19:57 msk, 20 Апрель 2014

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Миллий телерадиокомпания ходимлари президент Ислом Каримовга очиқ хат билан мурожаат қилдилар

02.09.2010 17:39 msk

Фарғона.Ру

Олдинроқ давлат телевидениесида цензура ва маҳаллийчилик ўрин олгани ҳақида билдирган Ўзбекистон “Ёшлар” телеканали журналистлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова мамлакат президенти Ислом Каримовга очиқ хат билан мурожаат қилдилар. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания ходимлари ўзларининг мурожаатида Миллий телерадиокомпаниялаги вазият ҳақида сўзлаб бериб, давлат раҳбаридан телеканал раҳбарларининг бошбошдоқлигидан ҳимоя қилишни сўраяптилар. Сўнгги вақтда Саодат Омоновага телефон орқали таҳдид ва ҳақоратлар кўпайиб қолди. Журналист буни ўзининг яқиндаги чиқишлари билан боғлаяпти.

“Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя жамияти офисида ўтган матбуот анжуманида давлат телевидениесида цензура ва маҳаллийчилик ўрин олгани чиққан ҳамда МТРК раҳбарлари томонидан давлат маблағларининг ўмарилиши ҳақида билдирган “Ёшлар” телеканали журналистлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига очиқ мактуб йўлладилар.

Ўзбекистоннинг расмий нашрлари орқали президентга мурожаат қилиб бўлмаслиги боис журналистлар очиқ хатни мустақил ОАВ орқали эълон қилдилар. Журналистлар матбуот анжуманида сўзга чиққанларидан сўнг уларга босим ўтказила бошлангани туфайли улар “адолат ва ҳимоя” сўраб давлат раҳбарига бевосита мурожаат қилишга мажбур бўлдилар. Мисол учун, Саодат Омоновани ишдан четлаштирдилар, унга кўчада қандайдир кимсалар томонидан юборилган безорилар тегажаклик қилаяптилар, телефон рақамига қўнғироқлар қилиб таҳдид ва ҳақорат қилаяптилар. Телефон орқали унинг онасини ҳам қўрқитишаяпти. Саодат Омонова провокацияларга эътибор бермаётганини айтаяпти. У “Озодлик” радиосига интервью берганидан кейин босим яна ҳам кучайиб кетди деб ҳисоблаяпти. Президентга очиқ хатни Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимоя ташкилотига юбордилар.

Қуйида очиқ хат матни тўлиқ келтирилган.

* * *

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Бугун сизга хорижий оммавий ахборот воситаси орқали мурожаат этиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида меҳнат қилаётган минглаб ходимлар, телерадиожурналистлар, техник ходимлар юрагида тўпланиб қолган дардларни сизга етказишни ўзимизнинг ҳам фуқаролик, ҳам журналистлик бурчимиз, деб билдик. Агарда МТРКда бўлаётган мавжуд қонунбузарликларни мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари орқали ёритишнинг имкони бўлганида эди, компания раҳбарияти, “Ёшлар” телерадиоканали директори Хайрулла Нуриддинов томонидан содир этилаётган иқтисодий талон-тарожликлар, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик хусусидаги бор ҳақиқатни айтиш учун “Озодлик” радиосининг минбаридан фойдаланишга мажбур бўлмаган бўлардик. Ёдингизда бўлса, 1998 йилда очилган “Ёшлар” телеканалида “Давр” дастури долзарб масалаларни кўтариб чиқарди. Кўп афсуски, Алишер Хаджаев ва Хайрулла Нуриддиновлар ўз раҳбарлик фаолияти давомида биз журналистларга таҳлилий ва танқидий мавзуларни эфирга узатишни умуман таъқиқлаб қўйди. Бунинг сабабини сиз нимада деб ўйлайсиз, билмадиму, аммо биз журналист сифатида уларнинг бу ҳатти-ҳаракатини Сизни ўз халқингиздан ажратишга бўлган уриниш, деб ҳисоблаймиз. Бугун МТРК раҳбарияти сиз ва халқингиз ўртасида жонли девор вазифасини ўташмоқда. Бизнинг мақсадимиз Сиз ва халқ ўртасидаги ана шу жонли деворни олиб ташлаш.

Гап шундаки, айни пайтда МТРКда давлат томонидан ажратилаётган маблағлар раҳбарият томонидан ноқонуний ўзлаштирилиб, аёвсиз талон-тарож қилинмоқда. Худди шу ҳолатлар “Ёшлар” телерадиоканалида ҳам кузатилаяпти. Телевидение ходимлари ўртасида “Бугунги кунда телевидениеда содир бўлаётган ўғриликлар илгари ҳеч кимнинг тушига кирмаган” деган гапларни кўп эшитамиз. Хабарингиз бор, сиз телевидениени ислоҳ қилишга доир бир қатор қарор ва фармонларга имзо чекдингиз. Мазкур ҳужжатларга асосан барча каналларни замонавий аппаратура билан жиҳозлаш мақсадида давлат томонидан ниҳоятда катта маблағ ажратилди. Мазкур маблағ ҳисобидан телведение учун амалда арзон ва сифатсиз техникалар харид қилинган бўлса-да, аммо ҳужжатларда ўта сифатли ва замонавий дея расмийлаштирилиб, ажратилган маблағларнинг катта миқдори телевидение раҳбариятининг чўнтагини қаппайтирди. Яна бир муҳим масала бу реклама. Айтиб ўтиш керакки, реклама туфайли телевидение ҳисобига тушиши лозим бўлган маблағнинг катта қисми ҳам раҳбарият чўнтагига кираяпти. Чунки ҳозирги пайтда реклама телевидениега имтиёзга эга бўлган бир қатор хусусий фирмалар орқали келаяпти. Улар реклама учун келаётган маблағнинг 50 фоизини ўз ҳисобларига олиб қолишаяпти. Ана шундай фирмалар қаторига Содиқов, Илҳомов, “UZREPORT” хусусий корхоналарини киритиш мумкин. Имтиёзга эга бўлган бу фирмалар эса МТРК раҳбариятига тегишли.

2005 йилда МТРК раиси лавозимига ўтирган Алишер Хаджаев бошчилигидаги раҳбарият нафсининг ҳакалак отганлиги туфайли бир неча йилдирки жамоамизда меҳнат қилаётган ходимларнинг ойлик маоши сезиларли даражада пасайди. Ҳозирги пайтда “Ёшлар” телерадиоканалида ижтимоий тенгсизлик ҳукм сураяпти. Чунки одимларнинг ойлик маошида катта тафовут бор. Масалан, канал директори Хайрулла Нуриддиновнинг одамларига (уларнинг асосий қисмини айнан тошкентликлар ташкил этади) жуда катта маош тўланади. Ўрта мактабни тамомлаб маъмур сифатида ишлаётган айрим ходимлар 900 минг сўмдан 1 миллион сўмгача ҳақ олишади. 2 миллион сўмдан ортиқ ойлик олаётганлар ҳам бор. Миш-мишларга қараганда, улар ойлик маошининг ярмини директор гумаштаси Дилшод Муҳамедовга беришади. У эса ўз вақтида бу маблағни Хайрулла Нуриддиновга олиб кириб беради. Хуллас, Хайрулла Нуриддинов телерадиоканал маблағини талон-тарож қилишнинг ана шундай усулини ўйлаб топган.

Телеканалда, “Давр”да ишлайдиган ходимларнинг ярмини деярли ишда учратмайсиз. Улар ойлаб, ҳафталаб ишга келмаслиги мумкин. Йиллаб умуман лавҳа, кўрсатув тайёрламаган ходимлар ҳам топилади. Аммо уларга табелга 8 соатлик иш вақти қўйилади ва улар отни калласидай ойлик ҳам олишади. Бундай ходимларнинг ишга келмаганига ҳеч ким эътироз билдирмайди. Лекин асосий ишни бажараётган биз ходимлардан бири узрли ишга кечикса, ёки бирор сабаб туфайли бир кун ишга келолмай қолса, “обориб-опкелишади”. Бу ҳолат биз каби ишлаётган ходимларни руҳан эзиб юборди.

Сизнинг инсон ҳар қандай қийинчликка чидайди, аммо ноҳақликка, адолатсизликка чидай олмайди, деган сўзларингиз ҳам ёдимда. Бугун “Давр” мухбирларини тадбирларга чиқаришда ҳам адолатсизликка йўл қўйилаяпти. Қўлидан ҳеч иш келмайдиган, икки қатор жумлани хато билан ёзадиган, доимий равишда газетадан кўчирадиган ходимлар пора эвазига зарур бўлган тадбирларга чиқарилаяпти. Ваҳоланки, бу жараёнда ходимнинг истеъдодига, иқтидорига қараб иш тутиш лозим. Бунинг натижасида мухбирлар ўртасида матн ўғирлиги, энг даҳшатлиси фикр ўғирлиги оддий ҳолга айланди. Бир ҳафта олдин кетган матннинг кейинги ҳафтада ҳам ўзгармасдан эфирга кетиши бирор кишини ташвишга солмайди, ўйлантирмайди ҳам. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда МТРКда телведениенинг “Т” ҳарфини, журналистиканинг “Ж” ҳарфини билмайдиган чаласаводлар сони жуда кўпайди. Бунинг асосий сабаби, МТРК раҳбариятининг саводсизлигида. Бугунги раҳбарият ТВ соҳасининг, ижод оламининг одамлари эмас.

Қарийб бир йил давомида тадбирга чиқмай туриб, бировларнинг компьютеридаги матнларни ўғирлаб, ўзлаштириб, ўғирланган ва эфирга кетмаган лавҳалар эвазига “Давр” ахборот дастурининг кун раҳбари Зоир Қурбонов анча пайтгача катта ойлик маошини олиб келганини қандай баҳолаш мумкин? “Давр” ходимлари бу масалани кўтаришганида, раҳбарият уни ёпди-ёпди қилиб юборди. Бундай ўғирликлари эвазига раҳбарият Зоир Қурбоновни “Шуҳрат” медалига тафсия этишди ва унга амал инъом қилинди. Давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштирган Зоир Қурбонов “Ёшлар” телерадиоканали директорнинг маънавий масалалар бўйича биринчи ўринбосари лавозимига кўтарилди. Бунинг асосий сабаби - Қурбоновнинг тошкентлик эканлигидир. Шуни ҳам айтиш зарурки, кейинги беш йил давомида каналда давлат мукофотига муносиб бўлса-бўлмаса тошкентлик ходимларни тавсия этиш одат тусига айланди.

Яна бир энг асосий мақсадимиз МТРК да юзага келган хавфли вазият ҳақида сизни огоҳ этиш. Бу қонунда бўлмаган, аммо амалда янги раҳбариятнинг шарофати билан ҳукм сураётган цензуранинг мавжудлигини айтиб ўтиш. Телевидение раҳбарияти бу цензурани мамлакат хавфсизлиги учун эмас, балки ўз чўнтакларини қаппайтириш мақсадида ўрнатган. Ҳозир биз тайёрлаётган лавҳалар, репортажларнинг асосий қисми тегишли идоралар вакиллари томонидан назоратдан ўтказилади. Улар лозим топса, лавҳанинг маълум бир қисми қисқартирилади. Кадрлар ўзгартирилади. Керак бўлса, танқидий фикрлардан иборат айрим интервьюлар олиб ҳам ташланади. Яна бир ачинарли томони - сизнинг иштирокингиздаги лавҳалар, расмий тадбирлар “Ахборот” дастуридан сўнг “Давр”да берилади. Лозим топилса, “Ахборот”даги лавҳанинг матнини қайта ўқиб, кадрларигача бир хил қилиб эфирга узатилади.

Ислом Абдуғаниевич!

Бундай ҳолатларнинг мавжудлигини ҳамма ходимлар яхши билади. Кўпчилик норози. Лекин бу масалани кўтариб чиқишга ҳеч ким журъат қила олмайди. Четдан туриб, ҳозир бизга ҳамма далда бераяпти, холос. Бизнинг мақсадимиз ана шундай салбий вазиятни бартараф этиш, бундай ҳолатларга чек қўйилишини таъминлашни сиздан Ўзбекистон Республикаси Президентидан сўраш.

Эҳтимол, сизда бу борада нега ҳукумат идораларига мурожаат қилмадингиз, деган савол туғилар. Ўтган йилнинг декабр ойидан бошлаб ҳамкасбим Малоҳат Эшонқулова Сизга, Бош вазир Шавкат Мирзиёевга ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларига бир эмас, бир-неча маротаба мурожаат қилди, аммо фойдаси бўлмади. Шунинг учун ушбу йўлни тутишга қарор қилдик...

Маҳаллийчилик оқибатида айнан “Ёшлар” телерадиоканалида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш сиёсати ҳам мунтазам равишда бузилмоқда. Дейлик, “нуриддиновчилар” биз ўзбекларнинг зиёли қатлами. Ана шу зиёли қатлам вакили “Қизиқ, Сизларни тушунмайман. Сизлар троллейбус ҳайдасангиз ҳам шу ерга келишингиз керак, кўча супурсангиз ҳам пойтахтга келишингиз керак-да-а? Нима, қишлоғингизда сизга шу қинғир-қалам ўрнига битта юмшоқ супурги топилмаганми?” дея очиқдан-очиқ ходимини ҳақорат қилишга журъати етган Хайрулла Нуриддинов кабилар эрта бир кун пойтахт Тошкентда экан, уни сўзсиз биз бошқаришимиз шарт, дея даъво қилмаслигига, ошкора ҳайқирмаслигига ким кафолат бера олади? Бунга менинг “Озодлик” радиосига берган интервьюмдан сўнг, шаънимга ёзилган ва интернет саҳифасида чоп этилган сўзлар мисол бўла олади. Буларнинг барчаси Хайрулла Нуриддинов томонидан уюштирилганига шубҳам йўқ. Энг ёмони бу гуруҳ ҳақиқат истаб ҳайқирганим учун мени “Сен тожиксан, Тожикистонингга жўна”, дея очиқ-ойдин ҳақорат қилди. Яна бир ҳолат кишини жуда эзади. Ҳозирги вақтда маҳаллийчилик дардига йўлиққан телевидение раҳбарлари каби айрим тошкентлик зиёли қатлам вакиллари кайфиятлари билан ҳамшаҳарлари онгини заҳарлаш ҳаракатида. Бунга Чилонзор туманидаги 195 – мактабнинг 9-синфини тамомлаётган мактаб ўқувчиларининг мобил телефонларида тарқаб кетган бир шеърни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Буюк юртда порахўрлик касб бўлди,

Нон шаҳрим ҳам моғорланмай сасиб бўлди,

Мен боққан қўй ҳарифларга ҳасиб бўлди,

Тошкентимни келгиндилар босиб бўлди.

Ўз юртимда яшаяпман бегонадай,

Кўча- куйда, бозорларда девонадай,

Кун бўлганми, бизнинг аҳмоқ замонадай,

Тошкентимни келгиндилар босиб бўлди.

Тошкентликнинг ҳар гапга ҳам кулмаслиги,

Лол қолдирар оч қолса ҳам ўлмаслиги

Чой-чақага мардикорлик қилмаслиги.

Келгиндига лаганбардор бўлмаслиги.

Ҳарифларга тортилди ош, сумалак ҳам,

Хира тортди ҳатто кўкда камалак ҳам.

Тасқарага ўхшар қизи жамалак ҳам,

Қишлоқидир ҳатто тунги капалак ҳам.

Тилласидан ҳатто синиб тушар тишинг,

Келгиндини кўриб майиб ақли хушинг.

Онда сонда бир ёзилиб тушса ишинг,

Ҳариф бўлиб чиқар асли ўша кишинг.

Прописка талаб қилар қаро гўр ҳам,

Уларга хос алвастилик, ғалат-ғўр ҳам,

Келгиндилар қўлидадир сенатор ҳам,

Қачон бу ҳол тамом бўлар, топар барҳам...

Бундан таъсирланган ҳамкасбимиз “Ёшлар” телеканалининг муҳаррири Маҳмуда Тожибоева бу ғаламислик билан ёзилган сатрларга нисбатан жавоб шеъри ёзди:

Қишлоқи деб камситибсиз сенаторни,

Қўлдан келса юрт бошқаринг, бўлинг ҳоким,

Шаҳарлик бўп ўқимасдан чиғатойда

Сомса сотиб ўтирсангиз, айбдор ким?

Менинг ҳам кўп эди сизга айтар сўзим,

Аммо бироз қишлоққа хос андишам бор,

Шукурки, мен сиздек кўнгли қаромасман,

Юртбошини ерга урар баломасман.

Номусини асрар ўзбек кўзидирман,

Андижоннинг қадрин билган қизидирман.

Шу боис ҳам тезда маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатининг олдини олиш, чораларини кўриш керак. Мана оддий бир мисол, интернет сайтларида Республика прократурасининг текшурувлари ва ҳамкасбим М. Эшонқулованинг шикоят аризалари асосидаги шов-шувларни ёлғонга чиқариш ва қайсидир маънода босди-босди қилиб, Хайрулла Нуриддиновни оқлаш мақсадида жорий йилда “Ёшлар”телерадиоканалига “Олтин Қалам” мукофоти топширилгани ҳақида хабар босилди. Буни ким ёзганини билмадик-у аммо бу хабарни ҳақиқатдан йироқ, дея олмаймиз. Аслида, бир кун олдин ушбу мукофотга “Тошкент” телерадиоканали муносиб топилган эди. Савол туғилиши табиий, бу ишларнинг тепасида ким турибди? Ҳамкасбларимизнинг фикрича, буларнинг барчасига бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов бош-қош.

Нега Хайрулла Нуриддиновнинг жиноятларини, гарчи бош прокуратура аниқлаган бўлса-да, барчаси ҳаспўшланди? Унга номигагина ҳайфсан берилди, холос. Бунинг тагида нима ётибди, маҳаллийчиликми, ёки интернет сайтларида чиққанидек, Хайрулла Боқижонович ўз лавозимида қолиш учун ҳовлисини сотиб сарфлаган 350 минг АҚШ долларининг куч-кудратими? Афсус, исботлаб бўлмайдиган ҳақиқатлар бисёр. Аммо, биз бир нарсага, йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, деган халқона ибораларга ишонамиз. Бугунги кунда ҳамкасбларимиз орасида Бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов Хайрулла Нуриддиновнинг суянган тоғи, деган гаплар юрибди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бизнинг мурожаатларимиз Ислом Абдуғаниевич Сизга етиб бормаётгандир. Шу сабабли “Ёшлар” телерадиоканалида содир бўлаётган ҳақиқий ҳолатдан хабардор қилиш мақсадида сизга овозимизни, арзимизни ушбу чиқишимиз орқали етказишга қарор қилдик. Эҳтимол, кейинги кунларда бизнинг хорижий ОАВларида қилган қилган чиқишларимиз борасида Сизга нотўғри маълумот етказилаётгандир.

Муҳтарам президент!

Уларнинг шундай йўл тутиши табиий. Чунки бу сирлар очилиб кетса, улар кўп нарсаларини йўқотиши, энг асосийси жиноий жавобгарликка тортилиши турган гап. Шу боис ҳам, улар “Шавла кетса, кетсин, обрўъ кетмасин”, қабилида иш тутиб, Сизни халқингиздан, биз журналистлардан ажратиб қўйишмоқда. Ва айни кунда бизга нисбатан тазйиқ ва таҳдидлар кучайиб бормоқда.

Миллий телерадиокомпаниядаги жиноятларни очиб ташлаш мақсадида ўтказган матбуот анжуманидан кейин турли тазйиқ ва таҳдидлар бошланиб кетди. 24 август куни “Энг улуғ, энг азиз” кўрик танловини ёритишдан маҳрум қилганликлари, умуман репортаж, лавҳа тайёрлашга изн бермаётганликлари ҳақида гапирмай қўя қолай. Аммо асосий тазйиқ ва таҳдидларни санаб ўтмасам бўлмайди.

Менинг Тошкентда уйим йўқ. Катта маблағ эвазига ижарада яшайман. Шу пайтгача ҳеч ким мени безовта қилмаган эди. Афсуски матбуотдаги чиқишларимдан сўнг бу уйда ҳисобда турмаганлигим учун чиқиб кетишингизни сўраймиз, деб ички ишлар формасини кийган ходимлар тинимсиз безовта қилишмоқда. Улар мени ижара уйидан чиқариш орқали вақтимни ижтимоий масалалар билан банд қилишга уринишаяпти. Неча йилдан бери Тошкентда яшаётган бўлсам-да, ҳали бирор марта безорилар йўлимни тўсган эмас. Ўша воқеадан кейин бу ишлар бир неча маротаба содир бўлди. Кўнглимизга бир шубҳали фикр келди. Ноҳақликка қарши бош кўтарганимиз учун бизни ишдан бўшатишга ҳадиксираётган раҳбарият биздан қутулиш учун “бахтсиз ҳодисага учради”, деган гапни рўкач қилиш мақсадида кўча безориларини ёлламаганмикан? Телефонлардаги таҳдидларни-ку қўяверинг. Нотаниш одамлар ота-бобомизнинг гўрига ғишт қалашмоқда. Ҳатто телефон орқали онамни саросимага солиб қўйишди. Шу боис бизни ўз ҳимоянгизга олишингизни ва адолатни тиклашга амалий кўмак беришингизни сўраймиз. Ўзбекистон МТРК “Ёшлар” телерадиоканали катта муҳаррири Малоҳат Эшонқулова ва “Давр” ахборот дастурлари бош муҳарририяти шарҳловчиси Саодат Омонова.