08:41 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Навбат қабристондаги чинор-қайрағочларга келди

22.05.2010 14:42 msk

Ўз ахб.

Фото © “Фарғона.Ру”

Ўзбекистонлик арракашлар мозорларга ҳам етиб келдилар: Тошкентнинг Минор қабристонида улкан дарахтларни кеса бошладилар.

Бу ерда биринчи бор дарахтлар қишда кесилган. Ўшанда Тошкентдаги машҳур Сквердаги ҳамда “Шарқ” нашриёт концерни ёнидаги улкан дарахтларни ёппасига кесиб бўлишганди. Шундан кейин қабристонга бир неча юк машиналари киритилган, ишчилар эса шошилмай кўпгина дарахтларни кесдилар. Улар дарахт таналарини мебель фабрикасига етказилишини яширмаган эдилар.

Вырубка на кладбище Минор минувшей зимой
Минор қабристонида чинорларни кесиш ўтган қишда бошланган

Мана энди бўлса, сўнгги ҳафта давомида Минор қабристонида дарахт кесиш қайта бошланди. Кесилганда ҳам улкан, соя берадиган, саноат аҳамиятига эга бўлган чинор, дуб ва қайрағочлар кесилмоқда. Мевали дарахтларга тегишмаяпти.


Минор қабристонида

Қайд этиш жоизки, Минор қабристони Тошкентнинг нуфузли қабристонларидан саналади. Бу ерда россиялик машҳур олигарх Алишер Усманов, ўзбекистонлик магнатлар Ғофур Раҳимов ва Салим Абдувалиевнинг яқинлари ва қариндошлари ҳамда кўплаб таниқли давлат арбоблари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар (мисол учун, Рауф Парфи) дафн этилган. Аниқки, агар дарахт кесувчига энг юқори даражада ҳомийлик қилишмаганида, уни қабристонни бир чақирим наридан айланиб ўтишга мажбур қилишарди. Улар бўлса бемалол дарахтларни кесишаяпти, ҳеч қандай жарима тўлашмаяпти ҳам.

Вырубка продолжилась весной
Минор қабристони. Дарахт кесиш баҳорда давом этди

Уч йил илгари, 2007 йил май ойида Тошкент шаҳар табиатни қўриқлаш шаҳар қўмитаси раисининг муовини Артур Мустафин “Зеркало XXI” газетасига интервьюда шундай деган:

“Афсуски, баъзи-бировлар учун дарахт кесиш ғайри қонуний даромад олиш манбасига айланди. Шаҳар ичидаги дарахтни кесиш учун Тошкент шаҳар табиатни асраш қўмитасидан рухсатнома олиш керак. Унда дарахтнинг тури, диаметри ва нархи кўрсатилади. Мисол учун, диаметри 40 сантиметрдан катта бўлган акация, заранг ёки терак дарахтини кесиш учун 49 минг сўм тўлаш керак (“қора бозор” курси бўйича 1 доллар 2250 сўм). Чинор, дуб ёки гледичия каби қимматроқ дарахтлар учун тўлов пули 74 минг сўмни ташкил этади. Юридик шахслар учун ноқонуний кесилган дарахтга тўлайдиган моддий зарар миқдори 496.800 сўмни, жисмоний шахс учун эса 248.400 сўмни ташкил этади... Келтирилган моддий зарар минимал иш ҳақининг 100 баробарига тенг бўлса, суд орқали жавобгарликка тортилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-чи моддаси бўйича жиноят иши қўзғатиш учун материаллар прокуратурага оширилади”.

Вырубка
Минор қабристони. Арракашлар учун иш топилди...

Мустафинга кўра, пойтахтдаги дарахт кесувчилар ўз эҳтиёжлари учун дарахт кесаётганлари йўқ. Текширувнинг кўрсатишича, соғлом дарахтлар маълум буюртмачилар учун кесилаяпти ва улардан қимматбаҳо ёғоч маҳсулотлари олинаяпти. Афсуски, Мустафин уларнинг номини келтирмаган. Бироқ шунга қарамай, Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг мебель ва хусусан, паркет ишлаб чиқариш корхоналари борлиги ҳақида маълумотлар бор. Улар бош вазирнинг қариндошлари ва ишончли одамларига расмийлаштирилгани ҳам рост.

Тошкентдаги Ҳиёбоннинг дарахтлари кесилгани кўринишидан маънавий аҳамиятга эга бўлиб кўринганга ўхшаган – ўшанда янги қуриб битирилган Форумлар саройининг олдини ва амир Темур ҳайкалини очиш керак бўлган. Бундан ташқари, потенциал террорчилар ҳам дарахтлар панасида яшириниб бомбаларини портлатмаслиги ҳам муҳим эди. Бироқ Сквердаги дарахтлар кесилаётган пайтда бош вазир ҳар куни бу ерга келиб нафақат дарахтларнинг кесилишини, балки уларнинг юклаб олиб чиқилишини ҳам шахсан назорат қилиб юргани кўп нарсага далил бўлади. Аммо ҳатто Шавкат Мирзиёев ҳам ўз ихтиёрича истаган ерида дарахт кесишга буйруқ бера олмайди.

Вырубая кладбищенские деревья, вандалы от государства не щадят и могил
Қабристондаги дарахтларни кесаётган давлат вандаллари бира йўласига қабр устидаги ёдгорликларни ҳам вайрон қилаяптилар

Баъзи маълумотларга кўра, республиканинг барча шаҳарларида чинорларнинг ҳаммасини кесишга рухсат берувчи қандайдир ҳужжат мавжуд. Мисол учун, Озодлик Радиоси 11 январь куни берган хабарига кўра: “Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида ёппасига чинорларнинг кесилиши сабабини Вазирлар маҳкамасида қидириш керакка ўхшаяпти. Ҳар ҳолда, Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими Шуҳрат Мардонов шаҳар истироҳат боғидаги чинорларнинг кесилишини шарҳлаб, “бу ҳақда Вазирлар маҳкамасининг протоколи бор” деб айтганди”.

Шундай қилиб, бу борада қандайдир ҳукумат қарори борга ўхшайди, аммо уни ҳеч ким кўрмагани ҳам рост.

Радиоэшиттиришда ҳукуматдан қандайдир қоғозни олган мутасаддилар (эҳтимол ўша протокол) кесилган чинорларни сотаяптилар деган фараз илгари сурилган. Эшиттиришда Тошкентдаги қурилиш бозоридаги аҳволни яхши билган кишининг сўзлари бунга далил сифатида келтирилди. Унга кўра, сўнгги пайтда корчалон-бойлар чинордан тайёрланган паркетларга буюртма бера бошладилар. Шунинг учун бундай ёғочга талаб бор. Ёғоч бозорида чинор сотилмаяпти, аммо ёғочфурушларга яхшилаб илтимос қилинса, албатта топиб беришади.


Ақли-ҳуши жойида бўлган одам ҳеч қачон бутун республикада чинорларни кесиш тўғрисида буйруқ бермаслигини инобатга оладиган бўлсак, бу ишларнинг бошида Ўзбекистон президенти турган дея тахмин қилиш мумкин. Боз устига, Ислом Каримов олти йил илгари чинорлар заҳарли дарахт, улардан қутилсак яхши бўларди, дея ғудулланганди. Ўз вақтида экологлар президентнинг хотини Татьяна Акбаровнанинг чинорларга аллергияси бор, баданига эшак еми тошиб кетади, дея гапиргандилар ва “катта” тўнини тескари кийиб олса, уларнинг ҳаммасини кесиб ташлашга буйруқ бериши мумкин дея ташвишларини изҳор этгандилар. Фаришталар “омин!” деганга ўхшайди, ўтган йили ёппасига дарахт кесиш бошланди ва ҳануз давом этмоқда.

Сўнгги ойларда пойтахтда чинорлар жадал суратларда кесилаяпти. Ҳудди шу ҳолатни Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида – Наманган ва Самарқандда ҳам кузатиш мумкин. Анъанага кўра, бутун республика бўйлаб улкан, соя берувчи чинорлар ўрнига чет элдан келтирилган арча ва сосна дарахтлари экилмоқда…

Ўз ахб.