06:27 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Наманган сирлари-2008: Болаларга ОИТ-вирусини оммавий равишда юқтирилиши ҳақидаги маълумот икки йилдан бери яшириб келинмоқда

26.03.2010 09:46 msk

Фарғона.Ру

Телекамера олдида бир ёшга тўлмаган Иззатнинг онаси врачлар унинг ўғлига қандай ёрдам беришга уринганлари ҳақида сўзламоқда: “Ўғлим кўп истималаб, Ирвадон бальнисасига бордик, ремонт бўлгани туфайли бизни Гўзал бальнисасига олиб келишди...Врачлар дори ёзиб беришди, олиб келдик, улар иситма туширадиган укол қилиб қўйишди. Икки соат ўтса ҳам иситмаси тушмади. Унга капельница улаб қўйишди. Аммо болани қон томирлари торайиб, капельница кетмади. Боланинг аҳволи оғирлашиб кетди. Шунда биз навбатчи врач олдига кирдик. Ким биландир телефонда гаплашиб турган экан...”

Иззат онаси билан касалхонада бир ой ётди, кейин улар уйларида беш-олти кун бўлишди. Кейин яна касалхонага қайтишди. Уларга “кўпчиликдан СПИД чиқибди, сизлар ҳам анализ топшириб кўринглар”, дейишди. Анализ ижобий натижа берди. Ҳозир бола ҳаётдан кўз юмган.

Наманган вилоят прокуратураси буюртмасига биноан Ўзбекистон телеканали томонидан суратга олинган ҳужжатли фильм Иззатнинг онаси сўзлаб берган ҳикоя билан бошланади. Бироқ Ўзбекистонда бу фильмни шу чоққача намойиш этилмади.

Фильмда баён этилган фактлар қуйидагича:

Шифокорларнинг ўз вазифаларига совуққонлик билан қараганлари туфайли 2007-2008 йилларда Наманган вилоят ва Наманган шаҳар касалхоналарида 147 та болага ОИТВ/ОИТС юқтирилган. Болаларга оммавий равишда ушбу бедаво дарднинг юқтирилиш сабаби – катетерлар, бир марталик шприцлар ва қон таҳлили олиш учун скарификаторларни стерилизация қилмай кўп маротаба ишлатишлик ҳамда медицина асбобларини стерилизация қилиш журналларида ёзувларни қалбакилаштириш бўлиб қолди.

2009 йил январига яқин вақтга келиб тергов ҳаракатлари якунига етган ва жиноий ишлар судга оширилган пайтда дардга чалинган болаларнинг 14 таси ҳаётдан кўз юмганди.

Бир неча жиноий ишлар бўйича 13 нафар медицина ходимлари суд томонидан айбдор деб топилган, уларнинг 12 тасига беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо белгиланди. Фильмда уларнинг номлари ва эгаллаган мансаб лавозимлари келтирилган. Шунингдек, Наманган вилояти туманларидаги тўққиз нафар шифокор ва лаборантларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган бўлиб, уларни ҳам ўша пайтда жазога тортган бўлсалар керак.

Наманган вилоятидаги барча суд мажлислари яширин тарзда ўтди, маҳаллий матбуот тергов ва суд ҳақида бир оғиз сўз ёзгани йўқ.

Судлар, ҳукмлар ва шифохоналарда болаларнинг ОИТС билан оммавий касалланишлари ҳақида давлат идоралари вакиллари бир йилдан ошибдики, бирор оғиз сўз айтишдан тийилиб турибдилар. Ҳолбуки, улар фожеа ҳақидаги барча маълумотларни ўзлари жуда яхши билгандилар.

МУҚАДДИМА

“Фарғона.Ру” 2008 йил ноябрь ойида Наманган вилоят касалхонасида махсус хизмат ходимлари, Бош прокуратура терговчилари ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларидан иборат “Тошкент десанти” ишлаётгани ҳақида хабар берганди. Ўшанда Наманганга медицина қоидаларининг ўта қўпол бузилиши ва бунинг ортидан оммавий равишда ОИТВ юқтирилиши ҳолатини текшириш учун Тошкентдан бир гуруҳ терговчилар келган эдилар. Ўша пайтда биздаги маълумотларга кўра (бу маълумотлар кейинчалик расмийлар томонидан инкор этилганди), маҳаллий тиббиёт ходимларининг совуққонлиги сабаб қирқдан ортиқ болаларга ОИТВ юқтирилган. Аммо бугун бу рақам анчага камайтирилгани маълум бўлди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Тошкентдан келган “махсус гуруҳ” ўшанда нафақат содир бўлган ҳодисани текширганлар, балки... дард юқтирган болаларнинг ота-оналари ва қариндошларини журналистлардан узоқ қилиш пайида бўлганлар. “Баъзан тошкентлик “эсенбечилар” пойтахтдан фақат фактлар оммавий ахборот воситаларига, маҳаллий ва хорижий жамоатчиликка етиб бормаслик учун келганга ўхшаб кўринди”, - дейишганди ўшанда “Фарғона.Ру” агентлигига оддий наманганликлар.

Бир ярим йил аввал “Фарғона.Ру” агентлигига тасдиқланмаган миш-мишлар етиб кела бошлади. Шунинг учун биз мамлакатда тезлик билан тарқаётган уйдирмаларнинг олдини олиш учун сайтимиз орқали Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилиб, Намангандаги воқеа ҳақида жамоатчиликга узил-кесил ахборот беришни сўрадик. Бироқ расмийлар бизнинг маълумотларимизни мутлақо инкор этдилар. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакили Саидмурод Саидалиев “Азаттиқ” Радиосига интервьюда (http://rus.azattyq.org/content/article/1349913.html) шундай баёнот билан чиқди: “Наманган вилоятида ҳақиқатдан ҳам ОИТВ юқтириш ҳоллари бўлган, бироқ бу ҳолат на ўша касалхона, на бир марталик шприцлар ва на матбуотда айтилган 43 та янги туғилган гўдаклар билан боғлиқ эмас”.

ҲАММАНИ ҚЎРҚИТИБ ҚЎЙГАН ФИЛЬМ

Республика миқёсидаги идораларидан бирида ишлаётган юқори мартабали мутасаддилардан бири “Фарғона.Ру” таҳририятига маҳкум тиббиёт ходимларининг номлари келтирилган, дардга чалинган болаларнинг миқдори, беморлар қандай йўл билан касалликни юқтирганлари ҳақида баён қилувчи фильмни тақдим этди. Фильм айбдор шифокорлар ва тиббиёт ходимлари устидан ўтган ёпиқ судлар тамом бўлиши билан суратга олингани равшан.

Бу фильм – терговнинг ишчи материаллари эмас, балки кенг томошабинлар учун тайёрланган телевизион публицистик асар. Дикторнинг сўзлари тор доирадаги тиббиёт мутахассислари ёки терговчилар учун эмас, кенг оммага қаратилган.

“Фарзанд – ҳаётимиз қувончи, оиламиз мазмуни. Қўлига ҳатто тикан кирса баданингизга ниш ургандек сезасиз ўзингизни. Аслида болалар шифокори ҳам бемор гўдакларга нафақат мутахасис, балким она сифатида меҳр бермоғи, бор муҳаббати билан даволаши лозим...” дейди кадр ортидан диктор.

Ёки: “Қонун устивор бўлган республикамизда жиноят жазосиз қолмайди. Бугун жиноятига яраша жазосини олган шифокорлар панжара ортида ўтирибди ва ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари билан иснодга қолдилар. Эҳтимол, ҳаётдан кўз юмган гўдаклар тушларига кираётгандир. Эҳтимол, нозик томирларига игна санчилиб, касал юққан болалар кўз ўнгидан кетмас. Ёки “сўнгги пушаймон – ўзингга душман” деганларидек, афсус-надоматлар энди кеч”.

Фильмни одамларга кўрсатмоқчи бўлганлари аниқ.

Аммо режалар ўзгариб қолди.

Шунинг учун ҳам фильмни биз намойиш этишга қарор қилдик.

Биз яна бир бор Ўзбекистон расмийларидан нега оммавий касаллик юқтириш тўғрисидаги даҳшатли фактларини ўз халқидан яшириб келаётганлари ҳақида сўраймиз. Балки ушбу мақоламиз уларни қандайдир йўл билан бўлса-да, бўлиб ўтган фожеани шарҳлашга ундаб қолар?

Ўзбекистон расмийлари республикадаги ҳаётнинг барқарорлиги ва фаравонлиги ҳақидаги афсонани чипппакка чиқарадиган ҳар бир нарсадан ўтдан қўрққандек қўрқадилар. Кўринишидан, Ўзбекистон ҳукумати ва прокуратурасидагилар фильм республика ичкарисида ва ташқарисида кенг резонанс келтириб чиқаришидан қўрқиб кетганга ўхшайдилар. Ахир, даҳшатли фактларнинг ошкор этилиши ОИТВ/ОИТС билан кураш бўйича баландпарвоз дастурларнинг хорижий ҳамкорларига ва шу жумладан, донорларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди.

Аммо биз Ўзбекистон жамоатчлиги (ва энг аввало айнан ўзбек жамоатчилиги ва ундан кейин “чет элликлар”) мамлакат медицина муассасаларида нималар бўлаётганини билиши ЗАРУР деб ҳисоблаймиз.

Ҳа айтгандек, фильмда диктор: “Вақт ҳакам дейдилар. Кунлар, ойлар, йиллар ўтади. Ва илоҳим, дардга чалинган болалар саломат бўлиб, ота-оналари бахтига, жамият бахтига узоқ яшасин” дейди.

“Обрўни сақлаб қолишга қаратилган” ўзбекона ташвиқотга эътибор бермаслик керак. ОИТС ҳозирча дарди-бедаволар сирасига киради.

УНСИЗ ҚЎЗИЧОҚЛАР

“Фарғона.Ру” манбалари тақдим этган маълумотга кўра, ОИТВ юқтирган ўзбек болаларининг ўртасида ўлим кундан-кунга ўсиб бормоқда. Ота-оналар касилликка чалинган болалари учун ўта қиммат бўлиб кетган дори-дармонларни қийинчилик билан топаяптилар.

Шифокорлар айби билан ОИТВ юқтириш ҳолатлари Андижонда ҳамда Фарғона водийсининг бошқа шаҳарларида ҳам қайд этилмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, шу кунларда Андижон касалхоналаридан бирининг бир гуруҳ шифокорлари устидан жиноий иш қўзғатилган, тергов олиб борилмоқда. Бироқ бу фактлар ҳамон илгаригидек пухталик билан яшириб келинмоқда.

Врачларнинг ўзлари гувоҳлик беришларича, республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соғлом фикрли низом ва қарорлари амалда бажарилмаяпти.

“Фарғона.Ру” экспертларига кўра, медицина хизмат кўрсатиш соҳасининг “бозор иқтисодиётига ўтиш” қабатида аҳолининг ўта қашшоқлиги беморларга тиббий йўл билан касаллик юқтириш хавфи юзага келишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. “Пули йўқ беморларга стерилланган медицина асбоблари йўқ. Агар сиз касалхонага тушиб қоладиган бўлсангиз, дори-дармонлардан ташқари шприц, капельница, катетер, салфетка ва марли, оперция учун бинт, дўхтирга резина қўлқоп ва бошқа зарур буюмларни ўзингиз сотиб олишингизга тўғри келади. Акс ҳолда, сизни даволамасликлари мумкин. Ёки сизга ишлатилган ёки бўлмаса керакли тарзда стерилланмаган игна санчадилар”, - дейди Тошкент касалхоналаридан бирининг ходимаси номи ошкор этилмаслик шарти билан.

Биздаги маълумотларга кўра, айни пайтда Фарғонада СПИДга қарши кураш бўйича улкан марказ қурилмоқда. Бу ҳолат эпидемия миллий ҳалокат кўламига яқинлашиб қолганидан дарак бермаяптими? Расмий статистика эса бошқача фикрда: 2007 йил 1 январига келиб (ўшандан бери Республика эпидемияга қарши фавқулодда комиссия маълумотлари янгиланмаган) Ўзбкеистонда 10.015 та одам иммун танқислиги вируси юқтириш ҳоллари қайд этилган. Москвада ўтган Шарқий Европа ва Марказий Осиёда ОИТВ/ОИТС бўйича учинчи конференцияда 2009 йил 1 январига маълумотлар баён этилган (манба ҳақида маълумот йўқ) – республикада 12.816 киши ОИТВ юқтирган.

2009 йилда суратга олинган фильмда айтилишича, бир неча туман касалхоналарининг тўққиз нафар медицина ходимлари ҳам жиноий жавобгарликка тортилгани ва “тергов ҳаракатлари ниҳоясига етиб қолгани” айтилади.

Бу ишлар ниҳоясига етдими ёки йўқми, врачлар қандай муддатга озодликдан маҳрум этилдилар – номаълум.

Шу чоққача бедаво дард юқтирган болаларнинг қанчаси вафот этгани ва шу давр мобайнида врачлар қанча одамга касал юқтиришга улгирганлари ҳам аниқ эмас.

Сукунат ва қашшоқликда СПИД тўфон тезлигида тарқалиш имкониятига эга.