11:42 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қодиржон Ботиров: Қирғизистон расмийлари одамларни ишлашга ва ўзгалар ҳақини адо этишга ўргата олмадилар

08.02.2011 11:02 msk

Фарғона

Қирғизистондаги ўзбек жамоасининг лидерларидан бири, Жалолободдаги хусусий университетнинг асосчиси ва президенти, парламентнинг собиқ депутати ва 2 даражали Давлат маслаҳатчиси Қодиржон Ботиров мамлакат жанубида содир бўлган фожиавий июнь воқеаларининг асосий фигуранти бўлиб қолди. Миллий комиссия ҳам, Мустақил комиссия ҳам, шунингдек, баъзи-бир сиёсатчилар июнь ойидаги хунрезликларига Қ. Ботировни бош айбдор деб кўрсатдилар. Узоқ вақт давом этган сукутдан сўнг, қувғинда юрган Қодиржон Ботиров “Фарғона” ахборот агентлигига эксклюзив интервью беришга рози бўлди.

Жаноб Ботиров, ҳозир қайси мамлакатда яшаяпсиз?

- Қаердалигимни айта олмайман, акс ҳолда, бу мамлакатни Қирғизистонга душман дея айблашлар мумкин. Умуман олганда, мен МДҲнинг истаган мамлакатида бўлишим мумкин, бу мамлакатдагилар Қирғизистондаги вазиятни яхши тушунадилар ва бизга ҳам яхши муносабатдалар. Бизда ҳама нарсани оёғини осмондан қилиб, жабрланганларни айбдорга айлантириб қўйишди...

- Қирғизистонда Сизга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида нима биласиз? У ёки бу чегарани кесиб ўтаётганингизда чегарачилар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари сизни ушлаб қолишга уринмадиларми?

- Жиноят иши ҳақида менга ҳеч нарса маълум эмас, ўзбекларнинг “ёмон” лидерларини, шу жумладан, мени қора бўёққа бўяш учун у ерда қандай чўпчаклар тўқишаётгани ҳақида тахмин қилиш мумкин, холос.

- Шу чоққача нега Россия, Европа ёки Қирғизистоннинг бирорта нашрига интервью бермадингиз?

- Бир томондан, мамлакада бўлиб ўтган ишларни англаб олиш, мағзини чақиш керак эди. Бошқа тарафдан эса, менинг ҳар қандай сўзларим вазиятни бундан-да таранглаштириб қўйиши, оддий ўзбекларнинг аҳволини ҳамда миллатидан қатъий назар, “Бакиевнинг оилавий режими Қирғизистонни тарк этиши билан барча фуқароларнинг тенглиги тантана қилади ва ҳуқуқий давлат қурилади” деган ғояга ишонган одамларнинг аҳволини оғирлаштириб қўйиши мумкин эди. Ахир мамлакатда ўзбекларнинг “сепаратизми” ва бош “сепаратор” Қодиржон Ботировга қарши жуда кучли ташвиқот олиб борилаяпти. Менинг ҳар қандай сўзимдан у ерда энг аввало Бакиев ва унинг атрофидагилар, шунингдек, айни пайтда ижро ҳокимияти ва парламентида ўтирганларнинг тегирмонига сув қуядиган сиёсий хулосалар чиқаришлари мумкин эди. Бу гап шу чоққача мамлакатда эркин сайр қилиб юрган ва жиноий фаолиятини давом эттираётган криминалитет ва жиноий гуруҳларга ҳам тегишли. Бу бегуноҳ одамларнинг ҳаётини оғирлаштириб қўйиши мумкин эди.

- Қирғизистонни қачон ва нега тарк этдингиз? Шахсий хавфсизлик важиданми ёки бошқа сабабдан?

- Мен мамлакатни Вақтли ҳукуматнинг жанубдаги махсус вакили Исмаил Исақов ва Жалолободнинг ўша вақтдаги комменданти Бақтибек Алимбековнинг қатъий илтимосига биноан тарк этишга мажбур бўлдим. Улар аҳолининг қирғиз миллатига мансуб қисми Бакиевга қўшилиб кетмаслиги ва мамлакат жанубидаги вазият бундан-да мураккаблашиб кетмаслиги учун уч-тўрт кун керак дея мени сафарга чиқишга ундадилар. Негадир, Вақтли ҳукумат вакиллари шу бугунгача ушбу фактни яшириб келаяптилар. Ҳолбуки, мен мамлакатни Вақтли ҳукуматнинг “қандайдир вакиллари” ёрдамида тарк этганим ҳақида сирли гаплар юрибди.

Уларнинг илтимосига мувофиқ мамлакатда барқарорликни сақлаб қолиш учун Қирғизистонни тарк этган пайтимдан бошлаб ва июнь воқеалари бошлангунига қадар Вақтли ҳукумат мени сохталаштирилган жиноят иши тез орада ижобий ҳал бўлади, шунда мен ҳеч қандай тўсиқларсиз ватанимга қайтишим ва ўз ишимни давом этишим мумкин бўлади деган ваъдалар билан боқиб келдилар. Аммо ундай бўлмади. Июнь воқеаларидан кейин эса эстафета таёқчаси ҳокимит устига келган бакиевчилар қўлига ўтди, энди вазиятни улар таранглаштирмоқдалар.

На митинге в Джалал-Абаде 10 апреля 2010 года
Жалолободдаги митингда, 2010 йил 10 апрель, чапдан ўнгга: Бектур Асанов, Асан Шакиров (Бакиевнинг одами, Б. Асановгача область губернатори бўлган), область ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи, бир неча кундан бери лавозимда, ўша пайтдаги губернатор муовини Ғиясов ва Қодиржон Ботиров.

- Интернетдаги шарҳловчилар кўпинча сизнинг Жалолободдаги кабинетингизда Ўзбекистон харитаси ва Ислом Каримов портрети осиғлиқ турган дея таъкидлайдилар. Бу ростми?

- Бизни айблаш учун тўқилган навбатдаги чўпчак. Менинг кабинетимда ҳатто Қирғизитон президентларининг портретлари ҳам йўқ. Нима кераги бор уларни? У ерда отамнинг портрети осиғлиқ турган, холос.

