09:07 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги воқеалар: Андижонча кўз қараш

21.07.2010 09:31 msk

Фарғона.Ру

Қирғизистон жанубидаги қонли хунрезликлар ўзбекларга ҳам қирғизларга ҳам қаттиқ таъсир қилди. Тафсилотларнинг аксарияти шу чоққача аниқ эмас, уларнинг кўпи савол остида. Ахборот етишмагани боис турли миш-мишлар туғилмоқда. “Фарғона.Ру” мухбири Андижонда бўлиб, маҳаллий аҳоли билан қўшни мамлакатда ўзбек билан қирғиз бир-бирини шавқатсиз равишда қираётган пайтда аслида нималар бўлганини билишга уринди.

* * *

“ТЕЗ КУНЛАР ИЧИДА ҚИРҒИЗЛАР БИЛАН ЎЗБЕКЛАР ЎРТАСИДА УРУШ БЎЛАДИ...”

Плакат на улицах Андижана
Андижон кўчаларидаги плакат. Фото “Фарғона.Ру” АА, 2010 йил июнь

Анждижонликлар энг аввал эслаган нарсалари – Ўш ва Жалолобод воқеаларидан анча олдин Қўрғонтепа тумани Қорасув ёнидаги қишлоқларда, Султонбод, Чимён қишлоқлари ва Хонобод шаҳарларида маҳаллий қирғизларнинг оммавий равишда Қирғизистонга кўчишлари. Кўпчилик уйларини сотишга улгурган бўлсалар, бошқалари сув текинга бердилар, яна бошқалари эса ҳеч нарса демай кўздан ғойиб бўлдилар. Айни пайтда вилоят расмийлари маҳаллий қирғизларга тегишли уйларнинг кўпчилиги бўш қолганини аниқлади.

Боз устига, Қирғизистон ТВ кўрсатувларини бемалол кўриш имкониятига эга бўлган андижонликларнинг маълум қилишича, Ўш ва Жалолобод воқеалари бошланишидан икки-уч ой илгари қирғиз каналлари орқали бошқа мамлакатларда яшаётган қирғизларнинг ватанларига қайтиши бўйича фаол ташвиқот олиб борилган.

Андижонликлар яна шунақа воқеа ҳақида сўзлаб бердилар. Қўрғонтепа тумани Қаҳрамон қишлоғидан бир неча қирғиз йигитлари қўшни Қорасувда бир қирғиз милиционерининг уйини ремонт қилишган экан. Ўша милиционер 5-6 июнь куни уларга: “Ўзбекистондан кетинглар, қариндош-уруғларингизни олиб чиқинглар, тез кунлар ичида қирғизлар билан ўзбеклар ўртасида уруш бошланади, биз уларни қиришга бошлаймиз ва ерларимиздан ҳайдаб чиқарамиз, улар сизлардан ўч олишлари мумкин, биз буни истамаймиз”, деб айтган экан. Кейинчалик Ўзбекистонга қайтган бу қирғизлар ўз яқинларига бу муҳим янгилик ҳақида “шипший” бошладилар. Улардан биттаси ичиб олиб “Мен одам ўлдира олмайман, бу қўлимдан келмайди...” деб йиғлаган экан. Аммо мастлиги боис унинг гаплари беэътибор қолган.

Шу билан бирга, Андижон вилояти ҳокимлигидаги манбалардан маълум бўлишича, Андижон вилоятининг қирғиз қишлоқларида Ўш ва Жалолобод воқеаларида фаол иштирок этган шахслар аниқланмоқда. Уларнинг Ўзбекистонда қолган қариндошлари тезроқ уйларни сотиб Қирғизистонга кетишга интилаяптилар. Бироқ бу борада ҳеч қандай расмий маълумотлар йўқ, бу каби хабарларнинг ошкор этишга уринишлар кескин тарзда бостирилмоқда...

УЛАРНИНГ ОТИШМАСИГА ЖАВОБ БЕРИЛДИ, АГАР БУЙРУҚ БЎЛГАНИДА...

ЎҚУВЧИЛАР ШАРҲИ



“Саноқли ярамаслар туфайли барча қирғизларга тавқи лаънат тамғасини илмаслик керак.ўзбек маҳаллаларига ҳужум қилган оламон орасида ҳам ўзбек оилаларига ёрдам берган яхши одамлар бор. Улар нимага илашиб қолганларини билмай қолганлар, уларни ёлғон гаплар билан алдаб жалб қилишган! Ўзбеклар орасида сотқинлар етарли бўлган, улар шаҳарда хунрезликларни бошлашга ёрдам берганлар, шаҳар кўчаларида йўл кўрсатганлар! Биз айбдорларни топишимиз ва уларни жазрога тортишимиз лозим, акс ҳолда тартибсизликлар яна қайтарилиши мумкин!”

Қочоқлар оқими кучайган пайтда Қўрғонтепа тумани Савай совхози ҳудудидаги чегара ёнида турганлар бир нарсага шоҳид бўлдилар. Улардан бирининг айтишича, БТРдаги бандитлар чегарага қараб қочаётган қочоқларнинг ортидан тушиб уларни ўққа тутаётган экан. Бу вақтга келиб чегарага ҳарбий техника етиб келиб бўлганди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар қочоқлар ўққа тутилаётганини кўриб қолганларида улар танкадан туриб қирғиз БТРига қарата ўқ отдилар. Шунда ғаним ўқ отишни тўхтатиб тезда ортга қараб бурилган ва катта тезликда қочиб қолган. Воқеа гувоҳига кўра, танкадан отилган ўқ огоҳлантирувчи бўлган ва бу нарса қирғизларга жуда тез таъсир қилган. Чегарада турган ўзбекистонликлар бу зарбани гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар

Чегараолди Дўстлик қишлоғида яшовчи кимса биз билан суҳбат чоғида у қочоқлар қабул қилинаётган кунлари кўпчилик ҳарбийлар билан суҳбат давомида одамлар Ўзбекистон томони нега жавоб чорасини кўрмаётганини билмоқчи бўлганларини айтиб берди. Унга кўра, Тошкентдан келган юқори мартабали мутасаддилар ўз кўзлари билан кўрган нарсалардан фиғонлари кўкка чиққан, врачларнинг кўзларидан ёшлар оққан, лагерлардан чиққан чет эллик журналистлар эса ҳудди жасадлар уюмини ёки ундан-да даҳшатликроқ нарсаларни кўргандек қалтираган эдилар. Қирғизистон томонга қаҳрли нигоҳ ташлаган ҳарбийлар ўз ҳиссиётларини босиб, “буйруқ йўқ, агар буйруқ бўлса, босқинчилик қилаётган аблаҳларни бир ёқлама қилиш учун бир соат кифоя қилишини” айтар эдилар. Нега шу чоққача буйруқ йўқ, деган саволга улар индамай елкаларини қисардилар, холос.

Қайд этиш жойизки, андижонликларнинг аксарияти ва асосан оқсоқоллар Ўзбекистон томони нега жавоб чора кўрмади дея шу чоққача ҳайрон. Улар ўзбек армиясининг ҳатто кичик бир қисми ҳам тўрт соат давомида барча каллакесарларни шимолга улоқтириши ва уларнинг қайтишлари учун ҳеч қандай имконият қолдирмаслигига ишонадилар. Боз устига, армия Қирғизистон жанубини маълум муддатга ўз назорати остига олиши мумкин эди. Бироқ шу ернинг ўзида, “агар президент шундай қарор қилган бўлса, демак бу нарсани қилиш керак эмас экан” деган хулосага келадилар (андижонликлар негадир, Ўзбекистон иккинчи марта индамай қараб ўтирмайди деб ҳисоблаяптилар).

ҚОЧОҚЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРГА УМУМХАЛҚ ЭЪТИБОРИ

Андижонда чегара ёнида яшайдиган тўққиз ёшли бола ҳақида ҳикоя эл орасида оғизма-оғиз ўтиб юрибди. Ўзбекистон чегарасида қочоқлар энг кўп тўпланган куни бу бола ўз қўли билан тухум билан картошка қовуриб чегара олдига чиққан ва қочоқларга берган. Бироқ тайёрлаган овқати озлигини англаб етганида, йиғлаб юборган. Айтишларича, бу гап президентгача етиб борган ва у маҳаллий ҳокимият вакилларига боланинг ота-онасига ўз номидан миннатдорчилик билдиришни ва эҳтимол, совға топширишни буюрган экан.

Қочоқларни мисли кўрилмаган сахийлик билан қабул қилган одамлар ҳақида Андижоннинг турли бурчакларида эшитиш мумкин. Ўз уйларида 20-30 одамга бошпана берганлар ҳақидаги гапларга ишонса бўлади.

“Қочоқлар лагерига Жалолобод вилояти губернатори келди. Ўша пайтда қочоқларга қўшимча озиқ-овқат, кийим-кечак тарқатилаётганди. Губернатор: “Қайси бирингиз яқинларингиздан айрилдингиз, кимингизнинг уйига ўт қўйишди, кимингизни қариндошини отишди?” деб сўрабди. Шунда бир аёл чиқиб кўзларида ёш билан: “Менинг кўз ўнгимда учта боламни ўлдирдилар, эримни ўлдирдилар, уйимни куйдирдилар, мен гувоҳман, мен жабрланганман...”, деб жавоб берибди. Жалолобод раҳбари бошини қуйи эшиб индамай қолибди. Уларда шундай тасаввур пайдо бўлганга ўхшайди, гўёки одамлар Ўзбекистонга бекорчиликдан, ҳеч қандай асосларсиз қочиб кетганлар, гўёки ҳеч қандай қирғинбарот бўлмаганидек”, - дейди андижонлик ёш йигит.

Шаҳарга БМТ ва АҚШ давлат департаменти вакиллари келганини ҳам эсладилар. Уларнинг баъзилари касалхоналарга борганлари ва ярадорларни кўриб шокка тушиб қолганларини айтиб бердилар. Андижонликлар негадир Хиллари Клинтоннинг ёрдамчиси деб ўйлаган америкалик мутасадди аёл қочоқлар лагерлари ва касалхоналарда бўлиб қайтиб, “биз банчалик даҳшат бўлишини ҳаёлимизга ҳам келтирмагандик” деб хўнграб йиғлаб юборган.

Лагерларда ҳар йигирмата қочоққа уларнинг барча сўраган нарсаларини бажариши учун махсус “ёрдамчи” тайинланганини айтиб бердилар.

ВРАЧЛАР ДАМ ОЛМАЙ ИШЛАДИЛАР

“Алмашиб-алмашиб ишладик, - дейди врач. – Ҳар куни бештадан, баъзида эса олтитадан операция ўтказдик. Тошкентдан келган мутахассислар ҳар бир операцияга 15 минутдан вақт сарфладилар. Биз қўллаган наркоз 45 минут таъсир қилади, операция тугаганида юрак аста ишлаганида нафас олишига ёрдам беришимиз керак эди. Тошкентлик мутахассислар юқори профессионал даражада ишладилар. Уларнинг ишларига қойил қолдик, деярли ҳар бир ярадорни оёққа турғизиб юбордик. Қўшни бўлимларда ўлганлар ҳам бўлди, облбальнисада иккита ёш бола ва битта қари хотин ўлди”.

ЎҚУВЧИЛАР ШАРҲИ

“Бир неча сайтларни, шу жумладан, инглиз тилидаги сайтларда чоп этилган турли мақолалар ва материалларни таҳлил қилинадиган бўлса, асосан ўзбеклар жабрландилар ва жабрланмоқдалар деган манзара юзага келади. Аслида провокаторлар ҳам қирғизлар номидан, ҳам ўзбеклар номидан ҳаракат қилганлар. Айнан миллат номидан ҳаракат қилдилар. Эҳтимол, қирғизлар кўпчилик бўлгани важидан ҳужум қилган, ўзбекларга эса мудофаада бўлишга тўғри келган. Каллакесарлар икки томонда ҳам бўлган, бироқ этник озчиликлар кўпроқ жабрландилар. Кўпчилик қирғизларни миллат сифатида айблаяпти. Бу нотўғри: ёмон миллат бўлмайди. Ёмон одамлар ҳар қайси миллатда бор. Ёмон ҳукмдорлар, миллатларни қурбон қилувчи ва носоғлом муҳитни юзага келтирувчи тузумлар бор. Бироқ бу бутун бир миллатларнинг ва айни ҳолатда, қирғизларнинг айби эмас. Қирғизларнинг аксарияти, оддий халқ миллатчилик ва шовинистик кайфиятларга берилмаган дея ишончим комил. Улар камситиш тарафдори эмаслар ва бошқа миллатлар билан бирга яшаб уларга ёрдам беришга тайёрлар. Бу ерда аҳоли сони диспропорцияси, плюс анархия, бевошлик, бошбошдоқлик, интизомсиз кучишлатар тузилмалари айбдор. Икки томонни ҳам этник аломатлар бўйича айблашларни тўхтатишга чақираман. Провокаторлар айнан шуни истайдилар. Қирғиз-ўзбек асрлар давомида ёнма-ён бирга яшаб келган ва Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам бирга тинч-тотув яшайди”

Маҳаллий врачлардан бири Андижон вилояти касалхонасига 270 та Қирғизистон фуқаролари келтирилганини айтди. Уларнинг аксарияти 14 дан 18 гача ёш йигитлар ва 50 дан 70 ёшгача бўлган одамлар бўлиб, ҳаммаси ёки пичоқдан ёки ўқдан яраланган бўлган. Ярадорлардан кўп миқдорда сочма ва автомат ўқлари чиқариб олинди. Ярадорлар узоқдан отилган ўқлардан жабрланганларини тан олдилар. “Бир йигит қирғизлар қўшнисининг уйига ўт қўяётганини кўриб қолди ва ўчиришга ёрдам бергани югуриб чиқди. Шунда елкасига ўқ тегди, бошқа қўшнисининг бошига ўқ тегди, у ўша жойнинг ўзида жон берди”, - дейди вилоят касалхонаси врачи.

Врачларга кўра, чегара чизиғининг ўзида ҳам бир неча одам даҳшатли ёвузликлардан қоча туриб оёқ остида қолиб ҳалок бўлганлар.

ҚИРҒИЗЛАР ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН САВДОНИ ТИКЛАЯПТИЛАР

Қайд этиш жоизки, кўпчилик андижликлар Ўш ва Жалолободдаги қариндошлари ва танишларидан тез-тез хабар олиб турибдилар. Чегарадаги бир неча айланма йўллар орқали муҳтож ўзбеклар учун озиқ-овқат ва кийим-кечак етказилмоқда. Андижон, Қўқон, Фарғона ва Наманганнинг энг юракли одамлари ўша айланма йўллар орқали ўз қариндошларидан хабар олиб туришибди. Аммо ўзбекистонликладан ҳеч ким қўшни мамлакатнинг ичкарисига узоқ кирмаяпти, бу ҳалиям хатарли ва учрашувлар учун Ўш ва Жалолобод четидаги маълум даҳалари танланмоқда. Ўзбекистонликлар бу ерларнинг номини айтмаяптилар, бу уларнинг қариндошлари учун хатарли.

Ўшдаги қариндошларини кўриб келган ўзбекистонликларга кўра, Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоевнинг қариндошларига қарашли савдо дўконлари ва уйлари омон қолгани ажабланарли ҳол. Ўзбек элитасига мансуб бўлишига қарамай, аввалгидек савдо қилаётган ва бизнеси орқали тирикчилик қилаётган бир неча оилалар ва одамлар гуруҳи бор. Шавқатсиз хунрезлик кунлари босқинчилар бу уйларни айланиб ўтдилар, ўшанда жон сақлаш умидида уларнинг эшикларини қоққан ўзбеклар учун қатъий рад жавоби берилди.

Бу одамларнинг бизнесига шикаст етмади, улар ҳозир ҳам фаолиятини давом эттирмоқда, эҳтимол даромадлари илгаригидек эмасдир. Баъзи қирғизлар Ўзбекистон билан савдони бошлаб юбордилар. Аниқроғи, қўшни Қирғизистондан Ўзбекистонга товарларнинг “контрабандаси” тикланди. Қирғизлар қора жипларда чегара олдига товарларни олиб келмоқда. Ўзбекистон томонидан ёш йигитлар чегара олдида пулни санаб, турли матоҳ, кийим-кечак ва бошқа молларни сотиб олишаяпти. Жип бу ердан жўнаши биланоқ, бошқаси келаяпти ва савдо қайта бошланаяпти.

Қизиғи шундаки, ўзбеклар бу товарлар қаердан келтирилаётгани билан қизиқмаяптилар, ҳар ҳолда, қирғизлар илгари жиплар миниб бунақа савдо билан шуғулланмаган. Эҳтимол бу товарлар Қорасув бозоридаги таланган контейнерларидан олингандир, балки, ўзбекларнинг тўналган ва ёндирилган уйларидан кўтариб чиқилган бўлиши мумкин...

Савдонинг қайта тикланиши баъзи ўзбекларни асабийлаштирмоқда, ахир чегарага келаётган қирғизларнинг аксарияти савдолашаётган чоғида ўзларининг туришлари билан ўзбекларни ҳурмат қилмасликларини кўрсатаяптилар.

Ўш вилояти Қорасув туманидаги улгуржи бозор бир неча куни илгари ўз ишини бошлагани билан бозорни эгаллаб олган қирғизлар “сартларга” ҳеч нарса сотмаймиз деб туришибди.

ҚОЧОҚЛАР АНДИЖОНГА ҚАЙТИШАЯПТИ

Андижонликларга кўра, мажбуран чиқариб юборилганга қарамай, кўпчилик қочоқлар айланма йўллар билан Андижонга қайтиб, қариндошлари ва танишлариникида яширинаяптилар. Қайтиб келганларнинг аксарияти Андижон ёки Фарғона водийсининг бошқа шаҳарларида ҳовли-жой сотиб олишга уринаяпти. Шу муносабат билан шаҳарда ўшлик ва жалолободликларни қидириш ишлари фаоллаштириб юборилган. Улар аниқланган пайтда ўз мамлакатларига чиқиб кетишлари лозимлиги ҳақида огоҳлантирилаяпти. Шундан кейин, Қирғизистон фуқаролари топилган уйлар кузатув остига олинаяпти ва “меҳмонлар” бўйсунмаган тақдирда, ишга ҳуқуқ-тартибот ва МХХ ходимлари аралашиб кўчиб келганларни мажбуран машиналарга ўтқазишаяпти ва чегарага олиб келиб мамлакатдан чиқариб юборишаяпти.

Қўшни Қирғизистондан келган қариндошларига бошпана берган Андижон ва Андижон вилояти аҳолиси алоҳида рўйхатга олинган. Бунақалар кўп. Маҳалла фаоллари ва маҳалла “ишпионлари” бунақа уйларни кузатув остига олган ва бу уйларда нотаниш одамлар пайдо бўлиши биланоқ МХХ ва ИИБга етказадилар. Бу амалиёт туфайли шаҳар иккига: Қирғизистондаги ўзбекларни қўлловчиларга ва маҳаллий ҳокимият идораларининг сиёсатини қўлловчиларга бўлинган....

75 ёшга кирган андижонлик Хожи-даданинг айтганлари:

“Ҳамма айб аслида биз ўзбекларда. Биз бирлаша олмайдиган халқмиз. Ўшанга ҳам бизнинг бошимизда калтаклар синаяпти, бизни ҳайдашаяпти, энди бўлса, бемалол ўлдиришаяпти ҳам. Агар биз бир жон бир тан бўлиб бирлашганимизда ва битта кучга айланганимизда, қаёқдаги бир ҳовуч қирғизлар эмас, дунёдаги ҳар қандай миллат ҳам бизни бунчалик беҳурмат қилмаган бўларди. Бизни ҳатто шу қонли воқеалар ҳам бирлаштира олмади. Одамларнинг ярми ўша кунлари “Бизда яхшиямки тинчлик-хотиржамлик” деганига ишончим комил, ҳудди бизнинг ўзбекларни эмас, бошқа, бегона одамларни ўлдиришгандек. 1990-чи йилда ёш йигитлар автобус ва машиналарни тўхтатиб, маҳаллама-маҳалла қичқириб юришган “Ўш ва Аравондаги биродарларимизга ёрдамга чиқинглар!” деб. Ўшанда ёрдамга отланган минглаб одамларни кўрганман, уларга 65 га кирган одам ҳам қўшилган эди, буни кўрган ёшлар руҳланиб кетган. Аммо ҳозир бунақа нарса йўқ. Мен ҳам қўшилардим, шунақалар бўлганида, ўзим ҳам борардим, кучим етганича... Ҳа, қочоқларни кутиб олдик, уларга қўлимиздан келганича ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдик, аммо бир жон, бир тан, бир кучга айлана олмадик. Биз бу зарба бизга қаратилганини англаб етмадик. Энди бўлса ҳамма айбни бўйнимизга олишимизга тўғри келади, сўнгги кунларгача бу юкни кўтариб юрамиз энди, ўлдирилган ва куйдирилганларнинг руҳи Қиёмат куни биздан сўрайдилар, биз эса ҳеч нарса дея олмай бошимизни эгиб турамиз, Худодан илтижо қилиб...

Андижонликлар Ўш ва Жалолободдаги қонли хунрезликлар ортида турган қандайдир учинчи кучлар борлигига ишонмаяптилар. У ерда қариндошлари бор ва тақдир тақазоси билан ўша кунлари Қирғизистон жанубида бўлиб жонини сақлаб қолишга эришган андижонликларга кўра, босқинчиликлар ва қотилликлар ортида юзларини ниқоб билан тўсиб олган қирғизлар эмас, юзлари очиқ қирғизлар турган. Ниқоб кийганлар эса уларга ўтотар қуроллар воситаси ила кўмак берганлар. Шунга қарамай, мўъжиза туфайли жони омон қолган андижонликлар Ўнадирдаги қуролсиз ўзбеклар қирғизлардан БТРларни тортиб олганларини, машиналарнинг устига ёпирилиб чиқиб, уни бошқараётганларни калтаклаганларини айтиб бердилар.

“Ҳамма қандайдир учинчи кучлар ҳақида гапришаяпти, гўёки бу ҳақда Ўзбекистон президенти айтганмиш. Аммо буларнинг бари ёлғон, босқинчилик қилган, ўт қўйган ва ўлдирганларнинг бари қирғизлар – тоғдан тушгани ҳам, маҳаллийлари ҳам. Тунда БТР келиб деразаларга қарата ўқ отган, уларнинг ортидан оламон ўзбекларнинг уйини танлаб босқинчилик қилган. бу Ўш марказида содир бўлганлари. Шаҳар четида эса қўшни қишлоқдан 20-30 қирғиз югуриб келиб уй эгасини чақирган ва “Уйни бўшат-да жўнаб қол, қани йигитлар, йиғиштиринглар” деб барча нарсаларини кўтариб чиққан. Бир-бирлари билан учрашганида “Сартни мошинасини миниб юрибсанми?” деса, бунга жавобан: “Тўғрида, от кимники – минганники, тўн кимники - кийганники” деб жавоб беришар ва кечаги қўшнисининг мошинасида юришган. Кейинроқ ўғирланган мошиналарнинг кўпини ёндиришган ёки сотишган. Ўғирланган машиналарни қўшни Қозоғистонга ҳам олиб чиқиб сотиб келишибди”, - дейди ҳозиргача Андижонда яшириниб юрган ўрта ёшдаги ўшлик одам.