05:07 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Европада ўзбек пахтаси савдоси билан шуғулланувчи компаниялар устидан шикоят аризалари берилди

03.11.2010 09:40 msk

Мария Яновская

Германиядаги Конституциявий ҳуқуқлар ва инсон ҳуқуқлари учун Европа Маркази (European center for constitutional and human rights, ЕССHR) Нодавлат ташкилоти ўзининг ҳамкорлари билан (уларнинг орасида Инсон ҳуқуқлари учун Ўзбекистон-Германия форуми ҳам бор) Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (ИҲРТ) Германия, Швейцария, Франция ва Буюк Британияда ўзбек пахтаси савдоси билан шуғулланувчи еттита компания устидан шикоят аризасини топширди. ИҲРТ ўзининг корпоратив ахлоқ стандартларига эга ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш лозимлиги ушбу стандартлар таркибига кирган. Шунинг учун ҳам турли нодавлат ташкилотлари ва шу жумладан, ECCHR ИҲРТнинг аъзолари устидан шикоят қилишга ҳақли.

ECCHR таъкидлашича, қуйида номи келтирилган еттита компания ИҲРТнинг мазкур тамойилларини бузаяптилар. Гап Paul Reinhart AG (Швейцария), ECOM Agroindustrial Corp Ltd. (Швейцария), Devot SA (Франция), Otto Stadtlander GmbH (Германия) ва Буюк Британияда рўйхатдан ўтган учта компания устида кетмоқда.

Мазкур компаниялар Ўзбекистон билан мустаҳкам савдо муносабатларини ўрнатганига анча вақт бўлган. Ўзбекистон билан мустаҳкам савдо муносабатлари деганда эса, номи тилга олинган пахтафурушлар болалар мажбурий меҳнатидан мунтазам равишда фойдалананишни ҳар томонлама ва шу жумладан, молия билан қўллаб келаётганлари тушунилади. Ўзбекистон пахтасини сотиб олган компаниялар нафақат арзон болалар меҳнатидан фойда оладилар, балки Ўзбекистон расмийларини ўша меҳнатдан фойдаланишларини рағбатланирадилар ҳам.

ECCHR таъкидлашича, гап бутун Европага тааллуқли муаммо ҳақида кетмоқда. Аксарият Европа компаниялари Ўзбекистон мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишни қўллаяптилар ва бундан фойда кўраяптилар. Пахта толасидан тайёрланган маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи баъзи компаниялар шу бугунга келиб Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилган, аммо бу чоралар етарли эмас.

ECCHR экспертларининг таъкидлашича, Ўзбекистон далаларида болалар меҳнати учун яратилган шароит “ўта ачинарли” аҳволда. Давлат пахта терими мавсумида ҳатто мактабларни ёпиб қўйиб, болалар меҳнатидан фойдаланаяпти. Пахта толаси сотувидан тушган маблағлар давлат бюджетини тўлдираяпти, аммо болалари далаларда пахта тераётган фермерлар ва ота-оналарнинг ўзлари қашшоқлигича қолаяптилар.

Германиядаги Der Spiegel нашрининг ёзишича, ЕССHR Европадаги йирик Stadtlander савдо фирмасига нисбатан даъвогарлик қилмоқда. Йиллик савдо ҳажми 100 миллион евродан ошиқ (138 миллион доллар) бу компания узоқ йиллар давомида Тошкентда ўз ваколатхонасига эга бўлган ва Ислом Каримов ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилган.

ECCHR координатори Мириам Сааж-Маасс (Miriam Saage-Maass) “Шпигел”га маълум қилишича, Stadtlander компанияси амалда инсон ҳуқуқларининг бузилишига кўмак бериб келмоқда. Бу ерда бир мураккаб жойи бор. Гап шундаки, бу компания ҳеч қачон ўз маҳсулотини шинам шароитларда ишлаб чиқарилади ва ишчиларга муносабат яхши дея баёнотлар бермаган. ИҲРТнинг асосий принциплари ҳам мавҳум тарзда баён этилган ва аксарият нормативлар тавсиявий характерга эга; Сан-Мааж уларни “юмшатилган ҳуқуқ” дея атайди. Бутунжаҳоҳон савдо ташкилотининг халқаро қонунида ҳам товар қандай шароитларда тайёрланиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Компанияларга қарши даъво аризалари жамоатчиликнинг эътиборини компаниялар инсон ҳуқуқлари бузилиши эвазига тайёрланган товарларни сотиб фойда кўраётганларига қаратиш мақсадида берилган. Улар бунинг учун ҳеч қандай юридик жавобгарликка тортилмайдилар. Сан-Маажга кўра, ИҲРТ имкониятларини кенгайтириб, ташкилотга санкциялар киритиш ҳуқуқи берилиши фойдадан ҳоли бўлмасди; мисол учун, мажбурий болалар меҳнатидан фойдалангани учун иқтисодий ёрдам кўрсатишни тўхтатиб қўйиш каби. Бироқ ИҲРТнинг турли мамлакатларидаги аксарият ваколатхоналари бу муаммога қизиқмаяптилар. Otto Stadtlander компанияси раёсати ECCHR ўтказаётган текширувларини эътиборга олмаётганига бир йилдан ошди.

