12:24 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Айбланувчи журналист Абдумалик Бобоев: муаммоларни очиқламаслик Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солади

12.10.2010 09:53 msk

Фарғона.Ру

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзоулуғбек тумани судида 2010 йил 11 октябрь куни “Америка Овози” радиосининг мухбири Абдумалик Бобоев иши бўйича суднинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, журналистни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-чи (“Туҳмат”), 140-чи (“Ҳақорат”), 223-чи (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”) ва 244-1-чи (“Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш”) моддалари бўйича айблаяптилар. 244-1 моддасида жиноят “диний ташкилотлардан, шунингдек, чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб содир этилган бўлса” дейилган. Чет эл ташкилоти дейилганида, кўринишидан, “Америка Овози” радиостанцияси назарда тутилмоқда. Мазкур модда бўйича айбдор деб топилса, Бобоевни беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этишлари мумкин.

Бугун адвокат қўйган талабларнинг кўпчилиги қондирилди. Мисол учун, суд божхона хизмати ходими Бахтиёр Тўлагановнинг кўрсатмаларини тинглади.

- У жуда ҳам малакали кўрсатмалар берди, менимча, бу чегарани ноқонуний кесиб ўтишга доир айбловда Бобоевни оқлаши керак, - дейди Сергей Майоров. – Хусусан, у божхона декларациясини тўлдирган одам паспорт назоратини четлаб ўтиши мумкин эмас деб айтди. Бироқ одамлар оқими кўпайиб кетган тақдирда, мамлакатга кираверишда паспортга тегишли штамп қўйилмай қолиши бўлиб турадиган ҳолат.

Қоралов томонидан гувоҳ сифатида кўрсатма берган чегара хизмати вакили, №92-03 ҳарбий қисмнинг бўлим бошлиғи Игорь Навалихин судьянинг Қозоғистондан Ўзбекистонга киришда, қозоқларнинг чегара постини ўтган одам ўзбекларнинг постидан айланиб ўтиши мумкинми, деган саволига “Ҳа, мумкин”, деб жавоб берди.

Судья жиноят иши материалларига Бобоевнинг 2010 йил 27 январь куни берган божхона декларацияси нусхасини қўшиб қўйиш талабини қондирди. Шунингдек, ЎзААА томонидан экспертиза ўтказиш учун асос бўлиб қолган ахборотни сақловчи СD дискани кўриш тўғрисидаги талабнома ҳам қондирилди.

Шу билан бирга, суд адвокат Майоровнинг Бобоевга фуқаролик паспортини қайтариб бериш ҳақидаги талабини ҳамда ЎзААА Мониторинг маркази бошлиғи Тўхтаевни гувоҳ сифатида таклиф этиш тўғрисидаги илтимосини рад этди.

Правозащитник Сурат Икрамов и журналис Малик Бобоев перед началом суда
Ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икрамов ва журналист Малик Бобоев суд бошланиши олдидан. Фото © “Фарғона.Ру”, 2010 йил 11 октябрь.

Эслатиб ўтамиз, аввалги суд мажлисида кузатувчилар сифатида икки ҳуқуқ ҳимоячи: Сурат Икрамов ва Абдураҳмон Ташанов қатнашган бўлсалар, бугун суд залига яна икки ҳуқуқ ҳимоячи: Абдулло Тожибой ўғли ва Татьяна Довлатова ҳамда АҚШ элчихонаси вакили киритилдилар. Ўтган сафар суд залига киритилмагани боис, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига нота берилди.

Аммо на Буюк Британия элчихонаси вакили ва на журналистлар бу сафар ҳам судга киритилмадилар.

Сўз айбланувчига

“Фарғона.Ру” Абдумалик Бобоевнинг интервьюсини кўришни таклиф этади. Унда журналист ўзига қўйилган айбларни шарҳлаб берган. Ўзбекистон Республикасига ноқонуний кириш тўғрисидаги айблов сохталаштирилгани очиқ-ойдин. Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш тўғрисида гапирганда журналистга кўра, агар Ўзбекистонда мавжуд муаммолар ҳақида гапирилмаса, айнан бундай таҳдид пайдо бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Абдумалик Бобоев ҳар бир нарсани ўз номи билан атагани ҳамда Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларнинг объектив манзарасини тасвирлаб бергани учун айбланмоқда. Бунинг учун у нафақат расмий, балки турли ахборот манбаларидан фойдаланиб келган, яъни профессиноал даражада ишлаган. Тергов ва прокуратура буни жиноят деб ҳисобламоқда. Ўқувчиларимиз қайд этганларидек, вазият Жани Родари ҳикоя қилган эртакни эслатади. Бу эртакда қароқчилар қандайдир мамлакатни босиб оладилар ва бу ерда ҳамма фақат ёлғон гапиришини мажбурловчи қонун ўрнатадилар.

Журналистни айнан нимада айблаётганлари ҳақида

Айблов хулосасининг матни етарли даражада узун, уни оралаб ўтиш етарли даражада мураккаб, бироқ матнни диққат-эътибор билан ўқисангиз, бу нарса ҳукм эканлигини тушунасиз.

* * *

Бобоев Абдумалик Мансурович, 1969 йилда туғилган, ноқонуний журналистлик фаолияти билан шуғуллангани учун айбланади. У оммавий ахборот воситалари орқали расмийларни ҳақоратлаган ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига туҳмат қилган ва аҳоли ўртасида ваҳима қўзғатишга йўналтирилган, фуқаролар ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини бузишга, иғвогарона, вазиятни издан чиқарувчи ёлғон хабар ва материалларни тарқатган ва қуйидаги жиноятларни содир этган.

А.М. Бобоев “Америка Овози” радиостанциясининг мухбири бўла туриб, ... 2009 йил давомида “Малик Мансур” тахаллуси остида фаолият юритган, у тайёрлаган материаллар «www.voanews.com» интернет-сайтида чоп этилган ва “Америка Овози” радиостанцияси дастурларида эфирга узатилган.

А. Бобоев қонун талабларига зид равишда... ОАВ орқали ўзи тарқатаётган ахборотнинг чинлигини текширмай туриб, жамоатчилик онгига ахборот воситалари орқали психологик таъсир кўрсатган, унинг эътиборини чалғитувчи ҳаракатларни амалга оширган, мансаб лавозимидан ва чет эл давлатидан олган молиявий ёрдамдан фойдаланиб, расмийларни ҳамда суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ҳақорат ва туҳмат қилган. “Америка овози” радиостанцияси ва «www.voanews.com» интернет сайти орқали Ўзбекистон фуқароларининг эътиборини чалғитувчи, фуқаролар ўртасида яхши қўшничилик муносабатларни бузувчи, расмийларга ва ҳуқуқ-тартибот идораларига, сиёсий партияларга ва халқ депутатларига ишончсизлик ҳиссини қўзғатувчи, шунингдек, аҳоли ўртасида ваҳима қўзғатувчи, Ўзбекистоннинг жамоатчилик кўз ўнгида имижини обрўсизлантирувчи, Ўзбекистон Республикасида мавжуд анъана ва одатлар, маданий қадриятлар ҳақида миллий ғурурни камситувчи бир томонлама, текширилмаган ахборот тарқатган.

Хусусан, www.voanews.com интернет сайтида чоп этилган “Шарҳловчилар: ёшлар ижтимоий хатар остида” (09.08.2009), “Ўзбекистон банклари молиявий кризис исканжасида” (28.08.2009), “Иқтисодий кризиснинг Ўзбекистонга таъсирини яшириб бўлмайди” (24.09.2009), “Ўзбекистонда инвестициялар учун имтиёзлар бор, тўсиқлар ҳам етарлича” (08.10.2009) каби материалларда халқаро иқтисодий кризис ҳақида фикр юрита туриб, у расмийлар ҳақиқий аҳволни яшираётганлари, гўёки Ўзбекистон иқтисоди изоляциялангани, халқ қўлида нақд пул йўқлигига ишора қилиб дан кризиснинг таъсири борлиги ҳақида бир томонлама ахборот тарқатган...

Айблов хулосасига имзо чекканлар:

Ушбу айблов хулосаси 2010 йил 15 сентябрь куни менинг хизмат хонамда тайёрланган.

Тошкент шаҳар прокуратураси жиноий тергов бўлими ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, адлия кичик маслаҳатчиси Ҳ.О.Ҳусанов.

* * *

“РОЗИМАН”

Тошкент шаҳар прокуратураси жиноий тергов бўлими бошлиғи, адлия маслаҳатчиси А.А. Тўхтабоев.

* * *
Малик Бобоев иши бўйича айблов хулосасини

“ТАСДИҚЛАЙМАН”

Тошкент шаҳар прокурори, адлия катта маслаҳатчиси М.Ҳ. Обидов, 2010 йил 16 сентябрь

Абдумалик Бобоевнинг иши бўйча суд маҳкамасининг ке йинги мажлиси 13 октябрь куни эрталаб соат 10 да бошланади.