14:37 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда уйи бузилишидан жабрланган бир оиланинг бошидан кечирганлари

20.01.2011 11:40 msk

Фарғона.Ру

Тошкентда турар-жой бинолари бузилишининг навбатдаги босқичи бошланди, бу ҳол маҳаллий аҳоли учун кутилмаган янгилик бўлиб қолди. Шу билан бирга, пойтахтдаги Миробод туманининг уйлари бузилишга маҳкум фуқароларга ҳеч қандай тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаяпти. Бу ҳақда “Фарғона” ахборот агентлигига Ҳуқуқ ҳимоячилар халқаро жамиятининг Тошкент вилоят бўлими бошлиғи Владимир Ҳусаинов маълум қилди.


Тошкентда уйлар бузилиши. “Фарғона” АА фотоси

Мисол учун, Мироншоҳ кўчаси (илгари Будённий деб аталган) 29-чи уйда истиқомат қилувчи Елена Леонидовна Подгорнованинг олдига 18 январь куни бир гуруҳ номаълум шахслар келдилар, улардан бири ўзини Миробод тумани ҳокими деб таништирди, аммо шахсни тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этмади. Ҳоким Е. Подгорновага унинг уйи бузилажагини маълум қилиб, кўчиб кетиш учун икки кун муҳлат берди. “Нимага асосланиб менинг хусусий уйимни бузаяпсизлар”, деган саволга ҳоким “бунга бош вазирнинг оғзаки кўрсатмаси бор”, деб жавоб берган.


Е. Подгорнованинг бу уйда қонунга мувофиқ истиқомат қилаётганини тасдиқловчи ҳужжат. “Фарғона” АА фотоси

Саросимага тушиб қолган пенсионер аёл, “бу уйдан бошқа яшайдиган жойим бўлмаса, қаерга кўчаман?” деб сўраганида ҳокимдан фақат сўкиш эшитди, холос.

Бир оз ўтиб аёл 1982 йилда туғилган ўғли Вячеслав Подгорновга телефон қилди. У шу уйда туғилган, шу уйда пропискадан ўтган ҳамда онаси ва оиласи – хотини ва қизи билан бирга яшайди. Вячеслав ишдан зудлик билан етиб келди ва уйини бузишга киришган бульдозернинг қаршисига туриб олди. Ҳоким унга вақт ўтиб унинг онасига эҳтимол ётоқхонадан хона ажратиб беришлари мумкинлигини, хусусий уй учун улар ҳеч қандай компенсация олмасликларини, Вячеславнинг хотини ва қизи эса ҳеч қандай товон пули олмаслигини, негаки улар бу манзилда доимий пропискага эга эмаслигини маълум қилди.


Вячеслав Подгорнов. “Фарғона” АА фотоси

Вячеслав Подгорнов 2006 йил октябрида уйланган, аммо унинг қонуний хотинини Тошкентда пропискадан ўтказишмаяпти. У йилига икки мартадан давлат бож тўловини тўлаб, қонуний эрининг уйида яшаш учун вақтинчалик рухсатнома олишга мажбур бўлиб келмоқда.


Подгорновлар оиласи. “Фарғона” АА фотоси

Подгорновлар оиласи 2007 йилда қиз кўрди, аммо уни ҳам отаси ва бувисининг уйида пропискадан ўтказишга рухсат бермадилар. Қизчани Тошкент вилоятида, онаси тарафидан бобо-бувисиникида пропискадан ўтказишларига тўғри келди. Пойтахтда пропискадан ўтмагани боис қизалоқ бу ерда медицина хизматидан фойдалана олмаяпти ва ижтимоий нафақадан маҳрум. Қизча оғир дардга чалинган ва операцияга муҳтож, аммо оиланинг бунга етарли маблағи йўқ.


Кичкинтой Люба. “Фарғона” АА фотоси

Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг маслаҳати билан В. Подгорнов прокуратурага шикоят аризаси ёзди, бироқ у ердагилар аризани қайд этишдан бош тортдилар. Бироқ узоқ вақт давом этган уринишлардан кейин ариза рўйхатдан ўтказилди. Вячеслав уйининг бузилмай қолган қисми ҳозирча қолади деган умид бор.


Прокуратурага шикоят. “Фарғона” АА фотоси

“Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар расмийларнинг Тошкентдаги уйларни қонунга хилоф равишда бузишлари бўйича ҳаракатларини назорат остига олдилар ҳамда вазиятнинг мониторингини олиб борадилар”, - дея билдирди Владимир Хусаинов.

”Фарғона” халқаро ахборот агентлиги