11:42 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Толиб Ёқубов: “Ислом Каримов – ўзбек халқининг душмани”

12.02.2011 17:29 msk

Фарғона

Толиб Ёқубов: Қисқача таржимаи ҳол

Толиб Ёқубов – математик, физика-математика фанлари номзоди, доцент. 1941 йил 15 май куни Жиззахда туғилган, ўзбек. 1963 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг математика факультетини тамомлаган. Аспирантурани В. Ленин номидаги Москва давлат педагогика институтида ва В. Ленин номидаги Кишинев давлат университетида ўтган. Номзодлик диссертациясини 1975 йилда Молдавия ССР Фанлар академиясида ҳимоя қилган. Сиёсий ва ҳуқуқ ҳимоя фаолияти учун ишдан бўшатилгунига қадар, 1992 йил 30 ноябргача “Алгебра ва сонлар назарияси” кафедрасида ишлаган. 1983 ва 1996 йилларда педагогика олий таълим муассасалари талабалари учун математик мантиқ бўйича иккита китоб чиқарган.

Т. Ёқубов 1989 йил февраль ойида Ўзбекистон “Бирлик” Халқ ҳаракати сафига кирди ва 13 йил давомида “Бирлик” Халқ ҳаракати Марказий кенгаши раёсатига аъзо бўлди. Унинг таркибидан 2002 йил 19 май куни чиқиб кетди. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамияти (ЎИҲЖ) тузилганидан бери ҳуқуқ ҳимоя фаолияти билан шуғулланиб келган. Мазкур жамиятни 2001 йил 5 октябридан 2009 йил 6 майгача бошқарган.

Икки марта уйланган, биринчи оиласидан бир ўғил ва бир қизи, иккинчи оиласидан бир ўғил ва уч қизи бор. Неваралари 13 та. 2006 йилдан бери Франияда истиқомат қилади.

МОЗИЙ ВА ҲОЗИРГИ ДАВР

Фарғона: - Қачон ва қайси сабабларга кўра чет элга чиқиб кетдингиз? Ҳозирда қаерда яшяпсиз? Нима билан шуғулланасиз? Тирикчилик ниманинг ҳисобига ўтаяпти? Сиёсат билан шуғулланишга вақт топаяпсизми? Шуғулланётган эсангиз бу фаолият нимада ўз ифодасини топаяпти?

- 2006 йил апрелда Сирдарё вилояти бўйича Инсон ҳуқуқлари раиси, ташкилотимизнинг энг яхши ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов ҳибсга олинди. Унинг жиноят ишида мен ҳимоячи бўлиб қатнашганман, ушбу ишдаги сохталаштиришлар ҳақида яхши биламан. Мен бу жиноят иши сохталаштирилганини исботладим, бирорта инстанция менинг исботларимни рад эта олмади. 12 июль куни Жиззахда менга қарши жиноий иш қўзғадилар, мени ҳам бир ёқли қилмоқчи бўлганларини тушундим. 16-чидан 17-чи апрелга ўтар тунда мен уйимдан чиқиб кетдим ва шундан кейин қайтмадим. 1 август куни Франциянинг Олма-Отадаги элчихонаси менга виза берди.

Францияда мени яхши кутиб олдилар: яхши квартира бердилар, бепул медицина хизмати етарли нафақа билан таъминладилар. Айни пайтда Анжер шаҳрида яшаяпман. Маҳаллий “Инсон ҳуқуқлари бўйича лигаси” Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамиятини Францияда рўйхатдан ўтказишга ёрдам берди (2008 йил 21 октябрь). Айни пайтда ЎИҲЖ вице-президентиман (ЎИҲЖ 1 конгрессида, 2009 йил 6 май куни ташкилотга Абдужалил Бойматов президент бўлди). ЎИҲЖ Франциянинг фуқаролик жамияти бўлгани боис, биз унинг шохобчасини Ўзбекистонда очмоқчимиз.

ДАВЛАТ ҚУРИЛИШИ ҲАҚДА ЎЙЛАР

- Сизнингча қайси давлат шакли Ўзбекистон учун энг уйғун - Президентликми ёки Парламент жумҳуриятими?

- Президентлик бошқарув. Ҳолбуки, Ўзбекистон ва Туркманистон мисоли давлат бу каби шакли тахт устига муттаҳам ва ёвуз кимсани олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Мамлакатда парламент бошқаруви ишлаб кетиши учун омма онгида кўппартиявийлик, қонунга итоаткорлик, толерантлик каби тушунчалар мустаҳкам ўрнашиб олмоғи зарур.

Мен маҳаллачилик, таниш-билиш, уруғчилик каби муносабатлар мамлакат ривожланиши йўлида тўсиқ ҳамда репрессив сиёсий режимнинг барпо бўлиши учун қулай шароит бўлиб қолади деб ҳисоблайман. Аслида, Ислом Каримовни 1989 йилда ҳам, кейинги “сайлов” йилларида ҳам ҳеч ким сайламаган – у ҳокимият бошига тайинланган ҳамда юқорида санаб ўтилган ресурслардан фойдаланиб тахт бошида қолмоқда.

Аммо ҳар қандай режим алал-оқибат поёнига етади. Айни пайтда Ўзбекистон “веспансианлик даврининг”, яъни давлат террорининг учинчи босқичини бошидан кечирмоқда.

Айрим ҳолатларда веспансианлик тинлик билан, бошқа ҳолларда эса қон тўкишлар билан тугаши мумкин. Чехословакиянинг парчаланиши тинч йўл билан ўтган бўлса, Югославия ҳақида бу гапни айтиб бўлмайди. Ўзбекистонда давлатнинг сиёсий жиҳатдан емирилиши нотинч йўл билан ўтишининг эҳтимоли жуда катта. И. Каримовдан кейин ҳокимият бошига ким келиши ҳақида айтиш қийин. Ким келса ҳам, агар у ўз халқига чинакамига яхшилик истаса, у мамлакатни демократик қайта ўзгаришлар йўлидан олиб бориши керак. Каримовга ўхшаб оғизда эмас, амалда.

b> - Мавжуд сиёсий системани қайси йўналишда ислоҳ қилиш керак? Буни амалга ошириш учун қанча вақт талаб қилинади? Сиз демократиянинг пайдо бўлиши учун 100- 200 йил керак деган гапга қўшиласизми? Ёки уни тезроқ, масалан, бир йил ичида қуриш мумкинми?

