23:10 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Wikileaks: АҚШ собиқ элчиси Ўзбекистон ҳақида сўзлаб берди

30.12.2010 09:21 msk

Фарғона.Ру

Британиянинг “Гардиан” газетаси шу кунларда АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жорж Пёрнеллнинг дипломатик мактубларига таяниб, Америка Қўшма Штатлари Афғонистонга “уюшган жиноятчилик, мажбурий меҳнат ва қийноқлар гуркираб авж олган” мамлакат орқали ўтувчи транспорт коридорини сақлаб қолиш мақсадида бу нарсаларнинг барига кўз юмиб келгани ҳақида сўз юритлаётган мақоласини чоп этди.

WikiLeaks об Узбекистане
WikiLeaks сайтидаги “ўзбек досьеси” шу саҳифада

“Каблограммаларнинг (ўз каналлари орқали жўнатилган ҳукумат телеграммаси – таҳр.изоҳи) ошкор этилиши ортидан Ўзбекистон “тизгинлаб бўлмайдиган коррупция”, уюшган жиноятчилик, пахта далаларида мажбурий меҳнат ва қийноқларнинг даҳшатли дунёси сифатида гавдаланади”, - дейилади таҳририят мақоласида. - “WikiLeaks чоп этган маҳфий депешалар АҚШ Ислом Каримовни ўйинда сақлаб туришга ҳаракат қилаётганини кўрсатмоқда. Негаки у “Шимолий тақсимот тармоғи” дея аталувчи Афғонистонга юк етказиб беришнинг муҳим ҳарбий транзит йўлагининг ишлашини таъминлашга ижозат бераяпти”.

Газетага кўра, Каримов ўз манфаатларини кўзлаб Ғарб мамлакатларини шантаж қилиш учун бу ҳолатдан фойдаланмоқда. “Американинг маҳфий каблограммалари ғарбона амбивалентликни (қандайдир объектга бир вақтнинг ўзида икки хил муносабат, мисол учун, бир объект кишида бир вақтнинг ўзида икки қарама-қарши ҳиссиётни уйғотиши - Википедия) англаб етишга кўмак бермоқда, - дея қайд этади “Гардиан”. – Улар [каблограммалар] президент-диктаторнинг АҚШ давлат котиб Ҳиллари Клинтон ҳуқуқ ҳимоячи Мўътабар Тожибоевага мукофот топширганидан қаттиқ ғазабланганини батафсил тасвирлаб берган. Каримовнинг аччиқланиши элчихонани ташвишга солиб қўйди: “кун тартибимизга бир қатор муҳим масалалар, шу жумладан, Афғонистонга транзит юк етказиб бериш тизими масаласи қўйилган”. 2009 йил 18 март куни АҚШ элчиси Ричард Норланд Ислом Каримовнинг ўзидан шахсан дакки эшитган, унда АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари учун “Шимолий тармоқ” орқали ўтувчи юк транзитини тўхтатиш бўйича яширин таҳдид оҳанглари сезилган. Норланднинг таъкидлашича, у Каримовни тинчлантира олди ва шу муносабат билан Вашингтонни огоҳлантирди: “Агар унга ошкора босим ўтказиладиган бўлса, транзитдан айрилиб қолишимиз мумкин”.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Пёрнелл (2004 йил январь – 2007 йил апрель)

Газета АҚШ собиқ элчисининг “Ўзбекистон ҳукумати ва уюшган жиноятчилик ўртасида мустаҳкам алоқалар мавжудлиги” ҳақидаги хабарини очиқламоқда. У тақдим этган маълумотда айтилишича, давлат ва хусусий секторларидаги иш ўринлари одатда “сотиб олинади”. “Америкалик дипломатлар 2004 йилда Каримов режимини танқид қилгани учун лавозимини тарк этган Буюк Британиянинг собиқ элчиси Крег Мюррейнинг ҳикояларини тасдиқлаб, Ўзбекистондаги ҳаётнинг аччиқ манзараларини тасвирлаб берганлар”, - дея қайд этади “Гардиан” ва бунинг тасдиғи ўлароқ АҚШ элчихонасининг бир қатор каблограммаларини чоп этади (таржимани “Фарғона” бажарган).

