10:20 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Давлат департаменти инсон ҳуқуқларини бузганлари учун “содиқ шерикларини” енгилгина уялтириб қўйди

16.03.2010 14:31 msk

Фарғона.Ру

АҚШ Давлат департаменти 11 март куни 194 та мамлакатда инсоннинг фуқаролик, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди. (ҳисоботнинг тўлиқ матни – бу ерда: 2009 Country Reports on Human Rights Practices). АҚШ ташқи сиёсий идораси бундай ҳисоботларни сўнгги 33 йилдан бери чоп этиб келаётганини қайд этиш жоиз.

Ҳисоботнинг асосий қисмини АҚШ элчихоналари тайёрлайдилар. Улар бир йил давомида турли манбалардан ахборот тўплайдилар. Бу манбалар қаторига мутасаддилар, юристлар, ҳарбийлар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, олимлар ва касаба уюшма фаоллари кирган. Шундан кейин бу ахборот АҚШ Давлат департаментига юборилади. Бу ерда маълумотлар теширилади ва таҳлил қилинади.

2009 йилда ушбу ҳужжатни тайёрлашда мингдан зиёд одамлар ишладилар, улар 194 та мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи тўғрисида маълумот тўпладилар.

Ҳисобот преамбуласида инсон ҳуқуқларининг баъзи аспектлари бўйича энг оғир ҳолатлар қайд этилган давлатлар келтирилган. Марказий Осиё мамлакатларидан бу ерда Ўзбекистон тилга олинган.

ЎЗБЕКИСТОН

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботининг Ўзбекистонга бағишланган қисмида президент Ислом Каримовнинг авторитар ҳукмдорлигини мустаҳкамлаш жарёни тасвирланган. Бу одам ижроя ҳокимият раҳбари бўла туриб, ҳокимиятнинг қолган тармоқлари устидан тўла назорат ўрнатиб олган.

Экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда бир қатор тўсиқлар, шу жумладан, фуқароларнинг ҳукумат сиёсатига аралаша олмаслиги эркин демкоратик жамият қурилишига ҳалақит бермоқда. Мамлакат раҳбарияти ҳалол ва трансперент (шаффоф) бўлмаган сайловлар орқали сайланмоқда, бу ерда коррупция авж олиб яшнамоқда, ўзгача фикрлаш, эътиқод эркинлигини таъқиб этиш ва республика аҳолисига ғайриинсоний муносабатда бўлиш одатий ҳолга айланган. Сохталаштирилган судлар, ҳеч нарсага асосланмаган ҳукмлар, тергов қилинаётган маҳбусларни қийноққа солиш ҳуқуқ-тартибот идоралари ишида оддий меъёр бўлиб қолган.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон имзолаган халқаро ҳужжатлар ҳамда миллий меъёрлар билан тақиқланган мажбурий болалар меҳнатига алоҳида эътибор ажратдилар. Маҳаллий ҳокимият вакиллари маъмурий ресурсларни қўллаган ҳолда ушбу арзон ишчи кучидан фойдаланишда тўхтатмаяптилар. Фуқаролик жамияти фаолларининг бунга қаршилик кўрсатиш ва мустақил ОАВ орқали болаларнинг инсон ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисида ахборот етказиб беришга барча уринишлар расмийларнинг таҳдидлари ҳамда энг фаол равишда норозилик билдираётган фуқароларнинг ҳибсга олишлар билан тугаяпти.

Ўзбекистон олий раҳбариятига ҳос “таъқиб васвасаси” ва унинг намоён бўлиши фуқаролик жамиятининг ривожланиши, ҳуқуқ ҳимоя соҳаси ва демократик журналистика билан шуғулланиб келган кўплаб халқаро ташкилотларини мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилди. Ўтган йили июнь ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Бишкекда жойлашган Марказий Осиё Америка Университетига консультация ва кириш имтиҳонларини ҳамда абитуриентлар танловини Тошкентда ўтказиш режасидан воз кечишга мажбур қилди.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонда сўз эркинлиги соҳасида қонун бузилишларига бағишланган қисми Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча кўпроқ саҳифаларни банд қилган. Бу эса АҚШ Давлат департаменти аҳволнинг бундай тус олишидан жиддий ташвишга тушиб қолганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати танқидий мақолаларнинг чоп этилиши ва умуман олганда ОАВ устидан қатъий назорат ўрнатганликда айбланмоқда. Махсус хизматлар мунтазам равишда таҳририятларга мамлакат раҳбарияти сиёсатини мақтовчи мақолалар ва “халқ номадан ёзилган мактублар” тарқатиш билан шуғулланиб келган.

O’zА миллий ахборот агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда 1100 ОАВ, шу жумладан, газета, журнал, электрон нашрлар рўйхатга олинган. Бироқ уларнинг барчаси ҳукумат назорати остида ёки уларнинг ўзлари ўзларини қатъий цензура қиладилар. Бу газета ёпилиб қолмаслиги учун кўриладиган эҳтиёт чораси бўлиб, улар кўпроқ мунажжим башоратлари, кроссвордлар ва кўнгилочар характердаги ахборотларни чоп этиб келадилар.

Телеканаллар Ўзбекистон халқининг бахтли турмуши ҳақида сюжетлар кўрсатиш билан машғул, мамлакат махсус хизматлари телекўрсатувлар мазмунини қатъий назорат қилиб борадилар ва кўпинча, баъзи элчихоналарда бўладиган тадбирлар ҳақида оддий хабарларни кўрсатишни ҳам тақиқлаб келадилар.

ВВС, Америка Овози, Озодлик Радиоси радиостанциялари шу чоққача расмийлардан бу мамлакатдан туриб эшиттириш олиб боришга рухсат олмадилар, шунингдек, расмийлар Ассошиэйтед Пресс ва Рейтер каби халқаро ахборот агентликларнинг журналистларига аккредитация беришдан бош тортиб келаяптилар.

Бюрократик тўсиқлар, журналистларни ва уларнинг оила аъзоларини таъқиб этишлар оқибатида воқеаларни мустақил ёритишга мойил бўлган баъзи даврий нашрлар ёпиб қўйилди. 2009 йил июнь ойида “Етти иқлим” ва Ирмоқ газеталарининг саккиз нафар журналисти мамлакатда тақиқланган “Нур” ҳаракатига мансубликда айбланиб 6,5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилдилар.

Мустақил журналист Дилмурод Сайид 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ўн йилга қамалган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Солижон Абдураҳмановнинг панжара ортида ўтирганига бир йил тўлди, унинг соғлиғи 2009 йил июль ойида ёмонлашган.

Расмийлар мустақил журналистлар билан бир қаторда давлатга қарашли ОАВ вакилларини уларнинг хорижий давлатлар элчихоналари тадбирларида иштирок этганлари учун койишган. Бироқ шунга қарамай, бу каби тадбир зиёратчиларининг сони камайиб қолмади: ҳисоботда қайд этилишича, 2009 йилда дипломатик миссияларда ўтказилган тадбирларда қатнашган журналистларнинг сони 2008 йилга нисбатан кўпайган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон халқини ҳақорат қилишда айбланган Умида Аҳмедованинг иши сиёсий тусга эга.

Департамент экспертлари интернет эркинлик ривожланиши борасида ҳам ҳеч қандай олға силжишларни кўрмадилар ҳамда мамлакат ҳақида танқидий ракурсдаги веб-сайтлар ва янгилик хабарларнинг блокировкаси анъанавий бўлиб қолганини қайд этдилар.

Муҳаммад Асадбой тайёрлади (Тошкент). Муҳаррир – Феруза Жоний