14:37 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаров умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди

15.09.2010 20:58 msk

Фарғона.Ру

Қирғизистон. - Жалолобод вилояти Новкен райони Маси қишлоғида суд 15 сентябрь куни таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровни умрбод озодликдан маҳрум этишга ва мол-мулкини мусодара қилишга ҳукм чиқарди.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни ўтган суд мажлисида давлат қораловчиси Асқаровга умрбод қамоқ жазоси ва мулкини мусодара қилишни талаб қилганди.

Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июль куни ҳибсга олинган. Уни Бозорқўрғон РОВД вақтинча сақлаш изоляторига келтиришган. Асқаровни оммавий тартибсизликларни уюштиришда, миллатлар ўртасида адоват қўзғашда ва милиционерни ўлдиришда қатнашишда айбладилар. Асқаров барча айбловларни инкор этган.

Олдинроқ АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ишни адолатли тарзда кўриб чиқишга чақирувчи баёнот билан чиққанди. Amnesty International ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти ҳам суд давомида содир этилган зўравонликларга нисбатан норозилик баёнотини ёйинлаган эди. Бундан ташқари, Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро қўмитаси (ЖҲҚ) Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага очиқ хат билан мурожаат қилиб, зудлик билан журналист Улуғбек Абдусаломов ва ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг суд томонидан таъқиб этилишининг одини олишга сўради.

ЖҲҚ ўзи ўтказган текширувнинг кўрсатишича, уларнинг икковига нисбатан ўтказилган тергов кўплаб қонун бузилишлари билан ўтказилган, Асқаров суди эса интиқом томошасига айлантирилган. Қирғиз (қирғизистонлик дея олмаймиз, негаки бу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларида фақат қирғизлар ишлайди) терговчиларидан фарқли ўлароқ, ЖҲҚ Абдусаломов Конституциявий кенгаш аъзоси сифатида 12 дан 14 майгача Бишкекда бўлганини аниқлади. Қирғиз расмийларининг иддаоси бўйича айнан ўша кунлари Абдусаломов жалолободликларни сепаратизмга ундаган эмиш.

Шунингдек, ЖҲҚ аниқлашича, айблов томони Асқаровнинг айбини исботловчи бирор-бир салмоқли далил тақдим эта олмаган, унинг адвокат билан етарли даражада мулоқотини таъминламаган, тергов давомида унга нисбатан қийноқ қўлланганини эътиборга олмаган ва унинг адвокатини ҳалок бўлган милиционер оиласи ва ҳамкасбларининг босимидан иҳоталамаган.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва Асқаровнинг дўстлари ушбу судни адолатсиз тарзда ўтказилган деб ҳисоблаяптилар. Уларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари шу йўл билан Асқаровдан ўч олганлар.