АҚШ элчихонаси каблограммаси: Элчихона маълум қилишича, Ўзбекистондаги тендерларни мафия хўжайини назорат қилади

Friday, 05 May 2006, 12:59

S E C R E T SECTION 01 OF 02 TASHKENT 000902

SIPDIS

DEPT FOR SCA/CEN AND DRL

EO 12958 DECL: 05/05/2016

TAGS KCRM, PGOV, ECON, PREL, PINR, UZ

SUBJECT: (S) МАФИЯ ХЎЖАЙИНИ ҲУКУМАТ ТЕНДЕРЛАРИНИ ВА ЛАВОЗИМЛАРИНИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ

REF: TASHKENT 465

TASHKENT 00000902 001.2 OF 002

Classified By: AMB. JON R. PURNELL, FOR REASONS 1.4 (B, D)

1. (S) Summary: XXXXXXXXXXXX

6. (S) Шарҳ: Ўзбекистон ҳукумати тендерларини ва давлат мансаблари назоратида XXXXXXXXXXXXнинг (бу ва бундан кейин келган исмларни Wikileaks ўчирган – таҳр. изоҳи) роли уюшган жиноятчилик ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги мустаҳкам алоқаларни тасдиқлайди. Ўзбекистон ҳукуматидаги коррупция яшнамоқда. Одамини топиб керакли пулни тўланса, тендерларни осонликча ютиш, давлат лавозимларини эса эгаллаш мумкин. Оқибатда эса, катта қарз олиб мансаб ва лавозимларни сотиб олган шахслар ўша олган қарзларидан қутилишлари учун коррупциявий фаолиятнинг давом этишидан манфаатдор бўлиб қоладиган аҳвол пайдо бўлади

PURNELL

----------

WikiLeaks очиқлаган АҚШ элчисининг дипломатик мактубларига таяниб, газета Гулнора Каримованинг ҳақиқий башарасини кўрсатиб қўйди: “Кўплаб депешаларда ярқираган кўринишига қарамай, очиқдан-очиқ “мамлакатдаги энг манфур одам” дея аталувчи Гулнора Каримованинг ўта хунук фигурасига эътибор қаратилади”.

“Йўлида туриб қолган ишбилармонларни ёки одамларни йўқ қилиш учун отасидан фойдаланадиган Гулнора Каримовани кўпчилик ўзбеклар очкўз, риёсатпараст одам деб ҳисоблайдилар”, - деб ёзади “Гардиан”. “Хабарларга қарганда, у таҳдид ва қўрқитиш йўли билан республикадаги ҳар бир даромад келтирувчи бизнесда ўз улушига эга бўлиб олган ва “қароқчи-барон” деган ном олган”. Отасининг ёрдами билан дипломатик мақомни қўлга киритган Гулнора, хабарларга кўра, кўп вақтини ўзига қарашли Zeromax холдинг компанияси рўйхатдан ўтказилган Женевада ёки Испанияда ўтказмоқда. Шунингдек, у қўшиқлар куйлайди, заргарлик буюмларининг дизайни билан шуғулланади. Бундан ташқари, уни Тошкент Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида профессорлик лавозимига тиркаб қўйишган.

“Дипломатлар “тўнғич қиз” дея атаётган Гулнора 2004 йилда элчихонанинг эътиборини ўзига торта бошлади”. Газета тақдим этган материалда унинг Тошкендаги тунги кўнгилочар жойларидан бирига бориши тасвирланган. Бу ерда уни синглиси Лола ва тўрт нафар гавдали тансоқчилар қуршовида кўришган. Собиқ элчининг маълум қилишича, Лола “Тошкентда биттаю-битта” Porsche Cayenne автомашинасида келган ва ўзига қарашли клубда “бандитбашара дўсти” билан рақсга тушган. Клуб кўп миқдордаги импорт алкоголь маҳсулотларини сотади, америкалик дипломатларнинг қайд этишича, бу нарса Ўзбекистонда тақиқланган.

АҚШ элчихонаси каблограммаси: “Биринчи қизнинг” қувноқ ҳаёти (бу хабарномада негадир Лола Каримовани шундай аташган – таҳр.изоҳи).

Friday, 26 November 2004, 08:51

C O N F I D E N T I A L TASHKENT 003180

DEPT FOR EUR/CACEN

EO 12958 DECL: 11/17/14

TAGS PBIO, PINR, UZ

SUBJECT: БИРИНЧИ ҚИЗ ЛОЛА (КАРИМОВА) КЎНГИЛХУШЛИК ҚИЛМОҚДА

CLASSIFIED BY AMB. JON R. PURNELL, FOR REASONS 1.4 (B, D).

