14:43 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Июнь воқеалари сабабини ўрганиш бўйича Миллий комиссия раиси – ўзбек биродарлари, Ботиров ва миллий қадр-қиммат ҳақида

25.01.2011 18:57 msk

Мария Яновская, Екатерина Иващенко

Қирғизистон парламенти 2011 йил 20 ва 21 январь кунлари республика жанубида 2010 йил июнь ойида содир бўлган фожеавий воқеаларнинг сабаб ва оқибатларини ҳар томонлама ўрганиш ҳамда тавсияларни ишлаб чиқариш бўйича Миллий комиссиянинг хулосаларини муҳокама этди. Депутатлар комиссия раиси Абдиғани Эркебаевни роса “ғаразгўйлик” билан сўроққа тутдилар, аммо баъзи масалалар барибир четлаб ўтилди. Шу сабабдан “Фарғона” ахборот агентлигининг мухбири Екатерина Ивашченко Миллий комиссиянинг позициясига аниқлик киритиш мақсадида Абдиғани Эркебаев билан учрашди.

- 11 январь куни ўтган матбуот анжуманида сиз “комиссия бўлиб ўтган воқеага сиёсий баҳо бериш билан шуғулланди ҳамда тергов идораларининг ишига аралашмади” деб айтдингиз. Лекин сиз тергов идоралари ишининг натижаларидан фойдаландингизку?

Абдиғани Эркебаев: Ҳа, биз Бош прокуратура берган маълумотлардан фойдаландик. Бироқ тергов олиб борганлардан биз маълумот сўраганимиз йўқ.

- Комиссия аъзоси Нурбек Тўқтақуновнинг баёнотида айтилишича, у Миллий комиссия хулосаларига ишонмайди, негаки, бир томондан комиссия ҳуқуқ-тартибот идораларини “тўла тушкун кайфиятда” бўлганини тан олган ҳолда, уларнинг иши натижаларидан фойдаланиб келган...

- Йўқ, биз тергов ва суд идораларининг материалларидан фойдаланмадик. Президент олдимизга қўйган учта масалани ҳал қилиш учун бунинг кераги йўқ эди. Биз биринчидан, бу фожеанинг сиёсий сабабларини ўрганишимиз; иккинчидан, июнь воқеаларининг оқибатлари борасида прогноз беришимиз; учинчидан, тавсия ишлаб чиқишимиз керак эди.

- Сиз чиндан ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари тушкун кайфиятда бўлган деб ҳисоблайсизми?

- Улар апрель ва май ойларида тушкунликда бўлган, аммо июнь воқеалари давомида эмас.

- Миллий комиссия хулосаларида айтилишича, июнь воқеаларига қадар иқтисод ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ишлаб келган ўзбекларнинг сони етарли миқдорда бўлган. Сиёсат, ички ишлар идоралари, прокуратура, суд тизимида ишлаётган ўзбекларнинг сони ҳақида гапирилганда, бу ерда аҳвол анча ёмонроқ, армия ва чегара хизматида эса жуда ёмон деб айтилган. Айтингчи, бу қайси йилга тааллуқли маълумот?

- Мен Миллий Статистика қўмитаси, ҳар бир вазирлик ва маҳкама, шу жумладан, Ўш, Жалолобод ва Баткен вилоятлари ҳокимликларидан 1990 йилдан шу бугунгача бўлган маълумотларни тақдим этишларини талаб қилдим. Бизда ҳар бир соҳа ёки маҳкамадаги ишлаётган ўзбек биродарлармизнинг сони тўғрисида маълумотлар бор. таълим, фан, маданият ва айниқса, соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбек биродарларимизнинг сони етарли даражада эканлиги тасдиқланди, улар ҳокимият идораларида: маҳаллий кенгашлар, парламент ва ҳокимликларда ҳам ишлаяптилар, аммо уларнинг армиядаги офицерлар орасида, ички ишлар идораларида, молия полициясида ва солиқ назоратидаги сони номутаносиб, энг минимал миқдорда бўлган.

Ўзбеклар ваколатининг номутаносиблиги ҳақида мен 1993 йилда Ўш вилоятига губернатор бўлганимда президент Асқар Акаевга ҳам айтганман. Мен мамлакатимиз кўп миллатли ва кўп конфессионалли (эътиқодли), бу омилларни ҳисобга олиб юриш керак, деб доим қайтариб келганман. Аммо бизда миллий сиёсат керакли тарзда олиб борилмаган.

