21:22 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Учинчи кун: Бакиевдан ҳамма юз ўгирди

09.04.2010 10:16 msk

Фарғона.Ру

Қирғизистон инқилоби учинчи кунининг асосий якунларидан бири – Бакиевнинг халққа намаён бўлиши. У ҳамма ўйлаганидек йўқолиб, ғойиб бўлиб қолгани йўқ. У бошқа мамлакатга қочиб кетмади. Жалолободга келиб юртдошлари ва қариндошлари билан бирлашди ҳамда ўз атрофига яқинларини тўплади - “яқинлари” кўп бўлмаса ҳам бор. Унинг кечаги баёнотидан маълум бўлишича, у ҳокимиятни осонликча топширмоқчи эмас. Гўёки, у ҳокимият учун курашмоқчи ёки музокаралар олиб бормоқчи.

Қирғизистонда сиёсий рақиблар музокара олиб бора оладиларми-йўқми, буни биз билмаймиз. Чунки бунга уринишларни кўрмаганмиз. Республика мустақилликка эришганидан бери расмийлар ўз рақибларининг эътирозларига тинчлик билан қулоқ солганлари ёки бунинг тескарисини ҳам билмаймиз.

1991 йилда ҳам коммунистлар билан ҳеч ким музокара ўтказиб ўтирмаган. Президент Асқар Акаев ГКЧПни қўлламаган, путч ағдарилганида эса коммунистлар мағлубиятга учраганларини тушуниб саҳнани ўзлари тарк этишган.

2005 йилгача Ақаевнинг ўзи ҳам мухолифат билан музокара ўтказишга интилмаган – ўзининг асосий рақиби Феликс Қуловни эса қамоққа ташлаган эди. Лола инқилобидан аввал, лола инқилоби ўтаётган пайтда ва ундан кейин Ақаев билан ҳеч ким келишишга уринмади ва оқибатда, президент мамлакатдан қочиб кетди, унинг уйини талон-тарож қилдилар.

Ҳозир бўлса Бакиев: “Агар ўзини-ўзи тайинлаган муваққат ҳукумат мен билан музокара ўтказишга тайёр бўлса – мен уларни тинглашга, уларнинг истакларини эшитишга тайёрман”, дея билдирмоқда.

Қирғизистонда ҳокимиятни рақибларига тинч йўл билан топшириш удуми йўқ. Расмийлар рақиблари билан гаплашишни ўзларига эп кўрмаганлар ҳам. Бакиев режими сўнгги йилларда мухолифатга митинг, кўча ва майдонлардан ташқарида ўз талабларини айтиш имкониятини бермаган.

Энди воқеалар ривожи тизгиндан чиққан, шаҳарда кафандўзлар бошбошдоқлик қилаётган, пойтахтга эса махсус тайинланган бўлинмалар киритилди. Агар янги ҳукумат кафандўзларни бир ёқли қила олса, нормал ҳаётнинг қайта бошланишига умид бор. Агар эплай олмаса – имконият йўқ.

Бакиев буни жуда яхши билади. Шунинг учун у кутишга азм қилган. Мамлакатда бир неча кундан бери талонгарчилик тўхтамайдиган бўлса, сабр ила кутишлик етарли. Дастлабки бир-икки кун давомида оламонни тўхтатиб қолинмаса, улар ўз етакчиларини ҳам йўқ қилиши мумкин. “Мен юртимни ва ўз халқимни жуда яхши биламан”, - деди Бакиев ВВС раиосига интервьюда.

Бакиев борган сари ишонч ила интервью бериб баёнотлар тарқатаётган пайтда, янги ҳукуматни қўллашини билдирган Россияга кўп нарса боғлиқ бўлиб қолмоқда. Москва вазиятга ўз муносабатини билдирганидан кейин, шу вазиятни тартибга солиш учун ёрдам кўрсатиши лозим.

АҚШга ҳам кўп нарса боғлиқ. Бир-икки кун давом этган баъзи иккиланишларда сўнг америкаликлар дипломатияга ҳос эҳтиёткорлик билан Роза Ўтунбаеванинг ҳукуматини қўлладилар ва аввалдан режаланган форумда иштирок этиш учун Вашингтонга келган “қирғиз шахзодаси” Максим Бакиевдан узоқлашдилар. Дипломатик тилда бу энди улар Максим билан ҳеч қачон учрашмасликларини англатади.

Аммо энг аввал ва энг асосий қилинадиган иш – Қирғизистон давлати ва жамиятининг нормал тарзда мавжуд бўлишини сақлаб қолиш бўлиб, бу янги тузилган муваққат ҳукуматнинг қандай фаолият кўрсатишига боғлиқ. Айнан шу ҳукумат мамлакатдаги бошбошдоқликларни тугатиши, кўчаларни супуриши, синган ойналарни алмаштириши ва кўчадаги чироқларни ёқиши лозим. Янги ҳаётни йўлга солиш, сўнгги беш йил давомида тўпланган муаммоларни ҳал қилиш керак.

Ишлари бошидан ошиб-тошган ҳукумат нега энди Бакиевга қандайдир музокаралар ўтказишни таклиф этиши керак экан? Нега энди кеча ўз сиёсий рақибларини очиқдан-очиқ оёқ ости қилиб тепкилаган ва ҳеч кимни назар-писанд қилмаган Бакиевнинг фикри билан ҳисоблашиш керак экан?

Бакиев энди қандай куй янграшига буюртма бера олмайди. Энди “халқ қурултойи” ва ғалаба билан тугаган конституциявий сайловларнинг “машруъ”лиги ҳақидаги баландпарвоз баёнотлар унинг обрўсини ошириб қўймайди.

Бакиев сиёсий етакчи сифатида энди Россия, АҚШ ва Қирғизстон халқини қизиқтирмай қўйди. Умуман олганда, энди у ваколатини ихтиёрий тарзда топшириш-топширмаслигининг аҳамияти йўқ ҳисобида.

Энди президент учун энг яхшиси – Жалолобод вилоятидаги кичик қишлоқнинг президенти бўлиш ва атрофига укаси қўмондонлиги остида тиш-тирноғигача қуролланган қўриқчиларни тўплаш бўлиб қолди.

Энди “гражданин” Бакиев сўнгги йилларда мамлакат бойликларини беҳаёларча талон-тарож қилган ўғиллари ва укалари ҳамда Ҳукумат уйи олдидаги майдонда одамларни ўққа тутган снайперлар ва бугун пойтахт кўчаларида дўконларни, уйларни ва банкларни тўнаётган кафандўзлар билан судланувчилар курсисига ўтирганида жамият эътиборини яна бир бор ўзига қаратиши мумкин.