07:45 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бир гуруҳ шахслар томонидан номусга тегиш ўрнига – “енгилтаклик”?

06.02.2010 13:45 msk

Фарғона.Ру

Суратда: Ўзбекистон ИИВ академияси тингловчилари. AkadMVD.Fan.Uz веб-сайтидан олинган фотосурат

Ўзбекистон давлат ҳокимияти вакиллари опа-сингил Соатоваларнинг тергов давомида бир гуруҳ милиция ходимлари томонидан зўрлаганлик ҳолатини босди-босди қилишга уринмоқдалар, дея хабар беради “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя жамияти.

Ушбу воқеа атрофида юзага келган шов-шувлар кучайиб кетгани важидан расмийлар жиноятни текширишга қаратилган баъзи-бир чораларни кўришларига тўғри келди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Ш.Ғозиев бир неча милиция ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-чи (Номусга тегиш) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганиниҳақида ҳуқуқ ҳимоячиларига маълум қилди.

Ўша пайтнинг ўзида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг раҳбари ва айни пайтда сенатор лавозимини эгаллаган Светлана Ортиқова ушбу ҳодисани яширишга уриниб қўрди. Унга кўра, нафақат номусга тегиш, балки қийноқлар қўллашларнинг ўзи ҳам бўлмаган экан. Прокуратура вакиллари бу хабарномани буйруқ сифатида қабул қилдилар ва эндиликда номуси топталган, ҳомиладор бўлиб турмада бола туққан Райҳон Соатовани ахлоқан бузуқ, енгилтак аёл сифатида кўрсатишга уринмоқдалар.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълум қилишича, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туман прокурорининг муовини Жаҳонгир Козимов Райҳон Соатова истиқомат қилган маҳалла фуқароллари йиғини раисини ҳамда у ўқиган мактаб маъмурияти ва ўқитувчиларини чақиртириб, Райҳон Соатованинг “ахлоқан енгилтак” аёллигини кўрсатувчи ёзма характеристика беришларини талаб қилган. Прокурор муовининг таъкидлашича, бу ҳақда кўрсатма юқоридан келган ва улар шу кўрсатма асосида иш олиб бормоқда.

Ушбу ҳаракатлардан сўнг ҳодисанинг тафсилотларидан шу чоққача бехабар қолаётган жабрланганнинг қариндошлари жунбушга келдилар. Маҳалла раиси уларга мактаб маъмурияти Райҳон Соатовага ижобий характеристика берганини, аммо прокуратура бундан қониқмаганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йил декабрь ойининг бошида “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя жамияти Абдусамат Соатовнинг тергов давомида милиция ходимлари зўрлик ишлатиб унинг икки синглиси Райҳон ва Ҳосият Соатоваларнинг номусига теккани ҳақида сўзлаб берган хабарномасини ёйинлади. Унга кўра, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани тергов ҳибсхонасининг ўн икки нафар ходимлари Райҳон Соатовани зўрлаб номусига текканлар. Ёш аёлнинг ўзи ҳам Тошкент шаҳар ИИББ терговчиси Азиз Умархонов ҳам унинг номусига текканини билдирди.

Калтак ва таҳқирларга чидай олмасдан у ўз жонига суиқасд қилишга уринган ва томирларини очган. Кейинчалик, терговчи Умархоновнинг кўрсатмасига асосан бу ҳолат протоколда гўёки, “тасодифан йиқилиш ортидан” содир бўлгандек қайд этилган. Зўрланган қиз кўзида ёш билан терговчи уни қандай таҳқирлагани ҳақида қайта-қайта сўзлаб берди. Унга кўра, терговчи: “Энди сен номусингдан айрилдинг, яқинларинг ҳам сендан кечиб юборадилар”, деб айтган. Касалхонада эса шифокорлар “ҳаётда ҳар қандай нарсани бошдан кечиришга тўғри келади”, дея уни юпатишган.

Абдусаматнинг иккинчи синглиси, Ўзбекистон Миллий университетининг талабаси бўлган Ҳосият ҳам тергов давомида терговчилар томонидан зўрланган ва оқибатда, у икки ой руҳий касалликлар шифохонасида даволанган. Абдусаматга кўра, терговчи Азиз Умархонов опа-сингилларни ижтимоий хавфли жиноятчилар сифатида тасвирлаб, Ҳосиятнинг университетдан ҳайдалишини талаб қилувчи хат йўллаган.

Қайд этамиз, Райҳон Соатова ва унинг икки синглиси Наргиза ва Ҳосият 2009 йил 9 май куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган. Ҳибсга олишга ва “Безорилик” моддаси бўйича жиноят иши очишга опа сингилларнинг қандайдир Наргиза Ашурматова билан жанжали сабаб бўлган. Кейинроқ суд уччала опа-сингилни турли муддатга озодикдан маҳрум этган.

Зўрлик ишлатиб номусга тегиш тўғрисидаги хабарномадан сўнг “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя жамиятининг раиси Васила Иноятова Тошкент шаҳар прокуратурасига расмий мурожаатнома йўллаб, медицина экспертизаси ўтказишни талаб қилган. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларининг ушбу ҳаракатлари тескари натижа берди. Ўша куниёқ Тошкент шаҳар ИИББ терговчилари №1 аёллар турмасига келиб Райҳон Соатовага таҳдид қилдилар ва агар бўлган ҳодиса ҳақида гапиришдан тўхтамаса, унинг онаси ва акаси ҳам қамалиши мумкинлигини билдирдилар. Шундан кейин улар Райҳонни ҳеч кимга давоъим йўқ деган мазмунда тилхат ёздириб олдилар.

“Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя жамиятининг маълумотига кўра, 2009 йил 17 декабрь куни Райҳон Соатова Тошкент вилояти Зангиота тумани марказий касалхонасининг туғруқхонасида муддатидан аввал кўзи ёриди. Ҳомиладорлик 29 ҳафта давом этди ва Райҳон жарроҳлик операцияси ёрдамида туғди. Шу вақт мобайнида Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бошқармасининг милиция ходимлари касалхонанинг туғруқхона бўлимини қўриқладилар. Январь ойининг бошида ёш аёлни туғруқхонадан Зангиота туманидаги аёллар колониясига ўтказдилар.

Ушбу воқеалар оммавий ахборот воситаларида ёритилганидан кейин дунё бўйлаб кенг ёйилди.

Ўзбекистон турмаларида мунтазам равишда қўлланаётган жинсий зўрлашлар ва қийноқлар тўғрисида келиб тушаётган маълумотларни Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) текширмоқчи. Қийноқлар муаммоси бўйича БМТнинг махсус вакили Манфред Новакга (Manfred Nowak) кўра, турмалардаги қийноқлар Ўзбекистонда одатий ҳолга айланган.

Манфред Новак жинсий зўрлик ҳолатини барча даражаларда текшириб кўриш лозимлиги ҳақида фикр билдирди. “Жинсий зўравонлик тўғрисидаги даъво аризаси ДНК анализи ёрдамида текшириб қўрилиши лозим. Нафақат зўравонликни содир этган милиция ходимларини, балки уларнинг раҳбарларини ҳам жавобгарликка тортиш керак. Жавобгарликка тортиш юқоригача етиб борганидан кейингина, шу каби ҳаракатларни йўқ қилишга қаратилган чоралар самарали бўла олади”, - деди Новак.

У мамлакатга келиб ушбу масалани текшириш учун Ўзбекистон ҳукуматидан таклиф олишга эришмоқчи. “Мен бир неча бор Ўзбекистон ҳукуматига бири-бирга зид келувчи ахборот олаётганим важидан ҳар бир конкрет ҳодисаларни ҳамда бошқа маълумотларни текшириш учун йўлга чиқишга тайёрлигим ҳақида маълум қилдим”, - деди Новак. Бироқ у шу чоққача таклиф олгани йўқ.