22:00 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ва чет элликлар: Расмийлар мамлакатдан чиқишни оғирлаштириб қўйдилар

15.12.2010 09:43 msk

Ўз ахб.

Шу кунларда Ўзбекистонда доимий истиқомат қилаётган бошқа мамлакатлар фуқаролари мамлакат ташқарисига чиқмоқчи бўлганларида кутилмаган тўсиққа рўпаро бўляптилар: маълум бўлишича, энди улар мамлакатдан фақат миллий паспортларига икки йил давомида амал қиладиган чиқиш визаси дея аталувчи стикер тамғаси ёпиштирилганидан кейингина чиқишлари мумкин бўлар экан.

Кўпчилик чет эл фуқаролари бу ҳақда аэропортда, учишдан олдин, чипталар сотиб олинган, юклар топширилган, рейсга рўйхатдан ўтиб бўлганларидан кейинги паспорт назоратидан ўтаётган пайтда билиб қолаяптилар.

Ўзбекистонда доимий ёки вақтинча истиқомат қилувчи чет эл фуқаролари учун чиқиш визасини олиш тўғрисидаги талаб янгилик эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрь куни қабул қилинган N408 “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиш тартиби” дея аталувчи қарорининг №1 иловасида кўрсатилган. Мазкур ҳужжатга биноан, Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мамлакатлар фуқаролари туман Кириш, чиқиш ва фуқаролликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилишлари ва рухсат берувчи стикерларни олишлари лозим. Боз устига, стикерлар яшашга рухсат берувчи гувоҳномаларга эмас, балки чет эл фуқароларининг миллий паспортларига ёпиштирилади.

“Фарғона” ахборот агентлиги аввал ёзганидек, Ўзбекистон фуқаролари ҳам мазкур идорага мурожаат қилишлари ва рухсат берувчи стикерларни олиб паспортларига ёпиштиришлари лозим. Шундагина улар икки йил давомида мамлакатдан чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шу билан бирга, Вазирлар маҳкамасининг 1995 йил 6 январь куни қабул қилинган №8 “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиш тартиби” дея аталувчи қарорига биноан, агар ўзбекистонлик МДҲ мамлакатларига чиқадиган бўлса, паспортига стикер ёпиштирилиши шарт эмас.

Бироқ чет элликларнинг мамлакатга кириб-чиқишлари тўғрисидаги ҳужжатда бундай изоҳ йўқ ва бундан шу нарса келиб чиқадики, улар Россия, Украина ва МДҲнинг бошқа мамлакатларига борадиган бўлсалар ҳам паспортларига стикер ёпиштиришлари лозим бўлади. Аммо ўзбекистонлик чегарачилар шу бугунги кунгача Ҳамдўстлик мамлакатларига чиқаётган чет элликлардан бундай стикерларни талаб қилмаганлар. Энди бўлса кўпчилик пайдо бўлган янги нохушликларга дуч кела бошлади.

- Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқини олаётган пайтда чиқиш визасини олишим зарурлиги борасида ҳеч ким ҳеч нарса демаганди. Шу чоққача мен ҳар йили ватанимга бемалол бориб келиб юрганман, - дейди Андрей Н. Уни ўтган пайшанба куни “Тошкент-Москва” рейсидан тушириб қолдиришганди. – Чиптага куйиб қолганим етмагандан ташқари, катта жарима ҳам тўлашимга тўғри келади. Менга Ўзбекистонда яшаш тартибини бузганим учун минимал иш ҳақинининг 50 баробари миқдорида жаримага тортилишим мумкинлиги ҳақида айтишди.

Ўзбекистон расмийлари бу қоида ҳақида кутилмаганда нега эслаб қолганлари жумбоқ бўлиб қолапти. Андрейга кўра, Ўзбекистон расмийлари шу йўл билан давлат хазинасини тўлдирмоқчи бўлаяптилар.

Яқинда қадрдон Киев шаҳрига кета олмай қолган украиналик Александрга кўра, Ўзбекистон раҳбарияти шу йўл билан Ўзбекистоннинг ички ҳаёти тўғрисидаги ахборотнинг ташқарига сизиб чиқмаслик чорасини кўраяпти: эҳтимол, расмийлар бундай ахборотнинг хорижга сизиб чиқишига Ўзбекистонда доимий яшаб келаётган чет элликлар айбдор дея ҳисоблаётган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда рухсат берувчи стикерларни олиш зарурати фуқароларнинг чет элларга чиқишига асосий тўсиқ бўлиб қолаётгани сир эмас. Тегишли идоралар уларнинг берилишини қонунчилик белгилаб берган 15 кунлик муддатдан узоқроқ вақтга ҳам чўзишлари мумкин. Фуқаролик жамияти вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилар, мустақил журналистлар бу каби муаммоларга бошқаларга қараганда кўпроқ дуч келаётганлари маълум. Энди бўлса кўринишидан, расмийлар бошқа мамлакат фуқароларини ҳам ўз назорати остига олишга қарор қилганларига ўхшаяпти.

- Мени Тошкент аэропортидаги Кириш, чиқиш ва фуқаролликни расмийлаштириш бўлими смена бошлиғини олдига олиб кирганларида, у чегарачиларга бақира бошлади: “Сизлар чегара назоратида олдин уларни ҳеч қачон ушламаган эдинглар, энди нима, буларга ўхшаганларни ҳаммасини ушлайверасизларми? Бунақада икки рейсдан кейин бу ерда одам тўлиб кетадику!” У олдинги навбатчилигида бунақа муаммо бўлмагани ҳақида айтиб ўтди, - дейди Александр. У чегарачилар ва Кириш, чиқиш ва фуқаролликни расмийлаштириш бўлими ходимлари мунтазам равишда бошлиқлари билан телефон орқали боғланиб нима қилиш кераклиги борасида кўрсатма олганларини қўшиб қўйди.

Қайд этиш жоизки, собиқ Совет Иттифоқи республикалари орасида чет элга чиқиш учун рухсат олиш амалиёти фақат Ўзбекистонда сақланиб қолган, холос.

”Фарғона” халқаро ахборот агентлиги