05:29 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Wikileaks: “Ўзбек мафиясининг босси” Салимбойвачча давлат лавозимларини сотаяпти ва Ўзбекистон вазирларини меҳмон қилаяпти

15.01.2011 14:39 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон “жиноят оламининг босс”ларидан бири Салим Абдувалиев давлат лавозимлари савдоси билан машғул, у ўтказган тўй-тантаналарда эса Ўзбекистоннинг вазирлари ва уларнинг рафиқалари Абдувалиевнинг қариндошларига хотамона совғаларни топширишлари қайд этилган. Бу ҳақда Wikileaks сайти 13 январь куни ўзининг саҳифаларида чоп этган АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Пёрнеллнинг дипломатик мактубларида айтилган.

Жон Пёрнелл каблограммалардан (ўз каналлари орқали юборилдиган ҳукумат телеграммаси) бирида маълум қилишича, Салим Абдувалиев Ўзбекистон ички ишлар вазирининг муовини Турсунхон Худойберганов билан кадрлар масаласи учун масъул бўлиб, у ҳар бир ишчи позициянинг баҳоси ҳамда ўзининг улуши ҳақида олдиндан келишиб олади. Ҳужжатда тошкентлик таниқли бизнесмен, меценат ва спорт ҳомийси Салим Абдувалиев Ўзбекистон “жиноят оламининг хўжайини” ва “мафия бошлиғи” деб аталади.

Салим Абдувалиевнинг тасарруфидаги давлат лавозимларининг ассортименти етарли даражада кенг: турли савиядаги ҳокимлар, ИИБ вилоят бошқармалари бошлиқлари ва шунга ўхшаш бошқалар. Номзодларни қандайдир “Аброр Хўжа” тақдим этади ва лавозим учун тўланадиган нархнинг келишувида воситачи бўлиб иштирок этади. Маълум қилинишича, ишга жойлаштириш бўйича операцияларни амалга оширишда Салим Абдувалиев билан президентнинг собиқ маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков ва собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовлар яқиндан ҳамкорлик қилиб келишган.

Вся одежда, обувь, мебель Салима Абдувалиева производится ведущими западными дизайнерами индивидуально и на каждом изделии гравируется его герб
Ғарбнинг етакчи дизайнерлари Салим Абдувалиев учун ўзига ҳос кийим, пойафзал ва мебель тайёрлаб берадилар ва ҳар бир маҳсулотга унинг гербини қўйиб чиқадилар. Москвалик фотосуратчи Виктора Борзыхнинг интернет-блогидан олинган фотосурат. У 2009 йил январида Салим Абдувалиевнинг уйида меҳмон бўлганди.

Каблограммалардан бирида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими Максим Тешабаевнинг мисол тариқасида келтирилган. У катталарнинг назаридан қолиб кетганига қарамай ўз лавозимида қолишни жуда қаттиқ истаган эди. Унинг хотини Салим Абдувалиевнинг хотинига мурожаат қилиб, Тешабаевга кўмак беришни сўраган. Салим Абдувалиев ёрдам беришга ваъда қилиб, укаси Аъзамжон Абдувалиевнинг ҳисоб рақамига пул ўтказишни буюрган. Бироқ пул ҳисоб рақамига тушганида, Абдувалиев Тешабаев устидан кулган ва бу пул менга тушлик қилгани ҳам етмайди деган.

Бундан ташқари, Салим Абдувалиев турли давлат тендерларининг ғолибларни аниқлашда иштирок этади. У тендерларда иштирок этишга қизиқиш билдирган потенциал инвесторларни топади, уларни қандайдир келиб чиқиши эронлик бўлган Буюк Британия фуқароси билан юзлаштиради. Бу одам эса ҳужжатларни тайёрлаб Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тасдиқлаш учун тақдим этади. (Пёрнеллнинг манбаси тақдим этган маълумотга кўра, эронлик бизнесменга бош вазирнинг собиқ муовини Дилбар Ғуломованинг ўғли ёрдам бериб келган). Бундай схемалар бўйича ўтган тендерларда Бухоро темир йўлларида иш қилиш учун 700 минг АҚШ доллари тўлаш керак бўлган Голландиянинг ширкати, ўзбек мактабларини компьютерлаш бўйича йирик шартнома ишларини бажармоқчи бўлган Жанубий Кореянинг ширкати, Тошкент вилоятида “сув лойиҳасини” кўтариб юрган Швейцария-Исроил компанияси иштирок этган, дейилади Wikileaks очиқлаган каблограммада. Шундай қилиб, дея ёзади АҚШнинг собиқ элчиси, Ўзбекистон ҳукуматининг коррупция ботқоғига ботиб кетгани, унинг криминал билан ҳамкорлиги очиқ ва равшан; етарли миқдордаги пулни тўлаган одам ҳеч қийналмай давлат лавозимлари сотиб олиши ва тендерларни ютиши мумкин.

