23:32 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Ўзбекистоннинг маҳфий турмалари ҳақидаги масалани кўриб чиқади

04.03.2010 17:34 msk

Мария Яновская

Фотосуратда: Ўзбекистондаги энг маҳфий турма – Устюрт платосидаги Жаслиқ. Тафсилотлар - Maps.Google.Com сайтида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг ўн учинчи сессияси 2010 йил 1 мартдан 26 мартгача Женевада бўлиб ўтади. БМТ мустақил экспертларининг маҳфий турмалар тўғрисидаги ҳисоботи 8 март куни муҳокама этилади. Ушбу ҳисоботни тайёрлашда БМТнинг махсус воизлари Манфред Новак, Мартин Шейнин, Жереми Саркин ва Шаин Сардор иштирок этганлар.

Ҳисоботда таҳлил қилинаётган ахборот БМТ ходимлари томонидан 44 та давлатларнинг расмий вакиллари, маҳбусларнинг оила аъзолари, уларнинг адвокатлари ва собиқ маҳбуслар билан суҳбат қилиш йўли билан олинган. Ҳисобот бир йил давомида, расмий манбалар, давлатлар томонидан қабул қилинган сиёсий ва ҳуқуқий ечимлар, нодавлат ташкилотлари ҳужжатлари ва ОАВ материаллари ўрганиб тайёрланган. Ҳисобот муаллифларининг тан олишича, оммавий ахборот воситалари тақдим этган ахборотларни ҳар доим ҳам текшириб бўлмади, бироқ БМТ экспертлари бу манбаларни ишончга сазавор деб топдилар. Суҳбатларнинг бир қисми бевосита ўтказилган бўлса, бошқа қисми телефон орқали амалга оширилган.

Одамни қамоқда маҳфий сақлаш шахс эркинлиги ҳуқуқини бузиш саналади. Кишини маҳфий равишда озодликдан маҳрум этиш ва уни номаълум муддат давомида қонун ёрдамисиз қолдиришга ижозат берадиган юридик ҳужжатлар мавжуд эмас. Одатда, расмийлар бундай одамларни озод қилиш ниятлари бўлмаса, уларни адолатли суддан маҳрум этадилар.

Тадқиқотда маҳфий турмаларнинг тарихий шарҳи келтирилган: терроризмга қарши кураш бу соҳада ҳеч қандай янгилик яратиб қўйгани йўқ. Маҳфий турмалар нацистлар режими даврида ҳам, собиқ Совет Иттифоқида ҳам бўлган. Маҳфий турмаларнинг мақсади доим битта бўлган: қўлга олинган одамларни изсиз йўқотиш имкониятига эга бўлиш.

Ҳисобот БМТ сайтида пайдо бўлганида, Россиянинг Женевадаги БМТ ваколатхона маслаҳатчиси Владимир Жеглов “бу ҳисобот конфронтациянинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда, уни ташкилонинг расмий сайтидан олиб ташлаш керак” деб билдирди. Ҳисоботда Шимолий Кавказда ва хусусан, Чеченистондаги маҳфий турмалар ва одамларнинг сирли ғойиб бўлишлари тўғрисидаги ахборот келтирилган. Россиядан ташқари Ислом давлатлари ташкилоти ва Буюк Британия вакиллари ҳисоботга қарши фикр билдирдилар. Уларнинг вакилларига кўра, ҳисоботнинг баъзи тезислари исботланмаган. Бироқ АҚШ ва Европа вакиллари ушбу ҳисоботни Женевадаги сессияда муҳокама қилишга тайёрлигини билдирдилар.

Норозиликка учраган 221 саҳифали ҳисоботнинг январь ойи варианти “Таҳрир қилинмаган вариант” деб аталади. Женевада муҳокама этиш учун тақдим этилажак ҳисобот 186 саҳифадан иборат. “Фарғона.Ру” ушбу ҳисоботнинг Ўзбекистондаги маҳфий турмалар тўғрисидаги лавҳалари билан танишишни таклиф этади.

Одна из секретных тюрем Узбекистана – тюрьма Жаслык на плато Устюрт
Фотосуратда: Ўзбекистондаги энг маҳфий турма – Устюрт платосидаги Жаслиқ. Тафсилотлар - Maps.Google.Com сайтида.

Ўзбекистон

Америкаликлар томонидан терроризмда гумонланиб қўлга олинган маҳбусларни Ўзбекистонга жўнатилгани ва уларни бу мамлакатда сақланиш эҳтимоли тўғрисидаги фаразни баён этилиши билан Ўзбекистон ҳисоботда илк бор тилга олинади. Ҳисобот муаллифлари “Нью-Йорк Таймс” газетасида 2005 йилда чоп этилган материални эслатиб, унда Европа, Яқин Шарқ ва АҚШда ишлаётган собиқ разведка ходимларининг АҚШ ҳукумати “терроризмда гумонланаётганларни қўлга олиш ва сўроққа тутиш учун” Ўзбекистонга жўнатганларини айтиб беришгани ёзилган. На америкаликлар ва на ўзбекистонликлар бу ахборотни тасдиқламадилар, бироқ БМТ воизлари Ўзбекистонга бир неча ўнлаб одамларнинг жўнатилганини тахмин қилишмоқда. Шундай ахборот бор. 2002 йил бошидан 2003 йил охиригача Марказий разведка бошқармаси (МРБ) дастури доирасида Ўзбекистонга кам деганда еттита рейс бажарилган. 2003 йил 21 сентябрда Тошкентга иккита учоқ қўнганида, биттаси Бағдоддан ва бошқаси Чехиядан келган эди. Ҳисобот муаллифлари бу маълумотни баён эта туриб, ўзбек разведкасининг собиқ зобити Икром Ёқубовнинг ВВС радиосига берган интервьюсига таянмоқдалар. Ёқубов АҚШ томонидан терроризмда гумонланган шахслар Ўзбекистонда сўроққа тутилганини билвосита тасдиқлади, аммо бу ҳақда бошқа ҳеч нарса айтмаслигини, акс ҳолда ҳаёти хавф остида қолишини қайд этиб ўтди. (Ёқубов бундан ортиқ ҳеч нарса билмаслиги ҳақида фараз бор. – таҳр.изоҳи). 2009 йил август ойида бу ҳақдаги хабарлар яна бир бор юзага чиқди. Ўшанда Der Spiegel журнали ўз саҳифаларида Blackwater хусусий қўриқлаш фирмаси ва МРБ ўртасида келишув мавжудлиги ҳақида маълум қилди. Хусусий фирма ва унинг қўл остидаги кампанияларига “терроризмда гумонланувчиларни Гуантанамодан Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистондаги маҳфий лагерларга сўроқ қилиш учун ташиш” борасида топшириқ берилган.

Экспертлар Марказий Осиёда маҳфий қамоқларда одамларнинг сақланиш тўғрисида ахборот билан таништираётганларида, яна бир бор Ўзбекистон ҳақида сўз юритилади.

Қийноқларга қарши қўмитанинг сўнгги ҳисоботида ўзбек ҳарбий хизматчилари ва хавфсизлик кучлари томонидан 2005 йилда Андижонда намойиш иштирокчиларига қарши ҳаддан зиёд ошиқча куч ишлатгани ва шавқатсиз муносабатда бўлгани ҳақида кўплаб хабарлар келаётгани борасида ўз ташвишини изҳор этди. Ўшанда, расмий маълумотларга кўра 187 киши ҳалок бўлган, бошқа манбалар эса етти юздан ортиқ кишининг ўлдирилгани ва юзлаб одамларнинг ҳибсга олингани ҳақида маълум қилдилар.

Ўзбекистон кўрилган чоралар зарур эди дея қатъий тарзда таъкидлашига қарамай, Қўмита Ўзбекистон тўла ва самарали текширув ўтказишдан бош тортгани борасида ташвиш билдирган. Шунингдек, Қўмита Ўзбекистон Андижон воқеаларидан сўнг инсон ҳуқуқларининг риоя қилинишини мустақил мониторингни ўтказилишига тўсқинлик қилаётгани борасида ташвиш билдирди. Қўмита Ўзбекистондан чет элга қочган баъзи одамларнинг мамлакатга депортация қилингани ва озодликдан маҳрум этилгани борасида ишончга сазавор маълумотлар олган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари 2006 йил 31 январь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ташқи иқтисодий алоқалар бошқармасининг собиқ раҳбари Эркин Мусаевни ҳибсга олдилар. Мусаевнинг оиласи ўн кун давомида унинг қаердалигини билмаган. Шу вақт давомида Мусаевга турли шаклдаги босим ўтказдилар, терговчи уни қўрқитиб иқрорлик кўрсатмаларини имзолашга мажбур қилди. Тошкент шаҳар ҳарбий суди 2006 йил 13 июнь куни Мусаевни давлат сирини ошкор қилишда, мансаб лавозимини суистеъмол қилганда ва совуққонликда айбдор деб топди. Ҳукмда кўрсатилишича, душман кайфиятидаги кучлар айбланувчидан олган маълумотларидан Андижондаги тартибсизликларни уюштиришда фойдаланганлар.

Ихтиёрий қўлга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Мусаевни қўлга олингани ҳақида ўзининг 2008 йил 9 май кунги № 14/2008 хулосасида билдирганди. Ўзбекистон ҳукумати ўзининг 2007 йил 27 сентябрь ва 2008 йил 25 апрель кунги жавобларида Ишчи гуруҳига Эркин Мусаевнинг қўлга олиниши ва унинг устидан суд бўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус воизи ва Қийноқлар масаласи бўйича махсус воизи 2007 йил 9 март куни Ўзбекистон ҳукуматини зудлик билан чора кўришга чақирди ва Мусаевнинг жисмоний ва руҳий соғлиғи бўйича жиддий ташвиш изҳор этди. 2009 йил 23 февраль куни Ихтиёрий қўлга олишлар бўйича ишчи гуруҳи раиси-воизи, Эътиқод эркинлиги ҳуқуқини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масаласи бўйича махсус воизи, Ҳар бир инсоннинг энг юқори даражада эришилган жисмоний ва руҳий соғлиқ ҳуқуқи масалалари бўйича махсус воизи ҳамда Қийноқлар масалалари бўйича махсус воизи Ўзбекистон ҳукуматига Мусаев борасида яна бир бор мурожаат қилдилар: “2008 йил 26 июль куни Мусаевнинг олдига икки МХХ ходими келиб, агар у ва унинг оиласи халқаро ташкилотларга шикоят қилишдан тўхтамасалар, қатағонга дуч келишлари тўғрисида таҳдид қилганлари маълум бўлди”.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бўйича ҳисоботда қўлга олинганларнинг оила аъзоларига ҳибсга олинганлар қаерда сақланаётгани ҳамда уларга қандай айблов қўйилаётгани ҳақида маълумот бериш тавсия этилган.

Мария Яновская