14:36 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тинчлик ўрнатувчилар ва врачлар орасида қирғизлар ва ўзбеклар бўлмаслиги керак

25.06.2010 07:17 msk

Мария Яновская тайёрлади

Қирғизистон жанубида маъмурий хаос ҳукм сурмоқда, маҳаллий мутасаддилар Бишкекдан юборилган мулозимларга бўйсунмаяптилар, мудофаа вазири Исақов бўлса “ҳарбийларга буйруқ бергани ваколатим йўқ” дея таъкидлашдан тўхтамаяпти. Қирғизлар ўзбек маҳаллаларида гаровга олинганлар ушлаб турилибди дея қичқирсалар, ўзбеклар инкор этиб, айнан уларни гаровга олинаётани борасида мисоллар келтираяптилар. Аниқ ахборот йўқлиги боис, миш-мишлар тарқалмоқда ва пировардида, умидсизликка тушган одамларни жиноятларга итармоқда. Икки томон ҳам таҳқирланган мурдаларни тақдим этиб, фақат “уруш” деяптилар. “Фарғона.Ру” ҳуқуқ ҳимоячи Тўлеқан Исмаилова билан боғланишга эришда ва суҳбатдан маълум бўлдики, агар жанубда фақат бир миллатдан иборат армия тартиб ўрнатадиган, касалларни, зўрланганларни ва куйганларни эса фақат бир миллатга мансуб врачалар даволайдиган бўлса, ярашиш тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади. Кўчаларда қурол кўтариб каллакесарлар изғияптилар, ўзбеклар ўз маҳаллаларига қирғиз шифокорларини қўймаяптилар, махсус хизмат бўлинмалари эса касалхоналарга ҳужжатсиз ярадор ўзбекларни киритмаяптилар. Шу шароитда муваққат ҳукумат Қирғизистон ўз кучи билан тартиб ўрнатади, унга тинчлик ўрнатувчи кучлар керак эмас дея билдирмоқда...

Гаровга олинганлар. Қирғизча нуқтаи-назар

Биз Тўлеван Исмаиловага 18 июнь куни кечқурун телефон қилдик. У Ўшдан 20 чақирим наридаги Мади қишлоғида экан: “Биз ҳозиргина Мадига кириб келдик, йўл тўсиб қўйилган экан, қишлоққа кира олмадик. Яхшиям телефон қилганингиз! Бу ерда икки томондан ҳам кенг кўламли одам ўғирлашлар амалга оширилмоқда. Мен ҳозир телефон гўшагини қариндошларини излаётган одамларга бераман. Бу SOS, бу ҳақда ёзишмаяпти!”

Телефон орқали эркак кишининг овози эшитила бошлади.

- Акам врач бўлиб ишларди, болалар жарроҳи бўлиб, бир-икки соат дам олай демоқчи бўлиб касалхона ҳовлисига чиққанди. У ерда, жануб тарафда дарвоза бор. 10-15 та ўзбек келиб отишга бошладилар. Акам шеригига “югур!” деб қичқирди-ю, ўзи йиқилди. Акамни ўзбеклар олиб кетишибди.

- Ўзбеклигини қаердан билдингиз?

- Ўзи менга айтди, улар ўзбеклар деб! У ерда ўзбек маҳалласи бор, қирғизлар йўқ у ерда. 10-15 та ўзбеклар деяпман сизга! У ерга депутат, соғлиқни сақлаш министри келганди, улар келишиб олдилар ва “Скорий помошь” машинасида у ерга кирдилар. Ҳайдовчи қирғиз бола айтибди шунда: агар яна келсаларинг, ўша ўзбеклар уларни ўлдирадилар деб. Бу ерга бошқа келмасликлари учун. Мен шахсан “Скорийни” ҳайдовчиси билан гаплашдим, у айтаяптики, уларда гранатаметлар, автоматлар бор экан. Ҳайдовчи айтаяпти, ўзим кўзим билан кўрдим деб. Ҳаммаси қўрқаяпти, ўзбекларни олдига боргани. Врачлар ҳам қўрқишаяпти, ҳамма қўрқаяпти. Ростини айтилса, у ерга қўйишмаяпти ҳам. Айтишларича, улар қуролланган экан, беш юзта, мингта одам.

Мен ҳаммасидан сўрадим, айтишларича, у ерда менинг акамдан ташқари жуда кўпчилик қирғизлар гаровда ўтиришибди экан. Ўзбеклар уларни чиқармаётган экан. Мен уларга пўписа қилиб кўрдим, битта қирғиз учун 15 та ўзбек бераман деб ҳам айтдим. Улар бўлса, бизга ўзбеклар керак эмас дейишди. Агар бирорта бойроқ ўзбек бўлса, майли эмиш. Бой ўзбеклар эса шаҳарда бемалол юришибди, уларга ҳеч ким тегмаяпти. Агар ишонмасангиз, мана бу ердагилардан ҳаммасидан сўрашингиз мумкин. Ўзбекларга ҳеч ким тегмаяпти!

Гаровга олинганлар. Ўзбекча нуқтаи-назар

Ўзбеклар гаровга олган одамлар тўғрисидаги ҳикоялар ортидан қирғизларнинг қўлида гаровда бўлиб қайтган ўзбекларнинг ҳикоясини тингладик. “Фарғона.Ру” гаровда бўлиб қайтган икки ўзбек билан суҳбатлашди.

“Бизга шаҳар тинчиди, ярашув бўлиб ўтди, ҳеч ким ҳеч кимга тегмайди, шаҳарга борса ҳам бўлаверади дейишди. Бу чоршанба куни бўлган гап. Мен Жалолободга йўл олдим, биз вокзалга кириб бордик. Танишларимиз бу ерда 13 та аёллар ва болалар поликлиникада беркиниб ўтиришибди, олиб кетинглар дейишди. Биз кириб 20-22 га кирган икки эмизикли болали ёш жувонларни олиб чиқдик. Назаримда, у ерда яна одамлар қолишди. Шунда олдимизга машина келиб тўхтади, уни ичидан формасиз одамлар чиқиб бизни қуршаб олдилар. Бошқа тарафдан эса автомат кўтарган формали одамлар келдилар. Улар қора футболкаларда, ҳарбий иштон кийиб олишган экан. Формасиз одамлар бизни боғладилар, формадагилар эса индамай кузатиб турдилар. Бизни темир комокка қамаб қўйишди... Анув, темир гаражга ўхшаган. У ерда учта ўзбек биздан олдин келиб ўтирган экан. Бизни темир таёқлар билан урдилар, телефонларимизни, ёнимиздаги бор нарсани тортиб олдилар”.

- Уларга нима керак экан?

- Ҳеч нарса, фақат биздан миллатинг нима деб сўрадилар. Ўзбеклигимизни билганларидан сўнг эса ура кетдилар ва ўша гаражга қамаб қўйдилар. Формадагилар эса томоша қилиб туришди. Бизни қуршаётан пайтда мен махсус отрядга телефон қилишга улгуриб қаердалигимизни айтгандим. Тахминан бир соатлардан сўнг бронжилет ва каска кийган ҳарбийлар келиб бизни озод қилдилар. Биз ура қочиб кетдик.

Иккинчи ҳикояни ўшлик ўзбек айтиб берди.

- Мени кўчада ушладилар, машина келиб ёнимда тўхтади, ундан бешта қуролланган одам чиқиб, менга машинага ўтиришни буюрдилар. Шу холос. Кейин номаълум томонга олиб кетиб багажникда деярли бир кеча-кундуз олиб юрдилар. Баъзида ичгани сув бердилар. Урдилар ҳам. Мендан товон пули олмоқчи бўлдилар. Мен эса: “Қанақа товон пули? Ҳаммаси ёниб кетдику...”, деб айтдим. Кейин милиция келиб мени бўшатиб олди. Ҳар ҳил одамлар аралашдилар...

“Исақов ёрдам беришдан ожизман деб айтди...”

Тўлеқан Исмаилова ҳикояси.

- Новкен йўлидан Черемушкага қараб кетаётгандик, куйган ўзбекни касалхонага етказмоқчи бўлдик. Йўлда бизни ҳуқуқ-тартибот ходимлари тўхтатдилар ва ҳужжат талаб қилдилар. Ўзбекларга тегишли машинада кетаётандик-да, улар биз билан ўзбеклар кетаётганини кўриб қолдик. Бизга пўписа қила бошладилар. Шунда биз генерал Исақов билан (муваққат ҳукуматнинг жанубдаги махсус вакили, мудофаа вазири – таҳр.) боғландик. Ахир, ярашув эълон қилинганидан кейин одамлардан паспорт талаб қилиш тўғри эмасда. Ахир уйлар ёниб кетган, кимда паспорт қолибди... Исақов бизга чин кўнгилдан умумий координацияга масъул эканини, ҳарбийлар учун эса Сувоналиев ва Алимбеков каби комендантлар масъуллигини айтди. Шу билан бизни ўтказмадилар, биз ортга қайтишга мажбур бўлдик. Бу куйган ўзбек бўлса, ҳамма ери ёниб кетган...

Жарнинг икки ёқаси

- Шу кунгача (суҳбат 18 июнь куни бўлиб ўтган – таҳр.) биз ўзбек маҳаллаларига бордик, - дейди Тўлеван Исмаилова. – Фарғона-наманган маҳалласида, ВЛКСМда бўлдик. У ерда уч мингга яқин қочоқ тўпланган, ҳозир у ерда 30 минг одам яшаяпти. Шу чоққача бу маҳалла ёпиқ эди. Биз, Азиза Абдирасулова, Жанузақ Абдирасулов ва мен келганимиздан кейин очилди. У ерда ёш болалар ўлая... (Тўлеқан Исмаилованинг овози шу ерда узилди. Кейин давом этди). У ерда жуда кўп болалар ерда ётишибди. Сув, озиқ-овқат етишмаяпти... Аммо кеча бу ерга гуманитар ёрдам етиб келди. У ерда биз дала касалхонасини кўрдик. Аёллар дала шароитида туғишаяпти. Дала шароитида одамлар ётишибди, Черемушкадан қочган ўзбеклар, куйиб кетган... Биз 27 ёшли Дониёрни кўрдик, унинг аҳволи оғир, капельница олиб ётибди. Унинг кўз ўнгида еттита қариндоши тирклайин ёниб кетган. Масжидда уч мингдан зиёд аёллар, чақалоқдан тортиб ўспирингача беш юзга яқин болалар тўпланган... Биз зўрланган 17 ёшли қизни кўрдик. У оғриқдан инграб ётган экан. Биз Қизил Хочдан врачни чақиртирдик, улар қизга ёрдам бердилар. Қирғиз врачларини эса одамлар у ерга қўймаяптилар. Қўрқишаяпти...

Бугун бўлса қирғизларнинг Мади қишлоғида бизга мурдаларни кўрсатишаяпти. Бугун бизга боши кесилган ва бензинда куйдирилган қирғиз йигитларининг жасадлари фотосуратини кўрсатдилар. У ерда 98 та қўмирга айланган мурда бор...

Ёниб кул бўлган қирғизларнинг айиллари бор. Бугун биз у ерга бора олмаяпмиз, у ерларга ҳали гуманитар ёрдам етиб боргани йўқ. Мади қишлоғидаги Қурманжан Додҳо номидаги касалхона жуда кўплаб қирғиз ярадорларини қабул қилган. Бу жудаям кенг кўламли фалокат! Асосан ўзбеклар жабрланди дейилганида, бу бир томонлама қараш бўлиб қолади. Қирғизлар бўлаётган ишларни фотосуратга олиб ҳеч қаерга жўната олганлари йўқ. Улар буни чет элга чиқаришни билмайдилар...

Яхшиям бизнинг ўзбек ҳамкорларимиз бу материалларни жўнатишга ёрдам беришаяпти... Бугун бировни гуноҳкор қилишга ҳали эрта. Фалокатнинг кўлами жуда ҳам улкан. Ўйинчилар ҳам кўпайиб кетган – ҳатто муваққат ҳукумат таркибида ҳам турли гуруҳбозликлар мавжуд...

- Маҳаллаларга қандай қилиб кира олдингиз?

- Ҳар ҳолда, мустақил йилларида эришган энг катта ютуғимиз фуқаролик жамиятининг ривожланиши бўлиб қолди. Турли миллатга мансуб шерикларимиз кўп, бизни журналистлар танийдилар, маҳалла етакчилари. Биз доим биринчи бўлиб борамиз, бизга эшиклар очилади, ортимиздан бошқалар келишади. Биздан кўпинча “Қўрқмайсизларми?” деб сўрашади. Нега энди ўз халқимиздан қўрқишимиз керак экан? Биз одамлар гуманитар фалокат ичида қолиб кетмасликлари учун ўзбек маҳаллалари ва қирғиз қишлоқлари тезроқ очилишини истаймиз. Чунки вайронагарчилик кўлами жуда ҳам улкан.

- Жуда жиддий халқаро текширув ўтказилиши лозим – бунақа текширув 1990 йилдаги қон тўкилганида ҳам бўлмаган, - давом этади Исмаилова. – Бу фожеа ҳамма учун дарс бўладиган иш қилиш керак – миллий негизда энг даҳшатли нарсаларни амалга ошириш осон. Эшитишимга қараганда, Бишкекда ҳам уйларга белги қўйишаётганмиш. Бу нарса мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам кўчиши мумкин... Уруш ҳар ҳил сиёсатчилар учун манфаатли бўлиб қолар экан. Қандай йўл билан бўлса-да можарога чек қўйиш керак. Томонлар ўртасида – қонли жар, ҳар томоннинг ҳам алами жуда катта бўлиб кетган. Бу нафратни қандай қилиб тўхтатса бўлади? Худо одамга ҳаётни берар экан, ҳеч уни ҳаётдан маҳрум этишга ҳақи йўқ...

Азиза билан (Абдирасулова – таҳр.) касалхонада 15-16 ёшли ўспиринларни кўрдик, уларнинг қўл-оёғига снайпер ўқи теккан. Улар мажруҳ бўлиб қолдилар. Бунга ким жавоб беради? Ким уларнинг келажаги учун жавоб беради?

Аввалги куни эса ўзбек аёлларини кўрдик... Куппа-кундузи уларнинг уйига киришибди, онасининг оёғини синдириб, 34 га кирган қизини учта боласининг кўз ўнгида зўрлашибди. Уйини ҳам тўнаб кетишди...

Моноэтник армия, моноэтник медицина

Тўлеқан Исмаилова тартибсизликлар аввалдан уюштирилган дея қайта-қайта таъкидлаяпти. “10 июнга ўтар тунда ЎшДУ ётоқхонаси ёнида, “Олой” меҳмонхонаси ёнида кўплаб ўзбеклар тўпландилар. Маҳаллий ҳокимият идора вакилининг айтишича, булар қора футболка кийган бегона, маҳаллий ўзбек бўлмаган. Бу одам ҳам ўзбек, можарони ҳал қилмоқчи бўлган. Бизга шундай деб айтди: “Мен ҳурматли одамман, ҳаммани танийман, бу ердагилар доим айтганимга қулоқ солиб келишган, мен доим можароларни ҳал қилиб келганман. Мен гапира бошлаганимда маҳаллий йигитлар тарқала бошлаганди, аммо булар, қора футболкадагилар йўқ, биз охиригача борамиз, қайтмаймиз дейишди”. Бу одамни ҳам яраладилар, у ҳозир касалхонада. Бегона қирғизлар ҳам кўп бўлган, улар қизил кепка кийиб олишган... Шаҳар секторларга бўлинган, ҳаммаси аввалдан ўйлаб қўйилган, ким қаерни вайрон қилиши... Тартибсизликлар сценарийси тайёрланган ва молиялаштирилган эди. Одамларни олдиндан қуроллантиришган, шаҳарга бир вақтнинг ўзида уч томондан ёпирилиб келишган. Ҳаммаси олдиндан режаланган”.

- Ночор сиёсат, қашшоқлик ва коррупция шундай вазиятга олиб келдики, миллатлараро можаролар сиёсий восита сифатида фойдаланадиган асбобга айланди. Мамлакатни шу даражага олиб келдиларки, криминал сиёсий майдонга чиқди. Бугунги можаро криминал ва наркомафия томонидан қўлланмоқда ва уюштирилмоқда. Улар ўзларининг таъсир зоналарини қайта тақсимлаяптилар. Бу ишларнинг барини бой ва нуфузли кишилар қилаяпти, уларга тахт керак, - дейди Исмаилова.

- Йигирма йил давомида сиёсат биринчи планга чиқиб олди. Сиёсат ва ҳокимиятни ҳар қандай йўл билан эгаллаб олиш. Таълим, анъанавий қадриятларимиз, маънавият – ҳаммаси иккинчи даражали бўлиб қолди. Натижада тинчлик йўқолди. Бугун одамлар тушкунликда. Қочоқлар ҳамма нарса ёниб кул бўлганидан уйларига қайта олмаяптилар. Кенг кўламли психологик терапия ўтказиш лозим. Бизнинг бошимиздан 2005 йилдан бери шунча нарса ўтди... Бу ҳокимият, тахт бирор-бир одамнинг ҳаётига арзимайди!

-Бу ерда икки ҳокимиятлик ёки ҳатто уч ҳокимиятлик мавжуд деса бўлади... Маҳаллий расмийлар Бишкекдан келганларни назарига илмайди. Биз Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов бу ерга сиёсат билан шуғулланувчи бишкеклик мутасаддиларни қўймайман деб билдирганини эшиттик... Ҳокимият структуралари зиддиятда эканликлари яққол кўриниб турибди. Бугун ЕХҲТ, халқаро ташкилотлар музокаралар ўтказиш учун платформа яратиб беришлари лозим. Аммо бу ерда шунча ёш болалар ҳалок бўлган, шунча аёллар ёниб кетган... Ҳали ҳаммасини дафн этишгани йўқ, ўликхонада шахси аниқланмаган шунча мурдалар ётибди... Қарасангиз, у ерда бойларнинг болалари йўқ... Ўзларини “лидер” деб атаган одамларнинг шавқатсиз, коррупцияга асосланган сиёсатидан оддий халқ жабр тортмоқда, - дея давом этади Исмаилова.

Тўлеқан Исмаиловага кўра, бугунги можарони бу каби моноэтник армия ва мамлакатда ўтказилаётган бу каби моноэтник сиёсат билан ҳал этиб бўлмайди. “Биз яна бир бор Бишкекка қайтариб айтамиз: европалик тинчлик ўрнатар кучларни таклиф этиш лозим, ўрис, татар ва бошқа миллатдаги врачлар керак. Чунки бу ишларни ўз кучимиз билан анча вақтгача қила олмаймиз. Икки томон ҳам ҳали узоқ вақтача бир-бирининг кўзига хотиржам қарай олмайди. Чунки - бу уруш”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи.

Уруш

Қайси ўзбек телефонини кўтариб биз билан сўзлашганда ҳам “уруш” сўзини қўллади. “Биз ҳаммамиз деярли фуқаролик уруши ҳолатидамиз, - дейди Ш. – Шаҳардагиларнинг ҳаммаси 22 июнь куни иккинчи тўлқин кўтарилади дейишаяпти. Ҳамма – қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам шаҳардан болаларини ва аёлларни чиқариб юборишаяпти. Ўзлари эса уйларини қўриқлашаяпти. Бироқ озиқ-овқатимиз тугаяпти, ҳаммасини талаб кетишган, одамлар аламзада. Кимнингдир уйини ёндириб кетишган, кимдир қариндошидан айрилган. Ҳозир кўчага чиқиш хатарли эмас – даҳшат! Ҳамма қандайдир “учинчи кучлар” ҳақида гапиришаяпти. Лекин улар кўчадаги қаланғилар билан бирга ишлаяптилар. Мен ҳамма қирғизлар ўзбекларга шундай муносабатда дея олмайман, мисол учун, менга қирғизлар катта ёрдам бердилар, уларнинг орасида яхшилари ҳам бор. Бироқ ўзбекларга қарашли ҳамма ресторанлар ва қаҳвахоналар ёниб кетган, ўзбекларга қарашли бизнес йўқ қилинган, қирғизларга тегишли дўконларга эса ҳеч ким тегмаган, уларга “кыргыз” деган белги қўйилган-да. Энг асосийси, бу ҳақда ҳеч ким гапирмаяпти, янгиликларда кўрсатишмаяпти... Ҳозир эса Қирғизистонни режали асосда қисмларга бўлишаяпти. Халқаро тинчлик ўрнатар кучлар келмаса, эплаб бўлмайди. Россия киритганида яхши бўларди, бу энг яхши кафолат, унинг обрўси бор. Акс ҳолда нима бўлишини билмайман. Бу ерда хаос”.

Мария Яновская тайёрлади