- Миллий комиссия хулосасида Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев “миллий озчиликлар лидерларига ҳушомад қилиб уларнинг маданият марказларидан сайлов ва референдумлар пайтида ўз сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиб келган” деб айтилган. 2005 йилдаги парламент сайловларида сизни Қурманбек Бакиевга қарши қўйишгани ва бу нарса қирғиз-ўзбек муносабатини таранглаштириб қўйгани ростми?

- Миллий комиссия раиси Эркебаевга тан бериш керак: комиссия хулосаларининг аксарияти тутуриқсиз бўлишига қарамай, у ҳар ҳолда ўзбеклар томонидан сепаратизм бўлмаганини тан олдику. Ҳатто буни истаганида ҳам комиссия йўқ нарсани топа олмас эди. Ўзбек жамоасининг лидерлари сифатида бажарган ишларимиз – ўзбеклар ҳуқуқини илгари суриш учун фақат қонун доирасида музокаралар олиб бориш ҳамда муайян қадамларни қўйиш бўлган, холос. Балким, сиёсатчилар бизга ҳушомад қилгандирлар, аммо биз фақат битта нарсани – ўзбеклар ўзларини мамлакатнинг тўлақонли фуқроларидек ҳис этиш имкониятига эга бўлишини, таълим олиш, ишлаш ва болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга бўлишини талаб қилиб келганмиз.

- Миллий комиссия сизни июнь воқеаларининг бошланишига асосий айбдор, бош провокатор ва ташкилотчи дея атаганди. Сизни ўзбекларни митингларга тўплашда, ўзбеклар ғуж бўлиб яшайдиган ҳамма жойларга боришда айблаяптилар. Қаерда сўзга чиққан бўлсангиз қирғизларни ўзбекларга қарши қўйиб келган экансиз. Шундай бўлганми? Агар шундай бўлса, айнан қандай қилиб қарши қўйгансиз?

- Митинг ўтказиш ва мамлакатни айланиш қаерда тақиқланган экан? Республикада ҳар йили минглаб митинглар ўтади, нега энди буни қилиш мумкин эмас экан? Бу ерда комиссия ўзбекларни ўқимишли, кучли ва эркин бўлишини истамаётганларнинг иродасини бажарди. Вақт ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Бўлиб ўтган воқеаларга халқаро комиссия объектив баҳо беради дея жуда умид қиламан. Агар бундай бўлмаса, бу бўшлиқни биз тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Бизнинг ҳақлигимизга далиллар етарли.

- Май ойида ТВ намойиш этган чиқишларингизда нималар дейилган? Таъкидлашларича, бу кўрсатувлар қирғизларни аччиғини чиқарган экан. Омммавий ахборот воситаларида чоп этиш ва жамоатчилик таҳлилидан ўтказиш учун ўша видеоёзувларни тақдим эта оласизми?

- Мана сиз журналистсиз, ўзингиз ўйлаб кўринг, иккита телеканал қонун тақиқлаган ёки икки халқни бир-бирига қарши турғизиб қўядиган нарсани эфирга қандай қилиб чиқаради? Боз устига, ЎшТВ директорининг рафиқаси мен билишимча қирғиз бўлса. Майли, менинг сўзларим қирғиз биродарларимизнинг аччиғини чиқарган бўлсин, бу нарса фақат маҳаллий сиёсатчилар ва кучишлатар тузилмалари ходимларининг аксилўзбекча ва аксилботировча ташвиқотининг натижаси бўлди. Таҳлил учун бу видеоёзувларни миллий комиссия ёки депутатлар комиссияси чиқариб қўйсин ва одамлардан сўрасин – менинг айтганларимдан нима нарса уларнинг миллий қадриятларини камситганини. Бу ёзувлар уларда ҳам бор, биз уларни яширмаганмиз.

Митингларда биз кучишлатур тузилмаларининг коррупция ботқоғига ботиб кетгани, расмийларнинг сотқинлиги ҳақида гапирганмиз. Аммо айрим сиёсатчилар буни қирғиз миллатига нисбатан ҳақорат каби тақдим этаяптилар. Балки, бу тузилмаларда фақат титул миллати вакиллари ишлагани учундир...

- Сиз Қирғизистонда ўзбекларнинг ҳуқуқлари риоя қилинишига эришмоқчи бўлганингизни айтгандингиз. Улар қанақа ҳуқуқ ўзи?

- Биз ўзбеклар сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлиш, тинчгина ишлаб мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида иштирок этишни истаймиз. Мустақиллик йиллари давомида ўзбек мактабларининг сони икки баробарига қисқарди, ҳолбуки статистика яширишига қарамай, аҳолининг ўзбеклар қисми доим ўсиб бораяпти. Давлат структураларидан ва айниқса кучишлатар структураларидан ўзбекларни “сиқиб чиқариб” бўлдилар. Буни Миллий комиссия ҳам тан олди. Милиция, прокуратура, солиқчилар ва бошқа тузилмалар асосан ўзбекларни таъқиб этиб келганлар, улардан пул юлиб келганлар. Айтишларича, ўзбеклар армияда хизмат қилишни истамас эмишлар. Қайси ота-она миллатчилик авж олган, болалар калтакланаётган армияга ўз боласини юборар экан? Жалолободнинг ўзида шунақа воқеалардан бир нечтаси бўлган, бир неча аскарни фақат ўзбек бўлгани учун калтаклаб нобуд қилганлар ёки ўлдирганлар.

- Ўзбекларнинг ҳамма нарсаси бўлса ҳам, доим бир нарсаларни талаб қилишади, дея қирғизлар ҳайрон...

