12:47 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Томорқада наша пояси. Болали ёлғиз аёллар учун яхши иш

01.04.2010 20:56 msk

Максим Исаев (Самарқанд)

Шу кунларда Самарқанд вилоятида наркобизнес ва одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишларида аёллар бошқаларга қараганда кўпроқ фигурант бўлиб қолаяптилар.

Самарқанд вилоятида яшовчи аёллар борган сари нафақат банг моддаларини сотиш ва тарқатиш, балки уларни етиштириш билан фаолроқ шуғулланаяптилар. Қонунга зид равишда банг экинларини етиштириш билан асосан қишлоқ аҳолиси шуғулланади. Ургут тумани бу соҳада етакчи ўринни эгаллаб келяпти. Бу туманда наркотиклар ноқонуний айланмаси муаммоси доим долзарб бўлиб келган.

Бу тумандаги аёллар гиёҳванд экинларини ўзларининг томорқаларида, баланд бўйли маккажўҳори ёки помидор панасида ундириб келадилар. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тақиқланган ўсимликларни топиб йўқ қилиш бўйича махсус рейдлар ўтказиб келадилар, бироқ парвариш қилинган гиёҳванд ўсимликлари Ургут туманининг ташриф карточкаси бўлиб қолишда давом этмоқда.

Ушбу экин турларини етиштириб келаётганлар камдан-кам ҳолатда жиноий жавобгарликка тортиладилар. Аёллар “нобоп ўсимлик уруғини томорқамга шамол учириб келганга ўхшайди” дея айбловлардан осонгина қутилиб кетаяптилар. Кўчатларнинг таги чопилган, парваришлангани ҳақида сўралса, улар “буни гул деб ўйлабман” дейишади. Аммо иш судгача етиб борган тақдирда ҳам наша етиштирган аёлнинг қамалиши эҳтимоли жуда оз.

Банг моддаларини тарқатаётган пайтда қўлга олинган аёллар ҳам жазодан осон қутилмоқдалар. уларга айблов ҳукмлари чиқарилгани билан, суд шартли жазо ва жарималар билан чекланиб қолмоқда.

Мисол учун, яқинда вилоятнинг Пойариқ туманида бўлиб ўтган суд жараёнларидан бирида наркотиклар билан қўлга олинган хонимни тўрт йилга озодликдан маҳрум этиб 101 минг сўмга (тахминан 65 доллар) жаримага тортдилар. Бироқ тўрт йил қамоқни бир йил шартли жазо билан алмаштирдилар.

Судьялар бу каби қарорларни Ўзбекистон судининг инсонпарварлиги билан изоҳлаяптилар.

Қулликка ёки фоҳишаликка сотиш учун одамларни ёллаш билан шуғулланаётган аёлларга нисбатан ҳам шунга ўхшаш суд қарорларини чиқаришяпти: криминал хабарларда бу каби жиноят ишларини батафсил тасвирловчи материаллар кўп. Одам трафигини уюштиришда иштирок этган аёлларга нисбатан ҳукмларда одатда шартли жазолар чиқарилмоқда.

Мисол учун, Самарқандда аёллар Бирлашган Араб Амирлигида камида 500 доллар иш ҳақи эвазига официант, фаррош бўлиб ишлаш учун одамларни ёллаяптилар. Рози бўлганлар пировардида, исловатхоналарда фоҳиша бўлиб хизмат кўрсатишга мажбур бўлиб қолишмоқда. Баъзилар қочишга эриша олаяпти ва улар милицияга мурожаат қилишяпти ва натижада ёлловчиларни қўлга олишяпти. Аммо жиноятчи аёлларни тўрт-олти йилга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукмларни суд шу ернинг ўзида шартли жазо билан алмашяпти. Самарқанд вилояти суди архивида бу каби ишлар етарли даражада кўп. Суд ўзининг бу каби юмшоқ қарорларини судланувчи курсисида ўтирган аёл балоғатга етмаган болаларни ёлғиз ўзи тарбиялаётгани ва доимий иш билан таъминланмагани билан изоҳлаяпти.

Наркобизнес ёки одам савдосига алоқадорликда айбланиб шартли жазо олган аёлларнинг аксарияти чиндан ҳам ишсиз ва қарамоғида икки-учтадан балоғатга етмаган болалари бор. Бу каби жиноятлар учун шартли жазо олиш деярли кафолатланган экан, ёлғиз ва ишсиз аёллар учун наркотиклар ва одам савдоси энг яхши иш бўлиб қолаверади, чунки бундан олинадиган даромад катта. Криминал бизнес эса бундан самарали фойдаланишга давом этмоқда.

Шартли жазо олган баъзи аёллар қўрқмай яна эски ҳунарига қайтаяптилар, чунки болали ёлғиз аёлга яна юмшоқ ҳукм чиқарилиш эҳтимоли кўпроқ. Мисол учун, гиёҳванд ўсимликлар етиштириш билан шуғулланиб келган ургутлик 30 ёшли аёл бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган.

“Зарафшон” вилоят газетасининг сўнгги сонларидан бирида келтирилган расмий статистикага кўра, Самарқанд вилояти судлари 2009 йилда аёлларга нисбатан жами 400 та жиноий иш кўриб чиққан. Натижада 116 киши жаримага тортилган, 141 та судланувчи аёл шартли жазо олган ва 93 таси аҳлоқ тузатиш ишларига юборилган. Бошқаларга нисбатан жиноят ишлари амнистия актига мувофиқ тўхтатилган. Фақат 105 та аёл озодликдан маҳрум этилган, холос.

Сўнгги ойлардаги криминал хабарларни таҳлил этиладиган бўлса, наркобизнес ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар вилоятдаги аёллар жиноятлари рўйхатида сўнгги ўринларни эгаллаётгани йўқ.

Максим Исаев