Қулликка қарши кураш халқаро жамиятининг (Anti-Slavery International) фаоли, ҳуқуқ ҳимоячи Жоанна Эварт-Жеймс (Joanna Ewart-James) Техас ва Ливерпулда ўтган пахта бўйича халқаро конференцияларда бўлгани ҳақида сўзлаб берди. Бу конференцияларда Американинг Cargill Inc. , Швейцариянинг Swiss Reinhart Group ва Германиянинг Otto Stadtlander каби йирик фирмаларининг вакиллари иштирок этгандилар. Ҳуқуқ ҳимоячи конференцида болалар эксплуатацияси масаласини кўтариши биланоқ. “уни масхара қила бошладилар”, дея ёзади “Шпигел” . Аммо Ўзбекистонда содир бўлаётган ишларни Эварт-Жеймсга кўра, “болалар қуллиги” дея малакалаш мумкин.

“Шпигел” мухбирларига кўра, немис банклари ҳам Ўзбекистон-Германия пахта саавдосидан фойда оладилар. Мисол учун, қисман давлатга қарашли бўлган Commerzbank Тошкентда ўз ваколатхонасига эга бўлиб, кўп йиллар давомида Ўзбекистон билан пахта толаси савдосини молиялаштириб келган. Deutsche Bank ҳам Ўзбекистон билан алоқаларни молиялаштирувчи банклардан саналади.

Германия оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда пахта терими атрофида юзага келган қийин шароитлар ва Тошкент билан савдо алоқаларини давом эттираётган ва шу билан болаларни мажбуран меҳнат қилдирилишига кўмак бераётган компаниялар ҳақида сўзловчи кампания бошланди: мисол учун, “Шпигел” дан ташқари The ARD TV телеканалида шунга бағишланган дастур намойиш этилди, Швейцария ва Германия оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп этилди.

Eurasianet.org нашри ёзишича, ИҲРТда шикоят аризаларини кўриш узоқ кечадиган жараён. Боз устига, бу каби шикоятлар илк бор берилмоқда. “Биз шикоят аризаларимиз билан ИҲРТ кўзда тутувчи процессуал йўлнинг бошидан-охиригача ўтамиз, орқага чекиниш йўқ”, - дейди Сааж-Маас. – Бу компаниялар ҳам ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотга қўшиладилар дея умид қиламиз. (Эслатиб ўтамиз, Ғарбдаги бир неча компаниялар, шу жумладан, Wal-Mart, Tesco, Marks&Spencer, Target ва The Gap Ўзбекистонда пахта терими мавсумида болалар мажбурий меҳнатидан фойдалангани боис ўзбек пахтасига ва ундан ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларига бойкот эълон қилганди). Қайд этиш жоизки, ИҲРТ ҳозирча ўз тавсияларини бузаётган компанияларга қандайдир санкциялар кирита олмайди.

Ўзбек пахтасига бойкот қилиш бўйича чақириқларнинг жаҳон бозорида пахта толасининг нархи рекорд даражада кўтарилган бугунги кунда самарали бўлишига М.Сааж-Маас хонимнинг ўзи ҳам унчалик ишонмайди. Шу йил октябрь ойида ўтган Тошкент пахта ярмаркасида 300дан зиёд компаниялар қатнашдилар, ОАВ 500 миллион долларга шартномалар имзолангани ҳақида хабар тарқатдилар. Eurasianet.com маълумотига кўра, Ўзбекистон пахтасининг 40 фоизини Россия компаниялари сотиб олади. Қолган пахта Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирлиги каби мамлакатларга сотилади.

Мария Яновская