Хитойда бир партиявий система, аммо 30 йил аввал Дэн Сяопин унга иқтисодий эркинликлар киритиб, ушбу системани ўзгартирди. Хитойлик коммунистлар ишчи кучининг улкан армиясига эга бўла туриб Ғарбни Хитой иқтисодиётига инвестициялар ётқизишга қизиқтира олдилар. Натижа яққол кўриниб турибди.

Чили, Грузия ва Қозоғистон вариантлари – сиёсий эркинликларсиз иқтисодий эркинлик, деярли Хитойникига ўхшаш. Аммо уларда расмийлар коррупция, порахўрлик, ўғирлик ва бошқа ижтимоий иллатларга қарши курашганларидагина самарага эришаяптилар. Грузияда мазкур ижтимоий иллатларга қарши жиддий кураш олиб борилаяпти, аммо Қозоғистонда бу ишлар хўжакўрсинга қилинмоқда.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон учун биринчи вариант мос, ҳолбуки жуда катта вақт бой бериб қўйилган. Агар Ўзбекистон ислоҳотларни 15 йил аввал бошлаганида, Хитойдан бунчалик орқада қолиб кетмасдик. Ўшанда, 90-чи йиллар ўрталарида Совет тузумидан мерос бўлиб қолган ҳар қандай жиддий ривожланишнинг асосини ташкил этувчи таълим ва фан соҳаси унчалик ёмон аҳволда эмасди. Аммо Хитой варианти – вақтинчалик бўлиши керак.

Демократия 100-200 йил ичида шаклланади деган фикрга қўшилмайман. Ҳа, АҚШда унинг ҳозирги ҳолатига келишига катта вақт кетгани рост, аммо ҳозирги давр билан таққослаб бўлмайди. Фарқи – ер билан осмон!

Интенсив ахборот кўплаб жараёнларни жадаллаштиради, инсон кўп нарсаларни тушуниб, англаб олади. Ахборот инсон умрини узайтиради дея таъкидлай олмайман, аммо муайян жамиятда бир йил ичида демкократиянинг пишиб етилишига ақл бовар қилмайди.

ИҚТИСОД

Иқтисодий ислоҳотларнинг қайсинисини энг муҳим ва долзарб деб биласиз? Хусусийлаштириш институтига муносабатингиз қандай? Ерни хусусийлаштиришга қандай қарайсиз? Нимани хусусийлаштириш ва нимани хусусийлаштирмаслик керак?

- Иқтисодий ислоҳот ҳақидаги фикримни қисман айтиб ўтдим. Бу Хитой варианти. Давлат раҳбарлари ҳар қанча таъкидламасинлар, Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчи давлат эмас. Бу ерда ўзгаларнинг автомашиналари терилаяпти. Ҳозирча Ўзбекистон аграр мамлакат.

1989 ёки 1990 йили бир ёш иқтисодчининг маърузасини тинглагандим (фамилиясини унутиб қўйибман). У рақамларни келтириб, Ўзбекистон пахтадан воз кечиб пиллачиликка кўпроқ эътибор қаратиши мумкинлигини қатъий исботлаб берди.

У тут плантацияларини уч баробар кенгайтирилса, Ўзбекистон ҳеч қандай қийинчиликларсиз йилига 100 минг тонна пилла тайёрлаши мумкинлигини таъкидлаганди. Аммо ўшанда Ўзбекистонда атласдан бошқа мато деярли ишлаб чиқарилмасди. Иқтисодчи пиллани ташқи бозорга чиқармай, хориждан илғор дастгоҳларни сотиб олиш ва ундан ташқи бозорда рақобатбардош шойи газламалар ишлаб чиқариш лозим дея таъкидлагани эсимда.

Оддий ҳисоб-китоблар бу йўналишнинг пахтачиликдан иқтисодий афзаллигини ва мақсадга мувофиқлигини кўрсатаяпти. Уларнинг баъзиларини айтиб ўтаман. Пилла етиштиришга пахтачилик сингари бир йил эмас, бир ой кифоя. Тутга ортиқча эътиборнинг кераги йўқ, у ташландиқ ерларда ҳам ўсаверади. Демак, улкан ҳудудлар бўшайди. Улкан ҳажмларда сув ресурслари тежалади, бунинг аҳамияти жуда катта. Пилла етиштиришни бошидан охиригача механизациялаштириш мумкин. Болалар меҳнати ҳақида унутаверасиз. Агар бу соҳани хусусий қўлларга бериб, алоҳида кодекс ишлаб чиқилса, унда мавсумий ишчи кучини ёллаш, уларнинг меҳнат ҳақи, солиқ ва жамоатчилик назорати белгиланса у янада самаралироқ бўлиши муқаррар.

Мен пахта хом ашёсини ташқи бозорга сотишни умуман тақиқлаб қўйган бўлардим. Асосий эътиборни пиллага қаратиб, пахта майдонларини қисқартириш зарур. Пахтани хусусий фермер етиштириши, у мавсумий ишчиларни ёллаш ҳуқуқига эга бўлиш лозим. Унинг давлат билан муносабатлари алоҳида кодекс билан тартибга солиниши керак. Фермер ўзи етиштирган пахтани мамлакатдаги пахтани қайта ишлаш бўйича фирмаларга шартнома асосида эркин ҳолда сота олиши керак. Мамлакатнинг ички эҳтиёжига яраша пахта етиштирилиши лозим.

Бир гуруҳ андижонлик қочоқлар 2010 йилда АҚШда ўзбек қовунларини етиштириш билан машғул бўлдилар. Талаб жуда катта, ҳатто эсанкиратиб юборадиган даражада бўлди. Европада қовун деб сотилаётган нарса – унга пародия, холос. Ҳақиқий ўзбек қовунлари Ўзбекистоннинг Европа ва Шимолий Америкага экспорт қилинадиган асосий маҳсулотлардан бири бўлиши мумкин. Бу иш билан ҳам яхшиси хусусий фирмаларнинг шуғуллангани афзал.