- Масаланинг бундай қўйилиши мени доим ажаблантириб келган. Одамлар нега бизнинг ҳаётимизни ривожланган мамлакатлар билан таққослашмайди? Одамларнинг яхшироқ яшашга интилиши ғайритабиий ва ёмонми? Ҳа, тоғли ҳудудлардаги қирғизларнинг аксарият қисми қашшоқликда яшайди. Аммо бунга ўзбеклар эмас, уларга яхши яшаш ва ишлаш учун шароит яратиб бермаган ҳукумат айбдор. Аммо сиз Бишкекни бир кўринг, у ердаги бой қирғизларнинг, асосан мутасаддиларнинг қандай уйлар қураётгани, қандай уйларда яшаётгани, қандай машиналарни миниб юрганини биласиз. Чет элга қанчадан-қанча маблағларни олиб чиқаяптилар ва хорижда ўрнашиб олаяптилар. Биз эса аксинча, хорижда пул топиб мамлакатга сармоя ётқизаяпмиз – университетлар, мактаблар, медицина муассасалари қураяпмиз. Бу бойлар ўзларидан кейин нима қолдираяптилар? Қашшоқ қирғизларни, коррупцияни ва энг қўрқинчлиси – “қирғизлар хўжайин, қолган халқлар квартирант” шиори остидаги миллатчиликни қолдираяптилар (Асқар Ақаевнинг “Қирғизистон – бизнинг умумий уйимиз” деган шиорига пичинг қилиб: “Қирғизлар мамлакатда ўз уйларида, қолганлар эса квартирант” деб сиёсатчи Адахан Мадумаров айтган эди).

Бу сиёсатчиларга зиммаларидаги масъулиятни соқит қилиш учун айбни ўзбекларга, дунганларга ёки русларга ағдариб қўйиш чўт эмас. “Мана, бошқа миллатлар яхши яшаётганлари учун сизлар ёмон яшаяпсизлар”, дейиш осон. Комиссияларнинг иккиси ҳам жанубдаги воқеалар ҳақида хулоса чиқариб, тахминан шу гапларни айтаяпти.

Бугунги кунда нималарга эга бўлганимизга бир қараб қўйинг. Мамлакатнинг 2,6 миллиард доллар ташқи қарзи бор, шунга қарамай, ҳукумат қарз сўрашдан тўхтагани йўқ. Одамлар ўзлари учун ҳеч нарса қилишни истамай, фақат давлатдан талаб қиладиган давлатда ҳеч қачон тинчлик ва тотувлик бўлмайди. Чунки айрим сиёсатчилар ва айрим одамлар, мен бу ерда бутун бир халқ ҳақида гапирмаётганимни таъкидлаб қўймоқчиман, ўзларига тегишли бўлмаган нарсаларни ўзаро тақсимлаяптилар, газ, электр энергияси учун тўловларни, солиқларни тўлашни ва боз устига, кредитларни қайтаришни истамаяптилар. Ҳамма истеъмол қилишни хоҳлайди, ҳеч ким ишлаб чиқаришни истамаяпти. Расмийлар мустақилликнинг йигирма йиллик даврида одамларни ишлашга ва ҳалоллик билан ҳисоблар бўйича тўловларни тўлашни ўргата олмадилар. Негаки, уларнинг ўзлари ҳам буни қилмайдилар. Ҳалол бизнес қиламан деганларни коррупция, криминал ва катта солиқлар бўғаяпти.

- Вақтли ҳукуматда ўзбекларга хайрихоҳ бўлган бирор киши бормиди? Бирор киши сизнинг ўзбек тилига расмийлик мақомини бериш ҳамда ҳокимият идораларида ўзбекларнинг пропорционал иштироки тўғрисидаги талабларингизни ёқлаб чиқдими?

- Ўзбекларга хайрихоҳ сиёсатчилар умуман ҳеч қачон бўлмаган, воқеликка ақл-идрок билан қараган сиёсатчилар ва ишбилармон доиралардан дўстлар бўлган, бунақалар ҳозир ҳам бор. Ўзбек тилининг расмий мақоми борасида эса, бу ерда қийинроқ, аммо бунга хотиржам муносабатда бўлган одамлар ҳам етарли бўлган. Ҳокимият идораларидаги тенгсизлик ҳақида кўпчилик гапираяпти. Бу ҳақда парламентда Эркебаев ҳам гапирди. Аммо иш муайян қадамлар қўйиладиган вақтда... Мамлакатда ҳокимият ва лавозимлар учун ҳатто қариндошлар ҳам кураш олиб бораяптилар. Улар бутун-бутун соҳа ва секторларни “патентлаб олишга” уринаяптилар. Бунақа одамлар бошқа миллатларнинг адолатли талабларини тушуна олмайдилар.

На митинге в Джалал-Абаде 10 апреля 2010 года
Жалолободдаги митингда, 2010 йил 10 апрель, ўнг томонда турган – воқеаларни уюштиришда айбланаётган ва айни пайтда терговда сўроқ бератган имом Муҳаммаджон.

- Миллий комиссиянинг такидлашича, июнь воқеалари аввалдан тайёрланган, чунки SOS ёзувлари ўзбек ҳарбийларини ёки исломий жанггариларни огоҳлантириш учун ёзилган бўлиб, гўё ўзбеклар уларни кутган эмиш. Комиссиянинг таъкидлашича, “экстремистлар аввалдан жанггавор ҳаракатларга тайёрланиб борган”, шунинг учун ўзбек маҳаллаларида жанг олиб боришга мослаштириб қайта жиҳозланган бир неча КамАЗ топилган эмиш. Бу борада нима дейсиз?

- Фурсатдан фойдаланиб, қирғиз миллатчи-фашистларининг даҳшатли геноцидидан қутилиш учун қочиб ватанини тарк этган кўп мингли ўзбек қочоқларга салмоқли ёрдам кўрсатган Ўзбекистон халқига, унинг ҳукуматига ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Энг аввало, медицина ёрдами, озиқ-овқат таъминотида ёрдам ташкил этилди, халқаро ташкилотлар ва ҳамжимиятлардан келиб тушган гуманитар ёрдам тақсимоти ҳам пухта ташкил этилди. Ёш болаларни боғчаларга жойлаштирдилар, мактаб ёшига етганлар учун эса лагерлар ташкил этилди. Одамларга ўз уйларидан бошпана берган, қарияларга алоҳида эътибор қаратганларга алоҳида миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман.

Энди ёзувларга ва КамАЗларга қайтамиз. Комиссия аъзоларидан бири Жипар Жекшеев бу ёзувларни ёзиш учун 1,5 миллион сом сарфланди деган тутуриқсиз гапларни айтишгача борди. Бу пулга Ўшни ярмини қайта бўяб чиқиш мумкинку! Мана шунақа “комиссия”...

Комиссия хронологияга аниқлик киритиб олсин: бу ёзувлар ва КамАЗлар қачон пайдо бўлганини. Агар сизнинг уйингизга қуролланган одамлар ва БТРлар ҳужум қилиб ўққа тутса, на болаларни ва на аёлларни аямаса, нима қилардингиз? Ўша кунлари одамлар бирор кишидан ёрдам кутишга умидлари йўқ эди. Шунинг учун улар баррикадалар кўтардилар, чоҳ қазидилар. КамАЗларни жанг қилишга мослаштириб қайта жиҳозладилар дегани нима ўзи? Уларга замбараклар ўрнатилибдими?

Биз ҳеч қачон Ўзбекистондан ёрдам кутмаганмиз. Ўзбекистон раҳбариятининг позицияси доим шундай бўлган: барча муаммоларни биз ўз давлатимизнинг қонун доиралари ичида ҳал этишимиз лозим ва бу тўғри позиция. Тасаввур қилинг, агар Ўзбекистон “дунёдаги барча ўзбеклар – бизнинг фуқаролар” деганга ўхшаш популистик сиёсатни олиб борганида, ана ўшанда сепаратизмни ва қўшни мамлакатга қўшилишга интилишларни кутиш мумкин бўларди.

Қирғизистонда баъзи-бировлар бундай сиёсатни Ислом Каримовнинг заифлиги ва Қирғизистондаги ўзбекларни назар-писанд қилмаслиги дея қабул қилишлари яхши эмас. Бунинг акси ўлароқ, бошқалар қўрқитиш учун Ўзбекистон томонидан гўё содир этилажак ҳужумлар ҳақида даҳшатли чўпчаклар тўқияптилар.

Қирғизистон ўзбеклари айнан Қирғизистонни ўзларининг ватани деб биладилар ва айнан шу мамлакатда яшашни истайдилар. Шунақа бўлганидан кейин, улар ўз ҳақларини талаб қилишга ҳақлилар, негаки биз солиқларни Қирғизистон давлатига тўлаймиз, ўша ҳокимият ва милиция аслида бизга боқиманда!

Gezitter.kg сайти Тейит қишлоғи аҳолисининг июнь воқеаларини текшириш бўйича парламент комиссиясига мурожаатининг таржимасини чоп этди. Бу мурожаатномада 2010 йил 14 май воқеалари тасвирланади. Мурожаатнома муаллифларининг таъкидлашича Қ. Ботиров Бакиевлар уйига (Қанибек, Жусуп ва Абдиваситга қарашли уй, Қурманбекнинг уйи ҳақида мактубда сўз юритилмаган) ўт қўйишга буйруқ берган. Қишлоқликлар Қ. Ботиров, А. Текебаев (Ата Мекен партиясининг маҳаллий бўлими раҳбари) ва Б. Асанов (Жалолобод области губернатори) биргаликда ҳаракат қилганларини, ҳужум қилган оламон ҳам ўзбеклардан ҳам қирғизлардан ташкил топганини, Бакиевлар уйни талон-тарож қилишга ва ўт қўйишга сабаб қилиб “бакиевчиларга” нафрат ҳиси бўлганини тасвирлайдилар. Шу гапларни таъкидлаш билан Тейит қишлоғи аҳолиси Миллий комиссиянинг Бакиевлар уйига ўт қўйилганидан кейин миллатлараро низо янги босқичга ўтганини иддао қилувчи тезисини беихтиёр равишда инкор этди.
- Тейит қишлоғида Бакиевлар оиласига қарашли уйга ҳужум қандай ўтган? Вақтли ҳукумат раисининг муовинларидан бири Ўмурбек Текебаев бундан манфаатдор эди деган гаплар тўғрими? У сизнинг одамларингизни шунга ундаганмиди?

- Мен бу ҳақда олдин ҳам гапирганман ва яна бир бор қайтараман – биз Тейитга келганимизда, спецназ у ерда турган, Бакиевлар уйи эса ёнаётган эди. Биз Тейитга кириб келаётганда мен ички ишлар вазирининг муовини Суюн Ўмурзақов билан билан шахсан гаплашганман ва унга Бакиевларни қўлга олишда ёрдамимни таклиф этганман. Аммо у менга қулоқ солишни ҳам истамади ва одамларни шаҳарга қайтаришни талаб қилди. Шундай кейин биз қайтиб кетдик. Тейитда Бакиевнинг яқин қариндошлари, улар бошидан охиригача уни қўллаб келганлар.

Яна бир нарсани қайд этмоқчи эдим, Тейитга – Бакиевлар уйига унинг жиноятчи шерикларини қўлга олиш учун келган кўп мингли омманинг қирғизларга зиён етказиш нияти бўлмаган. У ерда бирорта уй ёки бирорта оила жабрлангани йўқ. Шу ерда битта савол туғилади: агар Тейит қишлоғига келганларнинг нияти қирғизларнинг уйини вайрон қилиш бўлса, унда нега бирорта уй ёки бирорта оила жабрланмади? Миллий комиссия бу фактни эътиборга олмаяпти, бир уйга ўт қўйди, бир байроққа ўт қўйди деган турли баҳоналарни ўйлаб топаяпти ва мени қоралашга уринаяпти.

- Сиз Қирғизистон байроғига ўт қўйишда қатнашганмидингиз? Ёки унинг ёнганини кўрдингизми? Тейитда Қирғизистон байроғига нима бор экан? Ёки байроқ Бакиевлар уйи устида ҳилпираб турганмиди? Ёки уни биров ўзи билан олиб келдими?

