00:39 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Суд Россиянинг “Вимм-билль-дан” компанияси активларини давлат фойдасига ўтказиб юборди

21.09.2010 18:07 msk

Фарғона.Ру

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 20 сентябрь куни Россиянинг “Вимм-Биль-Данн” компаниясига қарашли “ВБД Ташкент” корхонасини Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш бўйича ажрим чиқарди. Корхона республика ҳукумати билан тузган инвестициявий шартномани бажармагани бундай ҳукмнинг чиқарилишига сабаб қилиб кўрсатилди. “ВБД Ташкент” “Тошкентсут” ОАЖ олдидаги 1,5 миллион долларга тенг бўлган қарзни қопламади ва шу йўл билан давлат ва жамоатчилик манфаатларига ўта йирик миқдорда зарар етказилди.


“ВБД Ташкент” ишламай қўйганига саккиз ой бўлиб қолди. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг “Вимм-Биль-Данн” компанияси 2004 йилда Тошкент сут комбинати (“Тошкентсут” ОАЖ) акцияларининг 76,98 фоизини 131,4 минг долларга сотиб олди ва унинг базасида “ВБД Ташкент” МЧЖ корхонасини тузди. Ўшанда инвестор 2011 йил охиригача заводнинг қарзини тўлаб бериш ҳамда унинг ривожланишига 7,2 миллион долларга тенг бўлган инвестиция ётқизиш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Ўзбекистон ҳукумати ҳам ўз навбатида компанияга фермер хўжаликларидан ва жисмоний шахслардан мустақил равишда нақд пулга сут сотиб олиш ҳуқуқини берди. Бундан ташқари, “ВБД Ташкент” 2011 йилгача фойда солиғидан, қўшимча қиймат солиғидан ҳамда жиҳозлар ва хом ашё импортида божхона тўловларидан озод этилди. Божхона имтиёзи 2006 йилдаёқ бекор қилингани ҳам рост.

Россия томони 2009 йил 1 августидан бошлаб “ВБД Ташкент” компаниясига инвестиция ётқизишни тўхтатиб қўйди, 13 август куни эса солиқ ва бюджет идоралари ташаббуси билан корхонада координацион текширув бошланди.

2009 йил 25 ноябрь куни “ВБД” ишлаб чиқараётган маҳсулот сифатини текшириш учун давлат санитария-эпидемиология назорати республика марказининг (ДСЭН РМ) ходимлари корхонага келдилар. ДСЭН РМ маркази комиссияси сут-творог массаси намуналарини анализдан ўтказиб юқори миқдорда замбурғ ва ичак таёқчалари борлигини аниқлади.

Шу муносабат билан “ВБД Ташкент” МЧЖ ва ДСЭН РМ ўртасида суд 2009 йил 29 декабрь куни бошланди. ВБД компанияси вакиллари санэпидемназорат эътирозини асоссиз дея ҳисоблаётганини билдирдилар. “Маҳсулот анализини ўтказиш регламенти бузилган. Хусусан, текширув завод ходимларининг иштирокисиз ўтказилган, маҳсулот намунасини олишда, унинг транспортировкаси ва сақланишида тегишли ҳарорат режимига амал қилинмаган. Бу эса Ўзбекистон қонунчилигига тўғри келмайди”, - дейишди улар.

Шунга қарамай, Тошкент шаҳар хўжалик суди ДСЭН РМ даъвосига биноан “ВБД Ташкент” фаолиятини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди.

2010 йил баҳорида бўлиб ўтган суд текширувлари давомида солиқ ва божхона қонунчилиги, савдо қоидалари, сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқаришдаги, шунингдек, ўғирлик, инвестициявий мажбуриятларни қасддан бажармаслик, иқтисодий ва техник ноқисликлардаги айбларни конкрет шахсларга, аниқроғи “Вимм-Биль-Данн” топ-менежерларига юклаб қўйди. Аксарияти Россия Федерацияси фуқаролари бўлган айбланувчиларга нисбатан суд бошланганига уч ойдан ошди. Кеча уларга нисбатан амнистия қўлланиб жиноят иши тўхтатилди, “ВБД Ташкент” активлари Ўзбекистон мулкига ўтди.

“Бизни бизнесимизни тортиб олдилар, бўлган гап шу”, - дея суд ҳукмини шарҳлади ВБД раёасати аъзоси Марина Каган Коммерсант газетасига интервьюда. – “Биз бу ҳукм устидан Ўзбекистоннинг олий суд инстанцияларига шикоят қилмоқчимиз”.

“Ушбу активнинг моддийлиги нуқтаи назаридан олиб қараганда, “Вимм-Билль Данн” уни жуда арзон нархга сотиб олган, бироқ минтақанинг ривожланиш салоҳиятини олиб қарайдиган бўлсак, унинг компания учун аҳамияти жуда катта, - дейди Каган РБК келтирган иқтибосда. – Шундай қилиб, Ўзбекистонда содир бўлган ишлар ўтиб кетган бедодлик бўлиб қолди”.

Юристларнинг қайд этишича, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Европа конвенциясига аъзо эмас. Шунинг учун ҳам ВБД Ўзбекистон судларининг қарори устидан Страсбург судига шикоят қила олмайди.

Коммерсант хабарига кўра, Дмитрий Медедев ва Ислом Каримов телефон орқали суҳбатларидан бирида россиялик инвесторларнинг атрофида юзага келган вазиятни муҳокама қилдилар. Каримов ўта қаттиқ позицияда туриб олди: россиялик инвесторлар мамлакат қонунларини қасддан қўпол равишда бузганлар ҳамда инвестиция бўйича бир қатор мажбуриятларни бажармадилар, шунинг учун ҳам жазога тортилиши керак. “Россиянинг минтақадаги манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, стратегик иттифоқдош билан қандайдир сут заводи деб ҳеч ким жанжал қилмайди”, - дея тушунтирдилар Россия ташқи ишлар вазирлигида газетанинг сўровига.