Пёрнеллнинг бошқа каблограммасида айтилишича, Салим Абдувалиев ва унинг қариндошлари томонидан уюштирилган турли тўй ва тантаналарнинг видеоёзувлари ҳукумат мутасаддиларининг маҳаллий мафия билан яқиндан алоқада эканини тасдиқлайди. Мисол учун, Абдувалиевларнинг Ғазалкентдаги данғиллама ҳовлисида Салимнинг ўғли Сардорнинг тўйи муносабати билан асосан аёллар қатнашадиган “оқлик олди” маросимида 12 та меҳмон орасида ички ишлар вазири Матлубовнинг, адлия вазири Мустафоевнинг, молия вазири Азимовнинг, ташқи ишлар вазири Ғаниевнинг хотинлари, шунингдек, бош вазир муовини Қосимовнинг синглиси, Салим Абдувалиевнинг қизлари, республикадаги етакчи тадбиркорлар Муҳиддин Жамол (“Алп-Жамол-Банк” хўжайини Муҳиддин Асомиддинов назарда тутилмоқда. – Таҳр. изоҳи), “Ўзбексавдо” раиси Файзиев ва “Ўзкоммунхизмат” бош директори Холмуҳаммедовнинг хотинларини кўришган.

Салим Абдувалиевнинг ўзи маросимга қатнашмаган бўлса ҳам, ҳар бир меҳмон аёлга нархи 1000 долларлик шода маржон (колье) совға қилишни олдиндан ғамини еб қўйди. Видеоёзувларда “Алп-Жамол-Банк”нинг хўжайини рақсга тушаётган аёлларга 100 доллардан қистарганини кўриш мумкин. (Рақсга тушаётган аёлларга ва хонандаларга пул қистариш ўзбекларда анъана бўлиб қолган, дея қайд этади Пёрнелл). Видеотасвирчи Салим Абдувалиевнинг қора “Мерседес-бенц”ини ҳам суратга олиб қўйган.

АҚШ собиқ элчисининг ахборот манбасига кўра, Абдувалиевларнинг Ғазалкентдаги уйи Версачи Модалар уйидан келган дизайнер томонидан зийнатланган. Бу данғиллама ҳовли бадиий безакларининг фотосуратларини Россияда чиқадиган “Элита общества” журналининг саҳифаларида кўриш мумкин. Бироқ Пёрнеллга кўра, Салим Абдувалиев ўзига бошқа қаср қуриб олди, Ғазалкентдаги уйдан эса унинг хотини, ўйнашлари ва қизлари фойдаланади. Каблограмманинг давомида Салим Абдувалиевнинг хотини Шаҳло туғилган кунини қандай нишонлагани ҳақида гапирилади. Тантана 2005 йил ёзида Тошкентдаги ресторанда ўтказилган. Меҳмонлар орасида собиқ ташқи ишлар вазири Ш. Маҳмудова, ташқи ишлар вазири Ғаниев ва бош вазир муовини Султоновнинг хотинларини, “Ўзкоммунхизмат” бош директори Холмуҳаммедовни, чет элда истиқомат қилувчи олигарх Фаттоҳ Шодиевни, шунингдек, таниқли қўшиқчи Юлдуз Усмоновани кўриш мумкин эди. Пёрнеллнинг ахборот манбасига кўра, меҳмонларнинг аксарияти Шаҳлога 3000 доллардан совға қилдилар, Шодиевнинг хотини эса 10 минг доллар берди. АҚШ собиқ элчиси қайд этишича, Шодиев пахта бизнесида катта пул топганидан сўнг, 1994 йилда Ўзбекистонни тарк этган ва айни пайтда Қозоғистонда ва Белгияда истиқомат қилади. У Евросиё Саноат ассоциациясида раҳбарлик лавозимини олган ва миш-мишларга кўра, Назарбаевнинг маслаҳатчиси саналади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги WikiLeaks чоп этган материалларни кузатиб боришда ҳамда янгиликлар ҳақида ўз ўқувчиларини хабардор этишда давом этади.