10:28 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Голландиядаги “Трау” газетаси мухбири Хирт Куркамп: “Ўшдаги вайрон этилган уйларнинг 90 фоизи ўзбекларга қарашли”

08.07.2010 18:41 msk

Фарғона.Ру

Голландиядаги “Трау” газетасининг Москвадаги мухбири Хирт Куркамп Қирғизистонга сафаридан қайтиб келганидан сўнг республика жанубида кўрган нарсалари ҳақида “Фарғона.Ру” агентлигига сўзлаб берди.

* * *

“Биз, бир гуруҳ журналистлар ўтган ҳафтада, референдумдан аввалроқ Ўшда бўлдик ва у ерда уч кун турдик, шаҳардаги вазиятни, вайронагарчиликларни ўз кўзимиз билан кўришни, у ерда яшаган ёки яшаётган одамлар билан гаплашмоқчи бўлдик.

Навоий кўчасида, ўзбеклар маҳалласида ҳамма нарса вайрон бўлган экан. Биз ҳужатларимизни кўрсатиб у ердаги қирғиз ҳарбийлари турган блокпостдан осонлик билан ўтдик. Ўша куни Ўшга Ўзбекистондаги лагерлардан аёллар ва болалар қайтаётган экан. Улар ўз уйларини бу ҳолатда биринчи бор кўришлари эди. Манзара - ҳудди уруш ўтгандек. Бу Жанубий Осетиядаги, Цхинвал ёнидаги грузин қишлоқларини эслатарди. Манзара ўхшаш, холос, бироқ Ўшдаги фожеа кўлами жиддийроқ экан.

Ҳамма уйлар ёниб кетган, деярли ҳеч нарса қолмаган.

Биз дурадгор одамнинг уйига кирдик, унинг ертўласида асбоблари бутун қолибди, у яна ўз ҳунарини давом этиши мумкин. Бироқ у ўз қўллари билан қурган бор нарса йўқ қилинган.

Референдум арафасида, пайшанба жума кунлари Ўзбекистондан қайтаётган қочоқлар оқими тинмади. Улар чегарани яёв кесиб ўтдилар, у ердан уларни автобус ва машруткаларда Черемушка ва шаҳарнинг бошқа даҳаларига олиб бориб қўйишди. Мен бу аёлларнинг баъзилари билан гаплашдим. Қочоқлар орасида, гўёки чегарани ёпиб қўйишар экан, вақтида ўта олмаганлар уйларига қайта олмас эмиш деган миш-мишлар ўтган экан. Шунинг учун кўпчилик шароити йўқ бўлганига қарамай, уйга қайтишга қарор қилган экан.

Мен Навоий кўчасидаги уйига қайтган оилани бориб кўрдим. Уларнинг ҳеч вақоси қолмаган, ҳаммаси ёниб кетган бўлса-да, ҳовлисидаги гилос омон қолибди, бизни меҳмон қилдилар. Уйларининг томи йўқ, шу кунлар давомида очиқда ётишади. Овқатни ўчоқда тайёрлашаяпти, сув бор. Бироқ ўша кунлари сув заҳарланган деган миш-мишлар тарқалгани учун одамлар сув ичишга ҳам қўрқиб қолган эканлар.

Биз, ташқаридан келган кузатувчилар учун ўзбек-қирғиз маҳаллаларини ажратиш қийин эди, бироқ биз кўрган вайрон бўлган маҳалла ва кўчалар ўзбекларга қарашли эди. Уй деворларига “кыргыз” KG ёки “сарт” деган ёзувлар кўзга ташланарди. Менимча, вайрон бўлган уйларнинг 90 фоизи ўзбекларга тегишли бўлган.

Бизнинг ҳайдовчимиз Ўшда туғилиб улғайган рус йигити бизга ўзбекларнинг касалхонасини кўрсатди. Касалхона ҳудудида масжид қурилган экан. Қайси кўчада жойлашгани эсимда йўқ. Бироқ касалхона ва масжид ёниб кул бўлган. Ёнида эса қирғизга тегишли ресторан турибди, бирор ерига шикаст етмаган.

Қайга борсангиз шунга ўхшаш манзарага дуч келасиз. Фақат ўзбекларга тегишли нарсалар атайлаб ёқилган деган хулосага келиш мумкин.

Ўшда юрган кезимизда кўчада одамлар кўпая бошлаганди. Машиналар ҳам, савдо дўконлари ҳам кўпайган, кўчаларда кичик бозорчалар пайдо бўла бошлади.

Шаҳарда милисалар мен кутгандан кўра камроқ экан. Ўзбек маҳаллалари олдига қўйилган блокпостларда ҳарбийлар ҳужжат текшираяптилар. Шаҳарда вақти-вақти билан милиция машиналари ўтиб туради. Онда-сонда автомат кўтариб олган формасиз одамлар кўзга ташланиб қолади. Уларнинг ким эканлиги тушунарсиз.

Биз қирғизларнинг Қирғизчек қишлоғига бордик, бу қишлоқ Ўшдан 10-12 километр нарида, Фурқат қишлоғининг орқасида экан. Бизга айтиб беришларича, Фурқат қишлоғида тўқнашувлар бўлганида ярадорларни шу қишлоққа олиб боришган экан. Адашмасам, у ерга икки юзга яқин ярадорларни олиб боришган ва 12 киши ҳалок бўлган. Врачлар бизга бўлиб ўтган воқеанинг ўзлари билан версиясини айтиб бердилар. Бўлиб ўтган воқеалар, ҳаммаси қандай қилиб бошлангани ва давом этгани ҳақида кўплаб турли версиялар борлигини тушуниб етиш лозим. Кўпинча бу фаразлар бири-бирини инкор этади. Мисол учун, Қирғизчекдагилар тўқнашувлар бир гуруҳ ўзбеклар қирғизларнинг қишлоғига ҳужум қилгандан бошланди деб айтдилар. Шундан кейин бошқа қишлоқлардан қирғизлар ёрдамга кела бошладилар. Бизга даҳшатли фотосуратларни кўрсатдилар, уларга қараш оғир эди: бир мурда бўғизланган ҳолда, бошқасида ундан бадтар... Врачлар биз билан хотиржам суҳбатлашганлари билан, улар бу воқеаларни оғир ҳиссиётлар билан бошидан кечирганлари сезилиб турарди. Уларнинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти қирғиз бўлган. Афтидан, улар кўрган нарсалари ҳақида гапирганлар.

Бизга айтишларича, бу қишлоқнинг 40 фоизини ўзбеклар ташкил этади, қолгани эса қирғизлар. Аммо бу маълумотнинг аниқлигини мен билмайман. У ерда ўзбеклар яшагани тўғри. Кўпчилик ўзбеклар қишлоқдан қочиб кетган, бироқ қолганлари ҳам бор. Биз улар билан суҳбатлашганимизда, улар қўшни қирғизлар билан яхши муносабатда эканликларини айтдилар, аммо ёлғиз қолиб гаплашганимизда, улар қирғизларнинг қуроли кўплиги боис улардан қўрқишларини айтдилар.

Айтгандек, қирғизлар ҳам ҳудди шу гапни ўзбеклар тўғрисида айтаяптилар – уларнинг қуроли кўп деб.

Менга шу қишлоқ раисининг машинасини кўрсатишди, унда ўқ излари бор экан. Айтишларича, ярадорларни олиб чиқаётганларида, ўзбеклар машинани ўққа тутган экан. Ўзбеклар эса уй деворларидаги ўқ изларини, ерда ётган гильзаларни кўрсатдилар.

Ташқи кузатувчилар сифатида биз бўлиб ўтган воқеалар хронологиясини тиклай олмаймиз, бизнинг олдимизда бундай мақсад ҳам бўлмаган. Бу чуқур тадқиқот қилишга лойиқ вазифа.

Ўшдаги ўзбеклар бирорта ҳам ҳокимият идоралари вакиллари бўлаётган воқеаларни кўргани келмагани борасида шикоят қилдилар. Бироқ қирғизчеклик қирғизлар ҳам ҳудди шу гапни айтдилар, уларнинг олдига ҳам бирорта расмий келмаган.

Икки томон одамлари ҳам жуда қаттиқ руҳий изтиробда. Биз ўша ерда юрганимизда кечки пайтда қандайдир ўқ овозларини эшитдик. Бир куни эса бозорда, савдо энди тикланаётган бир пайтда отишма бошланиб кетди. Бозордаги бор одам ваҳимага тушиб кетди. Одамлар қўрқиб қолган – заррача провокация, кичкина тўқнашув катта балоларга олиб келиши мумкин.

Биз Ўшда юргани чоғимизда махсус операциялар ўтказилаётганди. Мен ўзим бу зачисткаларда иштирок этганим йўқ, бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларнинг айтишича, милиция ва ҳарбийлар одамларни қўлга олиб улардан товламачилик билан пул ундираяптилар. Ҳаммадан эмас, бироқ шундай ишлар бўлган. Айтишларича, одамларни қийноққа солаяптилар, патронларни ташлаб қўяяптилар. Балки, кимдандир қурол топишгандир, ҳозир кўпчликнинг қуроли бор. Аммо ташлаб қўйган ҳоллар ҳам бўлган. Одамлар ҳаммасидан ҳам ҳарбийлар келиб тинтув ўтказишидан қўрқиб қолдилар”.

Мария Яновская ёзиб олди