- Тожикистоннинг Роғун ГЭС, Қирғизистоннинг Қамбарота ГЭС каскадини қуришга бўлган режаларига муносабатингиз қандай? Ўзбекистон ҳукуматининг бу ташаббусларга қарши чиқиши сизнингча тўғрими? Бу муаммони қандай ҳал килиш мумкин? Умуман олганда, сув муаммоларини ечиш ҳакида нима дея оласиз?

- Ўзбекларда “Қассобга мой қайғуси, эчкига жон қайғуси” деган бир мақол бор. Ўзбекистоннинг қўшни Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларида ҳам шундай. Биринчисида энергетик ва табиий ресурслар етарли бўлса, қолган иккиси сувга бой. Қўшниларига газ сотаётиб Ўзбекистон уларга сиёсий босим ўтказиши, шантаж қилиши мумкин. Шу вақтнинг ўзида у қишлоқ хўжалигида сувни тежаш технологияларини жорий қилиш учун бармоғини ҳам қимирлатгиси келмайди. У қўшни давлатларда қурилаётган гидроэлектр станциялари сейсмик актив ҳудудларда жойлашган, агар қаттиқроқ зилзила бўлса, ГЭС тўғонлари вайрон бўлиши ва бу ялпи фалокатга олиб келиши мумкин дея, баралла овози ила қичқирмоқда. Унда Тошкентдан 100 километр юқорида жойлашган Чорвоқ ГЭС билан нима қилиш керак? Тошкентда фалокатли зилзилалар бир неча бор бўлиб ўтган, навбатдаги ҳалокатли зилзила Бўстонлиқ тоғларида содир бўлишидан ҳеч ким кафолат бермайдику.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, дунё бўйлаб ГЭС тўғонлари бузилиб туришлари камдан-кам содир бўладиган ҳодиса эмас. Саян-Шушено ГЭСдаги бир неча гидроагрегатларнинг аварияси сал бўлмаса оламшумул фалокатни келтириб чиқарай деди. Тожикистон раҳбарлари буни жуда яхши тушунадилар, уларнинг сиёсий амбциялари ҳамда электр энергияси экспортидан чўнтакларига оқажак молиявий маблағлар ақли расоликдан устун келмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари қуёш ва шамолдан электр энергияси ишлаб чиқарувчи ускуналар учун жуда мос деб ўйлайман. Ана, Туркияни кўринг, у ерда ҳар бир киши ўз уйининг томига уйини, сувини иситиш учун ҳамда электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадида қуёш батареяси ўрната олади. Индивидуал батареялар бир ёки бир неча оиланинг манфаати учун ишлайди ва мутасаддиларнинг чўнтагига бирор тийин фойда келтирмайди. Шунинг учун ҳам мутасаддиларча фикрланадиган бўлса, бунга йўл қўйиш мумкин эмас.

- Ўлканинг иқтисодини қисқа вақт ичида кўтариб, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш мумкинми? Бунинг учун нима қилиш лозим? Сизнингча, бу қанча вақт олиши мумкин? СССР йиқилгандан сўнг, илк ойларда Каримов ярим йил сабр қилинг, жаннат яратиб бераман, деганди. Ўшанда вазиятни яхшилаш мумкинмиди?

- Қисқа муддат ичида мамлакат иқтисодиётини яхшилаб, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш мумкин эмас. Жамият ҳаддан зиёд таназзулга юз тутган, одамларнинг вужудини қўрқув қамраб олган, ёшларда аниқ ориентир йўқ. Аксарият одамларнинг ҳозирги ҳокимиятга қаршилик потенциали ҳали узоқ вақт давомида йўқолмайди. Одамларнинг яна бир бор оммавий равишда хорижга чиқиб кетиш эҳтимоли мавжуд, улар ўзлари билан улкан молиявий ресурсларни олиб чиқадилар.

Янги ҳокимият иқтисодни кўтариш учун Грузия вариантидан фойдаланиши мумкин: “улар ҳаммасини сотиб олишидан” қўрқмай, чет эл капиталини мамлакатга фаол равишда жалб этиш. Ҳозир чет эл университетларида кўплаб истеъдодли ўзбек ёшлари таҳсил олаяптилар ёки ўқишни тугатиб ўша ерларда ишлаяптилар. Бу болаларнинг ҳаммаси ҳам юқори лавозимдаги мулозимларнинг фарзандлари эмас. Янги ҳокимият уларни мамлакатга раҳбарлик лавозимларига таклиф этса, бундан катта фойда бўлади.

Сўз эркинлиги

- Сўз эркинлиги Мутлақ бўлиши мумкинми? Ёки уни бирор чорчўпга солиб, давлат манфаатларини, жамият ахлоқини кўзлаган ҳолда чеклаш керакми? Сиз таъқиқланган мавзулар тарафдоримисиз? Масалан, Туркияда каби Отатуркка ҳақорат ёки армани қатлиомини гапиришнинг манъ қилиниши ёки мусулмон давлатлардаги каби Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахси ҳақида гапириш таъқиқи кабиларга қандай қарайсиз? Ўзбекистонда шундай таъқиқлар бўлиши керакми? Ёки журналистларга, умуман фуқароларга қўйилажак таъқиқларга қандай муносабатдасиз?

Ўз даврида В. Ленин шундай деб ёзган эди: “Совет сиёсий режими шароитида халққа сўз эркинлиги бериш ўз жонига суиқасд қилиш билан баробар”. М. Горбачев византияликлар, германияликлар ва мўғуллар тузган шарқий-славян империяси тарихида илк бор халққа сўз эркинлигини тақдим этди ва мамлакат тез орада парчаланди.

