19:41 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Европа-Ўзбекистон: узил-кесил хайрлашувдан олдинги жазава?

19.12.2010 17:07 msk

Фарғона

1990 йилдан бери Ўзбекистон президенти Ислом Каримов

Ўзбекистон раҳбарияти ва унинг мутлақ раҳбари Ислом Каримов республикада инсон ҳуқуқларига оид муаммолар йўқлигини Европа Иттифоқига намойиш этиш учун ҳар қанча уринмасин, ушбу соҳадаги вазият қониқарли дейдиган аҳволдан анча йироқ бўлиб қолаяпти.

Олий Мажлис икки палатасининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида Тошкентнинг демократия йўлидан либерализмнинг халқаро ва европа стандартларидан оғишмай бориш истагини намойиш этувчи Ўзбекистон раҳбарининг навбатдаги дастурий баёноти масала моҳиятини очиқловчи жавоблардан кўра кўпроқ саволлар туғдирмоқда.

Ғарбдаги кўплаб экспертлар, шу жумладан, профессор П. Синнот (Колумбия университети) ва Л. Адамс (Гарвард университети) республика яқин орада ижобий ўзгаришларни амалга оширишига ҳамда оммавий ахборот воситаларига чинакам эркинлик берилишига ишонмаяптилар. Ўзбекистонда шу чоққача мустақил матбуот тушунчасини англатувчи иборанинг ўзи йўқлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси журналистлари С. Амонова ва М. Эшонқулованинг Тошкентда ва республиканинг бошқа шаҳарларида телевидениеда ўрин олган цензурага қарши пикет ўтказиш ва ҳатто очлик эълон қилиш истагини тушунса бўлади. Ҳар ҳолда, республикада расмийлардан фарқли позицияни изҳор этаётган журналистлар устидан суд процесслари мунтазам равишда ўтиб турибди, уларни ҳуқуқ-тартибот ва суд идоралари томонидан жиноий таъқиб этишлар ҳалигача тўхтагани йўқ.

Ўзбекистон раҳбарияти европаликларга ёқишга уринишлари қабатида WikiLeaks тмонидан маҳфий ҳжжатларни очиқлаш ва ёйинлаш авжига чиқмоқда. “Коррупция ботқоғига ботган Ўзбекистонда президентнинг қизи одамлар учун энг нафратли аёл бўлиб қолмоқда”, - дея бугун ёзадилар Европадаги барча оммавий ахборот воситалари.

WikiLeaks очиқлаган дипломатик ёзишмаларининг сўнгги партиясида таъкидланишича, Гулнора Каримова шубҳали йўллар билан Ўзбекистонда фойда келтирувчи деярли барча компанияларда ўз улушига эга бўлиб олди. Америкалик дипломатлар ўзларининг ёзишмаларида отасининг қўли билан дипломатик мақомга эга бўлиб олган Гулнора Каримовани (у ташқи ишлар вазирининг муовини ва Испанияда элчи) “криминал баронесса” деб атаганлар.

Телеграммалардан бирида айтилишича: “Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти йўлида тўғаноқ бўлиб қолган бизнесменларни ва ҳар қандай одамни йўқ қилиш учун отасининг мансабидан фойдаланаётган Каримова Гулнорани очкўз ва ҳокимиятпараст шахс деб ҳисоблайдилар. У мамлакатдаги энг нафратланарли одам саналади” .

Бошқа дипломатик депешаларда айтилишича, коррупция ботқоғига ботган Ўзбекистонда ҳукумат уюшган жиноятчилик билан апоқ-чапоқ бўлиб кетган. Шу билан бир пайтда ёзишмалардан шу нарса ойдинлашадики, Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг Каримов ҳукумати билан муносабати мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон Американинг Афғонистонга юк етказиб берувчи занжирда муҳим халқа ролини бажариб келади. Димломатларнинг маълум қилишича, ўтган йили Ҳиллари Клинтон ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларидан бирини (Мўътабар Тожибоевани- таҳр.) мукофот билан тақдирлаганида, Каримов Ўзбекистон орқали ўтувчи транзит йўлини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилган. Ўшанда элчи Норланд президент Каримовни юпатишга эришган, аммо Вашингтонни агар “унга (Каримовга) босим ўтказиш тўхтатилмаса, транзитдан маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин” деб огоҳлантирган, дея хабар беради Daily Mail газетаси.
Европалик экспертлар Ўзбекистон суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ишида қандайдир ижобий ўзгаришлар бўлишига ҳам шубҳа билдираяптилар. Республика мустақилликка эришганидан бери 20 йил давомида ички ишлар ва махсус хизмат идоралари фаолияти соҳасида қонунчиликни ўзгартириш бўйича ҳеч қандай реал уринишлар амалга оширилмаган. Каримовнинг республикани демократлаштириш бўйича, шу жумладан, президент ҳуқуқларини чеклаш ва миллий парламентга бунданда кенгроқ ваколатлар бериш тўғрисидаги таклифларни мутахассилар ўта пессимистик кайфиятда баҳолаяптилар.

