00:38 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон Ўзбекистонни мунтазам равишда темир йўл транспорти соҳасидаги шартномаларни бузишда айблаяпти

04.06.2010 10:05 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистондан Тожикистонга қараб йўл олган темир йўл юклари транзити атрофида юзага келган муаммолар Марказий Осиёдаги икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни жиддий равишда буза бошлаганига бир неча ой бўлди. Қийинчиликларнинг ҳақиқий сабаби, уларнинг нега пайдо бўлгани унчалик тушунарли эмас. Тожикистон томони вагонлар асоссиз равишда ушлаб турилибди ҳамда уларнинг ҳаракатланишига ҳалақит берувчи тўсиқлар атайлаб барпо этилмоқда, дея ҳисоблаб, вазият аллақачон фавқулодда бўлиб қолган деб билдираяпти. Ўзбекистон вагонларнинг ушлаб турилиши ҳолатини инкор эта туриб, бир таъмир ишларини баҳона қилса, бошқа сафар қамал ҳолатини бекор қилганини эълон қилаяпти. Бугун биз юзага келган аҳволга Душанбе томонидан кўрилаётган нуқтаи назар билан таништирамиз. Шу вақтнинг ўзида, расмий Тошкентга шу муаммо юзасидан ўз позициясини бизнинг саҳифаларимизда баён этишни таклиф қиламиз.

Ушбу мақола “Фарғона.Ру” таҳририяти илтимосига кўра ёзилган. Матн “Нақлиёт” (Душанбе) газетасининг бош муҳаррири Асо Мирзажалолов томонидан “Роҳи оҳани Тожикистон” Давлат унитар корхонаси тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланган.

* * *

Ўзбекистон темир йўллари раҳбарияти 2009 йил ноябрь ойидан бери Тожикистонга қараб йўл олган транзит юкларини асоссиз равишда ушлаб қолаяпти. Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиёти ривожланишини ва Тожикистон халқи фаравонлигини таъминловчи стратегик юклар ушлаб турилмоқда.

“Роҳи оҳани Тожикистон” Давлат унитар корхонаси (ДУК) маълумотига кўра, йил бошида Ўзбекистон темир йўллари ҳудудида бир юз элликка яқин вагонлар тўхтатиб қўйилган. Февраль ойига келиб уларнинг сони 400 тага етди. Тожикистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Бош вазири Ш.М Мирзиёевга мурожаатидан сўнг ушлаб турилаётган вагонлардан 178 таси ўтказиб юборилди, бироқ ундан-да кўпроғи тўхтатиб қўйилган ва вазият кундан-кунга ёмонлашиб бораяпти.

Мисол учун, жорий йилнинг февраль ойи бошидан шу бугунги кунгача (03.06.2010) “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акционерлик темир йўл компаниясига (ДАТК) қарашли станцияларда Тожикистон Республикасига йўл олган 2000 та юк вагонлари ушлаб турилмоқда. Шу жумладан, 912 та вагон Хатлон участкасига йўналган, 1088 таси Душанбега.

Ўзбекистон темир йўллари март ойидан бошлаб 8-чи майгача Хатлон участкасига бирорта ҳам вагон ўтказмаган. 8 майдан бугунги кунгача гуманитар ёрдам юклари юкланган 351 та вагон келди, холос.

Ёқилғи-мой материаллари юкланган вагонларнинг ушлаб қолиниши боис ва республикада баҳорги экин кампанияси тўхтаб қолди ва деҳқонлар ерни XVIII асрдаги каби қўл омочлари ва улов ёрдамида ишлашларига тўғри келди.

Бундан ташқари, соҳилларни мустаҳкамлаш ишларини ўтказиш учун аталган оғир техника, дизель ёқилғиси ўз вақтида етказиб берилмагани важидан 2010 йил май ойида содир бўлган кўплаб сел оқимлари Тожикистон аҳолисига, иқтисодиётига ва ижтимоий соҳасига жиддий зарар етказди.

Расмий Душанбе маълумотига кўра, табиий офатлар натижасида 40 та одам ҳалок бўлди, 33 таси дом-дараксиз йўқолди, 300 дан ошиқ одамлар яраландилар. Вайрон бўлган ёки зарар етган иншоотлар:

Турар-жой бинолари – 4104 та, шу жумладан, 683 таси бутунлай вайрон бўлган

- мактаб ва болалар боғчалари - 78

- медицина муассасалари - 19

- ижтимоий-маданий объектлар - 27

- автойўллар – 427 километр

- кўприклар - 130

- электр узатиш линиялари – 130 километр

- соҳилларни мустаҳкамловчи иншоотлар – 59 километр

- ирригация иншоотлари – 221 километр

- ичимлик суви қувурлари– 48 километр

- фермалар – 10 000 бош чорвага аталган 15 та, 3098 та чорва ҳайвонлари ҳаром ўлди

- экин майдонлари – 38 минг гектар

Табиий офат оқибатларини тугатиш учун жабрланган ҳудудларга қурилиш ва ёқилғи-мой маҳсулотлари етказиш зарур. Аммо, бир неча бор мурожаат қилинганига қарамай, Ўзбекистон томони вагонларни ушлаб туришда давом этмоқда.

Ўзбекистон томониинг билдиришича, гўёки Тожикистон томонининг ўзи вагонларни қабул қилишдан бош тортмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон “Тожикистон иқтисодиётига аталган темир йўл составларини қисқа муддатда ўтказишни таъминлашни кўзда тутувчи графикни ишлаб чиқаришни ва амалга оширишни” ваъда қилмоқда. Аммо бу ваъдада ушлаб турилаётган темир йўл составлари қўшни мамлакат ҳудудига қачон ўтказилиши тўғрисида аниқ бир жавоб йўқ.

“Роҳи оҳани Тожикистон” Давлат унитар корхонаси раҳбарияти Тожикистон темир йўлларининг Хатлон участкасига Қудуқли станцияси орқали йўл олган вагонларни қабул қила олмаслиги ҳақида “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акционерлик темир йўл компаниясига бир неча бор маълум қилган. Негаки, мавжуд қоидаларга кўра, ўтиш пунктларини ўзгартириш ҳуқуқи юк жўнатувчиларнинг қўлида, улар Тожикистондан олис ерларда жойлашганлар ва Тожикистон темир йўллари уларнинг ўрнига қарор қабул қилишга ҳақдор эмас.

Тожикистон темир йўлларининг Хатлон участкасига Қудуқли станцияси орқали йўл олган вагонларни ўтказиш шубҳали, чунки “Ўзбекистон темир йўллари” станцияларида 2010 йил 3 июнгача Душанбе участкасига йўл олган 1088 та вагон, шу жумладан, цемент юкланган 123 та, ёқилғи-мой материаллари – 91 та, битум юкланган 53 та, ун – 39 та ва бошқа халқ хўжалиги моллари юкланган 782 та вагон тўхтаб қолган ва уларнинг бир қисми февраль ойидан бери турибди. Боз устига, 05.05.2010 куни жўнатилган №93 телеграммада Тожикистон темир йўллари Қудуқли станцияси орқали Қўрғонтепа станциясига йўл олган дизель ёқилғиси юкланган олтита вагонни Душанбе-1 станцияси локомотив депосига юборишни сўраган эди. Бироқ бу илтимос инобатга олинмади ва мазкур вагонлар бир ярим ой давомида Қудуқли станцисида ушлаб турилганидан сўнг Амузанг станцияси орқали Қўрғонтепага юборилди.

“Тожикистон темир йўллари” ДУК раҳбарияти бир неча бор Ўзбекистон томонининг баҳоналари асоссиз дея билдириб келди. Агар юклар қамалда қолаверадиган бўлса, бу ҳолат Тожикистонга кўп миллионли зарар етказиши мумкин. Мамлакат озиқ-овқат ва коммуникациявий хавф остида қолиши мумкин. 2010 йил биринчи чорагида “Тожикистон темир йўллари” транзит юк ташиш ҳажми ўтган йилги шу даврга нисбатан 40 фоизга пасайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Тожикистоннинг иқтисодий ривожланишини таъминловчи стратегик юкларни ўтказмаяпти.

Ўзбекистон томони Амузанг-Ғалаба участкасида таъмир ишлари ўтказилаётганини баҳона қилиб юзага келган вазиятни ҳал қилиш бўйича ҳеч қандай амалий чора кўрмаяпти. Тожикистон томонининг таъмир ишларига ёрдам кўрсатиш таклифи эътиборга олинмади, ҳолбуки, шу давр мобайнида 20 километрлик Термиз-Хайратон темир йўли каби янги тармоқ қурса бўларди.

Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов ва БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Тожикистонга қарашли юк вагонларини тўхтатмаслик илтимоси билан Ўзбекистонга мурожаат қилдилар. Халқаро валюта фонди темир йўлдаги вазият тоғли мамлакатнинг фаравонлигига футур етказиши мумкин деган хабарномани ёйинлади. Ўзбекистон Тожикистоннинг ноҳарбий юкларини ўтказиш бўйича зиммасиа олган мажбуриятларини бажармаяпти. “Тожикистон темир йўллари” раҳбариятининг ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаатномаси натижа бермаяпти. Юк вагонлари атрофида юзага келга вазият кундан-кунга ёмонлашаяпти, ушлаб қолинаётган юклар ҳажми икки баробарига кўпайган.

Тожикистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиянинг Тошкентдаги учрашуви ҳам керакли натижа бергани йўқ. Учрашув давомида “Ўзбекистон темир йўллари” ҳудудида юкларнинг тўхтатиб қўйилиши Роғун ГЭСда қайта тиклаш ишлари бошлангани билан боғлиқ деган ахборот пайдо бўлди. Ўзбекистон ҳудудида транзит вагонларининг тўхтатиб қўйилиши тўғрисидаги масала Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) мажлисида ҳам кўриб чиқилди. КХШТ бош котиби Николай Бордюжа муаммо тез орада ҳал этилишига умид билдирди.

Можарога Вашингтон ҳам ўз эътиборини қаратди. АҚШ марказий қўмондонлик қўмондони генерал Дэвид Петреус Афғонистон учун юк транзити масалаларини ҳал қилиш учун Тошкентга келди.

Сўнгги беш ой давомида Ўзбекистон темир йўллари Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ҳукуматлари раҳбарларининг 1994 йил 9 декабрда қабул қилган МДҲ иштирокчи давлатлари темир йўл ишини яхшилаш бўйича чоралар тўғрисидаги қарорини; Халқаро юк ташиш тўғрисидаги битимни; Бошқа давлатларга қарашли юк вагонларини эксплуатацияси бўйича қоидаларини; Тожикистон-Ўзбекистон икки томонлама “Темир йўл транспорти соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимни” мунтазам равишда бузиб келмоқда.

* * *