21:23 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон Жануби ва ўзбек масаласи

12.06.2010 09:03 msk

Санобар Шерматова

Ойбек Мирсидиқовнинг бу фотосурати у ҳалок бўлишидан бир ой аввал олинган.Фото © Азаттиқ

Жиноят оламининг обрўли намояндаси, “Қора Ойбек” номи билан кўпроқ танилган Ойбек Мирсидиқовнинг ўлдирилиши Қирғизистон жанубида кўпчилик талабгорлар ўртасида мулк ва тахт учун олиб борилаётган ноумид курашнинг яна бир эпизоди бўлиб қолди. Ғолиблар учун соврин – тахт ва мулк бўлиб қолмоқда.

Криминал қаҳрамонлар ва инқилоб қурбонлари

Содир бўлган ҳодисани Жалолобод вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Бектур Асанов биринчи бўлиб шарҳлади. Мутасаддига кўра, Мирсидиқов “жиноят оламининг криминал “разборкалари” боис” ҳалок бўлган. Бу воқеадан уч куни илгари эса генерал Исмаил Исақов мамлакат жанубида криминалнинг фаоллашиб бораётганини тан олишга мажбур бўлган эди. Жанубий вилоятларда мулкни зўрлик билан тортиб олинаётганидан хавотира тушган тадбиркорлар бу масалани кўтаришга мажбур бўлдилар.

Икки инқилобнинг тажрибасидан кўринадики, Қирғизистонда сиёсий ҳокимиятнинг алмашуви ортидан сиёсат ва бизнес билан чамбарчас боғланиб кетган жиноят оламида ҳам тўдабошилар алмашмоқда. У ёки бу сиёсий кучларга хизмат кўрсатиб келган криминал “авторитет”лар мамлакат сиёсий ҳаётида аввал ҳам салмоқли роль ўйнаб келган ва бундан кейин ҳам ўйнашда давом этади. Вақти-соати етиши билан улар ўз ҳақларини талаб қилишлари турган гап. Ушбу икки ижтимоий гуруҳнинг “отахон-мижоз”ларча муносабатига эл оғзига тушиб кетган криминал “авторитет” Риспек Ақматбаевнинг тақдири ёрқин мисол бўла олади. 2005 йил март ойи инқилобидан сўнг Ақматбаев агар Қурманбек Бакиев унинг шартларига кўнмаса, Ҳукумат уйини гранаметлар ёрдамида вайрон қиламан деб ультиматум қўйганди. Ўшанда Қурманбек Бакиев кўпчиликнинг ғазаби келганига қарамай, жиноятчи ва унинг тарафдорлари билан музокара қилгани чиққан ва шундан сўнг жиноятчилар Бишкекда ўзларини эркин ҳис эта бошладилар ва оқибатда, ҳуқуқ ҳимоячилар ва шаҳарликлар махус митинг уюштириб, президентдан жиноят олами билан оғиз-бурун ўпишишни бас қилишни талаб қилдилар. Ўшанда Бишкекда “Ақматбаев ўз олдига бош вазир Феликс Қуловни истеъфога чиқаришни мақсад қилиб олган” деган гаплар юрганди. Қуловнинг ҳокимиятга шериклик қилаётанидан оғринаётган Бакиев бунинг эвазига Ақматбаевнинг барча судланганлик тамғаларини олиб ташлашга ва депутатликка йўлни очиб бериша ваъда қилганди. Бироқ Риспек йўқ қилинганидан сўнг бу муаммо ўз-ўзидан кўтарилди.

Бакиевнинг бошқа “бош оғриғи” Баяман Эркинбаевнинг тақдири ҳам шундай кечди. Аксилақаевча митингларни молиялаштирган ва умуман олганда, Асқар Ақаевнинг ағдарилиши учун кўп ишларни қилган Жанубий Қирғизистоннинг таниқли жиноятчи “авторитети”, республика парламентининг депутати инқилобдан сўнг нафақат Қурманбек Бакиевнинг мухолифлари томонига ўтиб олди, балки уни ағдариш учун фитна уюштиришга ҳам уринди. Унинг сиёсий қарашлари ўзгариши сабаблари оддий: мамлакатнинг янги хўжайинлари унинг мулкига кўз олайтиришга бошладилар. Баяман ҳалок бўлганидан кейин баъзи маълумотларга кўра, унинг ресурслари аста-секин Жанубдаги легал ва яширин бизнеснинг борини ўз қўлига олган президентнинг укаси Ақмат Бакиевнинг назорати остига ўтди.

Янги инқилоб натижасида акаси ағдарилиши ортидан жанубий “бек”нинг ҳокимияти ҳам қулади. Қурманбек Бакиев мамлакатни тарк этганидан сўнг кўп ўтмай ҳар бир нарсага қўли етадиган Ақматни ўғирлаб кетдилар. Билағон кишиларнинг таъкидлашича, уни бир вақтлар ажраб қолган мулкларини қайтариб олишга уринаётган Баяман Эркинбаевнинг тарафдорлари ўғирлашган. Ақмат мулкларни қайтариб бердими-йўқми, унинг тақдири қандай кечган, бу масала мавҳумлигича қолмоқда. Бироқ мулкни қайта тақсимлаш ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда. Мирсидиқовнинг ўлдирилиши ҳам криминал доираларида кечаётган “разборка”лар натижаси бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ сабаблар қандай бўлишидан қатъий назар, қотилликни биринчи навбатда сиёсий оқибатлар бўйича баҳолайдилар. Губернатор Асанов ҳам “бакиевчилар жиноят оламидаги таянадиган “том”дан маҳрум бўлдилар” деб билдирди.

Антиподлар

Асанов учун 36 ёшли Мирсидиқовнинг йўқ қилиниши хушхабар саналади. Кўпчилик айнан Мирсидиқов қуроллаган одамлар муваққат ҳукумат томонидан тайинланган Асановни лавозимдан четлатишга уринган дея ҳисоблаяпти.

Вилоят ҳокимлиги биносини қўлга киритиш ва у ерда “ўзига қарашли” одамни губернатор курсисига ўтқазишга уринишлари чиппакка чиқди. Бунга Жалолободдаги ўзбеклар жамоасининг етакчиси Қодиржон Ботировнинг тарафдорлари “муваққатчилар”га кўмак бериб, “бакиевчилар”дан бинони тортиб олганлари қўл келди.

Ботиров ва Мирсидиқов – баррикадаларнинг икки томонида туриб қолган ўзбеклар бўлиб, бундай одамларни илм аҳли антиподлар деб атайдилар. Биринчиси – бизнесмен, легал бизнес ёрдамида катта мулк орттирган, Асқар Ақаев даврида сиёсий амал поғоналарида бир-мунча муваффақиятга эришган. Иккинчиси – жиноят оламининг типик вакили. Ботиров Акаевнинг ўрнига келган Бакиев ва унинг укаси Ақмат билан тил топиша олмагани боис мулкининг бир қисмидан айрилган бўлса, Мирсидиқов бунинг акси ўлароқ, расмийларнинг яширин бизнес билан янги схемаларига киришиб кета олди ва бунинг кетидан фақат обрў ортирди. Бакиевнинг ағдарилишини улар турлича қабул қилганлари ҳам элга аён. Ботиров муваққат ҳукуматни нафақат сўз билан, балки амалда ҳам қўллади. Қора Ойбек эса Ботировга кўра, Ақмат Бакиев билан алоқада бўлгани учун бошқача ўйин қила бошлади. Аввалига у Ботировни Бакиевлар оиласига қарашли уйларга ўт қўйганликда айблади. Ўзбеклар қирғизларга қарашли уйларга ўт қўйди деган хабар қирғиз аҳолисини ғазабини қўзғагани ҳам рост.

19 май куни Жалолободда ташкилотчилари ноъмалум бўлиб қолган митинг бўлиб ўтди. Жунбушга келган оламон шаҳар марказига йўл олди ва Ботиров қурган Халқлар дўстлиги университетини вайрон қилди. Бундан ташқари, Ботировни “миллатлараро низоларни қўзғатгани” учун жиноий жавобгарликка тортиш талаблари янгради.

Сиёсий ўйинга ўзбек картаси ташланиши билан иш жиддий тус ола бошлади. Вазият маълум оқимда кеча бошлаши билан этник принципга асосланган қарама-қарши туриш ҳисобига ҳокимият учун кураш вайрон келтирувчи характерга эга бўлиш қобилиятига эга бўла бошлайди.

Ўш фожеаси руҳи

Йигирма йил илгари, СССР даврида, юзлаб ўзбек ва қирғизларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган Ўшдаги тартибсизликларни бостириш учун ҳарбий қўшин олиб кириш керак бўлган. Муваққат ҳукумат аъзолари бундан кейин нима қилиш кераклиги борасида олти соат давомида тўхтамай мунозара қилганларида Ўш фожеасининг руҳи уларнинг кўз олдидан кетмагани муқаррар. Жалолобод ва унинг четида киритилган фавқулодда ҳолат тартиби аҳволни вақтинча барқарорлаштирди. Генерал Исмаил Исақовни махсус вакил этиб тайинлаш орқали жунбушга келган оламонни тинчлантириш тактикаси самара берди. Тўполонлар эртасига генерал митинг иштирокчиларининг баъзи талабларига рози бўлди, қолганларини эса муваққат ҳукуматга етказишни ваъда қилди. Бироқ оммавий тартибсизликлар давомида уч киши ҳалок бўлгани ва 70 дан ортиқ одамнинг яраланганига қарамай, Университетни вайрон қилиш ташкилотчилари жавобарликка тортилмади. Митинг иштирокчиларининг кўнглини олиш мақсадида Исақов Қодиржон Ботировни жиноий жавобгарликка тортишга ваъда берганига қарамай, у ҳибсга олинмади ва оддийгина, яшириниб қўя қолди.

Миллатлараро низоларни қўзғашда айбланиши учун Қодиров нима ишларни қилди ўзи? Ахир Роза Ўтунбаева бошлиқ муваққат ҳукумат миллий негиздаги оммавий тартибсизликларнинг келиб чиқишига “бакиевнинг гумашталари” айбдор деб айтишгандику? Афтидан, муваққат ҳукумат жалолободлик ўзбеклар жамоаси етакчисига муносабатини ўзгартирмаганга ўхшайди. Бироқ вазият бундан-да таранглашмаслик учун уни ошкорасига ҳимоя қилиб ўтирмади. Бу икки миллат ўртасидаги муносабатларни оддий деб бўлмайди. Бир томондан олиб қараганда, қирғизлар билан ўзбеклар бир-бирига қиз бериб қиз оладилар, ўзбекча гаплашадиган қирғизлар ва қирғизча “сўйлайдиган” ўзбеклар бор. Ўзбеклар орасида 1990 йиллардаги бўлгинчилик кайфиятлар йўқолди, бунга президент Асқар Ақаевнинг “Қирғизистон – бизнинг умумий уйимиз” шиори остида олиб борган сиёсат қўл келди. Бироқ этник эмас, балки фуқаролик идентификацияга асосланган ягона миллат йўқ. Умуман олганда, толерант саналган қирғизлар миллий мустақиллик борасидаги ҳар қандай чиқишларни, айниқса бу чиқишлар ўзбеклар томонидан бўладиган бўлса, оғриқ билан қабул қиладилар. Турли маълумотларга кўра сони бир миллионгача етадиган ўзбеклар Қирғизистонда иккинчи ўринда турадилар. Аҳолиси беш миллион бўлган мамлакат учун бу катта рақам. Ботировнинг Конституция лойиҳасига ўзбеклар яшайдиган ерларда ўзбек тилига расмий мақомини бериш зарурати ҳамда ўзбеклар ўзларини сиёсатдан четга олиб қочмай ўз фуқаролик ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиш тўғрисидаги таклифи кўпчилик қирғизлар учун ўта ҳаддидан ошиш туюлди. Тартибсизликлар ташкилотчилари анъанавий услублар: митинглар, тартибсизликлар ва талон-тарожлар ёрдамида муваққат ҳукуматни ҳалақит бераётган одамларни чета суриб қўйишга мажбур қилиш учун кўпчиликнинг норозилигидан уддабуролик билан фойдалана олдилар.

Ушбу аёрона фитналар албатта Бишкекда батафсил ҳисобга олинган. Айнан пойтахтнинг маслаҳати билан Қодиржон Ботиров қирғиз халқидан баъзи бир ноўрин сўзлари учун узр сўралган видеомурожаатномасини ёзиб маҳаллий телеканаллар орқали ёйинлади. Бу нарса авж олаётган ҳароратни анча сўндира олди.

Бироқ фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилиниши, махсус вакил генерал Исақов эса “жанубда можароларни олиш бўйича кўрилган чоралар ижобий натижа берди” дея билдириши ҳамда “ҳукумат тарафидан кўрилган чоралар оқибатида жануб аҳолиси мамлакатда ҳокимият борлигини ҳис эта бошлаши” биланоқ собиқ Фавқулодда вазиятлар вазири Қамчибек Ташиев муваққат ҳукумат Жалолободдаги митингда илгари сурилган шартларни бажаришни талаб қилди. Гап Қодиржон Ботировга тегишли университетнинг ёпиш, Ботировни жиноий жавобгарликка тортиш ҳамда Жалолобод вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Бектур Асановни лавозимдан четлаштириш ҳақида кетмоқда. Ташиев ультиматум бажарилиши лозим бўлган муддат сифатида 7 июнь кунини белгилади. Акс ҳолда, у янги митингларни чақиришга ва халқ дружиналарини (жанггарилар деб тушунаверинг) тузишга ваъда қилди. Қизиғи шундаки, 7 июнга ўтар тунда аввалги оммавий тартибсизликларда муҳим роллардан бирини ўйнаган Қора Ойбек ўлдирилди.

Қизиғи шундаки, Қамчибек Ташиев аъзо бўлган “Ата журт” (“Ота юрт”) партиясининг сиёсий кенгаши 7 июнь куни навбатдан ташқари қурултойига тўпланди ва Ботировни яна бир бор танқид қилди, бироқ муваққат ҳукуматга ультиматумлар ва митинглар ҳақида бирор оғиз сўз айтилмади. Албатта, бу нарса Жанубда ҳокимият учун кураш ҳали поёнига етмаганини англатади. Жалолободдаги “Адолат” ҳуқуқ ҳимоя марказининг вакили Валентина Гриценкога кўра, муваққат ҳукумат вилоятда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида тўлиқ ахборотга эга эмас. “Можаролар кичик қишлоқлар даражасида давом этмоқда, бу ерларда сунъий равишда миллатлараро тўқнашувларни чиқаришга уринишаяпти, - дея сўзлаб берди Гриценко Бишкек матбуот клубига. – Бироқ бу сунъийлик шундай оқбатларга олиб келиши мумкинки, вазиятни ҳал қилиш учун ”йиллар ҳам етмай қолади”.

Гриценокнинг қайд этишича, “айнан миллатлараро муносабатларни барқарорлаштириш бўйича чоралар кўриш керак, аммо ишни етакчилардан эмас, балки оддий одамлардан бошлаш лозим”.

Жамоатчилик вакилларининг сўзлари эътиборга олинадими? Воқелик шундайки, фуқаролик сектори вакилларининг ўзларидан бошқа ҳеч кимга умид қиладиган аҳвол юзага келган. Тез орада референдум ва сайловлар ўтади, бутун республика бўйлаб тахт ва бойлик қайта тақсимланади. Жануб эса, ўзининг муаммолар мажмуаси билан энг нозик нуқталигича қолаверади.

Санобар Шерматова, “Новости”РАА ва “Фарғона.Ру” эксперти