12:37 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Баъзилар бевақт чақирилган азон учун қамалдилар, бошқалари эса – ёрдам сўраганлари учун

28.09.2010 13:18 msk

Фарғона.Ру

АЗОНМИ ЁКИ ИСЁНГА ЧАҚИРУВ?

Бишкекдаги AKIpress агентлиги район прокуратурасидаги манбага таянган ҳолда хабар беришича, Жамолиддин Исақов ва Абдумухтор Шукуров Қорасув райони Нариман қишлоқ округи Нурдор қишлоғи масжидидаги овоз кучайтиргичлар орқали маҳаллий аҳолини “ухламасликка ва жангга тайёр бўлишга”чақирганлар. Нурмуҳаммад Матраимов ва Йўлдошбой Қирғизбоев ҳам Қашғар-қиштақ масжидида ҳудди шу ишларни қилганлар.

Шу билан бирга, Азаттиқ Радиоси (Озодлик қирғиз тили хизмати) Қорасув райони суди судьясига таяниб хабар беришича, мазкур тўрт нафар судланувчи бевақт азон чақирганлари учун айбланганлар. Қоралов томонига кўра, бу зўравонликни бошлашга чақирув бўлган эмиш.

Судланувчиларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 233-чи (Оммавий тартибсизликларга чақириш) ва 299-чи (Диний, ирқий ва миллий адоватни қўзғаш) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган эди. Уларнинг тўрттови ҳам тўрт йилга озодликдан маҳрум этилдилар ва жазони манзил-колониясида ўтайдилар.

На AKIpress ва на Азаттиқ оммавий тартибсизликларга чақирувчилар қайси миллатга мансублиги борасида аниқлик киритмаяпти. Азон барча миллатлар учун бир ҳилда чақирилиши маълум. Қирғизистондаги масжидлар ҳам барча миллатлар учун умумийлиги рост, қирғизлар ҳам ўзбеклар ҳам бир масжидларга қатнайдилар. Тунги азон ким учун сигнал бўлиб қолаяпти деган савол очиқ қолаяпти.


Ўш, 2010 йил июнь. “Фарғона.Ру” АА фотоси. Бошқа фотосуратларни — в Галереяда кўринг

“Фарғона.Ру” ушбу ахборотга аниқлик киритиш учун Қорасув райони суди ва прокуратурасига телефон қилиб боғлана олмади.

“ҲАММАСИГА ЎЗБЕКЛАР АЙБДОР”

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ақиқатчиси (омбудсмени) Турсунбек Ақун 27 июль куни қуйидагиларни билдирганди: “Биринчи бўлиб ўзбеклар бошлагани ҳозир маълум бўлди. Уюшган ҳолда. Ўзбеклар жам бўлиб яшайдиган жойларда 10-чидан 11-чи июнга ўтар тунда салют ўқлари отилди, тунгги соат иккида эса масжидлардан азонлар чақирилди. Ҳолбуки, азон эрталаб соат 5.15 да чақирилиши керак эди”. Омбудсмен версияси бўйича, айнан ўзбеклар томонидан чақирилган азон товушлари оммавий тартибсизликларни бошлашга туртки бўлган. Қайд этамиз, Ўш ва Жалолободдаги воқеаларни текшириш бўйича расмий натижалар шу чоққача эълон қилингани йўқ.

Шу билан бирга, “Очиқ позиция” жамоатчилик фонди ўша масжидлардан бирининг ёнида истиқомат қилувчи одамлар орасида сўров ўтказди. “Ўшда азон чақирган оқсоқоллар тартибсизликларга ундаганлари йўқ”, - дейди фонд раиси Дмитрий Кабак 24.kg келтирган иқтибосда. Сўралган одамларга таяниб у муаззинлар аксинча, таҳдид яқинлашаётгани ҳақида аҳолини огоҳлантирмоқчи бўлганларини маълум қилди.

“Респондентларнинг айтишича, азон ўқ товушлари эшитила бошланганидан сўнг чақирилган. Муаззинлар миноралардан туриб: “Одамлар, чиқинглар, катта хавф яқинлашаяпти!” деб қичқирганлар”, - дея таъкидлади Дмитрий Кабак.

“Фарғона.Ру” агентлиги мақолаларидан бирида шарҳ қолдирган “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотининг қорасувлик фаоли Дилёр Жумабеков шундай деб ёзади: “Шахсан мен ҳеч нарса эшитганим йўқ – уйим масжиддан узоқ. Аммо менга муаззинлар тартибсизликлар бошланганидан бир соат ўтиб азон чақирганларини ҳақида айтишди. Улар тўполон бошланди деб маълум қилдилар, одамларни хушёр бўлишга ва ўз уйлари ва оилаларини асрашга чақирдилар. Менга айтишдики, асосан қирғизлар яшайдиган жойлардаги масжидларда ҳам муаззинлар ҳудди шундай қилишган экан, аммо бу ҳақда ҳеч ким гапирмаяпти”.


Ўш, 2010 йил июнь. “Фарғона.Ру” АА фотоси. Бошқа фотосуратларни — в Галереяда кўринг

“Фарғона.Ру” манбалари маълум қилишича, ўзбекларнинг бу ҳатти-ҳаракатлари ҳақидаги миш-мишлар Қирғизистон жанубида қирғизларни қаттиқ ғазаблантирган. Аммо “воқеа шоҳидларидан” ҳеч ким муаззинлар қандай сўзларни айтиб азон чақирганлари ҳақида бирор аниқ сўз айта олмаган.

Бевақт чақирилган азон ҳақидаги миш-мишлар аҳолининг бир қисмини ғазабини қўзғади. Ўш Давлат университети ётоқхонасида ўзбек йигитлари қирғиз қизларини зўрлаганлари ҳақидаги ҳикоялар билан бир қаторда бевақт чақирилган азонлар тўқнашувлар бошланишининг асосий сабаби сифатида эълон қилинди ҳамда интиқомга ундов бўлди. Эслатиб ўтамиз, университет ётоқхонасида қизларнинг зўрлангани ҳақидаги миш-мишлар тасдиқланмади. Бу ҳақда жанубдаги ҳодисаларни текшириш бўйича давлат комиссиясининг аъзоси, ҳуқуқ ҳимоячи Азиза Абдирасулова 27 июль куни маълум қилди. Унга кўра, у ўша тунда ётоқхонада бўлган қизларни ва вахтерларни сўров қилишда шахсан иштирок этган. Улар бундай воқеалар бўлмаганини, талаба қизлар эса бехавотир жойда бўлганларини билдирганлар. Университет ректори ҳам миллий телевидение орқали расман раддия берган ва унинг сўзларини республика бош прокурорининг муовини тасдиқлаган.

Қизиғи шундаки, Қирғизистон Мусулмонлари диний бошқармасида маҳкум муаззинлар ва 11 июнга ўтар тунда бевақт чақирилган азон ҳақида ҳеч нарса билмас эканлар. Ҳар ҳолда “Фарғона.Ру” агентлигига бу ҳақда республика муфтийсининг ноиби Улуғ Умар хожи шундай деб билдирган (у ўз фамилиясини айтишдан бош тортди). “Мен бу ҳақда сиздан энди эшитиб турибман, бунақанги ёмон миш-мишлар қаердан пайдо бўлибди! – дея ачиқланди у. – Буларнинг бари провокация, миш-миш”.

“ЁРДАМ КУТГАНМИДИНГИЗ? ДЕМАК АЙБДОРСИЗ!”

AKIpress хабар беришича, шу кунларда, яна ўша-ўша Қорасув райони суди қашғар-қиштақлик Ўктамжон Аҳмаджонов ва Исломжон Ҳусановни уч йилга озодликдан маҳрум этган. Улар 12 июнь куни хусусий уй дарвозасига “SOS” деб ёзганлари учун айбдор деб тан олинди. Терговга кўра, бу ёзув миллатлараро низони қўзғаш учун қилинган, яъни, “шу билан [бу одамлар] ўзбекларни қирғизларга қарши қайраш учун қилинган”, ёрдам сўрашга қаратилган чақириқ эса гўёки, миш-мишларга кўра ўзбекларга ёрдам бериш учун етиб келажак Ўзбекистон Республикаси қуролли кучларига йўл кўрсатиш учун қилинган эмиш. Суд терговнинг бундай хулосасига рози бўлди. Шундай қилиб, халқаро ҳамжамиятда қабул қилинган “SOS” сигнали қирғиз адлияси ҳатти-ҳаракатлари билан хавф-хатардан қутқариш учун ёрдам сўраган одамларга қарши айблов қуролига айланди.


Ўш, 2010 йил июнь. “Фарғона.Ру” АА фотоси. Бошқа фотосуратларни — в Галереяда кўринг

Қирғиз судьялари чиқарган ҳукмларнинг адолатдан эмаслиги борасида гумонланиш учун асослар етарли. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар Қирғизистон тергов изоляторларида содир этилаётган бедодликлар борасида бир неча бор билдириб келганлар. Бу ерда иқрорлик кўрсатмаларини олиш учун одамларни қийноққа солаяптилар ва бу кўрсатмалар судлар томонидан далил сифатида қабул қилинмоқда. Қирғизистонлик адвокатлардан бири “Фарғона.Ру” агентлигига маълум қилишича: “бизда шунақа. Шунинг учун ҳам улар [терговчи ва судьялар] бошқа исботларни изламайдилар ҳам. Иқрор бўлдингми - бўлди”.

“Менинг мижозларим тергов идораларида жисмонан қийноққа солинган. Уларни шавқатсизларча калтаклаяптилар, бошларига полиэтилен пакетлари кийгизаяптилар. Одамларни уч-тўрт кун давомида руҳан ва жисмонан синдирганларидан кейин адвокатлар уларнинг олдига кираяптилар. Бунгача улар ҳамма айбларни бўйнига олиб иқрор бўлишга улгурганлар”, - дейди адвокат.

Агар айбланувчи ҳамма нарсани инкор қилишда давом этаверса-ю, айблов томони эса далил ва исботларни тақдим эта олмаса ҳам уни барибир қамайдилар. Бунга мисол тариқасида умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровни келтириш мумкин.

БИШКЕК, ҲЎВ!

Кимдир мамлакат жанубида содир бўлаётган воқеаларда миллатчилик негизини кўришни истамаётгани билан, бу нарса сўзсиз бор. Норасмий маълумотларга кўра, республикадаги барча терговчилар – қирғиз миллатига мансуб. Қамоқхоналар ўзбек маҳбуслари билан тўлиб-тошган. “Мен адвокатман. Аммо ўзбеклар жабрланувчи сифатида ўтаётган бирорта ҳам иш ҳақида эшитганим йўқ. Балки мендаги ахборот тўлиқ эмасдир”, - дейди “Фарғона.ру” суҳбатдоши. Балким. Аммо унинг сўзларини Human Rights Watch каби нуфузли халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти ҳам тасдиқлаяпти. Бу ташкилот агар ўзбекларни ҳибсга олишлар ва таҳқирлашлар давом этаверса, Қирғизистон жанубида таранг вазият бундан-да бадтар издан чиқиши мумкинлиги борасида огоҳлантирмоқда.

“Кучишлатар идоралари ходимларидан бири биз билан суҳбат давомида қирғизларни ҳибсга олиш иштиёқи билан ёнмаётганини ва агар шундай қилинса, янги тўқнашувлар келиб чиқиши мумкинлигини айтди. Қирғизлар кўпчиликни ташкил этадиган икки районда милиция вакиллари ҳибсга олинганлар орасида қирғизлар йўқ деб айтдилар. Беш нафар адвокат (ўзбеклар ва қирғизлар) бизнинг ходимларимизга маълум қилишича, июнь босқинчиликларидан сўнг уларнинг барча мижозлари фақат ўзбеклардан иборат”, - дейилади Human Rights Watch ҳисоботида.

Бундай вазиятда мустақил кучларнинг иштироки зарур, негаки, “ўзбек судланувчилари” устидан адолатли қарор чиқариш қирғиз терговчилари ва судьялари учун “ҳал қилиб бўлмайдиган” масала. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам 20 сентябрь куни Қирғизистон жанубидаги воқеалар бўйича халқаро текширув ўтказишга чақирган эди. Шу кунларда АҚШ президенти Барак Обама қирғизистонлик ҳамкасби Роза Ўтунбаевани июнь воқеалари давомида одамларнинг фожеавий ҳалок бўлиши сабабларини текшириш бўйича халқаро комиссия ишининг бошланишини ҳамда 52 кишидан иборат ЕХҲТ полиция консультатив гуруҳини жойлаштиришни тасдиқлашга чақирди. Қизиқ, Бишкек Тошкент ва Нью-Йоркнинг чақириқларига қулоқ солармикан?

Республика ҳукуматининг Жанубий Қирғизистон судьялари чиқарган ҳукмларга муносабати қандайлиги ҳам шу чоққача номаълум бўлиб қолмоқда. Кўринишидан, янги ҳукумат Ўш фожеаларининг ҳақиқий сабабчиларини топишдан кўра олдинги режимни қоралашга кўпроқ эътибор қаратаяпти. Мисол учун, Конституциявий суд судьяларига қарши, 2007 ва 2009 йил референдумлари якунларини қалбакилаштириш ҳолати бўйича жиноят ишлари очилмоқда. Бундан ташқари, расмийлар Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаевни дахлсизликдан маҳрум этишмоқчи. Мамлакат жанубини Адолат тарк этаётгани эса Бишкекни асло қизиқтирмаяпти, шекилли.

Феруза Жоний тайёрлади