Парламент депутатлари ҳисоботни муҳокама этаётганларида Қамчибек Ташиев “Қодиржон Ботировни мамлакатга қайтаришни ва унга бўлиб ўтган воқеалар бўйича ўзининг кўз қарашини баён этишга имконият беришни” таклиф этди.
- Комиссиянинг хулосасида ўзбекларнинг лидери Қодиржон Ботировнинг айбдорлиги ҳақида кўп айтилди. Келинг, шу ерда аниқлик киритиб олайлик: Қодиржон Ботиров айнан нимада айбланаяпти? Ўзбекларни митингга тўплаганидами?

- Митингларни уюштириш қораланмайди. Ҳар бир нормал давлатда одамларнинг бунга ҳақи бор. Бундан ташқари, хоҳлаган одам ва ҳар қандай диаспора ўз тилининг мақоми ҳақида талабларни кўтариб чиқиши мумкин. Аммо буларнинг бари қандай ташкил этилаяпти, қандай тақдим этилаяпти, бошқа масала. Агар кўп миллатли мамлакатда, мисол учун, Ботиров, ўзбеклар жам бўлиб яшаётган ҳамма районларга чиқиб, одамларни тўплаб, ҳар-хил гапларни гапириб юрса, кейин эса ўзининг Университетида ўзбекларнинг митингини уюштирса – буни қандай қабул қилиш мумкин?

Одамлар қандай мамлакатда ёки қандай давлатда яшаётганларини тушунишлари ва оғзидан чиқаётган гапларига қарашлари керак. Агар бу мономиллатли мамлакат бўлса бошқа гап, агар бизникига ўхшаган кўп миллатли бўлса – бошқа. Боз устига, титул миллат мавжуд бўлса-ю, мамлакат унинг номи билан аталса, уларнинг бу мамлакатдаги салмоғи анча кўп бўлса... Сен бўлсанг одамларни тўплашни бошлайсан, миллий негизда ҳаракат ва партия ташкил этасан, митингларда гапирасан...

- У нималарни гапирганини аниқладингларми?

- Ҳа, видематериаллар бор, биз уларни Комиссиянинг мажлисларида кўп марта кўриб чиқдик, мен хато қилмаслик учун уйимда ҳам қайта кўриб чиққанман. Мен ўзим филологман, қирғиз тили ва адабиёти бўйича мутахассисман, шу билан бирга, ўзбек тилини ҳам яхши биламан. Мукаммал эмас, аммо кўпини тушунаман. Бундан ташқари, бизда прокуратуранинг топшириғига биноан ўтказилган лингвистик экспертизанинг хулосаси ҳам бор.

Шундай қилиб, Ботиров ва бошқалар тимсолидаги ўзбек биродарларимиз автономия талаб қилмаганлар, сепаратизм ҳақида ҳеч нарса гапирмаганлар. Аммо холисона қараладиган бўлса, ушбу митингларда миллатлараро низоларни қўзғашга уринишлар бўлган. Бу қилмишлар эса Жиноят кодексида кўзда тутилган. Одамлар ўзбеклар жам бўлиб яшайдиган жойларда тўпландилар, Ботиров эса ҳамма ерда қирғизлар бундай яшаяптилар, қирғизларда бундоқ деб қайтараверган... У ўзбекларни қирғизларга қарама-қарши қилиб қўйди. Ҳамда доим қандайдир талабни кўтариб чиқаверди, бўлмаса ўзи бой одам, Қирғизистонда бизнес учун етарли даражада қулай шароитлар яратиб қўйилган. Қўшни мамлакатларда, мисол учун, ҳеч бунақа чиқишларни қила олмайди.

- Сизнингча, ўзбек тилига мақом сўраган ва давлат идораларида ўзбекларнинг иштирокини кўпайтиришни талаб қилган Ботиров ва бошқа ўзбек лидерлари айбдор. Улар қўйган сиёсий талабларни нега экстремистик деб атаяпсиз?