- Мен ҳам гап қанақа байроқ ҳақида кетаётганини билмоқчи эдим. Мен у ерда байроқ кўрганим йўқ. Бу менга қарши қирғизларни гиж-гижлагани тўқилган яна битта ёлғон. Бу – давлат сиёсати даражасига кўтарилган миллатчилик сиёсатининг бир бўғини. Бу ҳақда минбарлардан сўзга чиқаётган депутатлар гапираяптилар.

- Миллий комиссия хулосасида айтилишича, май ойида сиз “Ота Макон” партияси билан бирга бакиевчиларга қарши чиққан экансизлар. Нега энди айнан “Ота Макон”? Текебаев билан сизни боғлаб турувчи қандайдир алоқалар борми?

- Бакиевчилар 13-14 май кунлари Ўш, Жалолобод ва Баткен область маъмурияти биноларини тортиб олган пайтдаги воқеалар ҳақида сўрамоқчимисиз? Ўшанда биз “Ота Макон” партиясининг лидери Ўмурбек Текебаев ва унинг укаси Асилбек Текебаев билан бир неча бор музокаралар ўтказганмиз. Шунингдек, мен “Оқ Шумқор” партиясининг лидери Темир Сариев, Вақтли ҳукумат аппарати раҳбари Эмил Қаптағаев ва вақтли ҳукуматнинг бошқа аъзолари билан мунтазам равишда мулоқот қилиб турганман. Жалолобод губернатори Бектур Асанов билан доим алоқада бўлганмиз. Олдимизда турган вазифа – нафақат “Ота Макон” ёки ўзбекларга, балки бутун Қирғизистонга тегишли бўлган – инқилобни қўллаш ва ҳимоя этиш, тортиб олинган маъмурият биноларини қайтариб олиш, майдонни Қурманбек Бакиев ва Усен Сидиқов тарафдорларидан тозалаш.

13 май куни мени Ўшга таклиф этдилар, ўшанда мактабларнинг бирида 10 мингдан зиёд ўзбек фуқаролари тўпландилар. Баъзилар область ҳокимлиги биносини қуролланган босқинчилар қўлидан озод қилишга чақира бошладилар. Мен вазиятни ўрганиб чиқиб, одамларни провокацияларга берилмасикка, уй-уйларига тарқалишга ундадим. Чунки қуролланган одамларга қарши қуролсиз одамларни юборишга ҳақимиз йўқ эди. Мен уларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ва вақтли ҳукуматнинг кўрсатмаларини кутишимиз керак деб айтдим. Вақтли ҳукумат Қирғизистон халқига мурожаат қилганидан сўнг Қирғизистон халқи ва шу жумладан, биз ўзбеклар ҳам 14 май куни область маъмурияти биносини Бакиев ва Сидиқовнинг тарафдорларидан озод қилгани борганмиз.

Ўша куни Жалолободда Ташиев айтганидек учта қирғиз эмас, икки қирғиз ва икки ўзбек ҳалок бўлди. Улар Бакиев тарафдорлари томонидан отилган ўқлардан ҳалок бўлдилар ва жаноб Ташиев ўшанда бакиевчилар орасида турганди. Яраланган 80 кишининг аксарияти ўзбеклар эди. Ташиев эса уларнинг ҳаммаси қирғиз бўлган ва уларни Ботиров отган деб айтган. Бундай сиёсатнинг натижаси ўлароқ, вақтли ҳукуматни қўллаганлар ҳозир турмада ёки сургунда, Бакиевни қўллаганлар эса ҳокимият бошига келдилар. Расмийлар эса одамларни ҳимоя қилиш у ёқда турсин, бу ҳақда очиқ гапира олмаяптилар ҳам.

- Айтишларича, қирғизистонлик ўзбек қочоқлари учун Ўзбекистондагилагерларни 10-15 июнь воқеаларидан бир неча куни илгари тайёрлашни бошлаган эмишлар. Бу ҳақда нималарни биласиз?

- Миллий комиссиянинг баъзи аъзолари шунинг учун ҳам Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни Нобель мукофотига тақдим этмоқчи бўлган эканларда? Наҳотки бу гапларнинг нақадар тутуриқсизлигини ўзингиз кўрмаётган бўлсангиз?

- Сизнингча, Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун раҳбарлик қилган Мустақил комиссиянинг ҳисоботида “Ботиров Қирғизистоннинг жанубий вилоятларини Ўзбекистонга қўшишга интилгани” ҳақидаги хулоса қаердан пайдо бўлди?

- Менимча, у бунинг тескарисини айтди чоғи? Яъни, биз Ўзбекистонни Жалолобод вилоятига қўшиб олиб уни шу ердан туриб бошқармоқчи бўлганмиз, деб айтмаганмиди? Унинг далиллари мантиқсиз – агар биз автономия талаб қилган бўлсак, унда ўзбек тилига расмийлик мақоми сўрашнинг нима кераги бор? Турсунбек Ақун омбудсмен битта миллат ёки давлатнинг эмас, балки оддий бир фуқаронинг, миллатидан қатъий назар ҳар бир фуқаронинг ҳимоячиси эканини унутиб қўйди. Шу билан у ўзининг масхарабоз эканлигини яна бир бор исботлаб қўйди. Шунақа одамлар давлатнинг олий лавозимларида ўтирибдилар...

- Қирғизистон матбуотида Ўш воқеаларининг конспирологик (фитнакорлик) келиб чиқишлари ҳақидаги тахминлар тез-тез пайдо бўлиб турибди. Мисол учун, республика жанубидаги миллатлараро низо оловини гўё Россия алангалатгани ҳақида гаплар бўлган. “Ўш воқеаларида” ташқаридан келган “учинчи кучлар” иштирок этганми? Агар шундай бўлса, қанақа куч экан у?

- Айбни бировга ағдаришдан осони йўқ. Агар шундай бўлган бўлса, унда мамлакат махсус хизматлари нега бундай аралашувнинг олдини олмадилар? Нега улар шу бугунгача Бакиев тарафидан ёлланма жанггариларнинг таклиф этилганини, қирғизларни ўзбекларга қарши провокацияга итараётган кучлар бўлганини яшириб келдилар? Энг асосийси эса, улар ўзларининг бош ташкилотчиларини ҳимоя қилиш мақсадида ўзбекларни сепаратизмда айблаяптилар ва айбни қандайдир “учинчи кучларга” ағдараяптилар. Шунинг учун ҳам бу савол менга эмас, балки бунинг учун масъул бўлганларга ва бугунги кунда ҳокимият бошига келганларга берилиши керак.

- Ўзбек жамоси воқелар бошланишидан қанча вақт аввал қуроллана бошлаган? Июнь воқеалари арафасида ўзбек қуролли тузилмалари тузилганми? Агар ҳа бўлса, нега? (мустақил комиссия раиси Абдиғани Эркебаев “Фарғона”га интервьюда ўзбек қуролли тузилмалари тузилгани исботланган факт дея гапирган эди – таҳр.)

- Бу гапни қаердан олдингиз? Ҳарбийлар БТРларда ҳужум қилишни бошлаганида, уйлар талон-тарож қилиниб уларга ўт қўйила бошланганидан кейин ўзбеклар қўлларига қурол олдилар. Ўшанда ҳам уларда фақат ов милтиқлари ва қўлларига келган нарсалар бор эди, холос. Одамлар ҳужум қилганларнинг қўлидан қуролларини тортиб олган ҳолатлар бўлгани ҳам рост.

- Олдинроқ сиз Бакиев даврида ҳам ўзбекларни эзиб келишган, 2010 йил воқеаларидан кейин эса қирғиз бўлмаган тадбиркорларнинг бизнесини рейдерлик йўли билан тортиб олишлар бошланди деб айтгандингиз. Сиз буни тасдиқлайсизми? Бунга қандай исботларингиз бор?

- Бакиевлар 2006 йилда университетимизнинг кўп квартирали уйини тортиб олдилар. Барча суд инстанциялари бизнинг фойдамизга қарор чиқарганига қарамай, уй ҳамон ишғолчилар қўлида. Улар яна “Дўстлик” чорвачилик комплексини ва клинкер заводини тортиб олдилар. Бакиев тахтга ўтирганидан кейин бошланган босиб олишларни ваҳшийликдан бошқа ном билан айта олмайман. Босиб олинган хусусий ер участкаларида босқинчилар турар-жой қуриб бўлдилар. Ушбу фактлар бўйича бирорта ҳам жиноят иши қўзғатилмади.

- Вақтли ҳукумат вакиллари сиз билан учрашиб турганларини тан олдилар. Ким билан қачон учрашгансиз? Нималар ҳақида келишгансиз? (Қ.Ботиров декабрда ёйинлаган баёнотда айтилишича, Роза Ўтунбаева унга янги ҳукумат таркибида “учта ёки тўртта вазир ўзбеклардан бўлади ва ҳатто бош вазир ўзбек бўлади” деб ваъда қилган. “Менга эса Қирғизистон Республикаси президенти транспорт министри лавозимини таклиф этган, - дея ёзганди ўшанда Қ. Ботиров, - аммо мен рад этдим ва ўзбеклар Қирғизистон Республикаси структураларида оз деб айтдим” – таҳр.)

- Вақтли ҳукуматнинг айрим аъзолари ва губернатор Асанов мен билан учрашиб гаплашганини инкор этаётгани мени ажаблантирмоқда. Бунинг нимаси жиноят экан? Боз устига, бу учрашувлар расман, ўша мутасаддиларнинг давлат қабулхоналарида ўтган бўлса. Ҳамма иллат шундаки, бу одамлар заиф бўлиб чиқдилар. Биз янги ҳукуматни биринчи кунлариданоқ қўлладик. Олдинига улар биздан ёрдам сўрадилар, кейин бўлса, уларнинг аҳволига таҳдид пайдо бўлиши билан улар биздан воз кечдилар. Улар аксилўзбек ташвиқотини кенг ёйган миллатчилардан қўрқдилар.

Учрашувларда биз мамлакатдаги жорий вазиятни муҳокама қилганмиз, ўзбек жамоасининг ўша кунлардаги ва келажакдаги роли ҳақида гаплашганмиз. Биз бир-биримизни жуда яхши тушуниб, бирга бўламиз дея қарор қилганмиз. Улар бизнинг “Родина” партиямизни бирлаштиришни ва сайловларга бирга иштирок этишимизни сўрагандилар.

Асилбек Текебаев митингда ўзбеклар жамоаси олдида нутқ сўзламоқда. У тўпланганлардан Вақтли ҳукуматни қўллашни сўраяпти. Бунинг эвазига ўзбекларнинг илтимосларини инобатга олишни ваъда қилаяпти. Фотосуратни Қ. Ботиров тақдим этди.

Бизнинг митингларда губернатор Бектур Асанов, Асилбек Текебаев, область ИИБ раҳбарлари иштирок этганлар ва одамларни тинчликка, чидамли бўлишга ва тотувликка чақирганлар. Хушёр бўлишга, провокацияларга берилмасликка чақирганлар. Улар намойишларимиз тинч ўтаётгани учун бизга ўз миннатдорчилигини билдирганлар.

- Қора Ойбекнинг ўлдирилиши сиз Вақтли ҳукумат билан музокара олиб бораётган вақтга тўғри келгани ажабланарли эмасми?

- Унинг ўлимида ҳеч қандай ажабланарли ҳолат кўраётганим йўқ. Вақти келиб биз уни ким ўлдирганини биламиз.

- Июнь воқеаларининг ташкилотчилари ким бўлган деб ўйлайсиз?

- Бу воқеалардан манфаат топганлар. Вақт келиб уларнинг ҳар бирининг исми ошкор этилади ва айби исботланади.

- Сиз генерал Исақовни Олой район аҳолисига “бўриларни қириш учун” 800 та автомат ва кўплаб ўқ-дори беришга шахсан буйруқ берганликда айблагансиз. Бунга исботингиз борми? Сиз яна Исақов Олойдан “вазиятни барқарорлаштира оладиган” 500 та қуролли чавандоз олиб келишга таҳдид қилган, деб айтгансиз. У бу ҳақда қаерда гапирган? Бунга гувоҳлар борми? Генерал Исақовнинг июнь воқеаларидаги ролини қандай баҳолайсиз?

