14:40 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Андижонда катта очарчиликга тайёргарлик кўришмоқда

17.02.2010 10:22 msk

Ўқувчи мактуби

Андижондаги бозорлардан бири. Фото © Andizhans.Narod.ru

“Фарғона.Ру” таҳририятига Андижондан хат келди. Маҳаллий маъмурият бу шаҳарда яшайдиган бюджет ташкилотлари ходимларига норасмий равишда: “банкларда пул йўқ, қоринни эса тўйғазиш керак, шунинг учун томорқада сабзавот етиштириш лозим” дея қатъий тарзда тавсия қилмоқда. Кўринишидан, аҳолини бўлажак синовларга тайёрлашаётганга ўхшаяпти. Шунинг учун бюджет ходимларидан ишхонага бирор-бир ер участкалари бор-йўқлиги тўғрисида справка олиб келишга ва озиқ-овқат ғамлашга мажбур қилишмоқда. Ўқувчиларимизга қуйидаги мактубни тақдим этар эканмиз, уларга шундай савол билан мурожаат этамиз: бундай ҳолат фақат Андижондами ёки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам муҳтамал очарчиликка тайёргарлик борми?

* * *

Ҳаммаси туманимизда уйма-уй юриб одамларни суҳбатга тортиб юрган икки аёлнинг пайдо бўлишидан бошланди. Аёллар ҳокимият вакиллари эканликларини айтиб, ҳаммага томорқага алоҳида эътибор қаратишни маслаҳат бериб юрдилар. Улар: “ерингиз борми? Йўқми? Наҳотки бир парча бўлса ҳам ерингиз бўлмаса? Топиш керак, сабзавотлардан, картошка, саримсоқ, пиёз экиш керак...” дейишарди.

Одамлар тушунмай, “нима қилиш керак? Кўчат экиш керакми? Кўкаламзорлаштиришми?” дея қайта сўраганларида, улар: “Йўқ. Банкларда пул йўқ, кризис бўлади, ўшанда нима ейсизлар? Одамлар бир амаллаб тирикчилигини ўтказиши керак бўладику ахир, ўшанга ер топинг, экин экинг” дея қайта-қайта уқтиришарди.

Пул йўқлигини ўзимиз ҳам кўриб турибмиз: одамлар маошларини бир неча ойлаб ололмай юришибди, ишлаётган пенсионерларга сентябрдан бошлаб пенсия бермай қўйдилар. Ўзим бюджет ташкилотида ишлайман. Ойлигимизни сўнгги бор октябрда беришган. Яхшиям нақд беришди. Баъзиларнинг ойлигини карточкаларга ўтказаяптилар. Бечоралар умуман пулларини олишолмаяпти. Банкларда ростдан ҳам пул йўқ.

Икки ҳафтада бир марта почтага пул келиб туради, пенсия олиб келишганида. Пенсионерлар пулни кутиб узоқ вақт изғирин совуқда туришга мажбурлар. Пулни олиб келишганида эса, навбат талашиб бир-бирини бўғиб ўлдиришга тайёрлар, чунки пулни оз олиб келадилар, ҳаммага етмайди.

Шаҳарда кимда пул борлигини ҳамма билади. Фоҳишаларда. Қўшмачилар ҳаммага отнинг қашқасидек маълум бўлиб қолди, улар нима билан шуғулланаётганларини яширмайдилар ҳам. Участкавой милисалар уларга қуллуқ қиладилар, вақти-вақти билан меҳмонга кириб турадилар. Негадир, қўшмачилар бугунги кунда ҳамманинг кўзига ташланиб қолдилар: улар ёки маҳалла фуқаролар йиғинида фаол ёки домкомларни бошқарадилар. Айтишларича, қўшмачилар участкавойга ҳар ўн кунда ўттиз мингдан бериб туришар экан, қандайдир “мамароза” мақтанганида, кўпчилик эшитиб қолибди унинг гапини. Бу ойига тўқсон минг бўлади.

Ҳа, банкларда пул тақчил бўлиб қолганини биламиз. Бироқ ҳокимиятда ишлайдиган аёллар очиқдан-очиқ: “пул бўлмайди, томорқа қилинг, сабзавот экинг”, деганидан кейин энсамиз қотиб қолди. Сабзавот билан қандай қилиб қоринни тўйғазиб бўлар экан? Гўшт ейилмайдими? Кир совун, порошок деган нарсалар бўларди? Кийим-кечак, пойафзалчи? Уларни қанақа пулга олинади?

Кун-кундан баттар. Бюджетчиларга кимда қанча ери борлиги ҳақида справка олиб келинглар дейишяпти. Мисол учун, биз кўп қаватли уйда яшаймиз, баъзи қўшнилармизнинг бир парчадан ери бор, бизда эса йўқ. Нима қилишимиз керак? Бировнинг ерини тортиб олишимиз керакми? Қанча ер кераклиги ҳақида ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демади. Ўзлаштириладиган ва сабзавот экиладиган ер участкалари қаерда, бу ҳам жумбоқ. Уруғликни ҳам ҳеч ким тарқатмаяпти, ўзимиз сотиб оламиз шекилли? Умуман олганда, бунақа гап-сўзлардан кейин ваҳима бошланди.

Дард устига чипқон деганларидек, ҳокимликдан буйруқ келибди: бюджет ташкилотининг ҳар бир ходими бир қопдан гуруч, ун, шакар, картошка, пиёз сотиб олиб шу нарсалар билан бирга суратга тушиши керак эмиш! Фотосуратни эса бошлиққа олиб келиш керак экан. Кимдир ҳазил аралаш бу фотосуратлар ҳокимга мажлис ва йиғилишларда мақтаниш учун керак: “мана кўриб қўйинглар, ўқитувчиларимиз бой яшашини!”, деб айтди. Ўқитувчилардан кимгадир “бу фотосуратлар кўргазма учун керак” деб расман айтилибди. Бироқ бу буйруқ ва фармойишлар кўпроқ катта очарчиликга тайёргарлик кўришга ўхшаяпти.

Ҳозир эса, шаҳарда мактабга ўтин кўтариб кетаётган ўқувчиларни кўриш мумкин. Иситиш тизимлари ё ёмон ишлаяпти ёки умуман ишламаяпти. Ваҳоланки, деярли барча мактабларда яхшигина таъмир ишлари ўтказилган. Синфларда эса кўчадан баттар совуқ. Болаларнинг айтишича, синфларда печкалар бор, шунинг учун ҳам дарсларда совуққа қотиб қолмаслик учун уйларидан ўтин олиб келишяпти. Болалари боғчага қатнайдиган танишларимизнинг айтишича, мактабгача тарбия муассасаларида ҳам аҳвол шунақа: иситиш тизими ишламаяпти, печкаларда ўтин ёқишга тўғри келяпти.

Андижонлик бадавлат бюджет ходимлари қандай яшаётганини намойиш қилиш учун фотокўргазма ўтказадиган айни вақтига ўхшаяпти.