07:53 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўш: Кичик кўчанинг катта фожеаси (фото)

12.07.2010 18:19 msk

Марина Даневич

Ўшдаги Мажримтол кўчаси эски автовокзалнинг орқасидан бошланади. Барча русумдаги машиналарнинг зич қаторидан ўтишингиз биланоқ шу кўчага кириб қоласиз. Бу кўча кутилмаганда жуда сокин, гўёки юз қадам нарида шаҳарнинг энг шовқин жойи саналган марказий бозор йўқдек туюлади.

Машиналар қатори тугаши билан уйлар бошланади. Сўл тарафда ёнғиндан жабрланган бир қаватли уйлар кўзга ташланади. Кўчанинг бурилишигача икки томонидаги куйиб кетган уйлар девор ортида, уларни кўриш учун дарвоза-эшиклардан ичкарига мўралаш керак. Аммо уларнинг ҳаммаси ёпиқ.

Одамлар кўринмайди. Мажримтол кўчанинг шу қисми тугаган ерда, кўпқаватли уйга бошловчи тош дарвоза олдида бетон парчасида тўрт эркак ўтирибди.

Улардан бири, энг улуғи мени ўз олдига чақирди:

- Cиз ўшлик эмассиз-а? Ўтиринг, - деди у сурилиб. – Ҳеч бўлмаса гапларимизни сиз эшитинг... Ҳар куни ўтирамиз шу ерда, иш йўқ. Олдинига унча яхши яшамаганимиз билан тинч, хотиржам эдик. Тирикчилигимизни бир амаллаб ўтказаётгандик, мана бу одам – электрик, буниси эса қўлидан ҳамма нарса келадиган уста. Мен ҳам ишга чиқиб тургандим, ёшим бир жойга етиб қолган бўлса ҳам. Энди бўлса нима қилишимизни билмаяпмиз. Ана, бозор ёнимизда бўлса ҳам, шу чоққача у ёққа чиққани қўрқамиз. Аёлларимиз чиқишади, уларнинг дийдаси қотиб бўлди, энди ҳеч нарсадан қўрқишмаса ҳам керак... Бизнинг айбимиз нима экан, нима қилибмиз?

Барча саволлар ҳавода муаллақ қолди. Улар жавоб керак эмас. Улар гапириб ичини бўшатиб олишлари керак, холос. Паст овозда, жуда хотиржам гапираяптилар. Уларнинг ҳам дийдаси қотиб, ҳиссиётлардан ҳоли бўлиб қолганга ўхшаяпти.

Улица Маджиримтал
Мажримтол кўчаси

Кўчанинг бу қисмида қирқ битта уй бир соат ичида ёниб битди. 12 июнь куни эрталаб.

- Қандай бўлди бу ишлар дейсизми? Эрталаб ҳаммамиз уйда эдик, - дейди шу кўчалик Илҳом деган йигит. Ҳеч ким ҳеч қаерга кетгани йўқ, шаҳарда нималар бўлаётганини ҳамма билганку. Бир неча киши кўчага чиқди. Бирдан шовқин кўтарилди. Кўчамизга БТР кириб келди, унинг ортидан автомат кўтарган 40-50 нафар йигитлар. Улар дарвозаларни буза бошладилар. Ваҳима бошланиб кетди. Ҳужум қилаётганлар гуруҳи орасида қоп кўтариб олган аёлларни кўрдик. Улар қоп ичидан қандайдир қора пакетларни олиб синган уй деразаларидан ичкарига ташлай бошладилар. Ёнғин бошланди. 41 та уйга ўт қўйгани ярим соат вақт керак бўлди, холос. Кўчанинг ичкарисига бориб ўтиришмади, афтидан пакетлари тугаганга ўхшайди. Ортга ўгирилиб бозор тарафга кетишди...

Ортга ўгирилиб кетишди. Бироқ ортга ўгирилгунча шу кўчада яшайдиган саккиз кишини ва шу кўчада ижарага яшайдиган бир неча талабани отишга улгурдилар. Талабалардан бири покистонлик эди.

Улица Маджиримтал
/> Мажримтол кўчаси. Шу ерда ўққа тутишган

Ёнимиздан икки аёл ўтди. Илҳом уларга қараб:

- Мана бу аёллар билан гаплашинг, икковини ҳам уйи куйган. Биттасининг онасини, бошқасининг қизини шу ерда ўлдирдилар...

Аёлларнинг ортидан ўртасида катта оқ чодир турган ҳовлига кирдик. Қўшни ҳовлида ҳам шундай чодир турибди. Аёлларнинг эгнидаги кийимидан ва шундан бошқа нарсалари йўқ.

Аёллар остонага ўтириб ўша кунги воқеалар ҳақида сўзлаяптилар. Кўз ёшисиз.

Эркинойнинг касал онасини ўлдирдилар, унинг икки ўғли Андижондаги қариндошлариникида. Барибир қайтариб келиш керак, қариндошлариникида бир умр яшамайдику. Фақат, болалар энди қандай қилиб мактабга борадилар, буни тасаввур қила олмаяпти. Совуқ тушганида чодирда яшаб бўлмайди. Ўзи ҳам ўғилларининг олдига кетар эди-ю, аммо ҳужжатлари йўқ, ёниб кетган. “Ҳужжатларимизни тиклаш учун негадир бизнинг аризаларимизни олмаяптилар”, - дейди Эркиной.

Нигора унинг ёнида индамай ўтирибди. Бир ой илгари у ягона кўзининг қаросидан айрилди, унинг беш ёшли Моҳизарини отиб ўлдирдилар. Нега ўлдирдилар деб сўрамаяпти ҳам. Нигора умуман ҳеч нарса демади, фақат бошини сарак-сарак қилиб тебратади, холос.

Ёнимизга яна бир аёл келиб қўшилди. Гулчеҳра Жўраева. Унинг уйи, аниқроқ қилиб айтганда эса уйидан қолган вайрона шу ҳовли ёнида. Ўнинг ҳовлисига ўтдик. Ўртадаги ёниб кетган дарахт тагида оқ чодир ўрнатилган. Унинг ичидан Гулчеҳранинг кенжа ўғли мўралаяпти, ичкаридан каттасининг овози эшитилди.

Улица Маджиримтал
Мажримтол кўчаси. Нигора ва Эркиной

Кўчада қуролланган одамлар пайдо бўлганида ва ўша пайтда у ерда ёш ногирон йигит тургани ва улардан қоча бошлагани ҳақида Гулчеҳра сўзлаяпти. У Гулчеҳранинг ҳовлисигача етиб кела олди, холос. Унинг ортидан автомат кўтарган икки-уч йигит отилиб кирди. Улар уйга қачон ўт қўйишга улгурганини аёл кўргани йўқ. Ўғиллари ва отаси билан жин кўчадан дарвозага қараб югурдилар. Ногирон кимса ҳам уларга эргашди.

Улица Маджиримтал
Мажримтол кўчаси. Жўраевларнинг кенжаси ўз уйининг вайронасида

- Биз унинг отини ҳам билмаймиз, назаримда у тожик ёки турк бўлса керак, - дейди Гулчеҳра. – Уни ўшликларнинг ҳаммаси таниса керак, бозорда ногиронлар аравачасида ўтирарди садақа тиланиб. Ажали бизнинг ҳовлида етди, уни шу ерда ўлдирдилар, ана сўрида қўлтиқтаёғи ётибди. Бу ерда яна 15 ёшли ўспирин бола ҳам бор эди, ўзбекистонлик. Новвойчилик қиларди, мана бу тандирда нон ёпарди. Уни ҳам ўлдирдилар...

Улица Маджиримтал
Мажримтол кўчаси. Шу жинкўчадан қочишгандилар

Дарвоза ёнида катта қора доғлар кўринади. Бу ерда Гулчеҳранинг отаси Раҳматилла ака ҳалок бўлган. У 71 ёшда эди. Чархчилик дўкони ҳам уйига яқин эди, пенсионер бекорчиликдан безор эди.

Улица Маджиримтал
Мажримтол кўчаси. Раҳматилла бобо жон шу кўрпачада жон берди

Дадам мана шу кўрпачанинг устида жон берди, - дейди аёл қонли дўппини кўрсатиб. – Уни пичоқладилар, кейин бошига уришди... Мен ўғилларим билан дарвозанинг ортига қочиб чиқдим, у ерда ҳам қуролли одамлар бор экан, отишни бошладилар. Ўғилларим қочиб дарахтнинг панасига яшириниб олдилар, мени биқинимга ўқ тегиб ташқарига чиқиб кетди. Қочоқлар лагеригача қандай етииб борганимни, чегарадан қандай ўтганимни эслай олмайман... Ўша ерда перевязка қилишди. Аммо уйга тез қайтдик, ахир дадам қолган эди-да...

Улица Маджиримтал
Мажримтол кўчаси. Гулчеҳра Жўраеванинг ҳовлиси

Ҳозир уларга халқаро ташкилотлар ёрдам бераяпти. Озиқ-овқат беришаяпти. Аммо шикастланган ҳовлиларда овқат тайёрлаш учун шароит йўқ. Газ йўқ, свет йўқ, жуда бўлса, кранда сув оқаяпти, холос. Идиш-товоқ қолмаган. Шунинг учун кўпчилик ҳозирча қариндошлариникида турибди. Ўз ҳовлисида, чодирларда яшаётганларга қариндошлари, қўни-қўшнилар ёрдам беришга уринишаяпти.

- Нима деб ўйлайсиз, бундан кейин нима бўлади? – сўрайдилар кўчада ўтирган эркаклар. – Доим ҳар ҳил миш-мишларни эшитамиз... Одамлар қўрқиб қолишган, наҳотки шунча қон тўкилгани етмаган бўлса?..

Марина Даневич

“Фарғона.Ру” Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод шаҳарларида 2010 йил июнь ойи ўртасида содир бўлган фожеавий воқеаларнинг барча тафсилотлари бўйича ўз текширувини ўтказмоқда. Бизнинг қўлимизда кўплаб видеокадрлар, фотосуратлар, маҳаллий аҳолидан олинган интервьюлар бор. Бордию, мустақил халқаро текширув ўтказиладиган бўлса, биз барча маълумотларни тақдим этишга тайёрмиз. Шунингдек, биз барча воқеа шоҳидларидан – улар ўзбек ёки қирғиз бўлишидан қатъий назар, ўзларининг ҳужжатли ҳикояларини, гувоҳликлар, фотосуратлар ва видеотасвирларини бизга юборишларини сўраймиз. Мактубларни қуйидаги манзил бўйича юборишингиз мумкин: ferghana@fergananews.com.