- Улар талабларини қонуний тартибда расмийлаштиришлари, фақат ўзбекларнинг митингини ташкил этмай, уларга муҳокама учун қирғизларни таклиф этишлари: қадрдон қирғиз биродарлар, бизни ҳам тушунинг дейишлари мумкин эди... Аммо улар фақат ўзбекларни тўпладилар. Миллий принципда уюшдилар, ўз ҳаракатлари, партиясини ташкил этдилар, кейин штаблар ва дружиналар туздилар, бу ҳақда уларнинг ўзлари ҳам гапиргандилар. Мен материалларни ўрганиб чиқдим, мен ўзбек тилини етарли даражада яхши тушунаман. Унда қуролли тузилмаларни шакллантиришга нафақат уринишлар бўлган, балки бу ишлар амалга оширилган ҳам.

- Бунинг исботи борми?

- Ҳа бор. Нафақат видеоматериаллар, бу фактлар айниқса Жалолобод вилоятида бўлган. Мен кимдир миллий аломатларга қараб тўпланаётганларини маъқулламайман. Одамлар ушбу принципда йиғиладиган бўлса, қуролланишга бошлайдилар, қуролли тузилмалар тузадилар ва талабларни кўтариб чиқадилар... Аммо уларни тил борасидаги масалада тушунса бўлади...

- Сиз “Бакиевнинг ағдарилиши, бундан кейин содир бўлган кадрлар беқарорлиги ҳамда янги ва эски элиталар ўртасидаги ҳокимият учун кураш экстремистик кайфиятдаги ўзбек жамоси томонидан ўзбекларни ҳокимиятга илгари суриш имконияти сифатида кўрилди” деб айтгандингиз...

- Ҳа, буни мен тасдиқлайман, ҳудди шундай бўлган, бу рост.

- Хўш, бунинг нимаси ёмон? Биз ҳам, мисол учун, ҳокимиятда аёлларнинг тенг тақдим этилиши учун курашамизку, нега энди турли миллатларнинг тенглиги учун курашмаслик керак? Нега энди қирғизлар оқ уй олдида сиёсий талабларни кўтариб митингларга тўпланганларида – буни халқ иродаси дея қабул қилинади-ю, ўзбеклар митингга тўпланиб нормал сиёсий шароитларни талаб қилсалар – улар шу заҳотиёқ экстремист дея аталади ва миллатлараро низоларни қўзғашда айбланади?

- Сизнинг бу далилларингизни мен доим қўллаб келганман, бу нормал ҳолат, бу ҳақда бизнинг Комиссия хулосаларида ҳам гапирилган. Аммо бу талабларни сиёсий структуралар ва қуролли тўдалар тузиш йўли билан бажариб бўлмайди. Норозилик бошқа, қўзғолон бошқа. Бунинг фарқини англаб кўринг.

Яъни, айнан ушбу қуролли тузилмалар қирғиз аҳолисининг норозилигини келтириб чиқарган ва миллатлараро низоларнинг бошланишига ва қирғиз жиноятчиларининг рейдерлик фаолиятини бошлаб юборишларига туртки бўлган эканда?

- Ҳа, бу ҳам. Мен ўзбекларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этиш борасидаги иштиёқларини тушунман, аммо Қодиржон Ботиров Бакиевнинг уйини ёндиришда ва айниқса, Қирғиз Республикасининг миллий байроғини ёндиришда қатнашганида, улар “ҳадларидан ошдилар”. Ҳар бир одамнинг, ҳар бир халқнинг ўз қадри-қиммати бор, бу нарсага ҳеч ким чидамайди. Шундан кейин ўзбек-қирғиз муносабатларида янги босқич бошланди, биз Бакиев уйига ўт қўйилагиндан кейин сиёсий қарама-қаршилик миллий қарама-қаршиликка айланиб кетди деб ёзаяпмиз ҳам. Бу ерда миллий ҳиссиётлар таҳқирланган.

- Тейит қишлоғида Қурманбек Бакиевнинг уйига ўт қўйишда Қодиржон Ботиров иштирок этганининг исботи борми сизда?

- Ҳа, бизда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Бош прокуратурадан олинган расмий маълумот бор. Бундан ташқари, Комиссия Тейит қишлоғига бориб келган, бизда аудио-, видеоёзувлар ва фотоҳужжатлар бор. Ҳа, шундай бўлгани тасдиқланган.

- Аммо Бакиевнинг уйига қирғизнинг уйи деб эмас, балки президентнинг уйи деб ўт қўйилганку. Нега энди уйга ўт қўйилишидан кейин ўзбек-қирғиз муносабатларининг янги босқичи бошланади?

- Ўша кунлари, 7 апрелдан кейин Бакиев давлат раҳбари ҳисобланмаган. Биз уйга ўт қўйилишини президентга алоқадор деб ҳисобламаймиз... Аммо гап уйга ўт қўйиш ҳақида эмас, миллий байроқнинг таҳқирланишида. Бу халқимиз ва миллатимизнинг рамзи, бу муқаддас нарса...

- Кечириб қўясиз, Қирғизистон байроғи миллат рамзи бўла олмайди, негаки Қирғизистон – кўп миллатли давлат. Ботиров – Қирғизистон фуқароси, бу байроқ сизга қанчалик тегишли бўлса, унга ҳам шунчалик тегишли. Нега энди Ботиров байроқни ёндирганида (сизда бунинг исботи бўлган тақдирда ҳам) бу нарса давлатни эмас, балки қирғзиларни таҳқирлаяпти дея талқин этилиши керак? Нега энди сиз Ботиров рамзи Бакиев ҳисобланган давлатни эмас, балки қирғизларни ҳақорат қилмоқчи бўлган деб ҳисоблаяпсиз?

- Ҳа, бу ерда Сиз ҳаққа ўхшаяпсиз. Одатда миллат ва давлат бир дея тушунилади, Европада ва АҚШда ҳам улар синоним саналади. Шунинг учун ҳам бу контекстда Қодиржон Ботировнинг айби янада оғирлашади.

Жўғўрқу Кенешда (мамлакат парламенти) муҳокама чоғида Абдиғани Эркебаевнинг билдиришича, “далил ва исботларни тўплаш учун биз воқеа иштирокчилари ва шоҳидлари билан учрашдик, фото ва видеоматериалларни ўргандик, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида чоп этилган материаллар, ахборот агентликларининг хабарлари билан танишиб чиқдик. Биз ҳар бир сўзимиз учун жавоб беришга тайёрмиз. Биз исботланмаган нарсаларни ҳисоботга киритганимиз йўқ”. Бироқ “Фарғона” таҳририятининг кўзига тушган ноаниқликлар ҳисоботни тайёрлаш чоғида пала-партишликка йўл қўйилганини кўрсатмоқда ҳамда қолган исботларнинг чинлигига шубҳа уйғотмоқда.
- Бакиевларнинг июнь воқеаларида иштирокига оид ва бу ишларда нафақат жанублик жинят олами вакиллари, балки шимолликлар ҳам қатнашганлари ҳақида гапиргандингиз. Сизда бунинг исботи борми?

- Биз Миллий хавфсизлик хизматидан олинган ҳамда Оммавий ахборот воситаларида чоп этилган материалларига таянганмиз. Бизда оператив-қидирув ишларини олиб боришга техник имконияти йўқ.

”Учинчи кучлар”нинг иштироки борасида далилларингиз борми? Турсунбек Ақуннинг Мустақил комиссияси таъкидлашича, ҳеч қандай учинчи куч бўлмаган, сизнинг айтишингизга қараганда эса бўлган...

- Турсунбек Ақуннинг маълумотномасида Ўзбекистондан учинчи кучлар бўлган, улар Каримовни ағдармоқчи бўлишган деган гаплар бор. Биз буни тасдиқламаймиз. Расмий ҳокимият бу ишларда қатнашмаган, аксинча, биз Ўзбекистон расмийлари бу ҳодисанинг бутун Фарғона водийси бўйлаб тарқалишига йўл қўймагани учун уларга “раҳмат” айтишимиз даркор. Биз Турсунбек Ақун Комиссиясининг позициясига қўшилмаймиз.

Хулосамизда биз “учинчи кучлар” мавжудлигини тасдиқовчи алоҳида фактлар ҳақида гапирганмиз, аммо умуман олганда, бунақа нарсалар қўшимча текширувга муҳтож. Бунинг учун бизнинг расмийларимиз, Ўзбекистон, Тожикистон, Россия ва АҚШ махсус хизматлари янги парламент комиссияси билан биргаликда текширув ўтказиши лозим. Бу масала очиқлигича қолмоқда ва уни текшириш зарур.

Парламентдаги муҳокамада депутат Қамчибек Ташиев А. Эркебаевдан жанубдаги воқеаларда снайперларнинг иштироки ҳақида сўради. Эркебаев уларнинг иштироки борасида исбот йўқ деб жавоб берди. Шунда Ташиев бу саволни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Кенешбек Душебаевга йўллади. “Бизда чет эллик ёлланма жанггарилар ҳақида материаллар бор. Уларнинг неча киши бўлгани, қайси мамлакатдан келганлари ҳақида. Бу маълумотларнинг барини комиссияга тақдим этганмиз, - дея жавоб берди Душебаев. – Етти киши депортация қилинган”. Эркебаев яна бир бор етти террорчи ҳақидаги далиллар исботланмаган дея қайд этиб ўтди.
- Сиз муваққат ҳукумат, ИИВ, миллий хавфсизлик ва прокуратура идораларининг масъулияти ҳақида гапираяпсиз. Сиз тўрт кишининг номини келтирдингиз: Бекназаров, Шерниязов, Исақов, Душебаев. Шунигдек, сиз жанубдаги вилоятлар губернаторлари, шаҳар ва район ҳокимлари ҳам бўлиб ўтган ишлар учун масъул деб айтаяпсиз. Муваққат ҳукуматнинг қолган аъзоларичи? Сиз ҳам муваққат ҳукуматга аъзо эмасмидингиз?

- Мен муваққат ҳукуматида ҳеч қандай лавозим эгалламаган, ишламаган ва ойлик маош олмаган ягона аъзоси бўлганман. Шунга қарамай, мен апрель ойида ҳибсга олинганларнинг қаторида бўлганман ва Муваққат ҳукуматга аъзо бўлганман. Яхши ниятлар билан мен иккита– апрель ва май воқеаларини текшириш бўйича ва июнь воқеалари сабабини ўрганиш бўйича комиссияга раҳбарлик қилдим. Бу ҳақда мен ҳеч қачон афсусланмаганман ва масъулиятдан қочмайман.

Яъни, Миллий комиссия ҳаммани айбдор деб ҳисоблаяпти-ю, аммо фақат тўрт кишининг номини келтирмоқдами?

- Ҳаммамиз, шу жумладан, президент Роза Ўтунбаева ҳам маънавий ва сиёсий жиҳатдан жавобгармиз. Аммо улар (Бекназаров, Шерниязов, Исақов, Душебаев) кучишлатар тузилмаларини бошқариб келишгаган ва бу ишларнинг олдини олиш учун масъул эдилар.

- Ўзбек тилига расмийлик мақоми тақдим этилиши, ҳокимият идораларида миллий принципга асосан лавозимларнинг квоталаниши, Сизнинг фикрингизча, қабул қилиниши лозим бўлган этник сиёсат бўйича дастур концепциясига кирадими?

- Ўзбекларнинг ҳокимият идораларида иштироки борасида, агар улар ўз талабларини мос равишда изҳор эта олсалар, мен уларнинг талабларини тушунаман ва тўла ҳолда қўллаб-қувватлайман.

Тил борасида эса... Мен филологман, Совет Иттифоқи даврида Тил ва адабиёт институтига раҳбарлик қилганман, давлат тили тўғрисида қонунни яратиш бўйича гуруҳни бошқарганман. Қирғиз тили ва ўзбек тили қондош тил ва бир-бирига жуда яқин. Мен ўзбеклар билан таржимонсиз гаплаша оламан. Шунинг учун ҳам ҳозирча ўзбек тилига расмийлик мақоми беришга зарурат йўқ деб ҳисоблайман. Ўзбек биродарлармиз ўз тилларидан тўла ҳолда фойдаланиш имкониятига эга бўлишлари эса бошқа масала. Бу нарса қонунда мустаҳкам тарзда белгиланиши зарур.

Тўхтаб туринг. 2009 йил аҳоли рўйхатга олинганида, Қирғизистон аҳолисининг 71 фоизи қирғиз, 14,3 фоизи ўзбек, 7,8 фоизи рус ва 6,9 фоизи бошқа миллат вакиллари бўлиб чиққан. Бу маълумотлар Комиссиянинг Хулосасида ҳам бор. Нега энди рус тилида расмийлик мақоми бор-у, ўзбек тилига эса бундай мақомнинг берилишига “зарурат йўқ”? Мен бу ердаги мантиққа тушуна олмаяпман.