Ўзбекларда “Шакарнинг ози ширин” деган мақол бор. Россияда ва Қирғизистонда содир бўлаётган воқеаларда оммавий ахборот воситаларининг айби оз эмас: улар тийиқсиз, маданиятсиз, тажовузкор, миллатчи ва фашистларча кайфиятдаги ёшларнинг янги авлодини вояга етказдилар. Ижтимоий ахлоқ топталган, беҳаёлик, сохталик, фаҳш мода бўлиб қолди. Сифилис, СПИД ва бошқа таносил дардлар инсониятни киши билмас фалокат ёқасига келтирмоқда. Ким буларнинг ҳаммаси сўз эркинлиги ва ОАВ эркинлиги билан боғлиқ эмаслигини исботлаб бера олади? Агар бу иш қўлидан келса, мен унга жавоб бера оламан, баҳслашаман. Агар йўқ бўлса, унда “мутлақ сўз эркинлиги” ва унга яқин бўлган “мутлақ ОАВ эркинлиги” энасини Учқўрғондан кўрсин.

Мен табиатан некбин (оптимист) одамман, одамлар эртами-кечми, барибир ўз ҳиссиётини ва зўравонликка мойилликни жиловлаш ҳамда “мутлақ сўз эркинлигидан” воз кечиш лозим деган фикрга келишига ишонаман. Жамиятни емириш учун эмас, балки уни соғломлаштириш учун унчалик қатъий бўлмаган рамкаларда сўз ва ОАВ эркинлиги бўлиши керак.


Толиб Ёқубов ва АҚШ давлат котиби Мадлен Олбрайт (1997-2001)

Ислом дини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу ъалайҳи васаллам) ҳақида фақат сўз эркинлиги манфаатини кўзлаб номақбул гапираётганларини таъкидлаганларга ишонмайман. Ҳар бир диннинг ўз тарафдорлари бор, меъёридаги жамиятларда уларнинг эътиқоди, иззат-нафси ҳурматланиши лозим. Агар киши сўз эркинлиги манфаатидан келиб чиққан ҳолда ғайри динларнинг эътиқодини ва иззат-нафсини таҳқирласа, бундай жамиятни соғлом деб бўлмайди.

Агар дин ҳақидаги фикрларни изҳор этиш эвазига сўз эркинлиги тўқнашувларга олиб келса, айбни диндан эмас, сўз эркинлигидан нотўғри фойдаланаётган одамлар орасидан излаш керак. Бу сўз эркинлигини зудлик билан таъқиқлаб қўйиш керак дегани эмас, балки у ёки бу динга нисбатан адоватини яширишга уриниб, ўзининг ғараз мақсадлари йўлида сўз эркинлигидан фойдаланаётган одамни жазолаш кераклигини англатади.

МИЛЛИЙ СИЁСАТ

- Ўрта Осиёнинг барча собиқ совет давлатлари бугунги кунда этнократиянинг “ҳамма тенг, аммо титул миллати бошқаларга қараганда тенгроқ” тамойилига асосан шаклланаяпти. Шунақа бўлиши керакми? Ўзбекистон ҳам шу йўлдан бориши керакми ёки у барча учун тенг ҳуқуқли мамлакат бўлиб қолиши керакми? Этник озчилик (тожиклар, қозоқлар, руслар, қирғизлар, туркманлар) Ўзбекистонда мутлақ ва тўла тенг ҳуқуқли бўлишга ҳуқуқлари борми? Моноэтник бўлмаган (Ўрта Осиёдаги бошқа республикалари сингари) мамлакатда идеал миллатлараро муносабатларни қандай тасаввур қиласиз?

Агар титул миллат бошқа миллатларга нисбатан агрессив муносабатда бўлса, этнократик йўл доим ҳалокатга олиб келган.

Тожикларнинг катта жамоаси яшайдиган Ўзбекистон вилоятларида сепаратистик кайфиятлар юқори. Сепаратистлар Ўзбекистоннинг бир қисмини Тожикистонга қўшмоқчилар, қўшни мамлакатнинг баъзи олимлари ва сиёсатчилари ҳиссиётларни қиздираяптилар, аммо И. Каримов ҳозирча уларни куч билан бостириб турибди.

Барча миллатларнинг мутлақ тенглиги бирорта жамиятда бўлмаган бўлса керак: инсон фитрати буни истисно этади. Халқ менталитети маҳалла, уруғчилик, қон-қариндошлик савиясида қолаётган Марказий Осиё давлатлари шароитида мутлақ тенг ҳуқуқлилик ҳақида гапиришдан маъно йўқ. Мустабид бўлмаган янги ҳокимият миллий масалани ҳал қилиш учун нима қилиши керак? Мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сепаратистик ғояларни илгари сураётган миллий озчиликнинг ҳуқуқидан юқори қўйиш керак. Бундан келиб чиқадики, сепаратистик кайфиятдаги миллий озчиликнинг ҳуқуқи тўла бўлмайди.

- Ўзбекистон хориждаги ўзбеклар ва қорақалпоқларнинг (метрополия халқлари) миллий ҳуқулари ва манфаатларини, хусусан, Туркманистонда, Тожикистонда, Қозоғистонда, Афғонистонда, Қирғизистонда, Россияда ва бошқа мамлакатларда ўзбеклар жам бўлиб яшайдиган жойларда уларнинг тил бўйича ҳуқуқларини муҳофаза қилиши керакми? Ҳукуматнинг ушбу йўналишдаги фаолиятни қандай баҳолайсиз? Сизнингча, қандай ҳаракат қилиш ва қандай муайян тадбирларни амалга ошириш лозим (Қирғизистонни истисно этиб турамиз, бу ҳақда кейинроқ гап юритилади)?

- Хориждаги ўзбеклар ва қорақалпоқлар ҳуқуқи ҳақида гапирилганда, уларнинг Ўзбекистон фуқаролигини фарқлаш зарур. Афсуски, ҳозирги расмийлар ҳеч қачон на уларнинг ва на буларнинг ҳуқуқ- манфаатларини ҳимоя қилмаган. Республиканинг миллионлаб фуқаролари тирикчлик илинжида ватанни тарк этишга мажбур бўлдилар. Ўзбекистон ҳокимият органлари уларни нафақат ҳимоя қилмаяптилар, балки гастарбайтер каби тоифадаги одамлар йўқдек, улар ҳақида эсламайдилар ҳам ёзмайдилар ҳам. Боз устига, гастарбайтер ватанига қайтганида, унга гўё “оч бўрилар” галаси каби божхона ходимлари, блок-постдаги постовойлар, милиция участка нозирлари ва бошқалар “ташланадилар”.

Айнан шу гастарбайтерларнинг армияси ички мамлакатни, жўнгина қилиб айтганда, давлат ғазнасини бир неча миллард доллар валюта билан таъминлаётгани борасида расмийлар уялиб индамайди. Расмийлар ўз ватандошларининг манфаатини чет элда қандай “ҳимоя қилаётгани” борасида бир мисол келтираман.

Қаршилик Б. исмли киши 2004 йилда Россияга пул ишлагани чиқиб кетди. Подмосковьеда у ўзининг ҳамшаҳарларини учратиб, улар билан бирга яшай бошлади. Аммо бир ҳафта ўтганидан сўнг милиция томонидан қўлга олинди ва судга етказилди. Шу ердан уни турмага жўнатдилар. Б.нинг ота-онаси 2004 йил октябрь бошида ЎИҲЖга мурожаат этдилар, шу ойнинг охирида мен Москвага халқаро семинарга йўл олдим. Таниқли россиялик ҳуқуқ ҳимоячилар менга Россия омбудсменининг Москва бўйича вакилига учрашишни маслаҳат қилдилар. Омбудсмен вакилининг сайъ-ҳаракатлари билан Б. озодликка чиқди. Аммо унинг йўлкирага пули йўқ эди. Россия Федерацияси унинг йўлкирасини ўз зиммасига олишга рози бўлди, бунинг учун Ўзбекистон элчихонаси Б.нинг оиласи кам таъминлангани ҳақида справка бериши керак эди. Россия омбудсмени вакилининг расмий мактубига элчихона Б. справка олиши учун аввал элчихона кассасига 60 доллар тўлаши лозим дея жавоб қайтарди. Шунда омбудсмен вакили ўз ташкилоти ҳисобидан Б.га чипта олиб берди ва у ватанига жўнаб кетди.

Ўзбекистон расмийлари бошқа мамлакатларда яшайдиган ўзбекларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳурмат қилмайди. Ўзбекистон лотин алифбосига ўтди, қўшни мамлакатларда ғуж бўлиб яшайдиган ўзбеклар кирил алифбосида қолдилар. Мантиқан олиб қараганда, Ўзбекистон қўшни мамлакатларда яшайдиган ўзбекларни лотин алифбосидаги дарсликлар билан таъминлаши керак эди. Аммо ўзбек расмийлари ҳатто ўз ўқувчиларини ҳам дарслик билан тўла таъминлай олмаяпти. Кўринишидан, Каримовга ўз қизларини Швейцариядаги Женева кўли соҳилида жойлашган виллалар билан таъминлаш зарурроққа ўхшаяпти. Ўзбекларнинг келажаги уни қизиқтирмайди.

- Агар қўшни мамлакатларнинг расмийлари “ҳаммаси яхши, аммо аввал сизлар бизнинг тожиклар, туркманлар, қозоқлар, қирғизларга нисбатан шу нарсаларни жорий қилингларчи” десалар, унда нима бўлади? (кўпчилик қирғизлар ўзбекларга қарши қирғинларини оқлаш учун Ўзбекистон ҳудудида қирғизларнинг ҳуқуқлари камситилаяпти, шунинг учун ўзбеклар Қирғизистонда ҳақ-ҳуқуқ талаб қилишга ҳақлари йўқ деган баҳоналарни кўтариб чиққандилар). Сиз қандай ҳисоблайсиз, Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бу халқларнинг ҳуқуқлари риоя қилинаяптими? Агар йўқ бўлса, нима қилиш керак? Келгусида келиб чиқиши эҳтимоли бўлган ҳар қандай эътирозларнинг олдини олиш учун қирғизлар ғуж бўлиб яшаётган жойларда ва ҳатто бутун мамлакат бўйлаб қирғиз тилига расмий мақом бериш керакми? Ёки уларни тезроқ ассимиляция қилишга уриниш керакми?

Қўшни мамлакатлар расмийларининг “ҳаммаси яхши, аммо аввал сизлар бизнинг тожиклар, туркманлар, қозоқлар, қирғизларга нисбатан шу нарсаларни жорий қилингларчи” ҳамда “Ўзбекистон ҳудудида уларнинг ҳуқуқлари камситилаяпти, шунинг учун ўзбеклар бизнинг мамлакатларимизда ҳақ-ҳуқуқ талаб қилишга ҳақлари йўқ” деган баҳоналарни кўтариб чиқишга асослари йўқ деб ўйлайман.

Баъзи мамлакатларда тўрттадан ортиқ тилларга давлат тили мақоми берилган. Бу мамлакатларда демократик тартиб мавжуд, толерантлик фуқароларининг қон-қонига сингиб кетган. Ҳозирги Ўзбекистонда қирғиз, тожик, қозоқ ва туркман тилларига давлат тили мақомини бериш борасида қанақа гап бўлиши мумкин? Мен реал воқеликдан келиб чиқиб гапираяпман. Автономия, миллий озчилик тилига расмийлик мақоми бериш борасида қирғизлар ўзбекларга геноцид ўтказаётгани каби титул миллати ўша миллий озчиликка нисбатан тазйиқ ўтказганида гапириш мумкин ва лозим.

Ҳеч кимни мажбуран ассимиляция қилиб бўлмайди.

ҚИРҒИЗИСТОНДАГИ ВОҚЕАЛАР ВА ШУНДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН САВОЛ

- Қирғизистон жанубидаги содир бўлган воқеалар давомида ва ундан кейинги ойларда президент Каримовнинг ҳаракатларига қандай баҳо берасиз? Агар баҳо жуда яхши бўлмаса, унда сизнингча, Каримов қандай ишларни амалга ошириши лозим эди? Ҳозир нима қилиш керак? Қирғизистон билан муносабатларни қандай қилиб барпо этиш керак?

Бу ҳақда мен “Бош буюртмачи” деб аталган мақола ёзганман. У Янги Дунё сайтида чоп этилган. Сергей Александрович Ежков (Тошкентдаги “Узметроном” веб-сайтининг бош муҳаррири – таҳр.изоҳи) унинг остида икки оғиз сўздан иборат изоҳ қолдириб кетган: “Да, уж!” (“Олиб қоч-а!”) Яқинда вафот этган марҳум профессор Ф. Исҳақов, доцент Б. Исабеков, ҳуқуқ ҳимоячи С. Зайнобиддинов ва бошқалар менга ташландилар. Қирғизистонда содир бўлган воқеалар хато қилмаганимни кўрсатиб қўйди. И. Каримов президент бўлиб қолаверар экан, қирғизистонлик ўзбеклар яхшилик кутмасалар ҳам бўлаверади. Каримов – ўзбек халқининг душманидир! Бу оғир айблов, аммо бу чин ҳақиқат.

- Давлат ҳудудининг титул миллатига мансуб бўлмаган бир қисми, агар уларнинг вакиллари очиқдан-очиқ камситилаётган ва мамлакатдан сиқиб чиқарилаётган бўлса, агар уларнинг миллий ҳуқуқлари бузилса, этник кўпчилик эса миллий озчиликни йўқ қилишга уринса, уларнинг ажраб чиқиш ҳуқуқи борасида нима дейиз?

- Қирғизистон аҳолисининг кам деганда 15 фоизини ўзбеклар ташкил этади, бу ҳам оз эмас. Бу мамлакатнинг бир миллиондан зиёд ўзбек аҳолиси, агар: а) сўнгги 20 йил ичида “титул миллати” икки марта оммавий қирғин ўтказган, аёлларни зўрлаган, минглаб уйларга, корхоналарга, савдо дўконларига ўт қўйган бўлса; б) 25 миллион ўзбек яшайдиган қўшни давлат расмийлари Қирғизистон жанубидаги бечораҳол ўзбекларини принципиал равишда ҳимоя қилишни истамаётган бўлса; в) халқаро ташкилотлар қирғизистонлик ўзбекларнинг муаммолари олдида кар-соқов бўлиб турган бўлса нима қилиши керак?

Бу ўзбекларнинг олдида икки йўл турибди, холос. Биринчиси – ўз ҳуқуқлари учун қуролли кураш олиб бориш, аммо мен ҳуқуқ ҳимоячи сифатида бу йўлни рад этаман. Иккинчиси – Қирғизистон таркибида автономия учун тинч йўл билан кураш олиб бориш.

БОШҚА МАМЛАКАТЛАР БИЛАН МУНОСАБАТЛАР

- Сизнингча, қайси мамлакатда ижтимоий тузум идеалга яқинроқ? Ўзбекистонни қайси давлатга ўхшашини истардингиз?

- Мен Ўзбекистонда юқори маданиятли, юксак ахлоқли ва ўта ўқимишли халқни, намунали ўрта ва олий таълим тизимини, илғор фан ва технологияларни кўришни истайман. Бу менинг орзуим. Мамлакатда фуқароларнинг барча, шу жумладан, сиёсий ва диний ҳуқуқларининг риоя қилинишини, ҳалол, шаффоф ва адолатли сайловлар ўтказилишини, жамият коррупция, порахўрлик, ўғирлик ва бошқа ижтимоий иллатлардан буткул халос бўлишини истардим. Агар дунёда шундай давлат бўлса, Ўзбекистон унга ўхшашини хоҳлардим.

- Ўзбекистон қайси мамлакатлар гуруҳи билан яқинлашмоғи лозим: Ғарб, Туркия, Исломий мамлакатлар ёки собиқ СССР республикалари биланми? Постсовет майдонидаги КХШТ, ЕврОсИҲ, Божхона иттифоқи каби турли интеграциявий лойиҳаларга муносабатингиз қандай? Ўрта Осиё доирасидаги интеграция лойиҳаларигачи? Бу бирлашмалар Ўзбекистонга керакми ўзи ёки у шу бугунги кунда йўлга қўйилган жўнгина, ҳамма билан икки томонлама муносабатларни ўрнатиш кифоя қиладими? Бу йўналишда қандай ишларни амалга ошириш лозим?

- МДҲ, ЕврОсИҲ, ШҲТ, КХШТ ва улар билан боғлиқ структуралар – амморф ва бефойда ташкилотлардир. Россия ўзининг империялик амбицияларидан, Хитой ўзининг “тинч экспансиясидан” воз кечмас эканлар, Ўзбекистон каби давлатлар ўз диктаторларидан халос бўлиб демократик ўзанга ўтмас эканлар, бу ташкилотлар шундай бефойдалигича қолаверади. Россия ва Хитой кўринишидан, “тузилишни” истамаяптилар. Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлаверади.

Ғарб, Туркия, Ислом олами ва собиқ СССР республикалари билан сиёсий, иқтисодий ва бошқа муносабатларни яқиндан ўрнатиш учун алоҳида йўналиш дея қабул қилинадиган бўлса, Каримовдан кейин келадиган ҳокимият мамлакатни демократик йўл бўйича ислоҳ қилишга киришмаса, қўлидан ҳеч нарса келмайди. Исломий мамлакатлар асосан демократияга ҳеч қандай алоқаси йўқ султон ва шайхлар сиймосида тақдим этилган; собиқ СССР республикалари Болтиқбўйи республикаларидан ташқари ўзлари демократиянинг ривожланишига муҳтож. НАТО аъзоси бўлишига қарамай, Туркия сўнгги пайтларда Ғарбдан узоқлашиб бормоқда, шунинг учун у билан яқинлашиш Ғарб билан муносабатларни мураккаблаштириб қўйиши мумкин. Кўринишидан, Ўзбекистон ушбу йўналишларнинг ҳар бирига мувозанатли йўл топа олиши керак

- Сизнингча, “улуғ оға” - Россия билан муносабатларни қандай барпо этиш лозим? Рус ва умуман олганда, ўзбекча бўлмаган маданий меросни мақсадли равишда йўқотиш, Россиянинг барча ташаббусларини саботаж қилиш, бу ишлар тўғрими?

- Рус ва ўзбекча бўлмаган маданий меросни мақсадли равишда йўқотиш бўйича ҳаракатлар нотўғри. “Россия ташаббуслари” борасида эса, улар хайрли ёки ёвуз бўлиши мумкин. Дунёдаги энг ёқимсиз диктаторларидан бири 21 йилдан бери Ўзбекистонда ҳукм сураяпти, аммо Россия шу чоққача халқ фойдасини кўзлаб уни қоралаш бўйича бирорта ташаббус билан чиқдими? Йўқ. Андижон қатлиомини Россия нафақат қоралагани йўқ, балки аксинча, [ташқи ишлар вазири] С. Лавров Андижонда чечен изи борлиги уларга маълумлиги ҳақида гапирган. Юздан ортиқ судлар ўтди, аммо бирорта чечен топилмади. Қотилни эса В. Путин Кремлда қабул қилди.

- Минтақадаги барқарорликка таҳдид солувчи ва наркотикларни тўхтовсиз етказиб берувчи Афғонистонга нисбатан қандай чора кўриш лозим? Ўртада баланд девор кўтариш керакми?

- Мен АҚШ афғон наркотикларининг Россияга етиб боришидан манфаатдор деган қатъий хулосага келдим. Мен Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали мулозимлари Афғонистондан (Тожикистон орқали) МХХнинг Термиздаги наркотиклар учун махсус омборига етказилаётганини, у ердан эса Россияга ва эҳтимол Европага юборишни йўлга қўйганлари ҳақидаги масалани АҚШ элчихонасида бир неча бор кўтарганман. Саволимга бош ирғашдан бошқа жавоб олганим йўқ.

Толиблар даврида афғон наркотиклари деярли йўқ бўлиб кетганди, аммо НАТО хуружидан сўнг афғон наркотиклари дунёни қайтадан “забт этмоқда”. Мантиққа зидми? ЙЎҚ ва яна бир бор ЙЎҚ!

ХОРИЖДАГИ ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ

- Кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ишлаётганлари ҳамда уларнинг сони тобора ўсиб бораётгани боис “Ўзбекистон хориждаги фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керакми?” деган савол айниқса долзарб бўлиб қолмоқда. Расмийларнинг бу йўналишдаги фаолиятини қандай баҳолайсиз? Бу жабҳада нима ишлар қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Ўзбекистон расмийларининг бу муаммо бўйича ҳаракатларини фақат жинояткорона деб аташ мумкин.

- “Чиқиш визаларига” муносабатингиз қандай? Улар керакми?

- Фақат қоралайман. Бу масалани ҳатто муҳокама қилишга ҳам тоқат йўқ.

- Қўш фуқароликка муносабатингиз қандай?

- Мен аввали бошдан қўш фуқароликка қарши бўлганман ва ҳозир ҳам шу позицияда қоламан. Аниқ эсимда йўқ, 1995 йилда бўлса керак, шу масалани муҳокама қилиш учун Россия ташқи ишлар вазири А. Козирев Тошкентга келганди. Бу ерга у Ашхободдан келган ва Туркманбоши Россиянинг қўшфуқаролик тўғрисидаги шартларига кўнганди. Уйимга Михаил Ардзинов (таниқли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи; сўнгги йилларда ҳуқуқ ҳимоячилари орасида бу одам МХХ билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаяпти деган фикр ғолиб келган) келиб, икковимиз ҳам ЎИҲЖ номидан чиқиб, қўшфуқароликни ёқлашимиз керак дея ундай бошлади. Мен “Қўшфуқаролик ўзбек халқига қандай фойда келтиради?” деб сўрадим. Жавоб ўрнига Ардзинов фақат “Келгусида фақат фойда бўлади” дея олди, холос. Мен унинг таклифини рад этдим.

Абхазия ва Жанубий Осетиянинг мисоли Россия таклиф этаётган қўшфуқаролик нимани англатишини яққол кўрсатмоқда. Мен АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландияга чиқиб кетган ўзбекистонликлар учун қўшфуқароликка қарши эмасман. Бу мамлакатларда Россия сингари “Россия фуқароларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш” каби сохта тезисни рўкач қилиб, ўз империяларини қайта тиклашга интилишлар йўқ.


Толиб Ёқубов ёшлигида

ДИНИЙ СИЁСАТ

- Дин эркинлигига муносабатингиз қандай: керакми шу нарса? Агар керак бўлса, қай даражада? Қандайдир диний гуруҳларнинг фаолияти ёки дин эркинлиги чекланиши ёки ҳамма учун – ваҳҳобийлар, ҳизбутчилар, иеговачилар, кришнаитларга ўз ғояларини даъват қилишларига тенг ҳуқуқ бериш керакми? Динларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш мумкинми ўзи?

- Инсонни ҳайвондан ажратиб турган нарса – Иймон, бу ҳақда ҳамма билади. Ўзбекистонда асосан мусулмонлар яшайдилар, бошқа динга эътиқод қилувчилар улуши унчалик катта эмас. Ўзбекистонда насронийлик ва яҳудийлик динлари ҳам мавжуд. Яҳудийларнинг ислом динига ўтганлари ҳақида кўп эшитганмиз, аммо маҳаллий аҳоли вакиллари яҳудийлик динига ўтибди деган гапни ҳеч қаерда ўқимаганман.

Қолган бошқа динлар Ўзбекистон учун характерли, табиий ва долзарб эмас деб ҳисоблайман. Уларни Ўзбекистонда ташвиқ қилмоқчи ҳар бир кимса менинг тушунишимча, унумдор тупроққа атайлабми ёки билмайин пестецидларнинг ҳалокатли дозасини сепаётган одамга ўхшайди.

Мен бирорта ҳам дин, шу жумладан, Ислом бўйича ҳам мутахассис эмасман. Аммо баъзи етакчи исломшунос олимларнинг асарларини ўқиганман. Улар Исломда турли оқимларнинг, секталарнинг пайдо бўлишини қоралайдилар. Улар бу нарса Исломга фақат зарар етказишини, мусулмонлар орасида адоват ва нафрат уруғини сепаётганини исботлаяптилар.

Кўркўрона тақиқ жиловланмаган эркинликка ўхшаб доим хатарли. Ҳақиқат ўртароқда бўлиши керак. Дин масалаларида доно одамлар бор, расмийлар уларга қулоқ солишлари керак.

- Ўзбекистонда исломий экстремизм мавжуд деб ҳисобласизми? Агар мавжуд бўлса, унга қарши қандай қилиб курашиш керак? Экстремистларни кўнглини овлаш йўли биланми ёки таъқиб ва босим йўли биланми? Кўпинча шундай фикр билдирадилар: бошқа йўл йўқ – уларни йўқ қилмасанг, улар сени йўқ қиладилар. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

- Исломий экстремизм йўқ, аммо экстремистик кайфиятдаги одамлар бор. Исломдан нафратланадиганлар ёки уни тушунмайдиган одамлар “исломий экстремизм” деган тушунчани ўйлаб чиқардилар. Оммавий ахборот воситалари эса вақти келганида уларнинг тезислари, тўқималарини илиб кетдилар. Экстремистик кайфиятдаги одамлар ҳамма ерда бор: АҚШда, Европада, Россияда ва Ўзбекистонда.

Мен дин бўйича мутахассис эмасман, аммо уларда экстремизмга даъват йўқ деб ўйлайман. Ҳар қандай экстремист таъқиб этилиши лозим, аммо экстремистларни жазолаш иштиёқида расмийларнинг ўзлари Ўзбекистондаги каби экстремистларга айланиб қолмасликлари керак.

Шу ерда L’Express газетаси чоп этган “Европада 2009 йилда содир этилган 294 та терактдан фақат биттаси исломий террорчилар томонидан содир этилгани тан олинди” мақоласидан бир иқтибос келтирмоқчиман: “Ҳукуматлараро Европол агентлигининг терроризм тўғрисидаги биринчи йиллик ҳисоботи Европага таҳдид солаётган хатарлар ва уларнинг ортида ким тургани борасидаги кенг тарқалган баъзи тасаввурларнинг нақадар заифлигини намоён этиб қўйди. Мисол учун, исломчилар зиммасига масъулияти юклаб қўйилган битаю-битта теракт Италияда содир этилди. Шунга қарамай, Европадаги аксилтеррорчилик органлари ислом таҳдидини террористик таҳдидлар орасида энг жиддийси дея ҳисоблашда давом этмоқдалар”, - дея қайд этади L"Express мухбири Эрик Метту.

- Ҳам сўзи билан ҳам қилаётган иши билан Конституцияни бекор қилишга ҳамда диний теократия ўрнатишга уринаётганлар билан нима қилиш керак? Қамаш керакми ёки улар ўйлаганларини амалга ошириш қудратигга эга бўлгунларича қўйиб бериш керакми?

- Бизга ёқадими ёки ёқмайдими, аммо ўзбеклар азалдан мусулмон миллати бўлиб келган ва шундайлигича қоладилар. Уларнинг менталитети исломий бўлиб шаклланган. Демак, ўзбек жамиятида Ислом давлати тузиш тарафдорлари доим топилади.

Исломшунос олимлардан бири шундай деб айтгани эсимда бор: “Агар ўзга оламнинг онгли вакиллари Ўрта асрларда коинотдан Ер сайёрасига келиб осмондан туриб қараганларида, юксак ривожланган маданиятли ҳудудни ва унинг атрофида фақат варварларни кўрган бўлардилар. Бу ҳазора Исломий эди”.

Бу мисолни мен Ислом ривожланишининг аввалги босқичида ўзида барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини мужассам қилган исломий демократия мавжуд бўлганини айтмоқчиман. Агар кимдир Ўзбекистонда исломий демократия учун жонбозлик қиладиган бўлса, мен уни қўллайман.

ТАҲДИДЛАР

- Ўзбекистонга таҳдид солаётган хатарлар ҳақида айтиб берсангиз. Уларни олдини олиш ёки зарарини иложи борича камайтиш учун нима қилиш керак?

- Ўзбекистонга таҳдид солаётган асосий хавф – бир кишининг яккаҳокимлиги, диктатура. И. Каримовнинг диктатураси мамлакатни анча ортга улоқтириб юборди. Адолат деган тушунчанинг ўзи йўқ бўлди. Давлатнинг ўзи давлат қонунларини ва адлияни назар-писанд қилмай қўйди, шунинг учун ҳам у қароқчилар тўдасига айлантирилди. Таълим, фан йўқ қилинди, жамият ахлоқ жиҳатдан таназзулга юз тутди. И. Каримов ҳокимияти мамлакатни олиб бориб қўйган жойдаги барча негативни санаб ўтишга имкон йўқ. И. Каримов жамиятга, мухолифатга, улар мамлакатда бирор нарсани яхши томонга ўзгартиришларига деярли ҳеч қандай имконият қолдирмади. Барча йўллар “блок-постлар” билан тўсиб қўйилган.

- Таҳдидлар қаторига демократияни қўйса бўладими? Мисол учун, аҳолининг аксарият қисми унчалик ўқимишли эмас, шу муносабат билан халқ миллатчи ва экстремистик шиорлардан фойдаланганларга овоз бериши мумкин. Яъни, инсон ҳуқуқлари ва Конституция деган тушунчадан йироқ кишиларнинг тинч йўл билан иқтидорга келишига имконият пайдо бўлади (эҳтимол бу бирданига эмас, бир неча босқичда амалга ошади, аммо натижа ўша-ўша бўлади). Унда нима қилиш керак? Бунга йўл қўйиб бериш керакми ёки бундай гуруҳ ёки оқимлар кучайиб кетмасдан туриб уларга бор куч билан қарши туриш керакми?

- Албатта, бу нарса мумкин. Қирғизистон бунга яққол мисол бўлади. Бундай кучларга индамай кўмак бериш, табиий мумкин эмас. Бор куч билан, аммо зўравонлик ишлатмай, бу каби гуруҳ ва оқимлар кучайиб кетмасдан ва бу каби имкониятни қўлга киритмасларидан бурун қаршилик кўрсатиш лозим.

- Ислом Каримовнинг 20 йил давом этган ҳукмдорлигид