Уларга кўра, “президент ташаббуслари” дея аталувчи ушбу таклифларда давлат томонидан пахта теримида оғир ва соғлиқ учун зарарли болалар меҳнатини тақиқлашнинг олдини олишга ҳамда ўзбек аёлларини мажбуран бичишни тўхтатишга қаратилган чоралар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Бундан ташқари, мамлакатда эътиқод эркинлиги бўйича инсон ҳуқуқларининг бузилиши, республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан яҳудийлар диаспорасини, мамлакатда фаолият юритаётган бошқа жамоатчилик бирлашмалари ва конфессияларининг таъқиб этилиши ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтилгани йўқ. Энди бўлса АҚШда Т. Ҳайдаров ва Д. Шестаков каби “виждон тутқунларини” озод этиш талаби билан чиқувчи пикет ва митинглар уюштирилмоқда, январь ойида эса ўзбек пастори Б. Тўйчиевнинг Америка конгрессменлари олдида чиқиши режалаштирилган.

Расмий Тошкентнинг консуллик хизматларини хабардор қилмай, қонунга хилоф тарзда чет элликларни узоқ муддат давомида ушлаб туриши борасида ҳам гапирилгани йўқ. Бундан ташқари, президент хорижий инвесторларга давлат кафолатлари ва суғуртаси борасида ҳам индамай ўтди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг энг даромадли соҳалари анча йиллардан бери президентнинг тўнғич қизи Г. Каримова тузган молиявий пирамида назорати остига ўтгани мамлакатда ва унинг ташқарисида ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Президентнинг тўнғич қизи маъмурий ресурс ва махсус хизматлар ёрдамида республика ҳудудидаги корхоналар, заводлар, ресторанлар, меҳмонхоналар ва бошқа ташкилотларни “рейдерлик йўли билан тортиб олаётгани” ҳақидаги кўплаб хабарларни кўпчилик эшитган. Иши юришиб кетган ҳар қандай бизнес, у хоҳ ўзбек сармояси бўлсин ёки хорижийми, фарқи йўқ – дарҳол ИИВ ва прокуратура назарига тушиб қолади. Уларнинг гипнотик таъқиби оқибатида катта ва кичик мамлакатларнинг компаниялари бир зумда изсиз йўқола бошлайди. Ҳудди шу йўл билан бир вақтлар Американинг “Coca-Cola”, Россиянинг “Вим-Билль-Данн” компаниялари ҳамда қонун бузаётгани ҳақидаги чўпчаклар асосида айбланган кўплаб бошқа ширкатлар ўзбек бозоридан сиқиб чиқарилган эди.

Аслида, агар Ислом Каримов қадрдон давлатида мавжуд бўлган барча муаммолар ҳақида гапириб ўтганда ҳам, Ўзбекистонда тез орада ўзгаришлар содир бўлишига умид йўқ. “Европача” ва “демократик” қадриятларни кўкка кўтариб мақташ бошқа, уларга амал қилиш, давлат ва жамиятнинг кундалик турмушида шу қадриятлардан йўриқ сифатида фойдаланиш бошқалигини Европадагилар яхши тушунадилар. Шунинг учун ҳам, томонлар интенсив суратда ҳамкорликка интилаяпмиз дея баёнотлар бериб келишларига қарамай, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлиги 2010 йилда сезиларли даражада ривожланмади. Яқин орада на президент ва на унга яқин бўлган давлат мулозимларидан ҳеч ким Европа Иттифоқи ёки Брюсселдаги идораларига ташриф қилмади ҳам.

Шу билан бирга, Тошкент икки тмонлама диалогда Европа Иттифоқи тенг ҳуқуқлилик тамойилига риоя қилишини, ҳар қандай устозликдан воз кечишини, Ўзбекистон давлатининг гўёки ўзига ҳос сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий моделига расман бўлса ҳам ҳурматини намойиш этишини узлуксиз равишда талаб этиб келади. Ҳолбуки, ушбу ўзига ҳосликларнинг даҳшати ҳақида ундан қутулиб чиққан жабрдийдаларнинг хотираларини Интернетдаги етарлигича топиб ўқиш мумкин...

Ўзбекистонда мазкур муаммолар мавжуд экан, ҳозирги республиканинг амалдаги раҳбарияти Европа Иттифоқи билан алоқаларини йўлга қўя олмайди. Тошкент ташаббуси билан чиқаётган косметик “дастурлар” ҳам Европанинг Ислом Каримовга муносабатини ўзгартириб қўймайди.

Бу муносабатлар ҳозирги раҳбарият кетганидан кейин ўзгариши мумкин. Келгусида келажак лидерлар чинакамига демократик кайфиятда бўлиши борасида умид қилишдан бошқа чора йўқ.

Свен Нильсен