- Мен айтдимку, ўзбек ва қирғиз тиллари бир-бирига жуда яқин, туркий тиллар гуруҳига киради деб. Рус тили – бошқа масала. Бу тил қирғиз тилидан мутлақо фарқ қилади. Тарихан рус тили миллатлараро мулоқотда доим расмий тил мақомига эга бўлиб келган.

- Ўзбеклар масаласи яна қандай қилиб ҳал этилиши лозим?

- Биз иккита нарсани англаб олмоғимиз зарур. Биринчидан, ҳамма одамлар туғилишлари билан тенг ҳуқуқли. Иккинчидан, ҳаммамиз битта мамлакат, битта давлат - Қирғизистонда яшаймиз ва биз бу давлатни, унинг қонунларини ва Конституциясини ҳурмат қилиб яшашимиз керак. Шу билан бирга, агар муаммолар бўлса, тинч йўл билан, қонунга мувофиқ ҳаракат қилишимиз, ноқонуний тузилмаларни, боз устига, қонун тақиқлаб қўйган қуролли тузилмаларни яратмаслигимиз керак.

***

“Фарғона” таҳририятидан: биз Миллий комиссия ўтказган текширув якунига етгани ва унинг хулосалари мамлакат президентига тақдим этилганини олқишлаймиз. Икки обрўли миллий комиссиялар (А. Эркебаев раис бўлган Миллий комиссия ва омбудсмен Т. Ақун раислиги остида мустақил комиссия) деярли бир хил материаллар ва ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда турли хулосага келганлари бизга ғалати туюлди.

Демак, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлиги идоралари ва ҳокимият идоралари комиссияларга тақдим этган ахборот ва материалларнинг исботлангани шубҳа уйғотган ёки бу ахборот танлаб тақдим этилган ёки ҳурматли комиссияларнинг далил ва исботлар ҳақидаги тасаввурлари бошқа-бошқа бўлган. Конституция ва қонунлар амал қиладиган давлатда бундай бўлиши мумкин эмас.

Энди финляндиялик сиёсатчи Киммо Кильюнен бошқараётган Халқаро комиссиянинг хулосалари қандай бўлишини кутишимиз қолди.

Яна бир нарсани қайд этмоқчи эдик. Рус тилининг Қирғизистондаги расмий мақоми минтақа тарихи ва сиёсий конъюктарадан келиб чиққан. Аммо Миллий комиссия раиси жаноб Эркебаев ўзбек тилига расмийлик мақоми беришда зарурат йўқ, қирғизлар бусиз ҳам ўзбек биродарларини яхши тушунадилар дея билдирса, ғалати эшитилар экан. Биз кўп миллатли давлатда тиллардан бирининг мақоми уни титул миллат қанчалик яхши-ёмон тушунишига қараб эмас, балки бу тилда сўзлашувчи фуқароларнинг оз-кўплигига боғлиқ бўлиш керак ўйлаймиз. Бу мамлакатда яшовчи ўзбеклар эса русларга қараганда икки баробар кўплигини қайд этиш жоиз.

Ўзбек тилига расмийлик мақомини бермаслик истагини ўзбеклар ва ўзбек тилида сўзлашувчиларни Қирғизистоннинг тўлақонли фуқаролари сифатида тан олишни истамаслик сифатида талқин этиш мумкин.

Қирғизистон байроғи тўғрисидаги гаплар борасида тўхталадиган бўлсак, Қ. Ботиров чиндан ҳам миллий байроқни ёндиргани исботланган бўлса ва бу қилмиш давлатни эмас, миллатни ҳақорат қилиш каби талқин этилса, одамларнинг онгида Қирғизистон фақат қирғизларнинг давлати, кўп миллатли мамлакат ва халқлар дўстлиги тўғрисидаги гаплар қуруқ сафсата деган фикр ўрнаб олганини англатади.

Бу тасаввурлар Қирғизистоннинг энг зиёли дея саналган одамлардан бирининг оғзидан чиқаётгани эса қайғуга ҳол.

Екатерина Иващенко, Мария Яновская

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги