23:31 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Расмийлар шифокорларнинг чет эл сафарларини қаттиқ назорат остига олишмоқда

28.03.2010 22:14 msk

Фарғона.Ру

Gomeofan.wordpress.com веб-сайтидан олинган фотосурат

Ўзбекистон расмийлари мамлакат даволаш муассасалари раҳбарлари ва соғлиқни сақлаш идоралари мутасаддиларининг хорижий сафарларини қаттиқ назорат остига олишга қарор қилдилар.

Тошкентда жойлашган “Экспертлар ишчи гуруҳи” ўзи манбаларига таяниб маълум қилишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2010 йил 15 февралдаги 178-сонли "Соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбарлар: вилоят ҳокимлиги вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят даволаш-профилактика муассасалари бош врачлари ва туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг хорижий давлатларда бўлиб ўтадиган халқаро форумлар, конференциялар, съездлар,семинарлар, тажриба алмашишлар ва турли машғулотларда қатнашиши қатъий тартиб асосида олиб борилиши тўғрисида"ги фармойишини чиқарган.

Фармойишда айтилишича, ҳужжатда назарда тутилган медицина ходимлари Ўзбекистондан ташқарига хизмат сафари ёки бошқа қандайдир ўзининг шахсий ишлари билан хорижий давлатларга бормоқчи бўлсалар, кам деганда 10-15 кун илгари соғлиқни сақлаш вазири номига қандай мақсад билан сафарга чиқаётганини кўрсатиб ариза бериши керак экан. Агар чет элга чиқиб кетаётган одам сафари давомида маъруза қилишни режалаётган бўлса, маърузадан кўчирма топшириши лозим. Чет элга чиқаётган одам вазирнинг рухсатини олганидан кейин сафарга чиқа олади.

Хорижий давлатларда хизмат сафарида бўлиб қайтган медицина ходими ҳисобот тайёрлаши ва 3 кун муддатда соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ташқи иқтисодий фаолият координацияси департаменти директорига ҳисобот бериши лозим. Акс ҳолда, қатъий чоралар кўрилади ва қайта хорижий давлатларга хизмат сафарига юборилмайди.


“Экспертлар ишчи гуруҳи”нинг қайд этишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу янгилиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир” деган 28 моддасини ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро Пактнинг шунга ўхшаш мазмундаги 12 моддасини қўпол равишда бузаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари хорижий давлатларга ўз хоҳишларича чиқа олмайдилар. Бир неча мамлакатлардан ташқари, хорижий давлатга чиқмоқчи бўлган ҳар бир одам милиция бўлимидан икки йиллик ижозат берувчи стикер олиши лозим. Бунинг учун у бир қатор справкалар тўплайди, анкета тўлдиради ва пул сарфлайди. Йўриқномага кўра ҳужжат топширилганидан сўнг 15 кун давомида рухсат олиш кўзда тутилгани билан, амалда бунга кўпроқ вақт кетиши мумкин. Аризачи ҳар доим ҳам бундай рухсатнома олавермайди: қонун бунга тўсқинлик қиладиган бир неча асосларни белгилаб берган, расмийлар эса норасмий равишда бунга ўзларидан ҳам қўшадилар.

Мисол учун, давлат сирларидан хабардорлик, бажарилмаган шартнома мажбуриятлари, аризачига нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича суд ҳукми, аризачи хавфли рецедивист деб тан олинган ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг кузатуви остида бўлса, бажарилмаган суд қарорлари, аризачига қарши фуқаровий тартибда даъво аризаси берилган бўлса, ҳарбий хизматни ўташ.

Аммо расмийлар ҳар доим номақбул ва ўзгача фикрловчи шахсларга чиқиш визасини беришдан ўз ихтиёрича бош тортишлари мумкин. Мисол учун, “Ташкентская правда” газетаси, “Гранд” радиостанциясининг ва кейинчалик Tribune-uz сайтининг бош муҳаррири Аъло Хўжаев ва собиқ дипломат Алишер Тақсановга нисбатан шундай иш тутилган. Хўжаевга “ Сизни хорижий давлатларга чиқишингиз мақсадга мувофиқ эмас деб топилганлиги”ни маълум қилган бўлсалар, Тақсановга “Сизнинг ишингизни кўриб чиқиш номаълум муддатга қолдирилди” деб билдирдилар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2005 йил март ойида Ўзбекистон ҳукуматига ўз фуқаролари учун чиқиш визаси тўғрисидаги талабини бекор қилишга тавсия қилганди. Бу тавсия 2010 йил 12 март куни Ўзбекистон ҳукуматининг учинчи даврий ҳисоботини кўриб чиққанидан сўнг яна қайта янгради. Ўзбекистон расмийлари бу сафар ҳам БМТ тавсияларини эътиборга олмасликларига ҳеч шубҳа йўқ. Боз устига, медицина соҳасидаги амалдорларнинг хорижий сафарлари борасида янги фармойиш пайдо бўлди.

Ўзбекистон расмийлари нега энди мамлакатдаги даволаш муассасаларининг раҳбарлари устидан назоратни кучайтира бошладилар? Кўринишидан, республикадаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазият ҳақида яхши хабардор ва статистик маълумотларга эга бўлган тиббиёт мутасаддилари билиб ёки билмай Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ҳар томонлама фаравон мамлакат деган сиёмосига зарар етказиб қўйишлари мумкинга ўхшайди. Ахир бу мамлакатда аҳолига оммавий равишда бедаво дардлар юқтирилмайди, врачлар аёлларни мажбуран бачадонларини тикиб бичмайдилар, шифокорлар ташхис қўяётганда адашмайдилар, фуқаролар ва шу жумладан, врачлар кундан-кунга тўкинликда яшаяптилар ва умуман олганда, ҳамма нарса аъло даражада!

Тармоққа кирган Интернет фойдаланувчилари ишоратлар бўйича ҳаракатланганларида мутлақо бошқа манзарани кўриб қолишлари эса аҳамиятсиз, чунки аҳолининг арзимаган қисми Интернетдан фойдаланади, “Фарғона.Ру” сайтига эса Ўзбекистонда баланд тўсиқ қўйилган.