01:21 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Сен - менга, мен - сенга”: Ўзбекистонда аксилтожикистон намойишларнинг чинакам мазмун-моҳияти нимада?

03.04.2010 20:22 msk

Феруза Жоний

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тожикистон алюминий заводига қарши кампаниясини давом этиб келмоқда. Бу корхона 2007 йилдан бери “Тожик алюминий компанияси” Давлат унитар корхонаси (TALCO) дея номланади.

31 март куни Термиз давлат университети талабаларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Экология ҳаракати ҳамда Сурхондарё вилояти Сариосё, Денов, Узун туманлари ва Термиз шаҳар жамоатчилиги вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувга мингга яқин одам тўпланди, унда “Тожик алюминий заводи” корхонаси атроф муҳитни ифлослантиришни тўхтатиши бўйича зудлик билан чора кўриш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеяси, ЮНЕП, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларга мурожаатнома қабул қилинди.

Экоҳаракатнинг норозилик кампанияси 25 март куни бошланган ва айни пайтда Ўзбекистоннинг жанубий Сухондарё вилоятида ўтмоқда. Пикетларда асосан маҳаллий коллеж ва олий таълим муассасалари талабалари иштирок этишмоқда. Нотиқларнинг маълум қилишича, “атмосфера, сув, ер ва ўсимлик дунёсининг саноат чиқиндиларидан ифлосланиши натижасида аҳоли ўртасида қон-томир, ошқозон-ичак аъзолари, нафас олиш йўллари касалликларининг ўсиши кузатилмоқда”.

Аммо норозилик иштирокчиларига кўра, “кўпчилик оилалар учун болалар ўртасида туғма касалликларнинг кўпайиши ҳақиқий фожеа бўлиб қолди. Наботот ва ҳайвонот дунёсига жуда катта зарар етказилган. Вилоятнинг Сариосиё, Узун, Денов ва бошқа туманларида ер ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги пасаймоқда”.

Тожикистон алюминий заводи 35 йилдан бери ишлаяпти, аммо Ўзбекистон унинг фаолиятига эндигина қарши чиқишни бошлаяпти. Расмийлар норозиликнинг республика учун ғайри табиий шаклидан фойдаланиб, митинглар уюштирмоқдалар. Ҳар ҳолда митинг иштирокчилари мамлакатнинг ички муаммоларини кўтариб чиқадиган бўлсалар, Ўзбекистон расмийлари уларни зудлик билан бостиришлари турган гап.

Митинги против TALCO в Узбекистане
Ўзбекистонда TALCOга қарши митинглар. Uznews.net фотоси

“Фарғона.Ру” экспертлари алюминий саноатининг зарарли чиқиндиларидан ифлосланиш борасидаги Ўзбекистон экологларининг ташвиши чинакамига ўринли эканлигини қайд эта туриб, экологик муаммоларнинг урғуланиши аслида Душанбенинг стратегик объектлар қуриш бўйича режаларига ва хусусан, Роғун ГЭС қурилишига расмий Тошкент муносабатининг қулай, “тамаддуний” изҳор этиш шакли дея таъкидламоқдалар. Ўзбекистон Экологик ҳаракати митингларида Тожикистон компаниясига қарши кўтариб чиқилган талаблар Тожикистонга қарши туриш бўйича давлат сиёсатининг ушбу республикага босим кўрсатиш услуби бўлиб қолди.

Россия Стратегик тадқиқотлар институти қошидаги “Миллий стратегия муаммолари” журнали бош муҳаррири Аждар Куртовнинг қайд этишича, TALCO республика бюджетига салмоқли даражада молиявий тушумларни таъминловчи республикадаги энг йирик корхона бўлиб, агар уни ишдан чиқарилса Тожикистон иқтисодиётига жуда катта зарба бўлиб қолади. Янги ГЭСлар қурилиши билан Душанбе алюминий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш имкониятига эга бўлади. Бу эса пировардида, атроф муҳитнинг янада ифлосланишига олиб келади, чунки TALCO қимматбаҳо ва янги технологиялар сотиб олиб ишлаб чиқаришга жорий қилгани маблағ сарфлаб ўтирмаслиги турган гап, дея тахмин қилади эксперт.

Аммо Тошкент норозилигининг асосий сабаби – Роғун ГЭСнинг қурилиши Тожикистонга ўзбек далаларининг салмоқли ҳиссасини суғоришга сарфланадиган сувни тартибга солиш имкониятини беришида. Тошкент қўшнисига сув бўйича қарам бўлиб қолишни истамаслиги табиий.

Митинги против TALCO в Узбекистане
Ўзбекистонда TALCOга қарши митинглар. Фото Gazeta.Uz

“Время новостей” газетасининг халқаро шаҳловчиси Аркадий Дубновга кўра, Ўзбекистон Экологик ҳаракати воситасида Тожикистон томонига оширилаётган ишораларнинг мазмун-моҳияти қуйидагича:

“Сиз бизни назорат қилишни истаяпсиз, аммо биз сизни назорат қиламиз”. “Тожикистон Ўзбекистон сув-энергетика тизимини ўз назоратига олиш ёки сиёсий таъсир кўрсатиш ричагга эга бўлишга интилганидек, Ўзбекистон Тожикистон фаравонлигининг асосий манбасига таъсир кўрсата олишини намойиш этаяпти”, - дейди Аркадий Дубнов.

Экспертга кўра, TALCOга қарши митинглар Ўзбекистон расмийларининг ташаббуси ва уларнинг тўла назорати остида ўтаётгани равшан. Негаки, Ўзбекистонда расмийлар томонидан назорат қилинмаган оммавий тадбирлар бармоқ билан санарли даражада оз: булар – 1992 йилда Тошкентда талабалар исёни, 2005 йилда Андижон фожеаси ва вилоятларда камдан-кам содир бўлиб турадиган норозилик акциялари. Бундан ташқари, бу йил илк бор намояндалари парламентда тақдим этилган Экологик ҳаракат ўзига кучли реклама қилиб ўзини кўрсатаяпти.

Экоҳаракатнинг акцияларини сиёсий кампаниячилик дея атаётган Новости РАА эксперти Санобар Шерматовага кўра, Ўзбекистоннинг TALCOга эътирозлари умуман олганда асосланган, бироқ бундан аввал бошқа мамлакатлардаги каби объектнинг расмий экологик экспертизасини ўтказиши ва шундан кейингина конкрет рақам ва фактларга таяниб Тожикистон расмийларининг эътиборини алюминий заводи фаолиятни яхшилашга қаратиши керак эди. Боз устига, муаммо билан йигирма йил аввал жиддий шуғулланиш керак эди. Бугунги акцияларнинг сабаби эса аён – Ўзбекистон Тожикистон раҳбариятига таъсир кўрсатиш учун кўпроқ дастаклар тўплашга уринмоқда, дея тахмин қилади эксперт.

Қайд этиш жоизки, Тожикистон ҳам Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида жойлашган баъзи корхоналари фаолиятига эътироз билдириши мумкин. Оазис интернет-журнали ёзишича, Тожикистон Табиатни асраш ва ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари бунга Бекобод металлургия комбинатини мисол тариқасида келтирмоқдалар. Бу корхона чиқиндилари “Сўғд вилоятининг деярли барча ҳудудида ўта оғир экологик ҳолатга олиб келди”.

Ўзбекистондаги ҳукуматга қарашли “Правда Востока” газетаси 2005 йилда “Фарғона водийси: экологик хавфсизликнинг ҳудудий муаммолари” мавзусида ўтказилган халқаро конференция ҳақида ёза туриб, “Ўзбекистонда Бекобод металлургия комбинати, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати ва Фарғона вилоятининг саноат зонаси ташвиш уйғотмоқда. Айни пайтда Фарғона вилояти корхоналарида 1,5 миллион тонна чиқиндилар тўпланган. Улар минг гектардан зиёд майдонни эгаллаган”.

Ўша материалнинг ўзида, хусусан, ер ости ва сизоб сувларининг ифлосланиши билан боғлиқ бошқа экологик муаммолар ёдга олинган: “Ўзгидромет маълумотига кўра, сув оқимларининг кимёвий таркиби Андижон, Асака, Фарғона, Қўқон, Қувасой... саноат корхоналари оқизаётган ифлос сувлардан шаклланмоқда. Нефтни қайта ишлаш комплекслари яқинида, мисол учун, Мингбулоқ нефть кони ёнида, Андижон ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларида ер ифлосланаяпти”.

Tashpmi.uz сайтида Ўзбекистоннинг асосий экологик булғаловчиларининг номини келтирган. Уларнинг орасида юқорида санаб ўтилган корхоналардан ташқари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Навоий тоғ-металлургия комбинатига қарашли уран чиқиндилари омбори (Навоий вилоятидаги экологик вазият критик нуқтасига етган), шу чоққача хлорорганик пестицидлар сақланиб келинаётган ташландиқ қишлоқ хўжалик аэродромлари, Фарғона кимё заводи, Қўқон суперфосфат заводи, Орол денгизи ҳудуди бор.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўз эътиборини шу муаммоларга ҳам қаратишга, ундан кейин эса республика аҳолисининг ҳаққоний ғазабини юқорида келтирилган корхоналарга йўналтиришга ғайрати етади дея умид қилиш қолди, холос.