21:59 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ОИТС ва унинг профилактикаси бўйича чоралар кўрилмоқда

27.05.2010 13:37 msk

Мария Яновская

Ўзбекистонда медицина ходимлари ва бошқа шахслар томонидан касб мажбуриятларини бажармагани ёки совуққонлик билан бажаргани оқибатида ОИТВ инфекцияси юқтиргани учун жиноий жавобгарлик киритилди, дея хабар беради Газета.uz. Нашрнинг қайд этишича, “президент Каримов 24 май куни касб мажбуриятларини бажармагани ёки совуққонлик билан бажаргани оқибатида бошқа шахсга ОИТВ инфекциясини юқтиргани учун жиноий жавобгарликни белгиловчи қонунга имзо чекди”. Мазкур қонун Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси томонидан 2009 йил 3 ноябрь куни қабул қилинган, Сенат томонидан 7 май куни маъқулланан ва 2010 йил 25 куни кучга кирди.

Қонундаги ўзгаришлар

Каримов имзолаган қонун Ўзбекистон Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда 1999 йилда қабул қилинган “Одам иммун танқислиги вируси (ОИТВ) келтириб чиқарувчи касаллик профилактикаси тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритади. Наҳотки айнан касалхоналарда оммавий равишда ОИТС юқтирилган ва айнан медицина ходимлари стерилизация қоидаларига риоя қилмаган мамлакатда шу чоққача ОИТВ юқтиргани учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилмаган бўлса, дея қизиқдик.

Йўқ, бунақа бўлмаган экан.

Қизиғи шундаки, касалхоналарда ОИТВ юқтириш Ўзбекистон қонунчилигида авваллари жиноят сифатида кўрилмаган. Беморларга касаллик юқтириш ҳақида ҳеч қаерда сўз юритилмаган, врачлар ва медицина ходимларининг ушбу дарди-бедавога чалинишини эса касб касаллиги сифатида малакаланган.

ОИТС юқтиргани учун умуман жиноий жавобгарлик бўлмаган деб бўлмайди. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 113-чи “таносил ёки ОИТС касаллигини тарқатиш” дея аталувчи моддасида айтилишича: “Била туриб, бошқа шахсни таносил касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ўзида таносил касаллиги борлигини била туриб, бу касални бошқа шахсга юқтириш — олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар: а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан; б) вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Била туриб, бошқа шахсни ОИТС касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш ёки унга ОИТС касаллигини юқтириш — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Энди бу модда касб мажбуриятларини бажармагани ёки совуққонлик билан бажаргани оқибатида ОИТВ инфекция/ОИТС юқтириш учун олти ойгача қамоқ ёки беш йилгача озодликдан маҳрум этиш меъёри билан тўлдирилди.

Шунга қарамай, Ўзбекистонда 113-чи моддага таяниб олдин ҳам врачларни жиноий жавобгарликка тортилган. Эслатиб ўтамиз, 2007-2008 йилларда Наманган шаҳар ва Наманган вилояти касалхоналарида врачлар ва медицина ходимлари айби билан 147 та болага ОИТВ/ОИТС юқтирилган. Болаларга оммавий равишда ушбу бедаво дарднинг юқтирилиш сабаби – катетерлар, бир марталик шприцлар ва қон таҳлили олиш учун скарификаторларни стерилизация қилмай кўп маротаба ишлатишлик ҳамда медицина асбобларини стерилизация қилиш журналларида ёзувларни қалбакилаштириш бўлиб қолди.

Ўшанда 13 нафар врачлар ва медицина ходимларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди, улардан 12 тасига суд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо тайинлади. Яна Наманган вилоятининг туман касалхоналаридан тўққизта медицина ходимларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилди (нима билан тугаганини аниқлаб бўлмади, ахборот мутлақо маҳфийлаштириб қўйилган). “Фарғона.Ру” агентлигига маълум бўлишича, 2010 йил баҳорида Андижон касалхоналаридан бирида бир гуруҳ врачларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, врачларни беморларга ОИТС юқтирганликда айблашаяпти.

Бундан бери Жиноят кодексида ва Ўзбекистоннинг бошқа қонунларида врачларнинг жавобгарлигини кўзда тутувчи меъёрларнин киритилиши инфекциянинг бундай йўл билан тарқалишини расмийлар ҳам тан олаётганларини англатади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “кўплаб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи врачлар санитария қоидаларига, жиҳозларни стерилизация қилиш ва ишлатилган материалларни йўқ қилиш бўйича талабларига риоя қилмагани” важидан хусусий медицинани тақиқлаб қўйдилар.

Ошкоралик ҳимоя сифатида

Касалхоналарда оммавий равишда ОИТС юқтирилиши тўғрисидаги хабарнинг Ўзбекистон ва жаҳон жамоатчилигига маълум бўлгани Жиноят кодексига ўзгартишлар киритилишини тезлаштирди дея тахмин қилиш мумкин. “Фарғона.Ру” 2010 йил март ойида Наманган шаҳар ва Наманган вилояти касалхоналарида болаларга оммавий авишда ОИТС юқтирилгани тўғрисидаги фильмни кўрсатди. Ушбу фильм Ўзбекистон расмийларининг буюртмасига биноан “Ўзбекистон” телеканали томонидан суратга олингани билан республикада намойиш этилгани йўқ. Уни маҳфийлаштириб қўйганлари билан ахборот турли ва шу жумладан, хорижий ОАВ орқали кенг тарқалди.

Халқаро донорлар Ўзбекистонга ОИТС профилактикаси дастурларини бажариш учун салмоқли маблағларни тақдим этаяптилар ва халқаро донорлар ва Европа ташкилотлари бу жанжалга бефарқ қараб турмайдилар. Ўзбекистон расмийлари бундай вазиятда жамоатчиликка маълум бўлиб қолган қонунбузарликларга ҳеч бўлмаса хўжакўрсинга бўлсаям жавоб чоралари кўришлари керак.

Шунинг учун ҳам ошкоралик керак.

ОИТС тарқалиши профилактикаси учу руҳшунос (психолог) Максим Попов устидан чиқарилган ҳукм атрофида кўтарилган шов-шувлар Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Каримова Гулнорага Канн шаҳридаги кинофестивалда хотиржам иштирок этишига йўл бермади. Эслатиб ўтамиз, “Чегара билмас репортерлар” халқаро ташкилоти Каримова Гулноранинг Американинг ОИТСга қарши кураш бўйича АmfAR ташкилоти томонидан кинофестивал доирасида ҳар йили ўтказиладиган “Кино ОИТСга қарши” хайрия кечасида иштирок этишидан ғазабланганини ифода этиб ўзининг баёнотини ёйинлаганди.

AmfAR ижроя директори Роберт Фрост ушбу баёнотни эътибордан ташқарида қолдира олмади ва Каримова Гулнора била учрашди. У ҳам ўз навбатида “вазиятга ойдинлик киритиш бўйича чора кўришга ва ушбу масала юзасидан АmfAR билан ишлашга рози бўлди”. Гулнора хоним ўз ваъдасининг устидан чиқишига умид қиламиз. Ҳар ҳолда у Ўзбекистонда эмас, Европада яшаяпти.

Ҳозирча Ўзбекистон халқаро донорларнинг ёрдамига муҳтож ва ҳозирча, Ўзбекистон президентининг қизлари Европа жамоатчилиги фикрини эътиборга олиб турибдилар. Шунинг учун ҳам бирор нарсада ўзгаришга эришиш мумкинлигига умид бор. Ошкоралик қайта қуриш эмаслиги аён, аммо ҳамма нарса ошкораликдан бошланади.

Мария Яновская