14:54 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Парламент республикаси ва парламентга номуносиб эл

30.06.2010 07:37 msk

Даниил Кислов

Фотосуратда: Наримон қишлоғида ўтказилган “зачистка” давомида махсус хизмат ходимлари йиртиб ташлаган паспорт. Фото © Ivar Dale/NHC

Ўтган якшанба куни Қирғизистонда гўёки умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Ярми деярли вайрон бўлган мамлакатнинг фуқаролари Конституция матнини ўқимасдан туриб маъқулладилар. Шу билан бирга, 2011 йил охиригача ҳукм сурадиган президентни ҳам сайладилар.

Марказий Осиё тарихида илк бор парламент республикаси пайдо бўлди. Осиёнинг постсовет ҳудудида илк бор аёл киши давлатга раҳбарлик қила бошлади.

Қирғизистондаги оддий халқ конституциявий ўзгаришлар моҳиятини қанчалик англаши, Асосий қонун эса оддий халқнинг истакларини нақадар акс этиши борасида тахмин қилиш мумкин, холос. Бироқ менинг мутлақо ишончим комилки, овоз берганларнинг аксарияти учун қутига ташланган қоғоз унда ёзилган нарсани англатмаган.

Қийинчиликлардан боши чиқмагани боис жунбушга келган халқ сўнгги беш йил давомида иккинчи бор навбатдаги авторитар ҳукмдорни тахтдан ағдариб, ҳокимият тизгинини ўзларини жиддий равишда демократларга менгзаётган кечаги мухолифатчиларнинг қўлига топширганига ҳали уч ой ҳам тўлгани йўқ. Бор-йўғи икки ой ўтиб мамлакат жанубида ўша халқ уюштирган хунрезликнинг қонли манзаралари қўшни Тожикистондаги беш йил давом этган фуқаролик урушидаги хаос билан бир қаторга ўрнади.

Ушбу хунрезликларда собиқ президентнинг яқинлари ва қариндошлари томонидан молияланган провокатор ва ташкилотчиларнинг ҳам қўли борлигига шубҳа йўқ. Эндиликда бунга ҳамманинг ишончи комил бўлиб қолди. Муқаддас дея саналган Сулаймонтоғда снайперлар ўрнашиб олдилар. Ҳаммаси олдиндан режалангандек, ҳаммани ҳаммага қарши қайраш, қашшоқ тоғли қирғиз айилини ўзига тўқ шаҳарга қарши исён кўтариш ҳамда йўл-йўлакайига, ҳаёт учун зарурий макон ва майдонни бўшатиш йўли билан бошланди. Куни-кеча тинч юрган фуқаролар ушбу провокацияга осонлик билан алдандилар: дини, бозори ва мозори бир бўлишига қарамай, фақат қондошликни эътиборга олган ҳолда, ҳеч қандай жуғрофий ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фарқламай бири-бирларини пичоқлай бошладилар. Уй деворларида “кыргыз”, “русский”, "сарт" деган ёзувлар пайдо бўла бошлади. Биринчи икки тоифадагилар омон қолдилар. Сартлар (ўзбеклар дегани) – йўқ.

Аҳолиси деярли ўзбеклардан иборат қўҳна Ўш шаҳри бир идишга жамланган кўчма крематорий ва дафн бюросига айланди. Пировардида, бор-йўғи маданий автономия ҳамда ҳокимият идораларида ўзбекларга ҳам квоталар берилиши ҳақида сўз очишга ботинган тинчликпарвар, нисбатан ўзига тўқ “ўзбек”ни моноэтник (қардош деб ўқинг) милиция, армия, “тез ёрдам” врачларига ва бензовозлар ҳайдовчиларига таянган “қирғиз” енгди.

Жамоалар ўртасидаги можарода ҳокимият номидан ҳаракат қилган маҳаллий ментлар ва спецназ аввали бошдан аниқ бир позицияни эгаллади ва фақат этник кўпчилик бўлган қирғизларнинг тарафини олди. Ўшлик дўстларим телефон орқали “бу ерда ўзбекларга ҳеч ким ёрдам бермаяпти”, - дея ҳасрат қилдилар. Шу чоққача қўшни Ўзбекистондан қайтарилган юз минг қочоқлар қаердалиги номаълум. Ғам-аламдан дод-фарёд қилаётган ўшлик ўзбекларнинг ялиниб-ёлворишларига қарамай, расмий Тошкент қочқинларга бошпана беришда бардавом қолишни истамади. Референдумга икки кун қолганида уларни автобусларга ўтқазиб Қирғизистон дея аталмиш “ватанларига” улоқтириб келдилар. Айтишларича, “кўчирилган шахслар қариндошлариникида жойлаштирилган” эмиш. Бу иборани тушунарли тилга таржима қилиб берай: кечаги қочқинлар ўзгалар уйларидаги ертўлаларда қўрқувдан қалтираб ўтирибдилар, очиқ осмон остида ухлаяптилар, қуруқ нон-чой билан қорин тўйғазаяптилар, мутасаддиларнинг маълумотномаларига кўра эса – референдумда фаол иштирок этиб янги конституция ва муваққат ҳукумат учун овоз бераяптилар.

Янги ҳукумат эса талончиларнинг бошбошдоқлигига йўл қўйиб берган ментларни жазога тортишга, нацизмни илдизи билан йўқотишга шошилмаяпти. Шошилсанг – таянчингдан, миллатчи-ватанпарварлардан иборат электоратдан айриласан. Бироқ бунга кўз юмадиган бўлсанг, ўша бугун сен таянган кучлар эртага кам деганда ўзингни ҳам ағдариши турган гап.

Гап шундаки, Қирғизистоннинг “юқорисида” инқилоблар рўй берган бир кезда “қуйида” аҳвол эскича қолмоқда ёки аниқроқ айтганда, аввалгидан ҳам баттар бўлиб бораяпти. Ҳозирча элиталар тубдан ўзгармади, жойларда эса ҳокимият идоралари чинакамига янгиланмади. “Юқоридагилар” демократия ва эркинлик идеалларини декларация қилишдан тўхтамаётган бир пайтда, “қуйидагилар” ахлоқан юз тубан тушаётганларини ҳамда барчага қарши шавқатсиз бўлиб бораётганларини намойиш этаяптилар.

Ўзбек билан қирғиз ўртасидаги йигирма йиллик танаффусдан сўнг қайта авж олган биродаркушлик уруши расмийлар ҳамда бахтиқаро жамиятга узоқ муддатли янги координаталар системасини белгилаб қўйди. Тўкилган қон туфайли аввалгидан ҳам чуқур илдиз отган ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги антогонизмни Янги Конституция бартараф эта оладими? Бакиевга қарши нафрат туфайли бирлашган кечаги мухолифатчилар ёппасига қашшоқлик ва перманент кўча фитналари қабатида мамлакатни зулм, нацизм ва коррупциядан ҳоли бўлган ҳаётга етаклай оладими?

Ростини айтсам, бунақа бўлишига ишонгим келмаяпти. Қонунларни шошилиб қайта ёзишлар, кулуарларда ўтириб сиёсий тузумни қайта форматлаштиришлар иқтисодда ва ижтимоий мафкурада узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиб қўймайди. Миллатлар ўртасида келишиб тинч-тотув яшаш масаласи бугунги Қирғизистон учун энг муҳим масала бўлиб қолмоқда. Бу масала-муаммоларни қандай қилиб ҳал этишни иқтидорда турганларнинг бирортаси ҳам билмасликларига ишончим комил.

Оддий фуқаролар янги Конституция учун овоз бергани келиб, аслида эртанги куннинг бехавотир бўлиши, маҳаллаларда тинчлик ўрнаши, мустаҳкам ҳокимият учун овоз берганларини билмасалар керак.

Қирғизистонда кузда парламент сайловлари ўтиши режаланган. Бу сафарги сайловларда нималарни кўришимиз мумкин? Бугунги вақтли ҳукумат аъзолари эртага бири-бирининг ёқасидан олишни бошламайдиларми? Ҳиссиётлар ошиб-тошиб, яна янги душман қидириш бошланмайдими? Қашшоқ республикада бири-бири билан келишишдан ожиз лидерлар, уруғ-аймоғлар ўртасида “соққа”, обрў талашишлар, жанжаллар яна бошланмайдими? Бордию, шундай бўладиган бўлса, агар мамлакатда миллатни бирлаштира оладиган чинакам лидерлар топилмаса, Қирғизистон дея аталмиш мамлакатнинг вайрон бўлиши турган гап.

Бунақада қирғизларга на Россия ва на КХШТ, на европалик полиция кузатувчилари-ю ва на марсликлардан иборат “учинчи кучлар” ёрдам бера олмайдилар.

Муаллиф – Даниил Кислов, “Фарғона.Ру” АА бош муҳаррири. Мақола, шунингдек, Московский комсомолец, N140, 29.06.2010, с. 3 газетасида ҳам чоп этилган.