02:32 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Илиқ сутда тезак парчаси. “Қувноқ сутчи” ўрнига қишлоқлик қатиқфурушлар

19.03.2010 18:34 msk

Фарғона.Ру

Янги йил арафасида Россиянинг энг йирик озиқ-овқат холдингларидан бири “Вимм-Биль-Данн” ОАЖ ва Ўзбекистон расмийлари ўртасида бўлиб ўтган можаро, яъни, санэпидемназорат завод чиқарётган маҳсулотни “сифат стандартларига мос келмагани боис” бракка чиқариб қўйганидан сўнг пойтахт дўкон пештахталаридан чиройли қутичалардаги кефир ва йогуртлар бутунлайига йўқолди. Уларнинг ўрнига шаҳарни қишлоқлик қатиқфурушлар эгалладилар. Улар сут маҳсулотларини сотиш учун маҳалла қўмиталаридан сигири оқсим ва қутуришга қарши эмлангани тўғрисида справка олсалар бўлди. Бошқа томондан олиб қараганда, уйда тайёрланган сут маҳсулоти миллий сифат стандартларига тўла мос келаётганга ўхшаяпти.

Ўзбекистоннинг сутли тарихи

Ўзбекистонда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1990 йиллар бошидан оқсай бошлади. Ўшанда республиканинг барча вилоятларида сут саноати корхоналари бўлгани билан, улар тўла қувватга ишламасди. Мисол учун, “Тошкентсут” ОАЖ ўзининг 15 фоиз қуввати билан ишлаган, холос.

Молоко из провинции везут в Ташкент на электричках
Сутфурушлар вилоятлардан Тошкентга электр поездларида келадилар

Ички бозордаги вазият ва сут бизнесининг ўзига ҳос хусусиятлари маҳаллий инвесторларга сут бозорини ўзлаштириш муаммосини ҳал қилишга йўл бермади: ё сигирлар етишмайди ёки фермерлар билан келишиб бўлмайди. Чет эллик инвесторларининг аксарияти Ўзбекистон бозорини четлаб ўтишни афзал кўрдилар: рейдерлик йўли билан йирик бизнесни тортиб олиш ҳоллари кўплиги ҳеч кимга сир эмасди. Боз устига, бундай тортиб олишлар ҳукмдор доираларга жуда яқин одамлар томонидан махсус хизматлар ва прокуратуралар ёрдамида амалга ошириб келинган. Шу билан бирга, валюта конвертациясидаги муаммолар инвесторларнинг сут саноатига кириб келишига тўсқинлик қилиб келган.

Бироқ 2004 йилда Ўзбекистонда сут саноатига сармоя ётқизишга таваккал қилган инвестор пайдо бўлди. Россиянинг “Вимм-Биль-Данн” компанияси 2004 йил апрель ойида Тошкент сут комбинатининг (“Тошкентсут” ОАЖ) 76,98 фоиз акцияларини 131,4 минг долларга сотиб олди ва унинг базасида “ВБД Тошкет” МЧЖ корхонасини тузди. Ўшанда Тошкент ва Москва ўртасида иқтисодий ва сиёсий дўстлик фаоллашиб қолган, унинг натижасида Ўзбекистон ҳукумати ва ВБД раҳбарияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганди. Инвестор заводнинг қарзларини тўлашни ҳамда уни ривожлантириш учун 2011 йил охиригача 7,2 миллион доллар инвестиция ётқизишни ўз бўйнига олди.

Дайте попробовать сметанки?

Ўзбекистонлик сут сотувчи аёл

Навбатдаги рейдерлик?

Ўзбекистон бозорида гуркираб яшнаётган хорижий компанияга қараб кимнингдир уйқуси қочганга ўхшади шекилли, 2009 йил 13 август куни республика солиқ ва бюджет идоралари ташаббуси билан координацивий текширув бошланди. Текширув 2010 йил 5 январида тугаши керак эди. Олдин тахмин қилинганидек, унинг ташкилотчилари Ўзбекистон расмийларининг ВБД компаниясига нисбатан эътирозларини қандайдир йўл билан шакллантиришлари керак эди. Бу борада кўплаб турли-туман фикрлар айтилди, баъзи кузатувчилар бу Ўзбекистон расмийларининг навбатдаги рейдерлиги десалар, бошқалари ВБДнинг маҳсулот етказиб берувчилар билан нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш қоидаларининг бузилишлари текширувга сабаб бўлди дедилар. Яна бошқа таҳлилчилар эса буни Россия-Ўзбекистон муносабатларига яна совуқлик тушгани билан изоҳладилар. Қайд этиш жоизки, Тошкентда жойлашган заводда ҳам, унинг Москвадаги офисида ҳам бу борада ҳеч қандай шарҳ берилмади ва берилмаяпти.