1. (C) Йўқ деганда сўнгги ой давомида президент Ислом Каримовнинг учта боласидан кенжаси 26 ёшли Лола Каримова кеч тунларда “Бархан” ресторан/клубига тез-тез бориб турган. 13 ноябрь куни мен бу ерда у билан яна бир бор учрашиб қолдим. Учрашувимиз давомида у кабинкадаги эркаклардан бирини ўзининг бой-френди (дўсти) деб атади ва клуб унга тегишли эканини тасдиқлади.

2. (C) Каримова одатда, тунгги соат 10 яқин бошланадиган анъанавий клуб томошасига ўзининг Тошкендаги яккаю-ягона Porsche Cayenne S машинасида келади ва тонг отгунча дисконинг шовқин садолари остида рақсга тушади. Баъзан тунгги соат 3 да унга опаси Гулнора келиб қўшилади. Ўзининг махсус кабинкасига қайтиб Лола Каримова тўрт нафар тансоқчиларининг паноҳида кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилади ва эркин рақсга тушишда давом этади. “Бархан”нинг 28 ёшли хўжайини “Темур” ва Каримованинг бандитбашара дўсти Лолага қўшилиб рақсга тушишни истаган йигитларни масофада ушлаб туришади.

3. (C) Шарҳ: Шунингдек, Тошкентдаги ўта ҳашаматли “Баша“ клубига ҳам эгалик қилувчи Лола Каримова кўринишидан, энди янги “Бархан” клубига кўнгил қўйганга ўхшайди. Бу клубни у зўрлик йўли билан ўзлаштирдими ёки миш-мишларга қараганда “Караван” ресторанига ҳам эгалик қилаётган Темур билан ҳамкорлик келишуви туздими, номаълум. Кўп сонли чет эллик ҳамкорлар, дипломатлар ва “бош оила” аъзоларининг “Бархан” клубига доим келиб туришларини ҳисобга олинса, у ердаги қўриқлаш тизимининг енгиллигига ҳайрон қоласиз. “Бархан” эгаларининг ҳомийлари кучли эканлиги равшан, негаки шаҳарда Ўзбекистондан ташқарида ишлаб чиқарилган алкогол маҳсулоти очиқ-ойдин сотиладиган ягона жой шу. Бу эса Ўзбекистонда қонун билан тақиқлаб қўйилган.

PURNELL

-----------

Америка элчиси Гулнора Каримова иши юришган у ёки бу бизнесни қонунга зид равишда тортиб олаётгани эвазига бойлик орттириш йўлига тушганини, ундан ҳатто Америка капитали иштирокида тузилган корхоналар ҳам қутила олмаётганини маълум қилмоқда. “Кейинги беш йил давомида жўнатилган депешалар Гулноранинг мисли кўрилмаган суратларда ўсишининг хроникаси бўлиб қолмоқда. Хабарларга кўра, у маҳаллий компанияларга улар рад эта олмайдиган таклифларни қилиб келган. Америкалик бизнесменларнинг таъкидлашича, улар Гулноранинг Skytel уяли алоқа компаниясидан улуш олиш бўйича таклифини рад этганларида, “компаниянинг частотаси Ўзбекистон ҳукумати агентлиги томонидан блокировка қилиб қўйилган”, - дея ёзади “Гардиан”.

АҚШ элчихонаси каблограммаси: Ўзбекистон президенти қизининг тобора ўсиб бораётган нуфузи

Жума, 28 январь 2005, 13:33

МАҲФИЙ ТОШКЕНТ 000284

EUR / CACEN ва евро / ACE учун DEPT

EO 12958 DECL: 01/28/15

ТЕГИ ECON PREL PINR UZ

МАВЗУ:ГУЛНОРА ЖАВОБ ЗАРБАСИ

Ишоратлар: A) 04 ТОШКЕНТ 3390 B) 04 ТоШКЕНТ 2574 ва аввалгилари

1. (C) Резюме: Соҳа ходимлари тақдим этган турли маълумотларга кўра, президентнинг қизи Гулнора Каримова Америка инвестициялари иштирокида тузилган янги уяли алоқа компаниясига ҳамда давлат монополиясида бўлган “Ўзбектелеком” телекоммуникация компаниясига қизиқиб қолди. Маълумотларга кўра, у мафия хўжайини XXXXXXXXXXXX билан (бу ерда Ғофур Раҳимов ҳақида гап кетган – таҳр. изоҳи) Zeromax компаниясидаги унинг улушини ўзига олиш тўғрисида келишиб олди. Тақдир шўри-ғавғоси билан бу нарса амалга ошса, Гулнора собиқ эрига қарашли бўлган (маҳаллий) Coca-Cola компаниясини назорат қилишда давом этади. Резюме тугади.

2. (C) Турли маълумотларга кўра, биринчи қиз Гулнора Каримова бир неча ой аввал Ўзбекистонга қайтиб келганидан бери асосан бир қатор Россия компаниялари орқали янги инвестицияларни амалга ошира бошлади. Мисол учун, XXXXXXXXXXXX бизнесининг манбалари бизга айтишларича, яқинда Telecom Inc. инвестициявий компаниянинг Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқарилиши ортида Каримова турган бўлиши мумкин. Telecom Inc. компанияси Skytel уяли алоқа компаниясига 12 миллион доллар инвестиция ётқизганди. Skytel Ўзбекистон бозори учун янги CDMA 450 стандартидан фойдаланган. XXXXXXXXXXXXга кўра, компания бир неча ой ишлаганидан сўнг Гулнора Каримова уларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, компаниядан ўзига улуш сўраган. XXXXXXXXXXXXнинг таъкидлашича, компания унинг илтимосини қониқтирмаганидан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати компаниянинг частотасини блокировка қилиб қўйди. Бу ҳолат компаниянинг алоқа хизмати кўрсатиши бўйича фаолиятини деярли имкониятсиз қилиб қўйди. Мазкур манбага кўра, Telecom Inc. компаниясининг ўзбекистонлик шериги “Ўзбектелеком” компанияси ёрдам беришга қодир эмас ёки ёрдам беришни истамайди, шунинг учун ҳам у Telecom Inc. компаниясининг телефон қўнғироқларига жавоб бермасликка қарор қилди.

3. (C) Кўринишидан, Гулнора Telecom Inc. жавоб бермаган тақдирда ҳам Skytel компаниясига инвестиция қила оларди. Бир неча манбалар, шу жумладан, XXXXXXXXXXXXнинг таъкидлашича, Гулнора “Ўзбектелеком”ни эгаллаб олишга интилаяпти. Қонунчиликдаги сўнгги ўзгартишлар ҳамда компаниянинг хусусийлаштириш битимларининг қайта кўрилишидан компанияни қўлга киритишга даъво қилаётган қандайдир маҳаллий нуфузли потенциал инвесторнинг мавжудлиги борасида хулосага келиш мумкин. XXXXXXXXXXXXга кўра, Ўзбекистон ҳукумат амалдорлари билан яқиндан алоқаси бор инвесторгина уларни қонунчиликка бу каби баҳсли ўзгартишларни киритишга кўндира олиши мумкин. Бу ўзгартишлар компания эгасига улкан даромадларни келтириши ва зиённи бошқа фирмаларга юклаб қўйиши мумкин. Қонунчиликка киритилган янги ўзгартишларга кўра, барча халқаро телекоммуникацион тармоқлар энди “Ўзбектелеком” компанияси орқали ўтишлари керак. Бу компанияга барча хизматлар, шу жумладан Интернет ва IP-телефония устидан назоратни монополиялаштириш имкониятини беради. Барча аломатлар ўша инвестор Гулнора Каримова эканлигига ишора қилмоқда.

4. (C) Emboff ҳам XXXXXXXXXXXXдан эшитганига кўра, телекоммуникация соҳасига қизиқишидан ташқари Гулнора маҳаллий мафия хўжайини билан унинг Zeromax компаниясидаги улушини ўзига олиш ҳақида битим тузган. XXXXXXXXXXXXнинг бир неча манбаларга кўра, Қозоғистондан “Ўзбекнефтегаз” учун хом нефтни етказиб беришни ташкил этиш Zeromax компаниясининг энг йирик даромад манбаи саналади. Биз бу ишга Гулнора бир неча йилдан бери жалб этилмоқда деб ҳисоблаймиз. XXXXXXXXXXXX(Ref B)

PURNELL

-----------

Британия газетаси келтирган мактубларда америкалик элчи маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Гулнора Каримовнани Ўзбекистон президенти лавозимини муҳтамал эгаллашига тайёрлаш доирасида (айни пайтда бекор қилинган “Ворис” дея аталувчи операция – таҳр.изоҳи) унинг ижобий образини яратиш бўйича кампания борасидаги кузатувларини изҳор этган.

АҚШ элчихонаси каблограммаси: Ўзбекистондаги энг манфур одам

Tuesday, 13 September 2005, 14:05

C O N F I D E N T I A L TASHKENT 002473

DEPARTMENT FOR EUR/CACEN, EB

EO 12958 DECL: 09/13/15

TAGS PREL ECON PGOV PINR UZ

SUBJECT: Гулнора Каримова ўз имижини яхшилашга интилмоқда

CLASSIFIED BY AMB. JON R. PURNELL, FOR REASONS 1.4 (B, D).

1. (C) Summary: Сўнгги бир неча ой давомида бир қатор ўзбек нашрларида”тўнғич қиз” Гулнора Каримованинг яхши ишлари ҳақида сўзловчи мақолалар чоп этилмоқда. Бу мақолаларда унинг беғаразлиги, хайрия фаолияти ва тадбиркорлик қобилияти таъкидланмоқда. Улардан бирида, россиялик эксперт Алексей Малашенко билан интервьюда Гулнора 2007 йил президент сайловларида отасининг ўрнига президент лавозимини эгаллаши имконияти ҳақида сўз юритилган. Гулноранинг ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги, ўз давлати манфаати борасида қандай қайғураётгани ҳақидаги сўзлар жамиятни ҳам, унинг очкўзлиги туфайли мажақланган ҳамда Гулнорани “қароқчи барон” деб атайдиган бизнесменларни ҳам аччиғини келтиради. Матбуотдаги кампанияни, шубҳасиз унинг имижини яхшилашга уриниш дея ҳисоблаш мумкин. Эҳтимол, бу унинг 2007 йил президент сайловларига қўйган биринчи қадамидир. Эҳтимол, бу ишлар ўзбек элитаси доирасида уни танқид қилувчи овозларни ўчириш учун амалга оширилган бўлиши ҳам мумкин.

САНЪАТ, БОЛАЛАР ВА ҚАШШОҚЛАР ҲОМИЙСИ

2. (U) 1 сентябрь куни “Тасвир” оилавий журнали иккита саҳифада Каримованинг бутун мамлакат бўйлаб мактаблар ва болалар уйларига қилган хайриялари мақталган мақолани чоп этди. Болалар, оилалар ва қариялар фаравонлиги билан шуғулланувчи “Аёллар кенгаши” аъзоси сифатида Гулнора Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Гулистон, Фарғона ва Қўқон шаҳарлари мактабларида “Қирол Шер” спекталини саҳналаштиришни амалга оширди. “Меҳр Нури” ҳам вилоятларда ишлаб, Наманган, Сирдарё, Қўқон ва Бухородаги объектларга мебель ва бошқа мактаб жиҳозларини бераяпти. “Камолот” (ўзбек комсомоли – таҳр.изоҳи) ҳаракатининг газетаси кам таъминланган талабаларга Гулнора раис бўлган Ўзбекистон Маданият ва санъат форуми номидан стипендия беришидаги ролини кўкларга кўтариб мақтаяпти. “Тўнғич қиз”, шунингдек, Сиёсий тадқиқотлар марказини ҳам бошқаради.

ИЖТИМОИЙ МАСЪУЛИЯТЛИ БИЗНЕС-ХОНИМ

3. (C) 18 август куни ўша-ўша “Тасвир” газетаси Гулнорани “Ўздунробита” уяли алоқа компаниясини модернизация қилгани учун кўкларга кўтариб мақтади. Мақолага кўра, “Ўздунробита”нинг технологияси эскирган бўлган. Гулнора компанияни “сотиб олганида” эса, унинг жиҳозларини модернизациялаштирган ва шундан сўнг эса уни янада ривожлантириши учун садоқатли ҳамкор – Россиянинг МТС компаниясини топган (Изоҳ – МТС ҳар бир абонент учун тўлаган баҳоси бозор баҳосига қараганда бир неча баробар юқори бўлган. “Ўздунробита”ни минимал баҳога сотиб олган Гулнора савдо битимидан жуда катта фойда кўрган). Бу мақолада Гулнора бизнес лойиҳалар қимматбаҳо тошга ўхшайдилар, улар қайта ишланганида, баҳоси кўтарилади, дея айтиб ўтган (Шарҳ: Гулноранинг бу гапи Гулнора томонидан жабрланган кўп сонли бизнесменларини қаттиқ аччиқлантирмоқда. Мазкур бизнесменларнинг аксарияти иши юришгани боис “тўнғич қиз”нинг назарига тушиб қолишган).

ЮКСАК АҲЛОҚ ТАМОЙИЛЛАРИНИ МАҲКАМ УШЛАГАН АЁЛ

4. (C) 8 сентябрь куни чоп этилган интервьюда Каримова “Даракчи” газетасига юқори аҳлоқ тамойилларини маҳкум ушлашини ва доимо виждонига қулоқ солишини айтди. У ҳиёнат ва ёлғондан ҳазар қилишини таъкидлаб ўтди. У ўзини очиқ ва адолатли одам деб ҳисоблайди ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилади. У уялмай-нетмай, одамларга сен қандай муносабатда бўлсанг, улар ҳам сенга шундай муносабатда бўладилар, агар сен уларга яхши муносабатда бўлмасанг, “боши берк кўчага кириб қолишинг мумкин”, деб айтди. (Шарҳ: Каримовадан жабрланган кўп одамлар уни боши берк кўчада ушлаб олишни орзу қиладилар).

КЕЛГУСИ ПРЕЗИДЕНТ?

5. (C) 6 сентябр куни “Фарғона.Ру” россиялик профессор Алексей Малашенко билан интервьюсини чоп этди. Унда Гулнора Каримованинг 2007 йил президент сайловларида иштирок этиши истиқболлари муҳокама этилди. Москвадаги Карнеги марказининг аъзоси, Москва халқаро муносабатлар давлат унивеситетининг профессори Гулнора Каримованинг бизнеси атрофидаги турли можаролар туфайли унинг президент бўлишга имкониялари жуда кам деб айтди ва фақат жамоатчилик форумигина унинг имиджини яхшилаяпти дея эслади. (Интервью 2005 йил 8 июнь куни чоп этилган – таҳр.изоҳи).

ШАРҲ: МАТБУОТДАГИ КАМПАНИЯ ОРТИДА КИМ ТУРИБДИ?

6. (C) Шу кунларгача мисли кўрилмаган Гулнора Каримованинг хайрли ишлари ва беғаразлиги тўғрисидаги мақолалар серияси кўринишидан, “тўнғич қиз”нинг имижини тозалаш бўйича кўламлироқ кампаниянинг узвий қисми бўлиб қолаётганга ўхшаяпти. Ўзбекларнинг аксарияти Гулнора Каримовани йўлида туриб қолган бизнесменларни ва ҳар қандай одамни йўқ қилиш учун отасидан фойдаланаётган очкўз, риёсатпараст одам деб биладилар. Унинг имижини яхшилаш бўйича матбуотда ўтказилаётган кампанияга қарамай, у бизнес билан шуғулланишда ва йўлида туриб қолган рақибларини эзиб йўқ қилишда давом этмоқда. Ушбу ташвиқот кампанияси уни оммага ёқимли қилиб қўя олмаса керак. У мамлакатда энг манфур одам бўлиб қолмоқда. (Шарҳ: Бизда буни исбот қилиш учун статистик маълумотларимиз йўқ, аммо бизнинг бунга ишончимиз комил). 2007 йил президент сайловларида Каримовнинг имкониятлари нолга тенг, негаки одамлар ва ундан-да муҳимроқ элита уни қўлламайди. Боз устига, ушбу консерватив тамаддунда аёл лидернинг қабул қилиниши даргумон. Юқори лавозимдаги аёллар бу мансабларни рамзий равишда эгаллаб келаяптлар ва анъанавий равишда фақат аёллар масаласи билан шуғулланиб келадилар.

PURNELL

***

Америкалик элчининг ушбу мактубларини шарҳлай туриб, агентлигимиз юқорида келтирилган фактлар ўзбекистонликлар ва умуман олганда, Ўзбекистон ҳаёти билан қизиқувчилар учун янгилик эмас, улар бу ҳақда анчадан бери билишлигини қайд этади. Бироқ Wikileaks эгаларининг сайъ-ҳаракатлари билан ушбу фактлар жамоатчилик эътиборининг марказида ўрин олди: адади 400 мингга тенг бўлган дунёда таниқли газета бугун баралла овоз билан бу ҳақда билдирар экан, Ўзбекистонни деярли 20 йилдан бери бошқариб келаётган оиланинг қандайлиги борасида бошқача тушунча беради.

Ўз ахб.

”Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама