпти. Бунақа одамларни нафақат аҳолининг мухолифат кайфиятидаги қисми орасида, балки барча савиядаги давлат идоралари, шу жумладан, кучишлатар тузилмаларида ҳам учратиш мумкин.

Бу хатолар – сиёсатчилар учун яхши сабоқ: мамлакатни Каримов бошқаргандек бошқармаслик керак.


Муҳаммад Солиҳ, Франкфурт, 1995 йил

- Ўзбекистонга таҳдид солаётган хатарлар ҳақида айтиб берсангиз. Уларни олдини олиш ёки зарарини иложи борича камайтиш учун нима қилиш керак?

- Диктаторлар давлат бошида турган мамлакатларни фуқаролик урушининг таҳдиди, диктаторларнинг ўзини эса жаллод қўлидан қатл таҳдиди таъқиб этади. Ўзбекистонни бу борада истисно этиб бўлмайди. (Баъзи демократик давлатлар ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондаги сиёсий режимни диктатура дейишдан ўзларини тиядилар. Аммо бу ҳолат вазиятни янада оғирлаштиради, холос).

Ижтимойи портлаш хавфи йигирма йилдан бери мавжуд бўлиб келган ва йил сайин кучаймоқда. Мамлакатда полиция кучларининг узлуксиз ўсиб бораётгани, Миллий хавфсизлик тармоғининг бир неча баробарига кенгаяётгани сўзларимни тасдиқлайди.

Ижтимоий портлаш (фуқаролик уруши) хавфининг олдини олиш учун режимни ислоҳот қилиш керак. Ёки бундан-да аниқроқ ибора мавжуд: режимни алмаштириш керак.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги