12:52 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Санжар Умаров: Ўзбекистонда қийноқлар давлат сиёсати эмас, турма ходимларининг шахсий ташаббуси

28.09.2010 07:22 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистонлик собиқ мухолифатчи Санжар Умаров бир йил давом этган сукунатдан сўнг New York Times нашрига ўзининг биринчи интервьюсини берди.

“Деворга суянасан-да уч қадам қўясан ва рўпарадаги деворга тақаласан. Ўгириласан-да, орқага қайтасан. Майдароқ қадам босилса, деворгача йўл узоқлашади...” – дея паст овозда турмадаги ёлғиз камерада узоқ вақт давомида ўтказган умри ҳақида ҳикоя қилади Санжар Умаров (турма назоратчилари унинг овоз органларини шикастлаганлар). У шундай қилиб ҳолдан тойгунича соатлаб қадам босган. Ўшандагина ухлай олган.

“Ҳаракат қилиш керак, - дейди у. – Акс ҳолда ўтирасан ёки ётасан. Бир-мунча вақт ўтганидан кейин эса сен йўқсан. Сен одам эмассан. Сенинг руҳинг соғлиғинг посбони”.

Санжар Умаров 54 ёшда, у тадбиркор, физик, “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясининг лидери. 2005 йилда у Андижон учун Ўзбекистон расмийларини жавобгарликка тортишга чақирган, ислоҳотлар ўтказилишини ва халқ билан диалог бошланишини талаб қилган эди. Бунга жавобан уни ҳибсга олдилар, калтакладилар ҳамда Андижондаги қўзғолонни уюштиришда ва молиявий жиноятларда айбладилар. Суд Умаровни 14 йилга озодликдан маҳрум этди (кейин бу муддат қисқарди), уни Қизилтепадаги колонияга жўнатдилар, бу ерда у ғишт заводида ишлай бошлади ва саломатлиги ёмонлашди. Унинг хотини, АҚШ фуқароси Индирага Умаровни кўришга ижозат берганларида, у эрини таний олмай қолди. Унинг кўриниши жуда ёмон эди. Шундан кейин Санжар Умаровнинг ҳимоясига халқаро кампания бошланди. Уни қамоқдан бўшатишларини сўраб АҚШнинг Тошкентдаги элчиси илтимос қилди, ҳуқуқ ҳимоячилар унинг озод этилишини талаб қила бошладилар. Кутилмаганда, 2009 йил охирида уни амнистия бўйича озод этдилар.

Санжар Умаров соғлиғини тиклаши учун бир йил керак бўлди. Шу давр мобайнида унинг баданига эт кирди, Ўзбекистон ҳақида мубоҳасаларда қандай роль ўйнаши ҳақида ўйлаб-ўйлаб фикрини жамлади. Интервью беришга рози бўлиб у яна сиёсат саҳнасига қайтиш имкониятига эга бўлди. Ҳар ҳолда, Ўзбекистондаги режим ҳақида сўзлари бор фигура бор бўлса, бу айнан жаноб Умаровдир.

Бироқ у интиқом оладиган даражада аламзада эмас, ҳар ҳолда унга қараб бу нарсани кўрмайсиз. Жаноб Умаровнинг таъкидлашича, у баланд овозли режим қораловчиси бўлишни истамайди. У бошқа йўлни танлади – ўзига нисбатан қўлланган қийноқлар ҳақида гувоҳлик бериш, Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан шавқатсизликка қарши кураш ҳамда халқаро майдонда обрў талашаётган Ўзбекистонга бу нарсада оз бўлсада, имконият бериш.

Санжар Умаров бераётган тавсиялар жуда жўн. У турмаларда видеокамералар ўрнатиш зарур деб ҳисоблайди. Жаноб Умаров видеокузатув ўрнатилган камераларда уни урмаганларига ишончи комил. Бундай камераларда назоратчилар ҳатто хушмуомала бўлганлар.

Умаровга кўра, ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари гувоҳлик қилаётган қийноқлар камдан-кам ҳолатларда олий мартабали мутасаддилар буйруғи билан амалга оширилади. У зўравонлик ўрта ва қуйи бўғиндаги ходимлар томонидан қўлланади, деб ҳисоблайди. Унга кўра, қийноқлар баъзи терговчилар ва турма назоратчиларига одат бўлиб қолмоқда, негаки қийноқлар ёрдамида иқрорлик кўрсатмаларини олиш, маҳбусларни қўрқитиш ҳамда оммани қўрқув ва итоаткорликда ушлаш мумкин. Умаров ўз давлатини оқламаяпти. Унга кўра, қийноқлар давлат сиёсатининг натижаси эмас, балки ушбу давлатга хизмат қилаётган каллакесарларнинг шахсий ташаббуси бўлиб қолган.

“Мен барча назоратчилар ёмон бўлган дея олмайман, - дейди у. – Кимдир яхши, бошқаси эса ёмон бўлган. Аммо, агар ошкоралик бўлмаса, ёмонларнинг ошиғи олчи бўлаверади. Агар турмаларда видеокамералар ўрнатилса, улар куч ишлатишдан қўрқиб қоладилар. Улар хушмуомала бўлиб қоладилар”, - дея ишонади Умаров.

Умаровга кўра, уни 10-12 марта қийноққа солганлар. Назоратчилар унинг бошига, товонига урганлар, томирига психотроп воситаларини киритганлар ёки дорисини ичишга мажбур қилганлар. Натижада, унинг танаси ҳаракатсиз жасадга айланиб қолган. Ёзнинг жазирама иссиқ кунлари уни қуёшнинг тиғи остида сувсиз қолдирганлар, қишнинг аёз кунлари бошқа маҳбуслар билан совуқ хоналарида қамаб қўйганлар. Совуқдан қотиб қолмаслик учун улар бири-бирларининг пинжига кириб ётишга мажбур бўлдилар. Бир куни уни темир каравотга қисиб қўйганларидан, бармоғи бўғинидан чиқиб кетган. Турма назоратчилари уни бўққанлари боис Умаров овозини йўқотиб қўйди...

Тўрт йил давом этган тутқунлик даврининг деярли тенг ярмини у бир кишилик камеради ўтказди. Бу даврни у оғир бўшлик дея атайди. “Сукунат. Сукунат. Радио йўқ, на ёзиб бўлади ва на ўқиб. Ҳеч нарса йўқ. Деразада тўрт қатор панжара. Осмонни ҳам кўриб бўлмайди. Бир кун ҳеч нарса эшитмайсан, бошқа кун, учинчи... Тўрт кун... Беш... Тўла сукунат. Бир куни эса қушнинг овозини эшитиб қолдим. Жуда ажиб бўлганди ўшанда! Бошқа куни эса назоратчи радио олиб келиб коридорга қўйди. Мен қўшиқ эшита бошладим. Жуда бахтиёр эдим ўшанда”.

Санжар Умаров ўзининг озод этилишини Ўзбекистонда вазият эҳтимол яхши томонга ўзгараётганининг аломати бўлиб қолаётган дея ҳисоблашни таклиф этди. Ҳар ҳолда у шунга умид қилади. “Мени озодликка чиқарилишини яхшилик аломати деб ҳисоблагим келади”, - дейди у. Шунингдек, унга кўра энг асосий бўлган нарсани эслатади: “Видеокамералар. Бу тўғри қўйилган қадам бўлар эди”.

Инглиз тилидан рус тилига қисқартириб Мария Яновская таржима қилди