16:52 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда яна бензин тақчиллиги бошланди

02.11.2010 09:38 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда суюқ ёқилғи етишмовчилиги ортидан бензин тақчиллиги борган сари кучаймоқда. Ҳафтанинг охирига келиб Тошкентдаги автоёқилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) бензиннинг ҳар қандай нави – у арзонмиди ёки қимматми, сотувдан йўқолиб қолиши одатий ҳолга айланиб қолди. Сентябрь ойининг охирига келиб бензин кризиси бошланиши билан аввалига Тошкентдаги АЁҚШлар якшанба кунлари “дам олиш куни” баҳонасида ишламай қўйдилар; душанба кунлари одатда бензин сотувга чиқарилади, аммо икки-уч кун ўтиб-ўтмай унинг таъминотида яна узилишлар бошланади ва пировардида, ҳафта охирига келиб кўпчилик заправкаларда бензин қолмайди. Бензин сотаётган озчилик АЁҚШлар олдида автомашиналарнинг узундан-узун навбатлари тизилиб қолади.

Республика вилоятларидаги аҳвол бундан бешбаттар: жойларда бензин сотиб олиш амри маҳол бўлган иш. Самарқандлик хабаркашларимизнинг маълум қилишича, бензинни оддий дўконларда бир литрли баклашкасини уч минг сўмдан ($1,3) сота бошладилар. Бу “Аи-95” русумли бензиндан 2, “Аи-91”дан 2,2 ва “Аи-80” русумли бензиндан икки ярим баробар қиммат. Ўткир бензин тақчиллигига қарамай, шаҳар кўчаларида машиналар қатнови камаймаган: вилоятлардаги кўпчилик ҳайдовчилар машиналарига метан гази жиҳозларини ўрнатиб олганлар. Бу газ бензинга қараганда анча арзон, бироқ заправкаларда навбат кутиб вақт йўқотасиз. Лекин ҳамма машиналарга ҳам газ баллонларини ўрнатиб бўлавермайди. Мисол учун, “Matiz” машиналарида юкхона йўқ. Боз устига, бундай жиҳозларнинг нархи ҳам арзон эмас – 1,5-2,0 миллион сўм атрофида ($670-900).

Расмийлар одатдагидек, бензин тақчиллигининг келиб чиқиши сабаблари борасида изоҳ бермаяптилар.

Ҳар қандай ахборот йўқлиги боис, мамлакатда бензин тақчиллиги борасида миш-мишларнинг келиб чиқаяпти. Нега бундай бўлаяпти, ахир бензинни республикамизда сероб бўлган газоконденсатдан ишлаб чиқариладику? Бу борада икки хил фараз мавжуд бўлиб, уларнинг иккови ҳам Zeromax компаниясининг муҳтамал банкротлиги билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, норасмий маълумотларга кўра, май ойининг бошида Тошкент шаҳар хўжалик суди Zeromax компаниясининг Ўзбекистондаги барча мулкини ва шу жумладан, пул маблағларини ва компаниянинг республика ҳудудида фаолият юритаётган бошқа хўжалик субъектларидаги улушларини ҳибсга олди. Бу ҳаракатлар компаниянинг кредиторлик қарзларини ундириш бўйича даъво аризаларига биноан амалга оширилган. Қарзларнинг миқдори ҳақида маълумот очиқланмаяпти. Норасмий маълумотларга кўра, 2010 йил бошланишига келиб нефть ва газ соҳасида бир қатор йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш давомида Zeromax компаниясида импорт бўйича 500 миллион долларга яқин кечиктирилган кредиторлик қарзи юзага келди. Бироқ ушбу ишда кредиторлар эмас, балки Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) даъвогар сифатида чиқдилар ва бу нарса ишнинг сиёсий негизига ишора қилмоқда.


Тошкентдаги АЁҚШ. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Компаниянинг муҳтамал банкротлигидан ва унинг ижрочи директори Миродил Жалоловнинг ҳибсга олинганидан сўнг, Zeromax қошида тузилган UzGazOil компаниясига қарашли заправкалар давлат тасарруфига ўтди. Куни-кеча республикада ҳамма нарсага қўли етадиган Жалолов бир-мунча вақт ўтганидан кейин озодликка чиқарилди, аммо ташқарида кўп юргани йўқ – норасмий маълумотларга кўра, сентябрда уни яна “олиб кириб қўйишди”.

Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, Zeromax мулки май ойида ҳибсга олингани билан, компаниядаги кризис анча олдинроқ, тахминан қишнинг охирларида бошланган. Ўшанда компания ўз ходимларини мажбурий таътилга чиқара бошлаганди.

Шундан кейин бир ой ўтиб-ўтмай мамлакатда бензин муаммолари бошланди. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон расмийлари билан апоқ-чапоқ бўлиб кетган Zeromax компанияси бензин ва нефть етказиб бериш борасидаги ҳар қандай муаммоларни осон ҳал қилган ва ёқилғи юкланган вагонлар Қозоғистон чегарасидан ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтиб келган. Республика нефть ва газ комплекси соҳасида икки юзга яқин қўшма ва “қизалоқ” (дочерное) корхоналарнинг муассиси бўлган монополиячи компаниянинг тугатилиши билан республикада бўшлиқ пайдо бўлди ва бу бўшлиқни ҳозирча ҳеч ким тўлдира олгани йўқ. “Миродил Жалолов компанияни бошқараётганида ҳамма нарса пухта ишлаган, бензин доим бўлиб келган, ҳозиргидек аҳвол ёмон бўлган эмас”, - дейдилар тошкентлик таксичилар афсусланиб.

Республика иқтисодий доираларида бензин тақчиллиги юзага келиши сабабларининг бошқача версияси мавжуд бўлиб, у ўзининг мазмун-моҳияти жиҳатидан аввалгисини тўлдиради.

Zeromax компанияси ва “Ўзббекнефтегаз” Миллий холдинг компаниясидаги раҳбарлар Қозоғистондан нефть ва бензин импорти орқасидан анча даромадланиб турганди. Zeromax компаниясига ҳужум бошланиб уни банкрот қилишга бел боғлаганларида, компаниянинг Россиядаги “Газпром”дан анчагина қарзи бор эди. Ўшанда томонлар аввалига Газпромга қарзларини қоплашга иккита энг йирик – “Ҳисорнефтегаз” МЧЖ ва “Кўкдумалак Газ” МЧЖ қўшма корхоналаридаги Zeromax компаниясининг активларини бериш тўғрисида дастлабки келишувга эришгандилар.

Шундай қилиб, бу иккита қўшма корхонанинг активлари Газпромга ўтиши режалаштирилганди. Бироқ республика расмийлари кутилмаганда Газпромга ҳеч нарса бермасликка, Zeromax компаниясини банкрот қилиб унинг активларини “Ўзбекнефтегаз” таркибига киритишга қарор қилдилар. Қашқадарё вилояти хўжалик суди 7 сентябрь куни республика солиқ идораларининг ташаббуси билан “Ҳисорнефтегаз” МЧЖ ва “Кўкдумалак Газ” МЧЖ қўшма корхоналарига нисбатан банкротлик процедурасини қўзғади. Хўжалик судининг биринчи мажлиси 25 октябрь куни бўлиб ўтди, унда ташқи бошқарув муддатини яна бир ойга чўзиш бўйича қарор қабул қилинди. Кўринишидан, кредиторлар савдолашаяптилар ва шунинг учун ҳам корхонани тугатиш масаласини ҳозирча кейинга қолдиришга қарор қилганга ўхшаяптилар. Уларнинг орасида Газпром борми-йўқми, бу борадан бир нарса дейиш қийин: ҳеч кимдан ҳеч қандай шарҳ йўқ.

Бу нарса билан боғлиқ барча ахборот сир тутилаётганидан кейин, расмийлар Zeromax компаниясини нега банкрот қилганларининг ҳақиқий сабаби борасида бирор нарса дейиш қийин. Одатда, корхонани эгасидан тортиб олиб бошқасига бериш учун банкрот қиладилар. Бу ҳолатда эса – давлатга, яъни унинг вакили бўлган “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компаниясига. Шу билан бирга, қарз бўйича даъволарни эса компания рўйхатдан ўтказилган жойга ўтказиб юборишга уринишлар кўзга ташланмоқд: компания қаерда рўйхатдан ўтказилган, Швейцариядами? Эътирозингизни ана ўша ерга бераверинг.

Ишлар шундай кечганми ёки бошқачами номаълум, аммо пировардида, Газпром ўзбеклар уни “қозоқ” қилаётганини тушунди, ҳафа бўлди ва ҳарифларининг “онасини Учқўрғондан кўрсатиб қўйишга” қарор қилди: Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида яқинда тузилган Божхона иттифоқи доирасида углеводородлар экспортига бож тўловлари кўтарилганидан ташқари, Газпром миш-мишларга қараганда қозоқларга босим ўтказган ва натижада улар Ўзбекистонга бензин ва нефть экспортини қисқартирганлар. Оқибатда, ҳеч қанча вақт ўтмай Ўзбекистонда ўткир бензин тақчиллиги юзага келди. Қозоғистондан ташқари хом нефть оладиган жой йўқ, Россиядан олиб келиш жуда қимматга тушади.

Ўзбекистонда эса айни пайтда ўзи ишлаб чиқарган бензин жуда ҳам етишмай қолди. Республикада ҳеч қачон яхши, сифатли нефть қазиб чиқарилмаган: икки юзга яқин алоҳида нефть манбалари бор бўлгани билан, улардан олинган хом ашё таркибида олтингугурт ва бошқа қоришмаларнинг улуши юқори. Нефть қазиб чиқариш учун катта инвестициялар зарур, аммо уларни жалб қилиш олдин ҳам қийин эди, Zeromax компаниясининг тақдирини кўра-била туриб республикада бу иш билан шуғулланишга истовчиларни топиш бундан кейин амри маҳол бўлса керак.


Тошкентдаги АЁҚШ. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Ўзбекистонда бензин Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларида нефтдан ва ўзбек газоконденсатидан ишлаб чиқарилади. 2001 йилда республикада 1,555 миллион тонна бензин, 1699 миллион тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилган, 4,1 миллион тонна нефть ва 3,2 миллион тонна конденсат қазиб олинган. 2009 йилда ишлаб чиқарилган бензин миқдори 1,622 миллион тоннани (нефть импорти ҳисобига бир оз ўсиш кузатилмоқда), дизель ёқилғиси 1,3 миллион тоннани (пасайиш), конденсат – 2,1 миллион тоннани (пасайиш) ташкил этган.

Яна бир нарсани унутмаслик керак: Ўзбекистон ўн йил давом этган “нефть мустақиллиги”дан сўнг 2005 йилда хом нефть импортини қайта тиклаган. Умуман олганда, нефть ва бензин асосан Қозоғистондан импорт қилинади. Республикада бензин истеъмоли эса аксинча, кўтарилиб бормоқда: расмий маълумотларга кўра, республика автопарки 1994 йилдан бери 2,5 баробарига ўсган, сўнгги ўн йил давомида эса 70 фооизга ёки 1,8 миллиондан 3 миллион машинагача ўсган.

Бу ерда иккита қарама-қарши тенденция кўзга ташланмоқда: нефть қазиб чиқариш ҳажми пасаймоқда, бензин ишлаб чиқариш ҳажми арзимаган миқдорда кўпаймоқда, автотранспорт сони эса жадал суратларда ўсмоқда. Шундай қилиб, мамлакатга бензин ва нефть етказиб бериш билан шуғулланиб келтган монополиячи компаниянинг тугатилиши, боз устига, Газпромнинг Ўзбекистон расмийлари билан Қозоғистон иштирокида “разборкалари” республикада бензин инқирозининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Аслида, асосий сабаб – мамлакатда етарли миқдорда бензин ишллаб чиқарилмаслигида. Бордию, агар Қозоғистондан нефть импорти қайта тикланмаса, вазият борга сари таранглашаверади.

Бу нарса Марказий Осиё масалалари, Россия ва Хитойнинг минтақадаги сиёсати бўйича ўзбекистонлик экспертлар Владимир Парамонов, Алексей Строков ва Олег Столповский томонидан тайёрланган “Россиянинг Ўзбекистон нефть ва газ соҳасида иштироки: асосий сценарийлар” дея аталувчи коллектив тадқиқотида ҳам қайд этилган. “Яқин келажакда Ўзбекистоннинг нефть импортига қарамлиги фақат кўпайиб боради”, - дейишади таҳлилчилар Регнум келтирган иқтибосда. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон 2011 йилда 4,2 миллион тонна, 2020 йилда – 6,7 миллион тнна ва 2030 йилда 8,8 миллион тонна нефть импорт қилишга мажбур бўлади.

Uzmetronom сайтининг хабар беришича, шу кунларда Ислом Каримов бир йилдан сал ошиқроқ вақт давомида иқтисод вазири лавозимида ишлаган Суннатилла Бекеновни ишдан бўшатган. Истеъфо Ўзбекистон халқ хўжалиги комплекси ишининг навбатдаги якунлари ўтказилганидан кўп ўтмай амалга оширилди. Бекеновнинг ўрнига аввал молия вазирининг биринчи муовини бўлиб ишлаган Равшан Ғуломов тайинланди.

Ушбу кадр алмашуви умумий вазиятга қандай таъсир кўрсатишини фақат тахмин қилиш мумкин, холос. Ҳозир эса қўрқмай бензин нархи кўтарилишини прогноз қилиш мумкин. Бу ҳар қандай кризисга қарши курашнинг синалган услубидир.



 

Реклама