23:23 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўшда суд процесси давомида судланувчилар ва уларнинг адвокатларини калтаклаяптилар

01.10.2010 20:29 msk

Фарғона.Ру

“Фуқаролар коррупияга қарши” ҳуқуқ ҳимоя маркази ўш воқеалари бўйича жиноятларда айбланаётганларни суд залининг ўзида калтакланаётганлари ҳақида билдирмоқда, дея хабар беради Озодлик овози. Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг гувоҳлик беришича, судланувчилар ўтирган “катаккка” конвойчилар форма кийган одамларни киритаяптилар ва шундан кейин калтаклаш бошланаяпти. Шу ерда турган судья, прокурор ва суд ижрочилари бўлаётган воқеани индамай кузатиб турибдилар.

Ҳуқуқ ҳимоя маркази ходими Фарида Абдилдаевага кўра, “суд процесслари тергов изоляторларида, терговчи кабинетида ва ҳарбий қисмларда ўтказилмоқда”. Ф. Абдилдаева тақдим этган маълумотга кўра, 2010 йил 15 сентябрь куни Қорасув район судида судланувчилар Садиқжанов ва Ҳайдаровни ўн минут давомида калтаклаганлар. Судья Байбўсунов ва йигирмата суд ижрочилари ҳамда милиция ходимлари буни кузатиб турганлар. Калтаклаётганлар миллатчилик сўзларини бақириб ҳайқирганлар.

Судланувчиларнинг қариндошлари Қорасув райони суди раиси Қўйчубек Жўбўров ва район прокуратураси ходимларидан калтаклашни тўхтатишни талаб қилдилар, бироқ бунга чора кўрилмади. Судланувчилар олган тан жароҳатларини қайд этиб қўйишни сўраганларида, СИЗО ходимлари рад жавобини берганлар.

Ҳуқуқ ҳимоячилар яна бир ҳодисани тасвирлаб бердилар: 2010 йил 29 сентябрь куни ИИВ №7703 ички қўшинлар ҳарбий қисмида ўтаётган суд мажлиси давомида судланувчилар ўтирган “катак” эшигини очиб бердилар ва ичкарига ИИВ ички қўшинлар ходимларини киритдилар. Улар судланувчиларни 20 минут давомида шавқатсизларча калтакладилар. Шундан кейин улар судланувчиларга агар калтакланиш борасида шикоят қиладиган бўлсалар, СИЗОнинг ўзида ўлдириб қўя қоламиз деб билдирдилар.

“Фарғона.Ру” ушбу суд процессида иштирок этиб судланувчилардан бирини ҳимоя қилаётган адвокат Таир Асановга телефон қилди. Адвокат қуйидагиларни сўзлаб берди: “Кеча (29 сентябрь куни – таҳр.) Қорасув райони ИИБ бошлиғининг ўлдирилиши тўғрисида жиноят иши бўйича суд процесси бошланди. Кундузи танаффус эълон қилдилар, биз тушлик қилгани чиқиб кетдик. Кечқурун бўлса, форма кийган одамлар суд залида панжара ортида қолган олти нафар судланувчиларни калтаклаганларини билиб қолдик. Улар қўрққанларидан бу ҳақда бизга келишимиз билан айтганлари йўқ...

Бугун суд мажлиси бошланганида мен оғзаки равишда кеча тушлик танаффуси пайтида судланувчиларга нисбатан жисмоний зўравонлик қўллангани ҳақида билдирдим. Мен баёнотимни протоколга киритишларини сўрадим. Залда суд экспертлари, прокурорлар ўтирган эдилар, мен уларнинг олдида судланувчиларни кўрикдан ўтказиб тан жароҳатларини қайд этиб қўйишни ҳамда судланувчиларни калтаклаган ҳарбий хизматчиларга нисбатан жиноят иши очишни сўрадим.

Шу гапларни айтишим билан, оламон менга ташланди ва калтаклашга уринди. Милиция ходимлари мени оламондан қутқариб қолишга уринди, пайтдан фойдаланиб суд залидан чиқиб кетдим. Кетиб юбормоқчи эдим, КППда мени тўхтатдилар. Шу ерда бир гуруҳ аёллар югуриб келиб мени калтаклай бошладилар.

Мен республика рамийларига мурожаат қиламан – адвокатларнинг хавфсизлигини таъминлаш керак. Бизга ва оила аъзоларимизга таҳдид қилаяптилар. Биз суд маҳкамалари давомида нормал ҳолда ишлашимизга – баёнотлар ва талабномалар беришимизга имконият беришларини талаб қиламиз. Биз ўз мижозларимизни қонуний йўл билан ҳимоя қилишни истаймиз”, - деди адвокат Таир Асанов.

Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг қайд этишича, “суд маҳкамалари меъёрларининг бу каби бузилишлари Қирғизистон жанубида одатий ҳолга айланди”.