21:28 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ғолиби йўқ уруш: кечириш ва яшаш жуда қийин

21.06.2010 21:01 msk

Султан Қаназаров

Сиёсатчилар,геосиёсий ўйинлар, тинчлик ўрнатувчи қўшинлар истиқболлари, доим етмай келаётган гуманитар ёрдам, мазкур фожеани режалаб амалга оширганларни қўлга олиш имконияти, бўлажак референдум ҳақида бирор оғиз сўз юритгани мажолим йўқ...

Менинг меҳмондўст, очиқ ва шу вақтнинг ўзида ҳийла муғомбир, жазирама иссиқ, палов ва қизил қалампирнинг ватани, ранг-баранг маржонлар таққан тоғли қирғиз қизлари-ю, эркакларнинг олдида уялинқараб кўзларини қуйига қаратган бепардоз ўбек қизлари, мажнунтол сояси остидаги сўриларда чой ичиб, ҳар бири ўзининг тилида сўзласа-да бири-бирин жуда яхши тушунадиган қирғизча қалпоқ ва андижон нусха дўппиларни кийган оқсоқоллари билан бой жанубий Қирғизистоним бир кечанинг ичида йўқ бўлди.

Сизни учраган одам бир пиёла чойга таклиф қилишга ҳамда киноя билан ҳар қандай мавзуда суҳбатлашишга тайёр кўркам воҳа қолиб кетди. Дунёдаги энг мазали сомсалари ҳамда зираворларнинг ҳидига туйган бозорлар йўқолди...

Оламон қўни иссиқ нонини улашаётган қўшниларни ўлдирди...

Уйлар тикланар, йўллар тузалар, бозорлар яна гавжум бўлиши мумкиндир, аммо ўлдирилган одамларни нима қилиб бўлади? Улар нима учун ҳалок бўлдилар? Шундан кейин одамлар қандай қилиб яшайдилар?..

Энди улар бир-бирларининг кўзларига қандай қилиб қарайдилар, тунда сўрида ётганларида кимдир яна келиб хунрезликларни бошлаб юбориши тўғрисида ўйлаб қандай ухлайдилар? Чигирткаларнинг чирриллашидан, тунги юлдузли осмоннинг гўзаллигидан қандай лаззатланадилар?

Дўстларимни энди қандай қилиб юртимга меҳмона олиб бора оламан ахир?

Жануб дея аталувчи юртим манзаралари тасвирланган фотосуратларга қараб кўзларимдан дув-дув ёш оқади, холос...

Қайғу ила тан оламан, 10 июнь тунида хунрезлик бошланганидан бери чинакамига ибодат қилишни бошладим. Бунгача ибодат мен учун таъзияларда, онам ва бобомнинг қабрини зиёрат қилганда Қуръон оятларини ўқишдан иборат эди... Энди бўлса номоз мен учун инсонлигим чегарасини белгиловчи бир ҳад бўлиб қолди.

Мен қирғиз биродарларимни тушунишни уринганимда номоз ўқий бўшладим, ўзбек биродарларимни тушунишни истаганимда номоз ўқий бошладим. Мен номоз ўқишга бошладим, чунки бўлиб ўтган фожеани оқлашга уринишга ёки ҳамма айбни провокаторларга ағдаришга (энди уларнинг мавжудлиги борасида шубҳа қолмади) мойилликни фақат шу тўса олди.

Бир томондан ўйлаб қоламан: Бакиевлар, ёлланган қотиллар, режимнинг собиқ мутасаддилари ёки бошқа мамлакатлар ёки гуруҳларнинг провоациялари кўлами нақадар кенг бўлганида ҳам, ОДДИЙ ЎЗБЕКЛАР ва ҚИРҒИЗЛАР ҳечам бир-бирларини сўйишлари ва кечаги қўшнилари тириклайин ёниб кетган уйларга ўт қўймасликлари керак эди.

Ахир провокаторлар фақат бошлаб бердилар, - оддий одамлар эса давом этдилар.

Аммо бошқа тарафдан олиб қаралганда, онаси, қизи, ўғли ва ака-укаси шавқатсиз, профессионал ёлланма қотиллар тарафидан ўлдирилган одамнинг чидамли бўлиб қолиши ниҳоятда оғир. Ахир бу пайтда одамлар ёнғинга сабаб бўлган одамлар мутлақо бошқа эканлигини билмаганларку.

Нима деганда ҳам оддий одамлар бу ишларга айбдор эмаслар.

Мен ўша пайтда ёнғин шуласини кўраётган дўстларимга телефон қилаётиб йиғлаётганимни билдирмасликка уринардим. Мен улардан уйларни ёндиргани, одамларни ўлдирган кетаётган ёш йигитларни тўхтатишларини ялиниб ёлвориб сўрадим, бироқ энди улар бу ишларни тўхтатишдан ожиз эдилар.

Укам ТАНИМАГАН одамларини тўхтата олмаётганини тан олишга мажбур бўлди. У ёнида ўзбек қўшнимиз билан бирга туриб оламон ҳамма нарсани вайрон қилаётганини индамай кузатиб тураётганини айта олди, холос.

Мен доим Қирғизистон жануби менталитетини жуда яхши биламан деб ўйлаб юргандим, унинг алоҳида хусусиятларга эгалиги мен ва барча жанубликлар учун очиқдан-очиқ аён эди.

Мен туғилиб ўсган қишлоқда тўполонлар Ўшдан кейин икки кун ўтиб бошланди. Нега энди қишлоқ оқсоқоллари олдинроқ барча аҳолини тўплаб, “ҳой одамлар, ёнғин бошласа хўл-у қуруқ баробар ёнади”, дея огоҳлантирмадилар? Нега энди қирғизлар ва ўзбеклар Ўшда ва Жалолободда одамлар қурбон бўлганини била туриб алоҳида-алоҳида бўлиб қишлоқнинг бурчак-бурчакларида тўплана бошладилар?

Ўзимга ўзим шундай жавоб бера олдим: миллий қарта ўйини шунчалик устаси фаранглик билан амалга оширилдики, на ўзбеклар ва на қирғизлар бирор нарсани ўзгартиришга имкониятлари бўлмади.

Қандай имконият ҳам бўларди, ёлланма снайпер миллат ажратмай қаторасига одамларни ўлдираверсаю, провокаторлар буни ўзбеклар қилди деб қирғизларни ва буни қирғизлар қилди деб ўзбекларни ишонтира олган бўлсалар? На қирғиз ва на ўзбек ўйлаб кўрмади, қандай қилиб кетмон ушлаб қаварган қўлларга снайпер милтиғи-ю гранатамет тушиб қолади деб?

Бироқ ўзбеклар ва қирғизлар келажакка қандайдир бўлса ҳам яшаш учун бир имконият қолдиришлари лозим...

Менинг жанубий ўлкам сўйилди, куйдирилди, таҳқирланди, менинг ўлкам қон қусиб хириллаб қолди, менинг жанубий ўлкам оч ва касал, у қўрққанидан ваҳимага тушиб қолган, бироқ мен юртим ўзидан-ўзи ўч олишни ният қилмаган дея умид қилиб қоламан.

Шу кунларда қариндошларим, дўстларим ва ҳамкасбларим билан тўхтамай гапирганим учун мобил телефоним батарейкаси ярим кунга етмай ўчиб қолаверди. Дўстларим, қариндош ва ҳамкасбларим сўлаб берганлари қабатида, ҳатто одамлар ҳалок бўлиши тўхтамаганига қарамай, менда ҳамма нарса тугаса, тинч-тотув яшашга умид пайдо бўлди.

Дўстларим қишлоғимиздаги байналминал оламон кафандўзни машинаси билан дарёга ағдариб юборганларини айтиб бердилар. У ўғирланган машинага телевизор ва совутгич юклаб кетаётган экан.

Холамнинг айтишича, улар яшаётган қишлоқда ўзбекларнинг бор-йўғи 15-20 оиласи истиқомат қилар экан, маҳаллий аҳоли уларнинг ҳолида хабар олмоқчи бўлганида, қўшниларнинг уйларида ҳеч ким қолмаганини кўришибди. Маълум бўлишича, ўзбеклар далага қочиб кетиб, ўша ерда жойлашиб олибдилар. Қирғизларнинг оқсоқолларидан иборат делегация уларни уйларига қайтарди ва қандай қилиб қирғизлар қишлоққа хунрезлик қиладиган одамларни қўйишларига ижозат беради деб ўйлаганларидан ҳафа бўлибдилар.

Ўзбекларнинг уйига ўт қўймоқчи бўлган муртадлар билан муштлашган дўстим ҳақида эшитиб келажакка умидим илиди яна. У қирғиз бўлгани билан ўзбеклар маҳалласида яшайди. Мен унга телефон қилганимда, оламонни тўсишга кучи етмай қолишидан қўрқаётганини айтди. Шу пайтда унинг ертўласида хунрезлилкардан қочиб қутилишга ҳаракат қилаётган ўзбек қўшниларининг аёллари ва болалари жон сақлаб ўтирган эди.

Ўшдаги бир гуруҳ оқсоқоллар ярашганларини нишона қилиб суви қочган нонни бўлдилар. Эркаклар қучоқлаша туриб кўзларидан ёшлари тўкиларди. Улар снайпер ўқидан қўрқмай ўз маҳаллаларидан чиқдилар. Айнан унга бундай ярашувлар кераги йўқ эди.

Биз – қирғизлар ва ўзбеклар нима бўлганда ҳам, пешонамизда бирга яшаш битилган. Ота-боболаримиз битта ерга дафн этилган, ичадиган сувимиз, еяётан нонимиз битта. Аллоҳ муборак қилган шу ерда болаларимиз ва набираларимиз улғаяди.

Қирғиз биродарим ва ўзбек биродарим, тақдирингни ўзгалар ҳал қила қўйибди. Оилангни, уйингни, кўчангни ва маҳаллангни тақдирини коньяк тўла қадаҳ узра, кокаинни бурнига тортиб жанубий Қирғизистоннинг ҳарбий харитаси устида ёлланма қотиллар махсус операциясини тайёрлаётганда ҳал қилишган. Шунинг учун ҳам бирор нарсани ўзгартиришга сенда имкон йўқ эди.

Шаҳид кетганларни Худо раҳмат қилсин, тирик қолганларни Ўзи саломат қилсин.

Муаллиф – Султон Қаназаров. Мақола “Фарғона.Ру” сайтида ва “Московский Комсомолец” газетасининг 2010 йил 18 май кунги сонида бир вақтда чоп этилмоқда.