07:50 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Журналистларни таъқиб этиш давом этмоқда

20.08.2010 22:16 msk

Алексей Волосевич

Ўзбекистонда россиялик журналист, “Парламентская газета”нинг Ўрта Осиё бўйича ўз мухбири, “Vesti.uz” сайтининг муҳаррири Владимир Березовскийни “хақорат” ва “туҳмат” учун судлашмоқда. Бунга сабаб – 2009 йил 1 августдан 24 ноябргача бўлган давр мобайнида Россиянинг бир қатор ахборот агентликлари, хусусан, Интерфакс, ИТАР-ТАСС, РИА Новости, Регнум АА, Росбалт, Фарғона.Ру сайтларидан олинган хабарларни ўз сайтида кўчириб босгани бўлди.

Барча айбловлар Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) қошидаги оммавий коммуникация соҳасида Мониторинг марказининг хулосасига асосланган. Ушбу марказ ходимлари мазкур сайтда чоп этилган ўн минглаб мақола ва хабарлар орасидан 16 таси “миллатлар ва давлатлараро адоватни қўзғашга туртки бўладиган, аҳоли ўртасида ваҳима қўзғайдиган” исёнкорона мақола ва хабарлардан иборат эканлигини аниқлаган.

Оқибатда, журналистни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг: 139-2 “Туҳмат” ва 140-2 “Ҳақорат” (2-қисми – оммавий ахборот воситаларига тегишли) моддаларини бўйича айблашмоқда. Агар уни айбдор деб топсалар, олти ойгача қамоқ жазосига ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ёки минимал иш ҳақининг 400 баробаригача тенг бўлган жаримага тортишлари мумкин ($12000).

Тошкент шаҳар прокуратурасининг прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Б.Исаевнинг жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорида, ЎзААА Мониторинг маркази хулосасига таяниб айтилишича, 2009 йил январидан 2010 йил январигача “Vesti.uz” сайтида 1815 та мақола чоп этилган, “улардан 386 тасида Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми ва давлат сиёсатига қарши турли бўҳтон ва ёлғон маълумотлар баён этилган”.

Қайд этамиз, прокурор Исаев 386 та “ёлғон” ва “бўҳтон” мақолаларга ишора қила туриб ўзи ёлғон ишлатмоқда, негаки, Мониторинг маркази хулосасида бундай мақолалар сони ўн олтита дейилган ҳамда ўша мақолалар рўйхати келтирилган.

2009 йил охирида Россия оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ҳамда Ўзбекистон расмийларини билвосита танқид қилувчи бир неча мақолалар (“Тошкентда Ватан Ҳимоячиси Ёдгорлигини ағдариб ташланди” ва “ Тошкентдаги Бенуа лойиҳаси буйича қурилган черков бузилди”) сайтга жойлаштирилган эди. 2010 йилнинг бошида "Vesti.uz” ўз сахифасида Тошкентда туғилган , Иккинчи Жаҳон Урушида фашистларга қарши 312- авиация полки таркибида жанг қилган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Юрий Ивлев кўчасининг номи ўзгаргани борасида ўзининг салбий муносабатини билдирганди. "Vesti.uz” сайтидаги шу ва шунга ўхшаш мақолалар Ўзбекистон расмийларининг қаттиқ норозилигини келтириб чиқаргани очиқ-ойдин. Улар сайтнинг фаолиятини душманларга ҳос дея баҳоладилар.

Ушбу жиноят ишини олиб борувчи Фурқат Толипов “Эксперт хулосаси” дея аталувчи хужжатда Мониторинг маркази ходимидан "Vesti.uz” сайти материалларида “Ўзбекистон республикасига ва унинг ҳалқига нисбатан ҳақорат қилувчи ва бўҳтон материаллар борми?” деб, сўраганда “ҳа бор” деган жавобни олган.

Пировардида, айблов хулосасининг ўзида эса “туҳмат” ва “ҳақорат” объекти чиқариб ташланган! У ерда айтилишича, сайт “бўҳтон (кишини адаштирувчи ва ҳоказо) ахборотни ёйинлаб келган”, аммо бу бўҳтон кимга қаратилгани ҳақида яна ҳеч қандай гап йўқ.

Шундай қилиб, прокурор бирорта ҳам жабрланувчининг номини келтирмаяпти, ваҳоланки, юридик нуқтаи-назардан олиб қараганда, жабрланувчи йўқ бўлса, туҳмат ва ҳақорат ҳақида сафсата юритиш ўта тутуриқсизлик бўлиб қолади.

Айблов хулосасининг матни устида ҳуқуқ билағонларининг бутун-бир коллективи бош қотирган: уни Тошкент шаҳар ИИБ тергов бошқармасининг терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноий ишлар бўлими терговчиси Фурқат Толипов тузган, ўша бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи Б.Ортиқов билан келишилган, Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси И.Ли ҳамда Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи, адлия катта маслаҳатчиси М.Мирзаев томонидан тасдиқланган.

Березовскийнинг “жиноий” фаолиятини текширганлар: Тошкент шаҳар ИИБ тергов бошқармасининг терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноий ишлар бўлими катта терговчиси Фурқат Толипов ва капитан Камол Акбаров.

Жиноят ишини қўзғаш учун Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) қошидаги Оммавий коммуникация соҳасида Мониторинг марказининг хулосаси асос бўлган. Унда айтилишича, “Inform-Form” МЧЖга қарашли ва директори В.Березовский бўлган “Vesti.uz” сайтида олти ой давомида (2009 йил августидан 2010 йил январигача) 1815 та мақола жойлаштирилган, улардан ўн олтитасида “республика аҳолисини адаштирувчи, миллатлар ва давлатлараро адоватни қўзғашга туртки бўладиган, аҳоли ўртасида ваҳима қўзғайдиган ахборот бўлган”.

Владимир Березовский. Фото © “Фарғона.Ру”

Мониторинг маркази хулосасида эса кимнингдир ҳақорат қилингани ҳақида бирор оғиз сўз йўқ. Ҳолбуки, тергов Березовскийни айнан шунда айблаяпти. Мониторинг маркази хулосасида деярли барча нарса ҳал қилинган экан, мазкур ҳужжатдаги барча иборалар ҳеч қандар ўзгаришсиз жиноят ишига оқиб ўтган.

Березовскийнинг ўзи айбига иқрор бўлмаяпти. Унга кўра, Ўзбекистон расмийлари жиноят ишини сохталаштирганлар ва бу нарса сиёсий характерга эга. “Эътибор беринг, Ўзбекистон республикаси Жиноят Кодексида конституциявий тузумни ҳамда давлат сиёсатини хақорати ва туҳмати тўғрисидаги моддалар йўқ”, - дея билдирди Березовский 12 август куни “Vesti.uz” сайтида.

У Ўзбекистон қонунчилигида фақат аниқ бир одамни, конкрет шахсни ҳақорат ёки туҳмат қилиш мумкин дея қайд этмоқда.

Россия ташқи ишлар вазирлиги, РФ Жамоатчилик палатаси ва Экстремал журналистика маркази “Парламентская газета” мухбирининг судланиши борасида ўзининг салбий муносабатини билдирди ҳамда жиноят таркиби йўқлиги боис жиноий қўзғаш қонунга хилофлигини қайд этди.

“Қонун бузилаётгани очиқ-ойдин. Жабрланувчи бор бўлиб, ундан ариза келиб тушсагина туҳмат учун жавобгарликка тортиш мумкин”, - дейди РФ жамоатчилик палатасининг эксперт юристи Борис Пантелеев. Экспертнинг қайд этишича, ЎзААА Мониторинг маркази “эксперт хулосаси”нинг муаллифлари ҳеч қандай илмий услубларга таянмасаларда, журналист Березовскийнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бузганига шубҳаланмаяптилар. “Ҳозирча биз журналист Березовскийга қарши айблов қандайдир идоранинг ҳатто мустақил экспертиза мақомига эга бўла олмайдиган қандайдир ҳужжатига таянмоқда”, - дея қайд этади юрист.

Умумий контекст

Сўнгги йил давомида Ўзбекистонда журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилар ва ижтимоий фаол фуқароларга босим сезиларли даражада кучайиб кетди. Бунинг учун Умида Аҳмедова, Максим Попов ҳамда илгари Ўзбекистон матбуотида чоп этилган ҳикоялардан тузилган “Опа-сингиллар суҳбати” китобининг муаллифларини эслаш кифоя. Шу кунларда ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икрамовга қарши суд бошланди. Уни ҳам “туҳмат” айблаяптилар. Ҳуқуқ ҳимоячилар Дмитрий Тихонов, Татьяна Довлатова, Анатолий Волковга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган. Дилмурод Сайид, Солижон Абдураҳмановни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишганига бир йилдан ошди. Фуқаролик жамияти фаоллари таъқибининг янги тўлқини бошлангани очиқ-ойдин бўлиб қолди. Афтидан, журналист В.Березовскийни ҳам судланишини айнан шу контекстда кўриш лозимга ўхшаяпти.

Алексей Волосевич