- Вақтли ҳукуматнинг жануб бўйича махсус вакилининг жуда катта ваколатига эга бўлган Исақов жанубда содир бўлган воқеаларга тўлиқ жавобгар. Айниқса, Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ва ИИВнинг жануб бўйича муовини Суюн Ўмурзақовга нисбатан. Кечаги наркобаронлар ва криминал тузилмаларнинг ташкилотчиларини, Бакиевнинг содиқ итларини қирғиз халқининг чинакам патриотлари дея уларни ҳокимият бошида қолишига кўмак берди. Автоматлар борасида тергов текширсин. Афсуски биз исботлай олмайдиган очиқ-ойдин нарсалар мавжуд.

- Вақтли ҳукуматнинг бошқа аъзолари (Ўтунбаева, Атамбаев, Бекназаров ва унинг ўғли, Байбўлов, Мирзақматов, Бектур Асанов ва бошқалар) ҳаракатларини, уларнинг июнь ойидаги воқеаларда иштирокини шарҳлаб бера оласизми?

Янги ҳукукмат ўша кунлари ўзининг мутлақо заифлигини намоён этди. Улар хунрезликни тўрт кун ичида тўхтатдик деб айтдилар. Ҳатто СССР даврида, 1990 йилда Москва ҳам алангани бунчалик тез ўчира олмаган, дедилар. Мен сизга шуни айтиб қўймоқчиман – қирғин бир томонлама олиб борилгани учун, унинг ташкилотчилари қирғинни тўхтатишга буйруқ берганлари туфайли тўхтади.

Кучишлатар тузилмалари ва армия раҳбарларининг бу воқеаларда иштироки шунчалик равшанки, бу ҳақда Миллий комиссия ҳеч нарса дея олмади ҳам. Уларни номма-ном санашдан ҳозирча маъно йўқ, чунки бу одамлар ҳокимият бошида ўтирибдилар ва айнан улар ким айбдорлиги борасида қарор чиқараяптилар.

- Азимжон Асқаров ҳақида нима дея оласиз?

- Асқаров – ҳақиқат учун жабр тортганлардан бири. Аммо бу ҳақиқат барибир юзага қалқиб чиқади. Чунки у пухталик билан ҳужжатлаштириб қўйилган ва ишончли қўлларда сақланмоқда.

- Июнь воқеалари давомида ва ундан кейин оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, бизнинг ахборот агентлигимиз ролини қандай баҳолайсиз?

- Гуревич ва Бакиевларнинг кирдикорлари ҳақида ёзган пайтингизда, ҳозирги расмийлар ва сиёсатчилар сизларни суйган ва ҳурмат қилган эди. Бироқ июнь воқеалари ҳақида ҳақиқатни ёза бошлаганингизда, сизларни балчиққа белаб ташладилар. Афсуски, биз [ўзбеклар] апрелдаёқ ахборот блокадасига тушиб қолдик, Қирғизистоннинг аксарият оммавий ахборот воситалари иложи бўлмай қолганда бизни эътибордан четда қолдирдилар, асосий қисми эса бизга нисбатан ҳақиқий ахборот урушини олиб бордилар. Баъзи ОАВ ва журналистларнинг сайъ-ҳаракатлари билан ўзбекларнинг сепаратизми ва Ботировнинг миллатчилиги борасидаги каззобларча ташвиқот ўз самарасини берди. Одамларни ёлғон билан гумроҳ қилдилар ва бу ишда давом этмоқдалар.

Миллатчилик оловига ёғ сепиб келган кўплаб қирғиз газеталарининг очиқдан-очиқ миллатчилиги ҳақида гапириб ўтирмайман. Прокуратура уларнинг миллатларо адоватни қўзғатувчи ишини сезмасликка қарор қилди. Аммо Улуғбек Абдусаломовнинг бир беғараз мақоласидан шунча айб топдики, ҳатто уни 8-10 йилга қамаб қўйишга жазм қилди ҳам. Уни, юраги касал одамни вақтинча сақлаш изоляторида калтакладилар, ўлим ёқасига олиб келдилар. Тергов унинг ўлимидан манфаатдор эди, негаки кимлардир қаттиқ талаб қилаётганига қарамай унинг айбини исботлай олмасди. Бахтимизга у бир мўъжиза туфайли қутилди ва мамлакатни тарк эта олди. Ҳозир у даволанаяпти.

Жалолободдаги митинг, 2010 йил 10 апрель. Қодиржон Ботиров нутқ сўзлаяпти, унинг ортида Улуғбек Абдусаломов.

- Парламентда Мустқақил комиссия ҳисоботи муҳокама этилаётганда, ҳуқуқ-тартибот структураларининг апрель воқеаларидан сўнг ахлоқ ва кайфияти ўта тушкун ҳолатга тушиб қолгани ҳақида (деморализация) гапирилган эди. Уларнинг июнь ойидаги ролини қандай баҳолайсиз?

- Апрель инқилобидан кейин ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса жанубда Бакиев тарафига ўтиб олгани Вақтли ҳукуматга маълум эди. Буни кўпам деморализация деб бўлмайди. Шунинг учун жанубдаги вилоятларда ҳокимият тортиб олинганидан кейин вақтли ҳукумат инқилобни қутқариш керак дея халққа мурожаат қилди. 14 май куни оддий халқ Жалолобод обладминистрация биносини озод этгани отланганида на милиция, на СНБ, на армия ҳеч қандай ёрдам кўрсатмади ва шу билан ўзининг позициясини очиқ намойиш этди. Ўша куни губернатор Бектур Асанов соат 11 да Бишкекдан спецназ (300 та аскар) етиб келади, икки соатдан кейин улар шу ерда бўладилар ва қуролли босқинчиларни йўқ қиладилар дея халқнинг кайфиятини кўтарганди. Аммо спецназ кечгача ҳам етиб келгани йўқ.

Бино озод этилганидан кейин халқ Тейит қишлоғига йўл олганида, ИИВнинг жануб бўйича муовини Суюн Ўмурзақов бошчилигидаги спецназ Бакиевларнинг уйи олдида турган экан. Халқ Бакиевлар маконига қараб келаётганини эшитиб, улар Қурманбек Бакиевнинг штабини ҳимоя қилгани кетдилар. Яна бир бор қайтараман, биз Тейитга пиёда етиб борганимизда, Ўмурзақов бошлиқ спецназ ўша ерда турган, Бакиевлар уйи эса ёнаётган эди.

Кучишлатар тузилмаларининг ахлоқи кимгадир руҳий тушкунлик бўлиб кўринган бўлса, бошқалари учун улар ишончли қурол бўлиб қолди. Мисол учун, 19 май куни сиз ёзганингиздек, Исақовнинг буйруғи бўйича ўша спецназ ипподромдан университетни вайрон қилгани йўл олган жиноятчилар гуруҳига беш километрлик йўлак очиб берди. Улар оламонга университет биносини вайрон қилишга йўл қўйиб бердилар, бизнинг одамларимиз ўзларини ҳимоя қилгани чиққанларида эса, спецназ тутун шашкаларини ва қуролларини ишга солди ва бизнинг икки йигитимизни ўлдирди. Миллий комиссия сўнгги йилларда миллатчиликнинг бу тарзда юзага чиқаётгани ҳақида нега индамайди? У аксинча, миллатчилик ҳеч қачон бўлмаган дея таъкидламоқда.

Яна бир гап. 2010 йил 14 июнь куни тиш-тирноғигача қуролланган ҳарбий ва милиция формасидаги қирғизлар БТРларда ўзбеклар маҳаллаларига кириб тинч аҳолини ўққа тутган. Ўшда шундай воқеалар бўлиб турган пайтда, нега Жалолободда қурол ва техникани тортиб олишга йўл қўйдилар? Иложи қолмаганда, БТРларни бузиб қўйиш мумкин эдику. Бизнинг маълумотга кўра, Жалолободда ойлаб бузуқ ҳолида турган БТР фожиали воқеалар арафасида таъмирлаб қўйилган. Нега техникани тортиб олинишига йўл қўйган мутасаддилар жавобгарликка тортилмаяпти?

Бугун ўзларини, оилаларини, уйларини тиш-тирноғигача қуролланган милиция, ҳарбийлар ва бандитлардан ҳимоя қилган ўзбек маҳаллаларининг аҳолиси жиноятчи, уларга ҳужум қилган жиноятчилар эса қаҳрамон бўлиб қолди. Уларни давлат мукофотлари билан тақдирламоқчилар, ёндириб куйдирилган шаҳар кўчаларини уларнинг номи билан атамоқчилар.

- Июнь воқеаларидан олдин, давомида ва кейин Ўзбекистон расмийлари ва кучишлатар тузилмалари вакиллари билан алоқа қилганмисиз? Қўшни республиканинг тергов органлари билан?

– Йўқ.

- Киммо Кильюненнинг халқаро комиссияси экспертлари билан учрашганмисиз? Улар бўлиб ўтган воқеалар борасида сизнинг гувоҳлик кўрсатмаларингиздан фойдаланадиларми? Бу комиссияга ишонасизми? Уларнинг хулосаси вазиятга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

- Ҳа, халқаро комиссия аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди, биз июнь воқеаларининг келиб чиқиш манбалари ва сабаблари ҳақида батафсил фикр алмашдик. Халқаро комиссияга ишонмасликка менда ҳеч қандай асос йўқ. уларнинг иши бўйича қандай хулосалар бўлишини вақт кўрсатади.

Ушбу воқеалар ўзбеклар уюштирган уч-тўртта митингларнинг натижаси эмас, бунга ишонаверинг. Хунрезлик учун замин миллатчилар идеологлари томонидан йиллар давомида тайёрланган. Бакиевнинг жиноятчи режими даврида бу жараён янада кучайди. Қирғиз шовинизми идеологларининг таъсири ва ташвиқоти оқибатида миллатчилик қирғиз жамиятига сингиб кетди.

Июнда воқеаларининг содир бўлишига мен юқорида эслаб ўтган одамларнинг хизмати катта. Исмаил Исақов миллий дружина тузди, уни қуроллантириб кимга қарата отиш кераклигини ўргатди. Ушбу воқеаларнинг ташкилотчилари ҳикоя қилганларидек, ўша кунлари ҳарбий қисмларга ҳужумлар ва қуролларни тортиб олишлар бўлмаган. Аслидда у ерда қуролларни тартибли равишда тарқатишлар бўлган. Бу фактга Азим Бекназаровнинг Новкен район ички ишлар бўлимига ва Майлисув ҳарбий қисмига унинг ўғли бошқарган жиноий гуруҳга - “дружиначларга” қурол бериш бўйича берган буйруғи яққол далил бўлади. Бу ҳақда у миллий телеканал орқали шахсан ўзи очиқ гапирган.

Энди бўлса айбни бизга ағдаришмоқчи. Жалолиддин Салоҳиддинов ким? У тадбиркор, ўзбек миллий марказига куни-кеча келган, Иномжон Абдурасулов эса хўжалик ходими, фермер. Айтгандек, унга овоз берган сайловчиларнинг аксарияти қирғизлар бўлган, чунки у ўз хўжалигида қирғизларга ҳам ўзбекларга ҳам ёрдам бериб келган.

- Миллий комиссия ўзининг хулосасида июнь воқеаларининг келиб чиқиши сабабларидан бири сифатида 1990 йил хунрезликларининг ташкилотчилари жазосиз қолганини кўрсатиб ўтди...

- Бу фикрга тўла қўшиламан. Ўша одамлар ҳокимият устида қола туриб, ўзларининг бузғунчи, миллатчи режаларини амалга оширишда бардавом бўлдилар. Улар ҳозир ҳам ҳокимият бошидалар. Агар фожианинг ташкилотчилари ва ҳақиқий айбдорлари бу сафар ҳам жазосиз қолсалар, улар ўз жиноятларини бошқа миллий озчиликларга нисбатан қайтармаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги