10:20 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ходимлари ўз раҳбарларини кескин танқид остига олдилар

29.08.2010 16:24 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон давлат телевидениеси Ёшлар каналида исён содир бўлди. “Давр” теледастурининг шарҳловчиси Саодат Омонова ва телевидение мухбири Малоҳат Эшонқулова матбуот анжуманида сўзга чиқиб, телеканал иши қатъий цензуру остида, раҳбарлар орасида коррупция ва маҳаллийчилик гуллаб яшнаётгани, давлат томонидан ривожланиш учун ажратилаётган маблағларнинг катта қисми талон-тарож қилинаётганини билдирдилар. Бунга жавобан уларнинг раҳбарлари каналда ҳеч қандай цензура йўқ дея раддия бердилар. Маҳаллий фуқаролик жамияти фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилар ҳақиқат “исёнчилар” тарафида дея ишончлари комил. Улар журналистларга бу муаммолари қонун ва жамият ҳукмига олиб чиқишга ёрдам бермоқчилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Тошкентдаги офисида 23 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК) “Ёшлар” телеканалининг ходимлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова “давлат телевидениесида цензура ва маҳаллийчилик ўрин олганини, МТРК раҳбарияти томонидан ўғирликлар содир этилаётгани ҳақида” билдирдилар. Бу ҳақда улар ҳуқуқ ҳимоячилар, мустақил ОАВ журналистлари ҳамда америкалик, франциялик ва германиялик дипломатлар ҳузурида билдирдилар.

“Ёшлар” каналининг “Давр” теледастури шарҳловчиси Саодат Омонова ва мухбир Малоҳат Эшонқулова телеканал иши қатъий цензура остида деб айтдилар. “Тасвирга олинган ҳар бир материал “плюсларни” ва “минусларни” ёритиши мумкин, аммо бизнинг репортажларимиздан барча танқид ва негатив тарафлар қирқиб ташланади, баъзида эса тайёр сюжетлар эфирдан олиб ташланади, - дея таъкидладилар журналистлар. – Ҳар қандай давлат тузилмалари: президент аппарати ёки Хавфсизлик кенгаши ёки банк вакилларигача, божхона ва солиқ қўмитасининг ходимлари кўрсатувларга истаган тузатишларни киритиши мумкин”.

“Сўнгги икки-уч йил давомида расмий янгиликлар дастурларида бизни “Ўзбекистон” канали “Ахборот” дастурининг матнларини ўқишга, ундан олинган кадрларни қайтаришга мажбур қилаяптилар, - дейди Омонова. – Ўз матнларимизни тайёрлашни тақиқлашган. Мисол учун, мен бировнинг матнини ўқишни истамайман, воқеаларга ўз қарашим бор. 1998 йилда “Давр” дастури пайдо бўлганида, мен Самарқандда мухбир бўлиб ишлаганман, ўшанда биз кескин танқидий репортажлар тайёрлаганмиз”.

Журналистларнинг таъкидлашича, “давлат томонидан телевидение ривожланишига ажратилган маблағларнинг кўпи ўғирланаяпти ва тўппа-тўғри раҳбарларнинг чўнтагига тушаяпти”, кўзни шамғалат қилиш учун эса “паст сифатли арзон техника сотиб олинмоқда”. Уларга кўра, қоғозда қимматбаҳо жиҳозларни сотиб олиш учун катта маблағлар сарфланмоқда, аслида эса, бундай эмас. Телерекламадан тушаётган даромаднинг катта қисми ҳам давлат хазинасига тушаётгани йўқ.

Саодат Омонова (ўнгда) ва Малоҳат Эшонқулова “Эзгулик” ҳуқуқ жамиятининг матбуот анжуманида
Саодат Омонова (ўнгда) ва Малоҳат Эшонқулова “Эзгулик” ҳуқуқ жамиятининг матбуот анжуманида

“Қатъий цензура ва давлат пулларини очиқдан очиқ талон-тарож қилиш қабатида Ўзбекистон телевидениесида маҳаллийчилик гуллаб яшнамоқда”, - дейди Омонова. Самарқанддан Тошкентга 2001 йилда келиб пойтахт телевидениесида ишга ўрнашганидан сўнг у буни ўзида яхши ҳис этди. Унга кўра, “тошкентликлар” “келгиндилар”га қараганда кўпроқ маош оладилар: олий маълумотли ва телевидениеда иш тажрибасига эга бўлган журналист Саодат Омонова ойига кўпи билан беш юз минг сўм олади (бозор курси бўйича 230 доллар), шу пайтнинг ўзида эса бор-йўғи мактабни битириб администратор бўлиб ишлаётган қизалоқ миллион ва баъзида икки миллион сўмгача ойлик олиши мумкин.

Ўзбекистон ОАВ тўғрисида Қонунидан (7 модда) “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларининг цензурасига йўл қўйилмайди. Ҳеч ким чоп этиладиган хабар ёки материалларнинг олдиндан келишиб олинишини талаб қилишга ҳамда матнларни ўзгартиришга ёки уларни босмадан (эфирдан) олиб ташлашга ҳақи йўқ”.

Омоновага кўра, “ЁШЛАР” телеканали директори Хайрулла Нуриддинов МТРК раиси Алишер Хўжаев ҳомийлиги остида пулларни юваяпти, Нуриддиновнинг муовини Дилшод Муҳаммедов эса “миллионерлардан” маошнинг бир қисмини олиб хўжайинига олиб кираяпти.

“Нуриддиновнинг имтиёзли гуруҳи бор, улар катта маош оладилар. Коллективнинг бошқа аъзолари кўпинча дам олиш кунларисиз ишлайдилар, керак бўлса, тасвирга олиш учун эрта саҳарда соат тўртда йўлга чиқадилар, бироқ шунга қарамай, бир неча баробар оз ойлик оладилар”, - дея аччиқланади Омонова.

“Ёшлар” телеканалида мухбир бўлиб ишлайдиган ҳамкасбим Малоҳат Эшонқулова ўтган йилнинг декабридан бошлаб телевидениеда маҳаллийчилик, коррупция ва ўғирликка қарши кураша бошлаган, - дейди Омонова. – У прокуратурага, олий суд инстанцияларига мурожаат қилди, бир неча бор президентга ёзди. Унга бир нечта жавоб мактублари келди ҳам. 12 март куни телевидениемизда МТРК ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди, унда президент аппарати, Хавфсизлик кенгаши ва МХХ вакиллари иштирок этдилар. Мажлисда Малоҳатнинг аризаси ўқиб эшиттирилди, унда кўплаб қонунбузарликлар батафсил келтирилганди. Аммо раҳбарлар шу ернинг ўзида унга қаттиқ босим ўтказа бошладилар, унинг оғзини юмишга уриндилар, мазкур ташкилотлар вакиллари эса индамай кузатиб ўтирдилар, холос. Ростини айтсам, ўшанда мен қўрқоқлик қилиб ҳамкасбимнинг ёнини ололмадим, бунга ҳозир қаттиқ афсусланаяпман. Ҳаммамиз индамай ўтирдик, бошлиқлар олдида эгилиб-букилганлар ҳам бўлди. Аммо у бизга қараганда жасурроқ экан, у “қанча умрим қолган бўлса, охиригача телевидениедаги суистеъмолликлар ҳақида ёзавераман” деб айтди”.

Омонованинг айтишича, Малоҳат Эшонқулова томонидан ёзилган олтмишта фактлар тешкируви натижасига кўра қирқдан зиёд ходимлар сўроққа тутилган. Республика прокуратураси томонидан бошқа қонунбузарликлар ҳам аниқланган, “нотўғри тўланган” 47 миллион сўм аниқланди, бу маблағ коллектив ҳисобига қопланди.

“Аслида эса раҳбарият кўплаб фактларни яширишга ҳамда жавобгарликдан қутилиб қолишга эришди – ўғирланган маблағлар миллион эмас, балки миллиард сўмларни ташкил этади”, - дейдилар комил ишонч билан журналистлар.

“Бугун телевидениеда норозилар сони жуда кўп. Аммо раҳбарларнинг бошбошдоқлигига қарши чиқишга ҳамма ҳам ботина олмайди. Менинг ўзим ҳам шу аҳволга етиб келгунча узоқ ўйладим ва ҳозир қилаётган ишимни тўғри деб ҳисоблайман. Бу ердаги гаплардан сўнг бизни ишлашимизга йўл қўймасликларини биламан, бироқ биз ҳаммасига тайёрмиз ва охиригача борамиз. Биз бўлаётган ишлардан президент ҳам ниҳоят хабардор бўлишини истаймиз”, - дея сўзига якун ясади Омонова.

Ўзбекистон қонунчилиги замон талабларига жавоб беришига қарамай, республикада цензура, веб-ресурслар блокировкаси, мустақил журналистлар устидан кузатув олиб бориш, ҳукумат сиёсатига қарши чиқувчи номақбул матбуот ходимларига қарши жиноий ишларни сохталаштиришлар бўйича кўплаб фактлар бор.

Халқаро “Чегара билмас репортерлар” (“Reporters Without Borders”) ташкилоти томонидан ҳар йили чоп этиладиган Сўз эркинлиги индексига мувофиқ Ўзбекистон дунёдаги сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Ўзбекистон матбуот учун “қора зона” бўлиб қолмоқда. Бу мамлакатда журналист бўлиб ишлаш оғир ва хатарли иш саналади. Тошкентдаги “Эксперт ишчи гуруҳи” координатори Суҳроб Исмоилов “Фарғона.Ру” мухбирига журналистларнинг позициясини шарҳлай туриб шундай деди: “Мен бу одамларнинг жасоратини ҳурмат қиламан, уларнинг шароити ҳуқуқ ҳимоячилар ёки мустақил журналистларга қараганда оғирроқ. Расмий тузилмаларда ишлаб келган Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова ҳеч қачон ўзларининг мансаб доирасидан чиқмаганлар, шунинг учун уларнинг бу ишини жасорат деб ҳисоблайман. Биз учун энг асосий вазифа – уларни ҳимоя қилиш, улар билан доим алоқада бўлиш, ўз вақтида ёрдам беришга улгуриш учун кузатиб бориш. Энди ишга ошкоралик тусини бериш учун Ўзбекистон қонунларини ва халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда даъво аризаси тайёрлаш ва фуқаролик судига мурожаат қилиш лозим. Шунда халқаро ва “Эзгулик” каби миллий ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларида таъқиб остига олинган журналистларни ҳимоя қилиш учун расман сабаб пайдо бўлади”, - дейди Суҳроб Исмоилов. Ушбу материал тайёрланаётган пайтда ВВС радиоси ўзбек тили хизмати “Давр” ахборот дастурининг бош муҳаррири Соҳибжон Алижонов билан интервьюсини чоп этди. Исёнкор ходимларнинг раҳбари ўзини оқлаш мақсадида очиқдан-очиқ айёрлик қилишга уриниб уларнинг каналида ҳеч қандай цензура йўқ дея билдирмоқда.