13:59 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Месхети туркларига ўзлари унутаёзган ватанларига – Гуржистонга қайтишни таклиф қиладилар

16.10.2005 09:02 msk

Независимая газета, Анатолий Гордиенко

Грузиянинг зиддиятларни бартараф этиш бўйича давлат вазири Георгий Хаиндрава шу ҳафта Сталин режими пайтида Грузиядан депортация қилинган месхети туркларнинг кўп сонли жамоатлари жойлашган МДҲ мамлакатлари бўйлаб сафар қилади. Ушбу сафар мобайнида Хаиндрава Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда бўлиб, у ерларда месхети турклар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан учрашадилар. Бу ҳақда «Независимая газета» хабар қилади.

Президент Михаил Саакашвили топшириғига кўра давлат вазири жойларнинг ўзида месхети туркларининг ватанларига қайтишлари ва Грузия ҳукумати тақдим этиши мумкин бўлган шарт-шароитлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиши керак. Месхети туркларини – бутун бошли халқни жанубий Гуржистондаги Самцхе-Джавахети ҳудудидан 1944 йилда сургун қилиб юборганлар. Худди совет ҳокимиятига нисбатан фақат тахмин қилинган садоқатсизлик ва фашистларга кўмак бериш эҳтимоли туфайлигина чеченлар, Қрим татарлари ва бошқа “шубҳали” халқлар каби бадарға этилгандилар. Депортация схемаси аниқ-тиниқ ишлаб чиқилганди: “ишончсиз” қишлоқларни қўшин билан ўраб олиш, улар эшелонларга жойлаштириш ва Ўрта Осиёнинг қаеригадир жўнатиб юбориш. Москвада фаолият юритувчи “Ватан” месхети турклари Халқаро жамияти президенти Сулейман Барбакадзенинг “НГ”га айтишича, тақрибан бир кеча-кундуз давомида Грузиянинг 224 та қишлоғидан 92 мингдан зиёд кишини кўчирганлар. Улар учун янги турар-жой қилиб Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонни белгилагандилар.

Урушдан кейинги йилларда месхети туркларининг аввалги жойларига қайтишлари масаласи бир неча бор кўтарилганди. Охирги маротаба бу ҳақда 1989 йилдаги Фарғона фожеаларидан кейин эслагандилар. Бу иккинчи кўчирилиш эди, шундан кейин “икки марта қувилганлар” дунё бўйлаб тарқалиб кетгандилар: 100 мингтачаси Россияга, яна шунча Қозоғистонга келиб ўрнашгандилар, Озарбайжон билан Украинада ҳам месхети туркларининг кўп сонли жамоатлари бор.

Бу одамларда уйга қайтишга ростмана умид фақат 1999 йилга келиб пайдо бўлди. Ўшанда Грузия Европа Кенгашига қўшилаётганди ва Грузия ҳукумати олдига қўйилган талаблардан бири қувилган халқни ўз ватанига қайтариш бўлганди. Европа Кенгаши муддатни ҳам белгилаб берганди: месхети турклари Грузияга 2011 йилгача қайтишлари керак. Аммо сўнгги пайтгача ушбу йўналиш бўйича реал қадамлар қўйиш, жумладан, махсус қонун ва репатриация дастурини қабул қилишга Тбилисидагилар шошилмаётгандилар. Бу йўналишдаги харакатлар янги грузин ҳокимияти даврида сезила бошлади. 2004 йилнинг ноябрида президент Саакашвилининг қарори билан месхети туркларни қайтариш бўйича давлат комиссияси тузилиб, шу йилнинг апрелида унга давлат вазири Георгий Хаиндрава раҳбар бўлди.

“Ҳозирда, - дея қайд этади Сулейман Барбакадзе, - энг муҳими – халқимизнинг МДҲ бошқа мамлакатларидан оммавий равишда қайтариш дастури мавжуд. Албатта, бу жараён қийин кечади – ахир гап юз минглаб одамларни кўчириш ҳақида кетаяпти. Аммо Грузия ҳукуматида молиявий муаммо юзага келмаса керак, чунки бу масалани Европа Кенгаши ўз зиммасига олган. Шу йилнинг охиригача Грузия парламенти репатриация ҳақидаги қонунни ҳам қабул қилиб қолишини кутаяпмиз”. У берган маълумотга кўра, охирги йилларда Грузияга мингга яқин месхети турклар қайтганлар.