00:00 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон сиёсатига рози ва бир миллиард доллардан зиёд кредит берди

07.05.2010 20:15 msk

Мария Яновская

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкентдаги ОТБ Форуми иштирокчиларига табрик нутқи сўзлаяпти

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 43-чи йиллик мажлиси 2010 йил 1-4 май кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтди. Расмий Тошкент мутлақо қониқиш ҳиссини туймоқда: мажлис доирасида умумий қиймати 1 миллиард 150 миллон долларга тенг кредит битимлари имзоланди. Мажлис очилиши маросимида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қайд этганидек, “амалда Осиё тараққиёт банки мамлакатимизда ўз кредит портфелини икки баробарига кўпайтирди”: 1996 йилдан бери ОТБ Ўзбекистонга 1 миллиард 200 миллион доллар кредит ажратиб берди. Бу эса муваффақият.

Тошкент бу кредитларни олиш учун қўлидан келган бор ишларни қилди. Қўққисдан депозитлар бўйича ставкаларни икки баробарига камайтириб банк статистикасини керакли шаклга келтирди. Инфляция сурати бўйича қулай статистикани яратиш учун мамлакатда ёппасига нақд пул тақчиллиги жорий этилди, энди барча бюджет ташкилоти ходимларига ойлик иш ҳақи фақат пластик карточкаларга ўтказилмоқда. Ундаги пулни нақд қилишнинг амалда имконияти йўқ ҳисоби. ОТБ мажлисидан аввал Ўзбекистон расмийлари валюта қора бозорига “босим” ўтказдилар ва сўмнинг норасмий курсини пасайтирдилар: мамлакатда ҳеч қандай “қора” курс йўқлигини, валюта конвертацияси ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳасида барча ишлар жойида эканлигини намойиш этиш керак эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон расмийлари ОТБ Форуми осойишта ва дўстона кайфиятда ўтиши учун қўлидан келган бор ишларни қилди. Халқаро донорларнинг қулоғига бирорта ҳам норозилик кайфиятидаги овоз етиб боргани йўқ.

Пул тинчликни хуш кўради

Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг фаоллари ОТБ Форуми очилиши кунида Тошкентда ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг мажлиси ўтаётган Халқаро бизнес-маркази ёнида пикет ўтказмоқчи бўлдилар. Бироқ Uznews.net хабар берганидек, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳуқуқ ҳимоячиларини уйидан чиқармадилар. Альянс етакчиси Елена Урлаева уйидан чиқмоқчи бўлганида, милиция ходимлари уни машинага ўтқазиб Ҳамид Олимжон истироҳат боғига олиб бордилар ва пикет ўтказиш ўрнига арғимчоқда учишни таклиф этдилар.

“Биз Осиё тараққиёт банки мажлисида иштирок этаётган 67 мамлакат банкирларини инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини қўпол равишда бузаётган Ўзбекистонга 1,14 миллиард доллар кредит бермасликка чақирмоқчи бўлдик. Бордию, бундай кредит бериладиган бўлса, уни республика аҳолиси учун шаффоф бўлишини талаб қилмоқчи бўлдик”, - деди Елена Урлаева.

Пикетни ўтказишга йўл бермадилар.

Бироқ нафақат ҳуқуқ ҳимоячиларининг пикети бўлмади – Форум ўтаётган пайтда Тошкент билан республиканинг бошқа шаҳарлари ўртасидаги автобус алоқаси тўхтатиб қўйилди. Пойтахт бир неча кунга ёпиқ шаҳар бўлиб қолди.

Бундан ташқари, Тошкент Форумга келувчиларнинг ҳаммасига ҳам йўл кирани кўтармади. Натижада, Узметроном.com маълумотига кўра, ОТБ бошқарувчилар кенгаши мажлисига олдин уч минг киши келади дея ариза берилганига қарамай, форумга мингдан камроқ хорижлик меҳмонлар келдилар, холос.

Эслатиб ўтамиз, ОТБ бўйча Нодавлат ташкилотлар форуми 2010 йил 28 апрель куни Осиё тараққиёти банкининг Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўтадиган учрашувини бойкот эълон қилганди. “Осиё тараққиёт банкининг Тошкентда йиллик учрашувини ўтказиш тўғрисидаги қарор нафақат ношаффоф бўлиб қолади, балки Ўзбекистон расмийларининг инсон ҳуқуқига ва одамларнинг ўз фикрини эркин изҳор этишига босимини маъқуллайди”, - дейди Форумнинг ижроя директори д-р Авилаш Роуль.

“ОТБ бўйча Нодавлат ташкилотлар форуми” баёнотида Ўзбекистонда “сиёсий ҳуқуқлар ва ўзгача фикрлаш чеклангани ва ҳатто баъзан куч билан бостирилаётгани” таъкидланган. Тожикистон Фуқаролик жамиятининг вакили Парвиз Умарованинг айтишича, “Ўзбекистонда фаол фуқаролик жамияти йўқ экан, жамоатчилик фикрини на йиллик йиғилишга ва на ундан ташқарига олиб чиқиш мумкин бўлади”.

Бироқ ОТБ ўзини бойкотни сезмагандек тутди ҳамда Нодавлат ташкилотлар форумининг баёнотига ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Атроф жим-жит бўлса, Ўзбекистоннинг улкан иқтисодий ютуқлари ҳақида нутқларни тинглашга ва бошини маъқуллаб ирғашга ҳеч нарса ҳақлақит бермайди.

Иқтисодий қурилиш соҳасидаги ажойиб ютуқлар

Осиё тараққиёт банки 1966 йилда тузилган. Унга 67 та давлат аъзо. Банк ривожланиш ва минтақавий ҳамкорлик лойиҳаларини молиялаштиради. ОТБда иштирокчи мамлакатлар қаторида юридик шахслар ҳам заём олиши мумкин. Ўзига аъзо мамлакатларга ОТБ кредитлардан ташқари техник ёрдам, кафолат ва акцияларни сотиб олиш йўли билан кўмак бериши мумкин. Ўзбекистон ОТБга 19995 йилдан бери аъзо.

ОТБ – Ўзбекистон иқтисодиётининг ягона донори саналади. Ҳар қандай бошқа халқаро молия-кредит институти каби у қарз олувчи давлатнинг монетар сиёсатига қатъий талаблар қўйиб келади. Ўзбекистон расмийлари нафақат банк сектори кўрсаткичларини, балки асосий иқтисодий кўрсаткичларни ҳам ОТБ талабларига мос келадиган қилиб ташладилар.

Ислом Каримовнинг муваффақиятлар ҳақида сўзлаган нутқидан: “2009 йилда Ўзбекистон 2009-2014 йилларга модернизация, технологик қайта жиҳозланиш бўйича ўта муҳим лойиҳаларни амалга ошириш дастурини қабул қилди. Унга умумий қиймати 42,5 миллиард доллардан зиёд 300 дан ортиқ ўта муҳим инвестициявий лойиҳалар киритилган. 2009 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция қилинган умумий капитал сармояларининг 68 фоизни ички манбалар ташкил этди, 2010 йилда бу кўрсаткич 70 фоиздан кам бўлмайди ( бу инвесторларнинг рейдерлик, сўмда олинган фойдани конвертация қилиб бўлмаслик ва бошқа қийинчиликлар важидан мамлакатни тарк этаётганига далил бўлаяпти. таҳр. ). Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулот ҳажми 2009 йилда 8,1 фоизга, саноат ишлаб чиқариш – 9%, иқтисодиётга инвестиция ётқизиш 26 фоиздан ошди, тўғрима-тўғри хорижий инвестициялар 1,8 баробарига ўсди (Бу кўрсаткичлар фоиз нисбатида қандай қилиб ички манбалар ҳисобига ўсган улуши билан мос келишига тушуниш қийин –таҳ. ). Ўтган йил давомида 940 мингдан зиёд ишчи ўринлари яратилди. Маҳсулот экспорти2,4 фоизга ўсган ва ташқи савдода сезиларли сальдони ва олтин-валюта резервларининг барқарор ўсишини таъминлади. Давлат бюджетининг барқарор профицити таъминланди, 2010 йил 1 январига ташқи қарзлар 10 фоиздан ошмади. Нуфузли рейтинг компаниялари ва халқаро институтлар прогнозига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилда иқтисодий ўсиши 8,5 фоизни ташкил этиши мумкин”.

Хорижий инвестициялар оқими ҳақидаги шубҳали баёнотларга қарамай, Ўзбекистон билан кредит бўйича ҳамкорлик қилувчи халқаро молиявий институтлар ўртасида ОТБ биринчи ўринни эгаллаётганини ЎзА ҳам тан олмоқда. Қўшма лойиҳалар орасида – Ўзбекистон миллий автомагистрали қурилиши ҳамда “Сув таъминоти ва канализация соҳасида мультитранш молиялаш дастури” бўлиб, улар 2009 йилдан бери амалга оширилмоқда ва 300 миллион долларга баҳоланган. Шунга ўхшаш аввалги лойиҳа доирасида Қашқадарё ва Навоий вилоятларининг 170 та аҳоли пунктларида қувурлар ётқизилмоқда ҳамда тегишли жиҳозлар аҳволи яхшиланмоқда. Умуман олганда, Каримовнинг билдиришича, 1996 йилдан бери Осиё тараққиёт банки томонидан Ўзбекистонга ажратилган 1 миллиард 200 миллион доллар кредит ресурсларидан 520 миллион долларга тенг 11 та лойиҳа бажариб бўлинди ва 650 миллион доллар қийматга тенг 15 та лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда.

Каримовга кўра, сўнгги йилларда бир ярим мингдан зиёд коллеж ва лицейлар қурилган бўлиб, уларда бир ярим миллиондан зиёд ёшлар ўрта техник ва гуманитар маълумотга эга бўлдилар. Бу мутахассислар 2-3 тадан касбни ҳамда чет тилларидан бирини эгаллаганлар ва кўпинча инглиз тилида сўзлаша оладилар. Ўзбекистон президенти айтганидек, сўнгги йилларда таълимга харажатлар давлат бюджетининг 37 фоизидан ошди, таълим ва соғлиқни сақлашга харажатлар эса давлат бюджетининг 50 фоизидан ошган. “Ўзбекистон қандай даражадаги улкан ҳамда малакали ва инсон капиталига эгалиги равшан бўлмоқда”, - дея хулоса қилди Каримов.

Оддийгина рақамларни санаб ўтиш Ўзбекистон президентига оз кўринганга ўхшайди: Ўзбекистон тутган йўли энг тўғри деган ғояни яна бир бор уқтириш лозим бўлиб қолди. Форум очилишида Ислом Каримов дастурий баёнот билан чиқди: мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган иқтисод ривожланиши ва ислоҳотининг “ўзбекча модели” 1992 йилдан бери “ўзини тўла оқлади”. Бу эса Тошкент ўзининг иқтисодий ва ижтимоий сиёсатида бирор нарсани ўзгартирмоқчи эмаслигини англатади.

И.Каримов Ўзбекистонни мисли кўрилмаган иқтисодий чўққиларга олиб чиқишга имконият берган “ўзбекча модели”нинг бешта асосий принципларини санаб ўтди: “Биринчиси – давлат тизимининг деидеологиялаш ҳамда иқтисоднинг сиёсатдан устиворлигини таъминлаш. Иккинчиси –режа-тақсимот тизимидан бозор иқтисодиётига ўтиш даврида давлат бош реформатор ролини ўз зиммасига олиши керак. Учинчи – қонун устиворлигини таъминлаш, яъни қонун олдида ҳамма баробар. Тўртинчиси – ислоҳотларни амалга оширишда босқичма-босқичлик ва изчиллик. Янги уйни қурмай туриб эскисини бузмаслик. Бешинчидан – бир тизимдан иккинчи тизимга ўтиш даврида кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш (ЎзА рус тили саҳифасидан иқтибос олинган)”. Каримов ўрисча гапиргани учун мамлакат бош ахборот агентлигининг ўзбек тили саҳифасида унинг нутқи чиққани йўқ.

Кўзим кўр, қулоғим кар

Шу муносабат билан савол туғилади: наҳотки ОТБ экспертлари ўзбекларнинг расмий статистикасига ишониб, “иқтисодиётнинг сиёсатдан устиворлиги”, “қонун устиворлиги” деган сўзларига лаққа тушсалар? Нега энди Ўзбекистондаги вазиятдан оз бўлса-да хабардор экспертлардан бирортаси ҳам “Фарғона.Ру” сўраганида Ўзбекистоннинг расмий маълумотларига ишонмадилару, ОТБ экспертлари Тошкентнинг қуруқ сўзларига ишониб қолдилар? Нега энди ОТБ экспертлари катта кредит бериш тўғрисида қарор қабул қила туриб, мустақил экспертлар ва кузатувчиларнинг фикри билан қизиқмайди?

Аммо буларнинг бари риторик масала.

Чунки Ўзбекистон билан шуғуллана туриб республикада содир бўлаётган нарсаларни фақат кўр кўрмайди, гаранг эшитмайди ёки бўлмаса ўз ихтиёрича қулоғига пахта тиқиб кўзини юмиб олган. Биз ОТБ экспертлари Ўзбекистондаги вазиятни “Фарғона.Ру” таҳлилчиларига қараганда яхшироқ биладилар деб ўйлаймиз.

Бироқ ОТБ Ўзбекистондаги ҳукмдор режимнинг барқарорлигидан манфаатдор. Афтидан, банк раҳбарлари Ўзбекистондаги барқарорлик минтақадаги барқарорликнинг гарови дея ҳисоблаётганга ўхшаяпти. ОТБ Тошкент иштирокисиз амалга ошириб бўлмайдиган ўз лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор (мисол учун, Сурхон-Набабад-Қобул ЛЭП, Хайратон-Мозори Шариф темир йўл қурилиши каби).

Сиёсатдан ташқари, Тошкентга кредит беришда ушбу пул оқимлари устида ўтирганлар учун ёқимли бонуслар бор. Кредитлар мутлақо ношаффоф бўлган молиявий схемалар бўйича амалга оширилади. Шунинг учун “откатлар” ва маблағларнинг бошқа мақсадларда ўзлаштирилиши имконияти Тошкенга кредит ажратиб бериш фойдасига дастак бўлиши мумкин.

Шунинг учун ҳам Тошкент ОТБ форуми очилиши кунида ҳуқуқ ҳимоячиларнинг пикет ўтказишига қаршилик қилишга ёки вилоятлардан Тошкентга келувчилар учун йўлни беркитишга уринмаса ҳам бўлаверарди. Кредит бериш тўғрисидаги қарорлар Форум ўтказилаётган куни қабул қилинмайди. Бундай қарорлар қўшма мажлислардан анча олдин, фикрлар пишиб-етилганида қабул қилинади.

Тошкентдаги мажлис ОТБ иқтидордаги режим каби ўзининг Ўзбекистондаги статус-кво мақомини сақлаб қолишдан манфаатдорлигини тасдиқлади

Мария Яновская



 

Реклама