Солиқ ва бюджет ревизорлари завод ишини мувофиқлаштириб турган бир пайтда, 2009 йил 25 ноябрда давлат санитария эпидемиология республика марказининг (ДСЭН РМ) ходимлари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифатини текшириш учун ВБДга ташриф буюрдилар. Санэпидемстанция комиссияси корхонада маҳсулот сифат стандартларининг бузилишини аниқлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар хўжалик судида “ВБД Тошкент” МЧЖ ва ДСЭН РМ ўртасидаги суд ажримидан сўнг, 2009 йил 29 декабрь куни маълум бўлди.

Ассортимент: молочные продукты, морковь, картофель…
Ассортимент: сут маҳсулотлари, сабзи, картошка...

Ўшанда ВБД вакиллари санэпидемназорат эътирозларини асоссиз дея ҳисоблаётганларини билдирдилар. “Маҳсулот таҳлили ўтказилишининг техник регламенти бузилган эди. Хусусан, текширув завод ходимларининг иштирокисиз амалга оширилди, маҳсулотдан намуна олиш ва унинг транспортировкаси тегишли ҳарорат режимини бузиш билан амалга оширилди, бу эса Ўзбекистон қонунчилигига зид келади”, - дея маълум қилдилар улар.

Қизиғи шундаки, 2009 йил 14 декабрь куни завод аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун маҳсулот ишлаб чиқаришни 17 декабрдан бошлаб 10 кунга тўхтатиш тўғрисида кўрсатма олди. Шу билан бирга, заводга 20 декабргача омбордаги қолган маҳсулотни сотишга рухсат беришди. Ажабланарлиги эса, бу маҳсулот санитарларнинг хулосасига кўра, истеъмолчиларнинг соғлиғи учун зарарли эди. Яъни, САНЭПИДЕМНАЗОРАТ ХУЛОСАСИГА КЎРА ЖУДА ХАВФЛИ ДЕБ ТОПИЛГАН СУТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ТОШКЕНТ ВА РЕСПУБЛИКАНИНГ БОШҚА ШАҲАРЛАРИДА СОТИЛИШИГА РУХСАТ БЕРИЛДИ.

2010 йил 5 январь куни тугаши керак бўлган текширув яна бир ойга чўзилди. Бироқ шу чоққача, яъни 2010 йил март ойигача ҳам вазият ўзгариб қолгани йўқ.

Эксперт шарҳи

Можарони кузатиб бораётган иқтисодчи-эксперт “Фарғона.Ру” агентлигига юзага келган вазиятни номини ошкор этмаслик шарти билан шарҳлаб беришга рози бўлди. Унга кўра, ҳамма муаммо “откатда”.

“ВБД заводида ҳозир вазият аста-секинлик билан кечаяпти. Текширув давом этмоқда. Ҳаммаси Москвадаги “ВБД” раҳбарияти ва Ўзбекистон ҳукуматидаги одамлар ўртасида ҳал бўлади. Бу борада на Тошкент ва на Москва шарҳ бермаяпти. Шунинг учун битта хулосага келиш мумкин: ҳаммаси “откатга” бориб тақалади. Эҳтимол, 2005 йилда компанияга солиқ ва божхона имтиёзлари тежалган маблағнинг бир қисми Ўзбекистон томонига (кимгалиги номаълум, бироқ бу энг аҳамиятлиги эмас) бориши эвазига берилган бўлиши мумкин. Умуман олганда, ривожланаётган мамлакатларда бу одатий ҳол бўлиб, Россия компанияси шунга кўнган.

Аммо тўрт йил ўтиб баъзи тушунмовчиликлар пайдо бўлди. Тошкент пулни олдиндан талаб қилдими ёки “откат” миқдори ўзгардими, номаълум. Шунда “ВБД” ўзини “гўлликка” сола бошлади ҳамда инвесторга берилган имтиёз ва ҳуқуқлар ҳақида гапира бошлади. Бунга жавобан санэпидемназорат текшируви бошланди. Шунинг учун айни пайтда бу можарога эътиборни жалб этишдан ҳеч ким манфаатдор эмас. Заводнинг ўзида рейдерлик факти инкор этиляпти, чунки ўзбекистонлик бизнесменларнинг ҳеч қайси бирига сут бизнесининг кераги йўқ, у жуда мураккаб. Рақобатчилар томонидан босим ҳақидаги фараз ҳам заиф, мисол учун, “Нестле” компаниясига бунинг кераги йўқ: улар сут бозорининг турли сегментларини банд қилиб, бири-бирига ҳалақит бермаган”, - дея тахмин қилади эксперт.

Так молочные продукты везут на рынок
Тошкент. Сут маҳсулотларини бозорга шунақа қилиб олиб келишади

Сутда соч толаси

“ВБД” ёпилиши билан бозордаги сут маҳсулотлари тақчиллигини қишлоқ аҳолиси тўлдира бошлади, Қатиқфурушлар Тошкентга уйларида қўлбола қилиб тайёрланган сут, қатиқ, сузма, қаймоқ олиб кела бошладилар.

Сутфурушлар бутун Тошкент вилоятидан электричкаларда пойтахтга келадилар. Эрталаб соат олтидан бошлаб Тошкентнинг Шимолий вокзалига ва бошқа станцияларига вагонларда аёллар келадилар ва бутун шаҳар бўйлаб тарқаладилар.

“Сигирларимиз ветеренар кўригидан ўтган, маҳалла қўмитасидан справкам бор, уларни оқсим ва қутуришга қарши эмлангани ҳақида”, - дея ишонтирарди Шимолий вокзалда сутчилардан бири “Фарғона.Ру” мухбирини. Юзлаб сутчилар Тошкент шаҳар маҳалла ва даҳалари бўйлаб “Кисло-пресний молоко-о-о! Творо-о-ог! Қати-и-иқ! Қаймо-о-оқ!”, дея кезиб юрадилар.

Сота олмаган нарсаларни сутчилар кетишларига икки соат қолганида бозорларда сотадилар: олиб-сотарлар улардан ҳамма қолдиқларини олиб қолиб, кейин нархига қўшиб сотадилар. Сут бозори пештахталарига қараб одамнинг эси оғиб қолиши ҳеч гап эмас: темир тоғорада творог ачиган, пиводан бўшаган баклашкага қуйилган қатиқдан пиво ҳиди келиб туради. Ҳаридор банкадаги қатиқни қошиқда аралаштириб беринг деса, ичидан соч толаси чиқиб қолишидан қўрққан қатиқфурушнинг афти бужмайиб қолади. “Ҳа, соч толаси тушган бўлса нима қилай? Бош ювиладику, тоза!”

Так молочные продукты продают на рынке
Тошкент. Бозорда сут маҳсулотлари савдоси

Қатиқ ёки қаймоқни ялаб кўрасизми? Намуна учун тайёрлаб қўйилган банкадан қатиқфуруш аёл қошиқда қатиқни олади-да кафтингизга қуйиб беради. Ахир, қошиқни ҳаммага ҳам ялагани берилавермайдику, кейин ювиш керак ахир. “Ялаб кўринг!”

Шаҳарни кезиб юрган қатиқфурушлар маҳсулотларининг сифати юқорида келтирилган стандартларига мос келади деб бўладими? Ёки сигирнинг оқсим ва қутуришга қарши эмланганлик тўғрисида маҳалла қўмитаси томонидан берилган маълумотнома сут таркибида сальмонеллез ёки бруцеллёз йўқлигига кафолат бўла оладими? Балки сузма, творог, қатиқ ва қаймоқ уйда тайёрланганида, барча санитария меъёр ва талабларига тўлиқ амал қилинганми?

Ҳаридорларнинг кўпчилиги уй сутидан чиқаётган соч толаси, қил ва ҳатто тезак парчалари чиқиб қолишидан шикоят қиладилар.

“Дўконларда завод чиқарган кефирни топа олмайсиз, баъзида “Камилка” дегани чиқиб қолади, аммо жуда оз, уни оламан деганлар навбатга тизилиб оладилар, - дейди “Аския бозоридаги ҳаридорлардан бири. – Маҳаллада айланиб юрадиган сутфурушлардан олиб бўлмайди, кўринишидан янги сутга ўхшагани билан, қозонга солиб қайнатсангиз, ачиган чиқади. Боз устига, уни сув билан аралаштириб сотадилар. Қаймоққа эса қуюлтириш учун ун қўшадилар. Умуман олганда, қишлоқларда уларни қандай шароитда тайёрлаганларини билмайсиз. Аммо ноиложмиз”.

Кефир «Камилка»
“Каmilka” кефири

Ўзбекистон расмийлари чет эллик инвесторларнинг ишига тўсқинлик қилиб, сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1990-чи йиллар бошидаги позицияга қайтариб қўйди. Ҳолбуки, Ўзбекистон аҳолиси уларнинг сифатига муносиб баҳо бериб бўлган эдилар. Шу билан бирга, ўзбекистонлик тадбиркорлар камдан-кам ҳолатларни истисно этмаганда юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳозирча ўрганганлари йўқ. Бу ҳол қачонгача давом этиши эса номаълум.

Ўз ахб.



 

Реклама